20 окт 18:18
Янгиликлар
Ўтмишга назар. Миржалол Қосимов катта футбол билан қандай хайрлашган эди?
Бу шунчаки хайрлашув учрашуви эмас, балки бир футболчининг бутун фаолиятига берилган баҳо, футбол тарихимизда ўзига хос байрам бўлди. Ўша куни майдонда жаҳон футболи юлдузлари жамланди, Миржалол исмли юзлаб инсонлар бирлашди, Қосимов эса ҳаётининг кўпчиликка номаълум саҳифалари ҳақида сўзлаб берди.

Икки йил кутилган хайрлашув
Аслида, Миржалол Қосимов 2005 йил профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган эди. Бироқ унинг катта футбол билан расмий хайрлашув маросими орадан қарийб икки йил ўтиб, 2007 йил 2 июнда ташкил этилди.
Футболчи хайрлашув учрашувини қадрдон “Пахтакор” стадионида ўтказишни истаган. Аммо ўша пайтда стадионда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис тадбир МХСК ўйингоҳига кўчирилди.
“Футбол билан «Пахтакор» стадионида хайрлашишни истардим, албатта. Аммо бунинг иложи йўқ. Чунки стадион жиддий равишда таъмирга муҳтож эди. Ҳозир ана шу жараён ўтказилмоқда. Қолаверса, афсусланиш фойдасиз. Ахир ҳаётда сиз истаган ҳамма нарса амалга ошавермайди-ку”, – деган эди Қосимов матбуот анжуманида.
Хайрлашув учун Ўзбекистон ва Евроосиё терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Меҳмонлар сафида Валерий Газзаев, Виктор Онопко, Али Даий, Сергей Семак, Андрей Каряка сингари машҳур футболчилар ва мутахассислар иштирок этди.

Ўйиндан аввал Обид Асомов бошчилигидаги санъаткорлар мухлисларга концерт дастурини намойиш қилди. Кейин эса майдонга икки жамоа футболчилари чиқиб келишди.


Ўзбекистон терма жамоаси учрашувни фаол бошлади. 16-дақиқада Павел Соломин ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса томошабинлар яна бешта голга гувоҳ бўлишди. Меҳмонлар Игорь Тарловский ва Али Даийнинг голлари эвазига олдинга чиқиб олишди.
68-дақиқада Миржалол Қосимов пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. 82-дақиқада Марат Бикмаев мезбонларни яна олдинга олиб чиқди. Бироқ 87-дақиқада Андрей Каряка мувозанатни тиклади – 3:3.
Мухлислар учун учрашувнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири Қосимовнинг алмаштирилиши бўлди. 85-дақиқада унинг катта ўғли Миркамол майдонга тушган бўлса, 87-дақиқада Миржалолнинг ўрнини иккинчи ўғли Миржамол эгаллади.
ЎЗБЕКИСТОН – ЕВРООСИЁ – 3:3 (1:0)
Тошкент. МХСК ўйингоҳи. 15000 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Эрматов, В.Серазитдинов, Б.Тогаев.
Захирадаги ҳакам: М.Исмоилов.
Голлар: П.Соломин (16), М.Қосимов (68-пен.), М.Бикмаев (82) – И.Тарловский (59), Али Даи (66), А.Каряка (87).
Ўзбекистон:
Биринчи бўлим: П.Бугало, А.Николаев, И.Иномов, А.Алиқулов, И.Юлдашев, И.Акрамов, Ҳ.Ҳошимов, Ҳ.Каримов, В.Карпенко, П.Соломин, Ж.Ирисметов.
Иккинчи бўлим: И.Нестеров, А.Ғофуров, А.Алиқулов, Я.Крушельницкий, И.Юлдашев, Т.Кападзе, Миржалол Қосимов (Миржамол Қосимов, 87), С.Жепаров, Ж.Ҳасанов, А.Гейнрих (Миркамол Қосимов, 85), У.Бакоев (М.Бикмаев, 75).
Бош мураббий: Рауф Инилеев.
Евроосиё: Д.Хомич, А.Каряка, А.Фёдоров, А.Саркисян, В.Онопко (С.Лушан, 22), М.Қосимов (А.Акопянц, 46), И.Тарловский (А.Чайка, 46), С.Семак, М.Землинский (О.Благонадеждин, 46), А.Пагаев, Али Даи.
Бош мураббий: Валерий Газзаев.
Шу тариқа, ўзбек футболининг афсонавий 4-рақам соҳиби катта футболдаги сўнгги учрашувини ўғилларига ўрин бўшатиш билан якунлади.
“Эртами-кеч футбол билан хайрлашишим аниқ эди. Мана, бугун ўрнимга кичик ўғлим Миржамол тушди. Келажакда ўғлим мен учун армон бўлиб қолган орзуларимга етишсин. Майдонда унга омад ҳамиша ёр бўлсин!” – деган эди у учрашувдан сўнг.

Изоҳ: суратга сунъий интеллект ёрдамида кичик ишлов берилган.
Тўрт рақамнинг сирлари
Қосимов фаолияти давомида 4-рақамли футболкада ҳаракат қилган. Қизиғи, бу рақам унинг ҳаётида бир неча бор такрорланган.
Хайрлашув учрашувидан олдинги матбуот анжуманида журналистлар футболчидан айнан шу рақамнинг сири ҳақида сўрашди.
“Бу рақамда айнан нима хислатлар яширинганини билмадим-у, ҳаётимда 4 рақами билан ёнма-ён яшаётганим рост. Юқорида сиз таъкидлаб ўтган жиҳатларга қўшимча тарзда, оилада тўрт фарзанд эканимизни ва ўзимнинг ҳам тўрт нафар болам борлигини айтишим мумкин. Қизиқ тарафи, ўзининг хайрлашув учрашувини ўтказаётган тўртинчи ўзбекистонлик футболчи эканман. Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов, Илҳом Шарипов ва мен...”
Қайд этилишича, Қосимов ўша вақтгача турли даражадаги давлат мукофотлари билан ҳам тўрт марта тақдирланган эди.
Аммо унинг муваффақияти ортида рақамлардан кўра муҳимроқ омиллар – истеъдод, меҳнат, интизом ва матонат турган.

Футболга қайтиш учун қилинган таваккал
Миржалол Қосимовнинг фаолиятида кўпчилик билмайдиган оғир синовлар ҳам бўлган.
У матбуот анжуманида тахминан ўн йил аввал умуртқа поғонасидан жиддий жароҳат олгани, ҳатто футболчилик фаолиятини давом эттириш имконияти шубҳа остида қолгани ҳақида сўзлаб берган.
“Жароҳат шу даражада жиддий эдики, жарроҳлик амалиёти қандай якун топиши хусусида шифокорлар аниқ фикр билдиришга қийналишган эди ҳатто. Шу боис операция қилдириш учун Германияга борганимда ҳам жарроҳлик столига ётиш-ётмаслик ҳақида битта қарорга келиб улгурган эмасдим. Тасаввур қилинг, амалиёт натижасида шол бўлиб қолиш эҳтимоли турган бўлса...”
Унинг олдида мураккаб танлов турган: операция таваккалчиликни англатар, ундан воз кечиш эса футболга қайтиш имкониятини йўққа чиқариши мумкин эди.
Қосимов футболни танлади.
“Футбол эса мен учун ҳамма нарса. Танишларим, саёҳатларим, тўп оширишларим, гол киритишларим. Бир сўз билан айтганда – ҳаётим. Шунинг учун «ҳаётим»дан воз кечишни истамадим ва амалиётга розилик билдирдим. Худога шукр, барчаси яхши ўтди ва мен футболга қайтдим”.
Ўша йиллари Россияда ишлаган мураббий Валерий Непомняший ўзбек футболчилари ҳақида гапирар экан, айрим истеъдодли ўйинчиларнинг ўз устида етарлича ишламаслиги, интизомга амал қилмаслигини танқид қилганди.
Қосимов эса истеъдодни меҳнат билан мустаҳкамлаган футболчи сифатида ажралиб турарди.
Бир кунда 110 нафар Миржалол
Хайрлашув учрашуви арафасида ташкил этилган энг қизиқарли тадбирлардан бири “Миржалолларни излаймиз” акцияси бўлди.
Миржалол Қосимов ўзбек футболига кириб келиб, машҳурликка эришганидан кейин кўплаб ота-оналар фарзандларига унинг исмини қўйишган.
Ташкилотчилар айнан шундай инсонларни бир жойга тўплашга қарор қилишди.
Оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган чақириқдан сўнг дастлаб 155 нафар Миржалол ҳақида маълумот келиб тушди. Кейинроқ уларнинг сони 207 нафарга етди.
Эътиборлиси, рўйхатдан ўтганларнинг 47 нафари нафақат Миржалол исмига, балки Қосимов фамилиясига ҳам эга эди.
2 июнь куни “Пахтакор” стадионига 110 нафар Миржалол ташриф буюрди. Уларнинг ҳар бирига футболчи ўз дастхати туширилган 4-рақамли футболка, плакат, хайрлашув учрашувига иккита чипта ва эсдалик суратини тақдим этди.
Тадбирда қатнашган Миржалолларнинг энг кичиги икки ойлик чақалоқ, энг каттаси эса 20 ёшга қадам қўйган йигит эди.
Фарғонанинг Яйпан шаҳридан келган бир оила эса алоҳида эътибор тортди. Оила бошлиғи Муҳсинжон ака фарзандларига Миржалол Қосимов ва унинг ўғиллари шарафига Миржалол, Миркамол ва Миржамол деб исм қўйган экан.
Буни эшитган футболчи ҳазиллашиб: “Ишқилиб, аёлингизнинг исми ҳам Дилоромхон эмасми?!” деб сўраган. Бу гап атрофдагиларнинг кулгисига сабаб бўлган.
Акцияда ҳатто Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Аравон туманидан келган 16 ёшли Миржалол Қосимов ҳам қатнашган. У ўша пайтда маҳаллий “Тепақўрғон” жамоасида футбол ўйнарди.
207 нафар Миржалолнинг 35 нафари футбол билан шуғулланаётгани ҳам маълум бўлган.
Шу куни таниқли спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев майдонда фақат Миржалол Қосимовлар иштирок этадиган футбол мусобақасини ташкил қилиш ғоясини илгари сурган ва бундай тадбир Гиннеснинг рекордлар китобига кириши мумкинлигини айтган эди.
“Қосимовнинг ўрнини ким босади?”
Хайрлашув маросимида журналистларни қизиқтирган асосий саволлардан бири Қосимовга муносиб ворис масаласи бўлган.
Чунки Миржалол фақат голлари билан эмас, балки майдонни кўра билиши, аниқ узатмалари, жарима ва бурчак тўпларини маҳорат билан ижро этиши орқали ажралиб турган.
Матбуот анжуманида унинг ўрнини эгаллай оладиган футболчилар ҳақида ҳам савол берилган.
“Яхши ўйинчилар бор, аммо улар ўз устиларида ишлашни истамайдилар. Вақтида ухлаш керак, аммо ухламайдилар...” деган фикрлар ўша даврда ёш футболчиларнинг интизоми ҳақидаги баҳсларда кўтарилган.
Қосимов эса ўзининг эҳтимолий ворислари сифатида бир нечта футболчини тилга олган:
“Марказда ўйнайдиган бир қатор истеъдодли ўйинчилар бор. Сервер Жепаров, Одил Ахмедов, Тимур Кападзе... Ўйлайманки, келажакда мендан ҳам истеъдодлироқ футболчилар етишиб чиқади ҳали”.
Қосимовнинг бу фикри ўша даврдаги ўзбек футболи учун ҳам муҳим эди. Жепаров, Ахмедов ва Кападзе кейинги йилларда миллий терма жамоанинг етакчи футболчиларига айланишди.
Қаҳрамонга эҳтиром
Хайрлашув куни Миржалол Қосимовга “Меҳнат шуҳрати” ордени топширилди. Худди шу давлат мукофоти Фарғонанинг “Нефтчи” клуби бош мураббийи Юрий Саркисянга ҳам берилди.

Қосимовга ҳурмат кўрсатиш учун хориждан ҳам футбол юлдузлари ва мураббийлар ташриф буюришди.
Россия терма жамоасининг собиқ сардори Виктор Онопко уни шундай эслаган:
“Қосимов ажойиб футболчи. У Россияда бир неча мавсум тўп суриб, ўзини кўрсатишга муваффақ бўлган. Бугунги тадбирда иштирок этаётганимдан хурсандман. Қосимовни нафақат юртингизда, балки МДҲнинг барча ҳудудларида ҳурмат қилишади”.
ЦСКА бош мураббийи Валерий Газзаев эса унинг 1995 йилда “Алания” билан Россия чемпионлигини қўлга киритишдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.
“Бугун биз нафақат Ўзбекистоннинг, балки МДҲнинг энг буюк ўйинчиларидан бирини катта футболдан кузатиб қўйдик”, – деган Газзаев.
Қосимовни ўсмирлар ва ёшлар футболидан яхши таниган Александр Пискарёв ҳам унинг интизоми, машғулотларда ўз устида тинмай ишлашини эътироф этган.
Бироқ Қосимов учун энг таъсирли тилаклардан бири отаси Қўшоқ ҳожи отадан янграган эди:
“Мен шундай ўғилни вояга етказиб, тарбиялаганимдан бағоят хурсандман. Энди ўғлимнинг олдига ўзига ўхшаган футболчиларни тарбиялаш вазифаси қўйилган... Менинг орзуларимдан бири – Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионати финал босқичида кўриш”.
Хайрлашув эмас, янги саҳифа
Миржалол Қосимовнинг катта футбол билан хайрлашуви бир даврнинг якунланиши эди.
У ёшлар ўртасида Европа ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритган, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Осиё ўйинларида зафар қучган, Россия чемпионлигини татиб кўрган футболчи сифатида мухлислар хотирасида қолди.
Аммо хайрлашув маросимидаги фикрлардан маълум бўлишича, Қосимов футболдан бутунлай узоқлашишни ўйламаган. У ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиш, мураббий сифатида ҳам ютуқларга эришиш ниятида эди.
Майдондан кетиш вақти келганида у ўз ўрнини ўғлига бўшатди. Бу рамзий лаҳза нафақат бир оиланинг, балки футбол авлодлари алмашинувининг ҳам ифодаси бўлди.
2007 йил 2 июнда Тошкентдаги 15 минг томошабин футболчи Миржалол Қосимов билан хайрлашди. Ўша куни унинг 4-рақамли футболкаси, аниқ узатмалари ва жарима зарбалари ҳақида яна кўп гапирилди.
Аммо 4-рақамнинг ҳақиқий сири рақамнинг ўзида эмасди. Унинг ортида йиллар давомидаги меҳнат, интизом, футболга садоқат ва оғир синовлар олдида ортга чекинмаган инсоннинг ҳаёти турарди.
Материал “InterFUTBOL” газетасининг 2007 йил 5–12 июндаги 45 (421)-сонида эълон қилинган Нодирхўжа Юлдашев, Шуҳрат Шариф ва Улуғбек Мирзаевнинг мақолалари ҳамда интервьюлари асосида тайёрланди.
Муаллиф: Оқил Абдубарноев
Фикрлар