UZ

Сўнгги янгиликлар

19:16Баҳодир Жалолов: "2025 йилда супероғир вазнда жаҳон чемпиони бўлишни режалаштирганман" 0 18:55ФОТО Ўзимизнинг карикатура: Уйқу оғушидаги "аждар"! 0 18:34Диёра Келдиёрованинг кимоноси, боксчиларнинг қўлқопи аукционда сотилди 0 18:13Илия Топурия Махачевни рақиблари сафидан ўчирди 0 17:52Янги Олимпия даврига тайёргарлик режалари муҳокама марказида 0 17:31"Арсенал" "Аталанта" ҳужумичисига эътибор қаратди 0 17:10Қорасув маҳалласида замонавий сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди 0 16:49Светлана Осипова институтда меҳмон бўлди 0 16:28Хабиб Нурмагомедов Конор Макгрегорга ўқилган ҳукмни қўллаб-қувватлади 0 16:07Ди Мария ЕЧЛдаги ассистлар бўйича 2-ўринга чиқиб олди 0 15:46Мавсумнинг энг кўп эйс зарбаси муаллифи маълум 0 15:25Ислам Махачев ва Арман Царукян жанг шартномасига имзо чекмаган 0 15:04Пойтахтимиз Халқаро қиличбозлик федерацияси конгрессини ўтказишга тайёр 0 14:43Де Йонг "Барселона"нинг янги шартнома борасидаги таклифини қабул қилмади 0 14:22Prezident Cup. Чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи 8-тур учрашувлари бошланди 0

26 фев 12:58
Янгиликлар

Бокс/ММА

Тайсоннинг фаолиятидаги сўнгги ғалабаси ёхуд 49 сония давом этган жанг

Теглар :  Майк Тайсон
Бундан роппа-роса 21 йил аввал Мемфисда профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтганди.

Турнир давомида афсонавий Майк Тайсон проф фаолиятидаги сўнгги ғалабасини қўлга киритганди. The Ring маълумотларига кўра, 2000 йилнинг энг яхши боксчиси бўлган Клиффорд Этьен ўша кечада Тайсонга рақиблик қилган. Black Rhino лақаби билан танилган Этьеннинг рекорди 24-1-1’ни ташкил этарди. Ўша пайтга келиб, Майк чўққидан секин аста тушаётганди, аммо унинг ҳар қандай жанги мухлисларда катта қизиқиш уйғотар эди. Клиффорд билан тўқнаш келишдан олдин Темир Майк Леннокс Льюисга 8-раундда нокаут эвазига имкониятни бой бериб қўйганди. 

Бироқ афсона бу билан тўхтаб қолиш нияти йўқ эди ва у ўзидан 6 ёш кичик Этьенга қарши жанг қилишга қарор қилди. Жанг тарихда «Бизнесга қайтиш» номи билан танилган. Агар Тайсон ушбу қарама-қаршиликда ғолиб бўлса, яна чемпионлик учун имконият пайдо бўлиши мумкин эди. "Дуэл" куни 15 000 ўринли “Pyramid Arena” томошабинлар билан лиқ тўлди. Кўпчилик Майкнинг жангини жонли кўришни истарди, сабаби унинг фаолияти якунланиб бораётганини ҳамма биларди. Ўзининг машҳур татуировкаси билан танилган Темир Майк ринга биринчи бўлиб чиқиб келди. 

«Мен юракчаларни ажойиб татуировка деб ўйлайман. Мен юракли инсон бўлишни истайман. Бу ҳақиқатан ҳам аҳмоқона кўриниши мумкин, уларни чиздиришга жуда яқин эдим, аммо татуировкачи: «Мен буни қила олмайман», деди. Мен унда нима қилишим кераклигини сўрадим, ўшанда довдираб қолгандим. Йигит: «Бир неча кундан кейин қайтиб келинг, нимадир қилишга ҳаракат қиламан», деди. Икки кундан кейин унинг ўзи қўнғироқ қилди ва менбоп тату ўйлаб қўйганини айтди. Юзимда кўриб турган татуировкангиз ана ўша йигитнинг ижод маҳсули ҳисобланади», деганди америкалик жангчи интервьюларининг бирида. 

Тайсон ва Этьен ўртасидаги тўқнашув узоққа чўзилмади. Майк аллақачон таназзулга юз тутган бўлса-да, Клиффорд ҳам у қадар кучли жангчи эмасди. «Темир Майк» илк сониялардан ўзига хос тарзда ҳужумга отланди, яқин масофани ёриб ўтиб, бир нечта апперкот ва жеб зарбаларини йўллади. Этьен учун бу вазиятдаги энг яхши чора, клинч эди, аммо у бундай қилмади ҳамда баҳсни давом эттирди. Иккала боксчи ҳам канатлар олдида йиқилиб тушгач, ҳакамнинг ўзи жангга аралашиб, уларни ажратди. Клиффорд Тайсоннинг услубига учди ва унинг ҳаракатларини қўллай бошлади. Бу катта хато эди. Этьен очиқ жангга киришиб кетди ҳамда кутилмаганда Тайсоннинг даҳшатли ўнг «илгаги»га дуч келди. Шу билан унинг «чироқлари ўчди». Зарба кучидан Клиффорднинг таянч оёғи букилди, йиқилаётган паллада оғзидан капани олиб ташлашга улгурди. Шундан сўнг у ўрнидан туришга ҳатто ҳаракат ҳам қилмади. 

Жанг ҳаками 49-сонияда баҳсни тўхтатди. Қизиқ томони шундаки, ушбу нокаут америкалик учун энг тезкори эмасди. У 1986 йил июль ойида Марвис Фрейзерни 30 сония ичида йўқ қилиб, ўзининг шахсий рекордини ўрнатган эди. Бу ғалаба тез якунланганлари ичида Топ-5`га кирди. Айтганча, Майкнинг ўзи жангдан кейин Этьеннинг оёққа туриши учун кўмаклашди. У рақибига ҳурмат кўрсатди ва аҳволи яхши эканлигига ишонч ҳосил қилгач, ўз бурчагига борди. Тайсоннинг мазкур ғалабаси мухлисларда уни яна чемпионлик учун жанг қилишига умид уйғотди, бироқ қаҳрамонимизнинг ўзи бунга шошилмади.


«Мен ўтган йилгидан анча кучлиман. Бироқ, ўша пайтдагидек калтакланишни хоҳламайман. Энди рингда кўпроқ машқ қилишим керак. Тез нокаутлар яхши, лекин менга юқори даражада ўтказиладиган кўпроқ раундлар лозим», деганди Темир Майк жангдан кейин. Клиффорд устидан қозонилган зафар афсонавий боксчи учун фаолиятидаги сўнгги ғалаба бўлди. Этьен билан баҳсдан сўнг у бир ярим йил пауза қилди. Кейинроқ Денни Уильямс ва Кевин Макбрайдга нокаут билан ютқазди ва фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Майкка ютқазгач, Этьен яна икки йил бокс билан шуғулланди, 8 та жанг ўтказиб, 5 марта зафар қучди ҳамда охирги жангида Николай Валуевга имкониятни бой берди. Ўша пайтда 33 ёшида унинг фаолияти «қирқилди», яна панжара ортига йўл олди. Ёшлигида қуролли талончилик сабабли дастлаб 40 йилга қамалган Клиффорд, 10 йилдан сўнг озодликка чиқарилганди. 2005 йилга келиб, у яна талончилик билан қўлга олинди. Этьен машина ўғирлаш билан бирга, полиция ходимларига қурол билан қаршилик кўрсатди. Бу каби айбловлардан сўнг у 150 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бироқ бу 105 йилга қисқартирилди.

Ҳабиб Жўрабоев таржимаси

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг