16 июн 16:10
Янгиликлар
Уч мингдан миллион долларгача. Дана Уайтни қандай кўндириш бўйича Жорж Сен-Пьердан қўлланма
Жон Жонс афсонанинг босиб ўтган йўлини диққат билан кузатиб чиқиши керак. Бу усул унга ёрдам берадими?
Сўнги бир йил ичида UFC'да бир неча марта жангчилар ва лига раҳбарлари ўртасида молиявий келишмовчиликлар сабаб анча можаролар юзага келди. Бу вазиятда яримўғир вазн тоифасидаги собиқ чемпион Жон Жонснинг номи кўп тилга олинди. Америка юлдузи лига президентидан Френсис Нганну билан бўладиган жанг учун 30 миллион доллар талаб қилган. Аммо ҳозирча, икки тараф ҳам ўз қарорида қатъий турибди.
Жонснинг бу қарори Дана Уайтнинг жаҳлини чиқарди. Шунингдек, Жон ҳам UFC президентининг ўжарлигидан ғазабланди. Хуллас, пичоқ суякка бориб қадалди.
Шу ҳолатда иккита вазн тоифаси бўйича UFC собиқ чемпиони Жорж Сен-Пьернинг ҳаракатлари қизиқарли кўриниши мумкин. Канадаликнинг айтишича, ўзининг музокара олиб бориш маҳорати туфайли лига раҳбарларидан миллионлаб долларни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Бу билан Жорж Сен-Пьер раҳбарлар билан қандай муносабатда бўлиш сирини ошкор қилди.
Хорижий нашрлардан бирида жангчи ёрқин сарлавҳали мақола эълон қилди: “UFC ни ўзингиз мажбурламасангиз, улар адолат билан пулингизни бермайди”. Бу ерда Жорж Сен-Пьернинг қандай қилиб 4 йил ичида маоши уч минг доллардан миллионга кўтарилганини айтиб берган.
Сан-Пер: “UFC даги биринчи жангимда Каро Паризянни мағлуб қилганим эвазига уч минг доллар ишлаганман. У ва Хиронни енганимдан кейин яримўрта вазн тоифасида камар учун бўладиган жангни беришган. Биринчи раундда Метти Хюздан мағлубиятга учраганим учун менга 9 минг доллар тўлашди”,-деб ёзган.
Мана шу муваффақияцизликдан сўнг, Жорж Сен-Пьер янада кучли бўлиб қайтди. Тўрт йил давомида у ғалаба қозонди, ютқазди ва ўртаярим вазн тоифасидаги чемпионлик номини ҳам қайтариб олишга улгурди. Шу вақт мобайнида Метт Серра билан дилогия ўтказди ва икки марта Метт Хюзни енгди. Умаман олганда, Жорж лиганинг энг яхши жангчиларидан бирига айланди. 2008-йил 9-августда Жорж Сен-Пьер Жон Фитчга қарши октагонга кўтарилиши лозим эди. Бу унинг лига билан шартномасидаги охирги жанги бўлганлиги сабабли, канадалик музокаралар олиб бориш маҳоратини намойиш қилди.
Жорж Сен-Пьер: “ММА дунёсида келишувлар шаҳмат ўйинига ўхшаб қолиши ҳам мумкин. Бошқа лигалар мени ташкилотининг юзи сифатида кўришни истаётганини билар эдим. Шундай қилиб, покер каби ҳаракат қилишни бошладик. Фитч билан бўладиган жанггача ҳеч қандай шартнома имзоламаслигимизни, шунчаки аввал бу келишувни якунлашимиз кераклигини айтдик. Фонд биржасидаги каби таваккал қилдик. Ғалаба қозонсам акцияларим яна ўсиши ёки мағлуб бўлсам аксинча бўлиши ҳам мумкин эди. Биз шу йўлдан боришни афзал билдик. Бу жуда катта таваккал эди. Фитч билан бўладиган жангга бир кун қолганда, UFC раҳбари ёнимга ақлбовар қилмас даражадаги шартнома билан келди, улар шунчаки эркин жангчи мақомини олишимни исташмади. Бу жанг учун 400 минг доллар олди, деб ҳисоблайсизми? Бунданам кўп, миллионлаб доллар ишладим. Фаолиятимнинг чўққисига чиқиб миллионларни қўлга киритдим. Ахир даромад нафақат жанг, балки ғалаба учун ҳам. Биз PPV ва сотилган чипталар учун ҳам фоиз олдик. Мана жангчи нималардан пул қилади. Аммо бундай шартлар билан музокара олиб бориш учун сизда ҳам куч бўлиши керак.
Топган маблағимни қимматбаҳо нарсаларга эмас, балки ўзим учун сарфладим. Музли ванна сотиб олдим, дунё бўйлаб саёҳат қилдим, энг яхши мураббий ва спарринг-шерик изладим. Буларни чўққида қолиш учун қилдим. Пулларни шунчаки сарфлаш учун фаолиятим жуда кам бўлишини билар эдим. Кўп жангчилар ўзи учун мен топган пулдан ҳам кам ишлатишади. Биспинг билан бўлган жангга қайтишимга келсак, ўшанда жами 10 миллион доллар ишлаб топганман. Фаолиятимни юқори чўққида тугатганимдан хурсандман. Кўплаб жангчилар фаолиятини шикастланган ҳолда тугатади. Улар жанг учун узоқ вақт ушланиб қолишади, охирида бошидан жароҳат олишгача боришади. Мен соғлом ҳамда бойман. Фаолиятини мен каби якунлаганлар жуда камчиликни ташкил қилади”,-деб ёзган.
Канадалик биргина хабарда жуда кўп масалаларни кўтарган. Булар ичидан ташкилот раҳбарлари билан музокара олиб бориш қобилиятига эга бўлиш, спортдан вақтида кета олиш ва соғликни биринчи ўринга қўйиш кабилар ўрин олган. Жорж Сен-Пьер битта мақола орқали кўплаб жангчиларга, шу жумладан Жон Жонсга ҳам фойдали маслаҳат бера олди. Жорж Дана Уайтни исталган пулни олиш учун жанжал қилмасдан кўндириш мумкинлигини ҳам айтиб ўтди. Балки Жонс ўзини нотўғри тутганини энди тушуниб олар. Аммо Жорж Сен-Пьернинг услуби унга ёрдам бериши ҳақида аниқ хулоса йўқ. Ахир, Жон ташкилот президенти билан алоқаларини жуда ёмон ҳолда узди, энди аввалги муносабатларни тиклаш осон бўлмайди.
Sports.ru сайти асосида Қаюмова Озода тайёрлади
Фикрлар