30 янв 19:26
Янгиликлар
Хамзат Чимаев ва Шавкат Раҳмонов чемпион, Жонс камаридан айрилади. 2025 йилда UFC камарлари тақдири қандай кечиши мумкин?
UFC чемпионлик камарини боши узра кўтаришни орзу қилмайдиган жангчи камдан-кам топилади. Буни ўтган йили Мераб Двалишвили уддалади. Бу йил яна ким бунинг уддасидан чиқа оларкин? Янги чемпионларни кўрамизми? Келинг, таҳлил қилиб кўрамиз.
Ўта енгил вазн
2023 йилда кўпчилик Алекс Пантожани тасодифий чемпион деб ҳисоблаганди. Унинг Брендон Морено устидан қозонган баҳсли ғалабасини тасодиф деб ҳисоблашди. Аммо Пантожа аввал Брендон Ройвалга қарши жангда камарини муваффақиятли ҳимоя қилди, кейин эса 2024 йилда Стив Эрцег ва Кай Асакурани енгиб, яна икки марта титулини ҳимоя қилди.
2025 йилда Пантожани янги синовлар кутмоқда. Унинг эҳтимолий рақиблари орасида Брендон Ройвал, Маноэл Капе ва Брендон Морено бор. Дастлабки иккиси 1 март куни жанг қилади ва бу эҳтимолан чемпионлик жанги учун даъвогарни аниқлаштирадиган тўқнашув бўлади. Катта эҳтимол билан Ройвал бу жангда фаворит. Бу Пантожа ёз фаслида яна Ройвалга қарши рингга чиқишини англатади. Биринчи жангда Пантожа кураш орқали ғалаба қозонганди. Бироқ бугунги кунда Ройвал янада кучайган, тейкдаунлардан ҳимоясини яхшилаган ва туришда ҳам анча маҳоратли бўлиб улгурган.
Шунингдек Пантожа апрель ойида рейтингдаги тўртинчи рақамли жангчи Кай Кара-Франц билан тўқнаш келиши ҳақида хабарлар тарқала бошлади.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Пантожа камарни йўқотиш эҳтимоли катта дейиш мумкин. Ким чемпион бўлади? Бу унвонга Брендон Ройвал муносиб бўлиши мумкин. Кўрамиз.
Тахмин: Пантожа титулни йўқотади, янги чемпион – Брендон Ройвал.
Энг енгил вазн
Сентябрда чемпионлик камарини қўлга киритган Мераб Двалишвили дарҳол жиддий рақиб – Умар Нурмагомедовга дуч келди. Лекин Мераб 19 январь кунги жангда россиялик рақибини очколар эвазига мағлуб этди ва камарини сақлаб қолди.
Энди у кимга қарши жанг қилиши мумкин? Аввалроқ Мерабнинг ўзи Шон О'Мэлли ҳақида гапиргандек бўлганди. Аммо "шугар" ҳозирги чемпион Двалишвилини юта олмаса керак. Шунингдек Петр Ян варианти ҳам бор.
Тахмин: Двалишвили камарини сақлаб қолади
Ярим енгил вазн
Ярим енгил вазн доимо чемпионларининг узоқ муддат давомида ҳукмронлик қилиши билан ажралиб турган. Улар ўзларининг олдинги чемпионларидан ҳам буюкроқ эканлигини исботлашга ҳаракат қилишган. Жозе Алдо, Макс Ҳоллоуэй ва Алекс Волкановски ММА тарихига ўз номларини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб кетган. Илия Топурия ҳам уларнинг қаторида туриб, ўз чемпионлиги тасодиф эмаслигини кўрсатмоқда. У кучли зарба техникасига эга, шу билан бирга, кураш асосига эга жангчи. Бир томондан, у рақибларини нокаут қилишга қодир, иккинчи томондан эса, унинг тезлиги ва вақтни тўғри ҳис қилиш қобилияти юқори даражада. Шунинг учун у камарни кўп йиллар давомида сақлаб қолиши мумкин.
Бундан ташқари, у учун жиддий таҳдид соладиган рақиблар кўп эмас. Топурия аллақачон Алекс Волкановскини енгган, Диего Лопес эса хавфли рақиб бўлса-да, чемпионлик учун жиддий фаворит эмас. Топурияга тенгма-тенг жанг қила оладиган ягона жангчи – Мовсар Евлоев, бироқ унинг ҳам жиддий камчиликлари бор (зарба техникаси юқори эмас ва чидамлилик борасида муаммоларга эга).
Топурия енгил вазнга кўтарилиш истагини билдирган бўлса-да, чемпионлик камаридан воз кечмоқчи эмас. Демак, у бу йил камида бир-икки марта камарни ҳимоя қилиши мумкин.
Тахмин: Топурия чемпионлик камарини сақлаб қолади.
Енгил вазн
Енгил вазнда жуда кўп нарса аниқ. Ислам Махачевни енгадиган рақиб топилмаяпти.
Энди нима бўлади? Махачев бир неча бор ярим ўрта вазнда чемпионлик жангида иштирок этиш истагини билдирган. Агар вазият унга мос келса, бу жанг амалга ошиши мумкин. Балки у Жастин Гэтжи билан жанг қилар? Яримўрта вазнда унинг дўсти Билол Муҳаммад бор. Шунинг учун Билолга қарши жанг қилмаса керак. У бир неча кун олдин берган интервьюсида ўрта вазн тоифасида жанг қилиш имкониятлари ҳақида гапирганди.
Тахмин: Махачев чемпионликни сақлаб қолади.
Ярим ўрта вазн
Билол Муҳаммад 2023 йил июль ойида чемпионлик камарини қўлга киритди. Аммо жароҳатни баҳона қилиб, Шавкат Раҳмоновга қарши жангдан бош тортди. Бироқ у бу жангдан қочиб қутула олмайди. Катта эҳтимол билан, баҳор ёки ёзнинг бошларида улар ўзаро тўқнаш келади. Бу жангда Шавкат Раҳмонов фаворит бўлади.. Гарчи у Иен Гэррига қарши жангда жуда ҳам ажралиб турмаган бўлса-да, Билолни мағлуб эта олиши эҳтимоли катта.
Аммо ким ғалаба қозонса ҳам, унга осон бўлмайди. Чунки ортида кўплаб даъвогарлар навбат кутиб турибди. Иен Гэрри, Жек Делла Мадалена ва Хоакин Бакли каби жангчилар титул учун жиддий таҳдид солиши мумкин. Уларнинг ҳар бири ҳам Билол, ҳам Шавкатдан камарни тортиб олиши эҳтимоли бор.
Тахмин: Билол Муҳаммад камарини Шавкат Раҳмоновга бой беради
Ўрта вазн
Дрикус дю Плесси бир йил олдин чемпион бўлди. Февралда у Шон Стрикленд билан реванш ўтказади. Биринчи жанг натижасини ҳисобга олсак, у ғалаба қозониш эҳтимоли юқори бўлган фаворит. Аммо унга катта хавф туғдирадиган рақиб бор – Хамзат Чимаев. Чимаевнинг кураш маҳорати кўплаб рақиблари учун ҳал қилувчи омил бўлган. Дю Плесси учун ҳам Хамзатни енгиш осон бўлмайди, чунки унинг кураши элита даражасида эмас.
Албатта, аввал Чимаев титул жангига йўл олиши керак. Лекин агар бу имкониятни қўлга киритса, унга Дю Плесси ҳам, Стрикленд ҳам жиддий муаммо туғдира олмайди.
Тахмин: Дрикус дю Плесси титулни йўқотади, янги чемпион – Хамзат Чимаев.
Ярим оғир вазн
Алекс Перейра икки йилдирки, чемпионлик камарини ушлаб турибди ва кўплаб нашрлар талқинига кўра у 2024 йилнинг энг яхши ММА жангчиси ҳисобланади. У мазкур дивизионда зерика бошлади. Ушбу вазнда фақатгина битта иш қолди - Магомед Анкалаев. 9 март куни ўтказиладиган жангда Магомед ҳам мағлуб этилса, кейин бемалол оғир вазнга кетиш мумкин.
Тахмин: Перейра чемпионликни сақлаб қолади.
Оғир вазн
Оғир вазнда икки чемпион бор: Жон Жонс ва вақтинчалик чемпион Том Аспиналл. Дана Уайт улар ўртасида жанг ташкил қилишни хоҳлаяпти. Агар жанг бўлса, бу жангда Том Аспиналл фаворитдек кўринмоқда. У ёшроқ ва жисмоний жиҳатдан кучлироқ. Бу жанг ўтказилса, Аспиналлда ғалаба қозониш имконияти бор.
Тахмин: Жон Жонс титулни йўқотади, Аспиналл эса тўлиқ чемпионга айланади.
Фикрлар