11 сен 18:27
Янгиликлар
«Жангда нима қилишни биз ҳам биламиз, лекин ёшимиз ўтиб бўлди» — Раҳматжон Рўзиохунов
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов журналист Оғабек Самисовга берган интервьюсида нега мураббийликни танлагани, Баҳодир Жалоловга қандай мотивация берганлиги, шогирдларини қандай тарбиялаши ва Олимпиада финалидан кейинги ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.
Токиодаги ёзги Олимпия ўйинларининг сўнгги кунида ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов америкалик рақиби Ричард Торресни мағлуб этиб, Ўзбекистонга ушбу мусобақанинг учинчи олтин медалини олиб келган эди. Спортчининг мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов «Газета.uz»га берган интервьюсида нега мураббийликни танлагани, спортчилар риоя этиш керак бўлган қоидалар ва Олимпиада финалидан кейинги ҳиссиётлари ҳақида сўзлади.
— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нега мураббий бўлишни хоҳлагансиз?
— Ёшлигимда спорт билан шуғулланганимда бўйим бироз кичкиналиги учун машғулот вақтида кўпроқ олдинда турардим. Ҳамма энг олдинда туриб машқ бажаришни яхши кўрарди. Чунки унинг ортидан бошқалар қайтарар эди. Ўша вақтларда менда мураббийлик иштиёқи уйғонган.
Отам футболдан дарс берар эди. Ўша вақтларда у «Болам, бу яхши касб. Инсонлар орасида бола туғилмай қолсагина, бу касбга эҳтиёж бўлмайди», дерди. Одам боласини яхши инсон бўлиши учун спортга беради. Шунинг учун отам шу касбни танлашим кераклигини айтганлар.
1986 йилда Ангрен педагогика коллежини битириб, мураббийлик қилишни бошлаганман.
— Мураббий бўлмаганингизда, нима билан шуғулланардингиз?
— Мен кўпроқ машиналарни яхши кўрардим. Уларни тузатишга, тез юришларига қизиқаман. Лекин ҳозир қайтадан туғилсам яна мураббий бўлардим. Мураббий бўлсангиз доимо ёшлар билан юрасиз ёки ҳеч бўлмаса бир кунда битта машқ бажарасиз. Шунинг учун ёшдек бўлиб турасиз. Шу боис ҳам ўз касбимни жуда яхши кўраман.
— Спортчилар мураббийлари билан кўп вақт ўтказишади. Мураббийни оиланинг бир аъзоси дейишади. Ростдан ҳам шундайми?
— Ростан ҳам шундай. Кўп ота-оналар келиб «Раҳматжон, фақат буни боламга айтманг. Фарзандим „шунақа“ бўлиб қолган. Сиз сўраб беринг, сизга айтади», деб, фарзандидаги қандайдир ўзгаришни айтади. Ўзимиз ҳам устозларимизни ҳурмат қилганмиз. Кўпчилик фарзандлар, албатта, онасига кўпроқ эркаланади. Мураббийга эса бундай қилолмайди.
Мен ўзимнинг шогирдларимга «биринчи бўлиб ҳамма нарсани мен эшитишим керак. Яхши нарсами, ёмон нарсами, мен уни олдини олишга ҳаракат қиламан», деб айтганман. Шунинг учун йигитлар мураббийларига суяниб қолишган. Улар ўз ичидаги дардини, бировни яхши кўриб қолса ҳам ёки бирор муаммоси бўлса ҳам мураббийга айтишади.
— Ўз шогирдларингизга қандай қадриятларни сингдиришга ҳаракат қиласиз? Буни қандай амалга оширасиз?
— Ҳозирги кунда Ўзбекистонда битта шиор бор: «Менга Ўзбекистон ёки президент нима қилди, деб эмас, балки мен Ўзбекистонга нима қилдим?», деб сўраш керак. Спортчиларга шундай мақсад қўйинглар деб далда берамиз.
Спортчи Олимпиадагача келдими, у тарихда қолиши керак. Мен шогирдларимга «Сен шу ергача келдинг. Бу абадий эмас, чунки ортингдан қадам ташлайман, деб турган укаларинг бор. Сен энди юртингга, президентинга ва ота-онангга нимадир қилишинг керак. Шу нарсани мақсад қил», деб айтаман. Масалан, Муҳаммадқодир Абдуллаев Олимпиада чемпиони бўлганидан кейин 16 йил давомида ҳеч қайси ўзбекистонлик боксчи Олимпия чемпион бўлолмади. Ундан кейин 3 нафар спортчи, бу йили эса Баҳодир Жалолов чемпион бўлди. Улар тарихга кирди. Спортчиларга тарихга киришга ҳаракат қилиш кераклигини кўп уқтираман.
— Сизнинг шогирдларингиз қандай қоидаларга риоя қилиши керак? Ушбу қоидалар қанчалик қатъий?
— Баъзида уларга бирор жойга эркин боришларига рухсат берамиз. Лекин мусобақадан олдин ва айнан мусобақа вақтида улар биздан сўрамасдан ҳеч қаерга бормайди. Шунингдек, тиббий қоидаларга риоя қилишлари керак.
Ўқув-машғулот йиғинлари вақтида кечқурун соат 22:00 дан кейин уларнинг телефонларини йиғиб оламиз. Машғулот йиғинларининг илк кунларида йиғилиш ўтказилиб, шу нарсага келишилади. Агар уларда иккинчи телефон топилса, синдириб юборилиши айтилади. Барча бу нарсага рози бўлиб, сўз беради.
Нега телефон йиғиб олинади? У интернетга кириб, нимадир кўришини олдини олиш учун эмас. Спортчи ўз рақибларини ўрганиши керак. Уларнинг кўпчилигининг севган қизлари бор. У қиз «мен бошқага турмушга чиқяпман», деса, бўлди. Спортчининг ҳаёли бошқа жойга кетади. Ёки уйидаги яхши кўрган бирор жонивори ўлиб қолса, бу нарса спортчига таъсир қилиши мумкин. Вақти келса, биз телефонларни ўзимиз берамиз. Аввало тартиб бўлиши керак. Агарда тартиб бўлмаса, яхши натижаларга эришиш қийин бўлади.
— Ғалаба қозониш учун спортчи қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?
— Ғалаба қозониш учун биринчи навбатда интизом керак. Спортчиларим орасидан интизомли спортчи деб Исроил Мадримовни биламан. Йиғинлар вақтида ёки бирор жойга тадбирга борганда Исроил овқатни ўйлаб, билиб ейди. Чунки у ўз вазнини ушлаб туриш учун, уни ошириб юбормаслик учун нима ейиш кераклигини билади.
Элшод Расуловда тартиблиликни кўрганман. Боксчининг бинти, капаси, спорт кийими барчаси алоҳида туриши керак. Ҳатто боскчининг ўз қайчиси бўлиши керак. Элшодда шу жиҳатлар бор. Боксчи ана шундай ҳислатларга эга бўлса, ҳамма иши юришади.
Боксчининг ўз кундалиги ҳам бўлиши керак. Кундаликда у ким билан боксга тушганини ёзиб бориши керак. Унда қайси раундда қандай ютгани ёки ютқазганини ёзиб бориши керак. Боксчи тартибли бўлса ва машғулотда берилган вазифани бажарса, албатта, барча мусобақаларда ғолиб бўла олади.
Кўпчилик боксчининг ақли яхши ишламайди, деб айтади. Аслида, боксчидан ҳам мияси тез ишлайдиган инсон йўқ. Боксчи жуда ҳам тез ўйлаши керак. Уларнинг ақли яхши ишлаши учун Тошкент ва Чирчиқдаги Олимпия захиралари коллежларида бокс мураббийлари спортчиларга кўпроқ кроссворд ечтиришади, шахмат ўйнатишади. Агар боксчининг мияси яхши ишламаса, у мушт ейди ва «кўзидан ўт чиқади».
— Спортчида чемпионни дарҳол пайқаш мумкинми ёки бу вақт давомида билинадими? Чемпион бўлиш учун юксак истеъдод соҳиби бўлиш керакми ёки спортчи меҳнаткаш бўлиши муҳимроқми?
— Спортчининг бўйига ва ҳаракатига қараб унинг келажаги бор эканлигини билиш мумкин. Лекин барибир ҳамма нарса мураббий ва спортчига боғлиқ.
Баҳодир Жалоловни барча мусобақаларда чемпион бўлишини унинг ҳаракатлари, машғулот қилишларидан билар эдик. Унинг бўйи ҳам, ёши ҳам катта эди. Катта вазндагилар секин-секин ўсиб боради.
Лекин ёшлар алмашинуви деган тушунча бор. Масалан, боксчи ёшлар ўртасида Олимпиада, Осиё, Жаҳон чемпиони бўлиши мумкиндир, бироқ катта тоифага ўтганда бундай натижаларни кўрсата олмаслиги мумкин. Аксинча ёшлар тоифасида бирор натижа қилолмаётган спортчилар катталар тоифасига ўтганда очилиб кетиши мумкин.
— Шогирдларингиз сизни қандай мураббий деб таърифлашади?
— Яқинда бир воқеа бўлди. Барча спортчилар билан йиғилиб қолганимизда Баҳодир Жалолов «Йигитлар, Раҳматжон ака 53 ёшга кирди. Бизнинг отамиз тенги. Келинглар, энди уни Раҳмат тоға, деб чақирамиз», деб айтди. Энди ҳозир ўзларининг ўзаро мулоқотида «Раҳмат тоға», деб юришади. Кимдир «амаки» дейди ва ҳоказо.
Баҳодир Жалолов финалда ютиб, рингдан чиққанда мен уни «маладэс, сен мени асалим, жонимсан», деганман. Аслида, мен ўзимнинг невараларимни ҳам шундай эркалайман. Баҳодир катта қизим билан тенг. Уни фарзандимдек яхши кўраман.
Шогирдлар нима деб чақирса ҳам, доимо қаторда турганда биз, мураббийлар, уларга айтамиз, «Йигитлар, бизни ҳурмат қилмасангиз ҳам бизнинг меҳнатимизни ҳурмат қилинглар. Олимпиада чемпиони бўлганингдан кейин сўрашмасанг ҳам майли». Нимага бундай деймиз? Ёшликда биз ҳам бу нарсани тушунмаганмиз. Жангда нима қилишни биз ҳам биламиз, лекин ёшимиз ўтиб бўлди, урушолмаймиз. «Агар ҳозир сен шу нарсани қилмасанг, катта бўлгандан кейин афсусланасан», деймиз. Уларга хатоларимизни тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
— Мураббий сифатида шогирдингизга ўзининг энг яхши иқтидорлари ва қобилиятларини очишга қандай ёрдам берасиз?
— Терма жамоага энди етилиб келаётган эмас, аксинча ҳар томонлама тайёр спортчилар келади. Мураббий ёш спортчини ўз даражасида яхши тайёрлагач, у ёшлар терма жамоасига, кейинроқ катталар термасига чақирилади. Терма жамоада эса спортчи аввал олмаган ва унга етишмаган жиҳатларни ўргатамиз.
Биринчи ўринда, уларнинг ривожланиши учун овқатланиш муҳим. Спортчи 3 маҳал овқатини ейиши, машғулот қилгандан сўнг йўқотилган калориялар ўрнини яна тўлдириши, вақтида ухлаб, вақтида туриши лозим. Бир спортчи битта машғулот қилса 5000 калория йўқотади.
Эрталабга 9 хилдан ошиқ озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилади: қази, балиқ икраси, каша, компот, нон, гўшт, тухум, сарёғ, бодом, писта, ўрик туршаги. Булар менинг эсимда бори. Тушликда биринчи ва иккинчи овқат, салат, мевалар, компот, нон, чой бўлади. Кечқурун ҳам шундай: биринчи ва иккинчи овқат, тил, салатлар, шоколад ва банан берилади.
— Ҳал қилувчи жангдан олдин Баҳодирга қандай мотивация бердингиз?
— Унинг биринчи ўриндаги мотивацияси президентга берган сўзи эди. Мен ўқув-йиғин машғулотлари вақтида унга мотивация бермасликка ҳаракат қилдим. Нега дейсизми? Чунки ҳар куни сизга исмингизни айтиб, мотивациялар берилса сизга бу одатий ҳол бўлади. Чет давлатда, ҳеч ким уни танимайдиган жойда уни чақириб, мотивация берсам бошқача бўлади.
Мотивацияни Токиода бердим. «Сен президентга ваъда бергансан, онангга ваъда бергансан», дедим Баҳодирга.
— Баҳодир финалда ғалаба қозонганида нималарни ҳис қилдингиз?
— Аввало, қувонч кўз ёшлари. Чунки Баҳодир финалга чиққандан сўнг 6 кун кутиш керак бўлди. Шу вақтда Баҳодир билан бир жойда ўтириб қолмасликка, иложи борича унинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдик. Финалга охирги кунлар қолганда рақибини ўрганиб чиқдик.
Баҳодир ютганидан кейин 1 дақиқа ҳам Токиода тургим келмади. Рингдан чиқиб, самолётга ўтириб кетгим келди. Жудаям чарчаган эдик, чунки бокс мусобақалари Олимпиаданинг бошида бошланади, энг охирги куни якунланади. Аввало уйни соғинган эдик.
Ҳакамларнинг қилган ишлари ҳам бизга оғир ботди. Биз руҳан чарчаган эдик. Боксчиларимизни кўриб эзилиб кетгандик. 5 йил давомида Ўзбекистон бокси Жаҳонда биринчиликни бермади. Бу нарса йиғилиб бориб, шу Олимпиададан чиқаришди.
— Ғалаба ва мағлубият — жуда эҳтиросли онлар. Эҳтиросларни қандай жиловлаш мумкин?
— Мағлубият таъмини татиб кўрмаган инсон ғалабани ҳис қила олиши қийин. Спортчи ютаверса-ю, кейин бир кун мағлуб бўлса — бундан ёмони йўқ. Шу ғалабалар орасида мағлубият ҳам бўлиши керак.
Ўтган Олимпиададан кейин кўп спортчилар мағлуб бўлишди. Бунинг сабаби биз уларни 6 ой давомида кўрмадик. Уларни ҳамма жойда тадбирларга олиб боришди. Шу сабаб бўлди мағлубиятларга. Улар кейин ўзларини тиклаб, профессионал боксга ўтиб, яхши натижаларни кўрсатишди.
— Эндиликдаги режаларингиз қандай?
— 25 августдан ўқув-йиғин машғулотлари бошланди. У ерга 100 нафардан ортиқ спортчилар таклиф қилинган. 2 ойдан кейин Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Шу мусобақага тайёрланамиз. У ерда 13 та вазн тоифасида жанглар бўлади. Биз кўпроқ ёшларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз, асосий мақсадимиз уларни синаб олиш. Шу орқали Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик кўриб бораверамиз.
Лекин ўйлаб қолдим, шу мусобақаларда бироз шошмаслик керакдир балки. Чунки ўтган Олимпиададан олдин Осиёда ҳам, Жаҳонда ҳам чемпион бўлдик, кейин ҳамма бизга душман бўлиб олди.
Фикрлар