03 апр 13:21
Янгиликлар
Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон 1-очиқ чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланишди
Кескин ва муросасиз курашларга бой ўтган беллашувларда қарийиб 20 нафар атлетлар спортнинг беш йўналиши бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Бешкурашчилар ўртасидаги қиличбозлик беллашувлари «Пахтакор» марказий стадионининг «Ёшлик» спорт залида ташкиллаштирилди. Матонатли спортчилар шу куннинг ўзида кейинги беллашувларга киришдилар ва пойтахтимиздаги «Ёшлик» соғломлаштириш-спорт комплекси (собиқ НБУ спорт мажмуаси)да мусобақанинг сузиш, югуриш ва ўқ отиш баҳсларида очколар жамлашга киришдилар.
1 апрель куни иштирокчилар «От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби»да отни бўйсундириш бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Мусобақа якунлангач, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациясининг фаолияти тақдимотига бағишланган маросимда федерация Президенти Фарруҳ Фазлиев сўзга чиқиб йиғилганларни қутлади ва замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон 1-очиқ чемпионатининг ғолибларини эълон қилди.
Унга кўра умумий беллашувларда Руслан Прохоров олтин медални қўлга киритди. Руслан Маматкулов кумуш ва Елезаветта Каражан бронза медалига муносиб кўрилди.
Таъкидлаш лозим, Елезаветта Каражан аёллар йўналиши бўйича ягона иштирокчи бўлганлиги боис рамзий маънода олтин медалга ҳам сазвор бўлди. Шунингдек барча спортчилар сертификатлар билан тақдирландилар. «От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби» тарбияланувчилари томонидан намойиш этилган мусиқий чиқишлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ахборот хизмати
Фикрлар