24 янв 17:17
Янгиликлар
ТОП-10. 2025 йилнинг энг кўп даромад топган футболчилар. Роналду ва Месси ҳали ҳам етакчи
Пуллар футболда энг асосий омиллардан бири ва йилдан-йилга биринчи рақамли спортда капитализация ошиб бормоқда. Клублар ўртасидаги ЖЧ мукофот пули — 2025 йил 1 млрд доллар, Мадриднинг "Атлетико" жамоаси акцияларининг бошқарув пакети 1,4 млрд $, ёзги ТО рекорд даражада пул сарфланди — "Ливерпуль" 500 000 000 $ сарфлаган биринчи клубга айланди. Мана шундай пул айланмалари юз бераётган "дунёда", футболчилар ҳам қиролларга хос ҳаёт тарзини кечиришлари мумкин.
"Forbes", "Sportico", "SportsPro", "Bloomberg" ва соҳага алоқадор бошқа нашрларнинг маълумотларига кўра, 2025 йилда энг кўп маош олувчи футболчилар ўнлиги деярли 1 млрд доллар ишлаб топган.
1. Криштиану Роналду — 280 млн доллар
Бевосита майдонда — $ 230 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 50 млн
Февралда португалиялик юлдуз 41 ёшни қарши олади (бунга ишониш ҳам қийин аслида), шу ёшида ҳам унча-мунча футболчидан қолишмаяпти. Қайчи услубидаги голлар 1000-талик довонга тобора яқинлаштирмоқда ва ҳомийлар томонидан сақланиб турган эътибор туфайли португалиялик давлатини тобора орттирмоқда. Айни дамда "Sportico" Роналду фаолияти давомида ишлаб топган капитални 1,83 млрдга баҳоламоқда.
Майдон ташқарисида Роналду CR7 бренди остидаги бизнесини ривожлантирмоқда, унга меҳмонхона, фитнес-заллар ва соатлар ҳисобланади, унинг "YouTube"даги UR Cristiano канали обуначилари ҳозир 77,6 млн. "Two Circles" маркетинг агентлигининг маълумотларига кўра, барча рақамли платформаларда умумий обуначилар сони 1,04 млрдни ташкил қилади — дунёдаги бошқа ҳеч бир инсонда бундай кўрсаткич йўқ.
2025 йил "Олтин тўп"нинг беш карра соҳиби меҳмонхоналар тармоғи "Pestana CR7"нинг янги манзилини очиб берди — у Нью-Йорк шаҳри Манхэттендаги ўша машҳур Таймс-скверда жойлашган. Бундан ташқари форвард сунъий интеллект базасида ишловчи қидирув тизимини ишлаб чиққан ҳамда "Google" билан рақобатлашувчи "Perplexity AI" компанияси билан глобал шартнома имзолади имзолади, бундан ташқари ёзда Ар Риёдда ўтган ESports бўйича жаҳон чемпионати-2025нинг (EWC) элчиси бўлди.
2. Лионель Месси — $ 135 млн
Бевосита майдонда — $ 60 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 75 млн
Аргентиналик даҳо 38 ёшда нафақат ўйинида кескин пасайиш кузатилмаяпти, балки у МЛСда ажойиб мавсум ўтказди. Лео энг яхши тўпурар бўлди, "Интер Майами"га илк чемпионлик титулини тақдим этди ва лига тарихида биринчи бор кетма-кет икки мавсум лиганинг энг яхши футболчиси деб топилди. Йил якунида у клуб билан шартномасини 2028 йил охиригача узайтирди.
Шунингдек, 2025 йил Месси "Smuggler Entertainment" билан ҳамкорликда ўзининг продюсерлик компанияси "525 Rosario"га (ўзи туғилиб, ўсган шаҳар ва оиласининг Аргентинадаги манзилига ишора) асос солди. Компания теле ва кинофильмлар ишлаб чиқариш, спорт воқеалари ва бренд контент яратиш бўйича иш олиб боради. Унинг ҳомийлик портфелига "Lowe's" (уй учун товарлар дўконлар тармоғи) ва ресторанлар тармоғи "El Club de la Milanesa" қўшилди. Бундан ташқари Месси футболдан кейинги ҳаётга тайёргарликни бошлаб юборган. У ўзининг "Play Time Sports-Tech" фирмаси орқали спорт, медиа ва технологик стартапларга сармоя киритмоқда.
3. Карим Бензема — $ 104 млн
Бевосита майдонда — $ 100 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 4 млн
"Реал"да ўтган 14 йил давомида (2009 - 2023 йиллар) Карим умумий ҳисобда 200 млн евро ишлаб топди — кейин эса Яқин Шарқдаги икки йилда бу унчалик ҳам катта маблағ эмаслигига амин бўлди. Кейинги йил ёзда "Ал Иттиҳод" билан шартномаси якунига етгач, унинг умумий даромади ва ЖЧ-2030 элчиси сифатида кўрган бонус пули билан 320 млн еврони ташкил қилади, таъкидламоқда Marca.

Бензема adidas, Hyundai, "EA Sports" ва Crypto.com сингари компаниялар билан глобал шартнома имзолаган, лекин Роналду ва Месси билан солиштирганда сариқ чақа ишлаб топади. Шундай бўлсада, яқинда у Пабло Пикассонинг "Соқолли одам портрети" номли машҳур асарини 1 млн еврога сотиб олишига ҳалақит қилмади.
4. Килиан Мбаппе — $ 95 млн
Бевосита майдонда — $ 70 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 25 млн
Декабрь ойи охирида 27 ёшли Мбаппе "Реал"да бир календар йилида урилган голлар сони бўйича Роналдунинг рекордини (59) такрорлади ва Мадридда фантастик даражадаги футбол кўрсатмоқда. Янги йил арафасида ҳужумчи ПСЖга қарши суд ишида ютгани кайфиятни янада кўтарилишига сабаб бўлди — парижликлар Килиан 61 млн евро тўлаб бериши борасида қарор қилинди.
Мбаппе етакчи жаҳон брендлари билан бир қатор йирик тижорат шартномаларига эга — "Nike", "Hublot", "Dior", "Oakley", "EA Sports", "Accor", "Sorare" ва яна кўплаб бошқалар билан. Бундан ташқари футболчи ўзининг инвестиция компанияси "Interconnected Ventures"ни бошқармоқда. "Кан" футбол клуби ва медиакомпания "Zebra Valley" унинг таркибига киради. 2025 у ўзининг фонди орқали Германиянинг электроника ишлаб чиқарувчи "Loewe" компаниясига сармоя киритди.
5. Эрлинг Холанд — $ 80 млн
Бевосита майдонда — $ 60 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 20 млн
2025 йилда норвегиялик викинг АПЛда 100 та голлик довонни забт этди — бунинг учун унга бор йўғи 111 та ўйин етарли бўлди (табиийки, ҳеч ким ундан тезроқ бундай натижага эриша олмаган). Эрлинг Алан Ширернинг 30 йиллик рекордини (124 ўйин) янгилади. Ҳужумчи чемпионатнинг энг кўп маош олувчи ўйинчисини тўлиқ оқламоқда (йилига 33,5 млн $), эътиборли томони кўплаб бонуслар орқали бу сумма 60 млн $га етиши мумкин.

Эрлинг "Breitling", "Dolce & Gabbana", "EA Sports", "Midea", "Samsung Galaxy", "Bama", "Db", "Beats by Dre" ва бошқа брендлар билан ўнлаб шартномаларга эга. "Sports Office AS" оилавий компаниясидан ташқари, Холанд Люксембургда рўйхатга олинган шахсий инвестиция фирмаси "Pillage 3 AS"ни ҳам фаолият олиб боришини таъминламоқда.
6.Винисиус Жуниор — $ 60 млн
Бевосита майдонда — $ 40 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 20 млн
"Реал" бразилтиялик вингери ўзининг бренди "VJR"нинг фаолиятига жуда жиддий ёндашади — унинг жамоасига ўнлаб мутахассислар, жумладан, агент, психолог, имиджмейкер, шахсий мураббий, суратчилар ва бошқалар киради. Шундай экан, Вини бренди СпортсПро-нинг 2024-йилги 50 та энг йирик “маркетинг юлдузлари” рўйхатида гимнастикачи Симоне Билесдан кейин иккинчи ўринни эгаллаши унчалик ажабланарли эмас.
Винисиус ҳомийлари қаторида "Nike", "Hugo Boss", "Sony", "Prada Eyewear", "Gatorade", "PlayStation", "Pepsi", "Clear", "Vivo", "Betnacional" ва "Dubai Tourism"ларни кўриш мумкин. Футболчи даромадининг катта қисмини хайрия ишларига сарфлайди. 2020 йилда у Риода камбағал ҳудудлардаги болалар ва ўсмирларни ўқитиш ҳамда ривожланиши учун ёрдам берадиган институтни қуриб, лойиҳага 3,5 миллион евро сармоя киритди. Бундан ташқари, Винисиус "Common Goal" ташкилоти орқали даромадининг 1%ни хайрия ташаббусларига сарфлайди.
7. Муҳаммад Салоҳ — $ 55 млн
Бевосита майдонда — $ 35 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 20 млн
"Ливерпуль" билан шартномасини 2027 йилнинг ёзигача узайтирган Салоҳ айниқса, Яқин Шарқ ва Африкада жуда фойдали ва кенг кўламли ҳомийлик битимларини ҳам имзолаган. У "Vodafone Egypt" рамзий элчиси, "Uber Egypt", MENA регионида DHL элчиси, "Bank of Alexandria" ва "Mountain View" билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, унинг ҳамкорлари рўйхатида "adidas", "Pepsi", "Gucci" ва "Oppo"ни кўриш мумкин.

Салоҳнинг тижорат фаолияти фақат ҳомийлик шартномалари билан чекланмайди. У шахсий мода бренди "Moga"ни ривожлантирмоқда (Муҳаммад ва аёли Газалнинг исмлари қисқартирмаси) ва "Whoop" каби технологик стартапларга сармоя киритди. Ватанида Салоҳ мактаблар, тиббиёт марказлари қурдиради ва аҳоли учун тоза сув қазиб олиш ишларини ташкиллаштирмоқда.
8. Садио Мане — $ 54 млн
Бевосита майдонда — $ 50 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 4 млн
Мане хайрия ишларидаги фаоллиги бўйича Винисиус ва Салоҳдан қолишмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳужумчи ўзи туғилиб, ўсган Сенегалдаги Бамбали қишлоғи инфратузилмасига миллионлаб доллар сармоя киритган. У касалхона, мактаб қурдирди, 4G интернет билан таъминлади, почта бўлими ва ёқилғи қуйиш шохобчаси қурдирди, шунингдек, қишлоқдаги ҳар бир муҳтож оилага ойига 70 евродан тўлайди.
«Ал Насср»даги "камтарона" маошидан ташқари, Садио ҳомийлар "New Balance", "Pepsi", "Vodafone" ва "Dubai Tourism" орқали яхшигина пул ишлаб топмоқда. Шунингдек, африкалик Франциянинг тўртинчи дивизион вакили "Бурж Фут 18" футбол клубини сотиб олди.
9. Жуд Беллингем — $ 44 млн
Бевосита майдонда — $ 29 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 15 млн
Асосан спорт брендларига эътиборини қаратган кўплаб футболчилардан фарқли равишда Беллингем фаол тарзда мода олами гигантлари (Louis Vuitton, Gucci) билан шартнома имзолайди. Бу унинг модага бўлган қизиқишини акс эттиради ва мода оламида унга бўлган талабни оширади.

Шунингдек, англиялик футболчи "adidas" билан энг фойдали шартномалардан бирига эга — ярим ҳимоячи адидас Предатор линиясининг асосий юзига айланди, 2024 йилда компания JB5 логотипи билан шахсий кийим ва пойабзал коллекциясини чиқарди. Натижада, Жуд ушбу бренд сотувидан улушга эга бўлади, бу эса кўриладиган фойдани бир неча баробарга ошириши мумкин. Майкл Жордан ёки Криштиану Роналдуда бўлгани каби.
10. Ламин Ямаль — $ 41,8 млн
Бевосита майдонда — $ 31,8 млн
Тижорий келишувлар орқали — $ 10 млн
18 ёшли «Барселона» вингери чинакамига йирик тижорий машинага айланди. У "adidas"нинг асосий амбассадорларидан бири ва махсус F50 LY304 бутсаларига эга. Шунингдек, "Visa", "Beats by Dre", "Powerade", "Oppo", "Konami", "TwoJeys" ва "Nesquik" компаниялари каталонияликка ҳомийлик қилади.
Шартномаларни имзолашда брендлар ижтимоий тармоқларда Ламинни кузатиб борадиган катта ва ёш аудиторияга эътибор қаратади. Ҳозирда барча платформаларда умумий ҳисобда 80 млн одам Ламинни кузатиб боради.
Фикрлар