20 июл 11:53
Янгиликлар
UFC октагонида яна бир супержангга гувоҳ бўламиз
Гап ярим енгил вазн тоифасида россиялик Мовсар Евлоев ҳамда америкалик Алжамэйн Стерлинг ўртасидаги жанг ҳақида кетмоқда. Ушбу супертўқнашув 5 октябрь куни АҚШнинг Солт-Лейк-Сити шаҳрида ташкил этиладиган UFC 307 турнири доирасида бўлиб ўтади. Ҳозирча UFC`нинг ўзи расман бу жангни эълон қилгани йўқ.
"UFC 307 турнирида мен унинг мағлубиятлар устунидаги нол рақамини йўққа чиқараман", - дея ушбу янгиликка муносабатини билдирган Стерлинг.
"Мен нималарга қодир эканимни айнан шу жангда кўрсатаман. Янги жамоа, тўлиқ куч билан бу жангга кираман. Ярим енгил вазннинг энг кучли жангчиси эканимни исботлайман", - деди Евлоев.
Собиқ UFC чемпиони Алжамэйн Стерлинг шу йилнинг апрель ойида ярим енгил вазн тоифасида дебют қилганди. Ўшанда у ҳакамларнинг якдил қарори билан ватандоши Келвин Каттардан устун келган эди. Мағлубият нималигини билмай келаётган Мовсар Евлоев эса январь ойида британиялик Арнольд Аллендан очколар бўйича устун келганди. Бу унинг UFC промоушенидаги саккизинчи ғалабаси эди. Айни пайтда россиялик рейтингда бешинчи, америкалик эса саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.
Фикрлар