19 окт 08:32
Янгиликлар
Дана Уайт Хоакин Баклининг қўл беришдан бош тортгани ҳақида: "Уни ҳайдашни айтдим"
Бакли кўргазмали вазн ўлчаш маросимида Уайтга қўл беришдан намойишкорона бош тортган эди.
Уайтнинг сўзларига кўра, у нима бўлганини билмайди ва бунга унчалик аҳамият бермаяпти.
"Тушунчам йўқ. Биласизми, бу йигитларнинг барчаси жанг ҳафталигини турлича ўтказади ва вазн ўлчашга яқин қолганда деярли ҳаммаси асабий бўлиб қолади. Улар вазн ташлайди, машқ қилади, майда жароҳатлар безовта қилади, оиласи ва яқинларидан узоқда бўлади, одатий овқат, сув ва бошқа кўплаб нарсалардан маҳрум бўлишади.
Мен бу бизнесда шунчалик узоқ вақтдан бери борманки, бундай нарсаларни шахсий ҳақорат деб қабул қилмаслик кераклигини тушунаман. Илгари турнир куни барчага омад тилаш учун кийиниш хоналарига кирардим. Аммо энди ҳеч кимга халақит бермасликни маъқул кўраман. Жанг ҳафталигини қандай ўтказишингиз – бу сизнинг шахсий ишингиз. Ва бу менга тўлиқ мос келади", – деди лига президенти тадбирдан кейинги матбуот анжуманида.
Шундан сўнг Уайтдан жангчининг хатти-ҳаракати уни чиндан ҳам хафа қилмаганми, деб сўрашди.
"У мағлуб бўлиши биланоқ, Хантерга уни Лигадан ҳайдашни айтдим", – деб жавоб берди UFC раҳбари, юзида ҳеч қандай ҳис-туйғу билдирмай.
Бу жавоб савол берган журналистни довдиратиб қўйди ва у ташкилот раҳбаридан ҳазиллашяптими ёки йўқ, аниқлик киритишни сўради.
"Албатта, ҳазиллашяпман!", – деб кулиб юборди Уайт.
Эслатиб ўтамиз, кечаги турнирнинг асосий жангида Хоакин Бакли оғир мағлубиятга учради ва иккинчи раунд ўрталарида канадалик Майк Мэлотт томонидан нокаут қилинди.

Фикрлар