20 янв 19:06
Янгиликлар
ТАВСИЯ ҚИЛАМИЗ: Ном барча нарсадан муҳим. Канело 2025 йилда жуда катта пул ишлаб олди, у Мессини ҳам ортда қолдирди
Ўтган йил Сауль Альварес яна бир бор "у энди аввалгидек эмас" деган гапларга сабаб яратиб берди. Умуман олганда, бу гаплар анчадан бери янграяпти: мексикалик боксчи рақиблар даражаси пасайганига қарамай, жангларни муддатидан олдин якунлашни тўхтатди. Аммо Канелонинг исмидаги сеҳр ва қудрат ҳали ҳам сақланиб қолган. Бунинг яна бир исботи — у 2025 йилда ишлаб олган пуллар.

2025 йилда Альварес Riyadh Season ва Турки Ал аш-Шайх қаноти остига ўтиб, улар билан тўрт жангга мўлжалланган шартнома имзолаганди. Унга кўра, Сауль тахминан 400 миллион доллар ишлаб олиши мумкин. Sportico нашри маълумотларига кўра, 2025 йилда Канело 137 миллион доллар топиб, дунёдаги энг кўп маош оладиган иккинчи спортчига айланди. У фақат Саудиянинг "Ал Насср" клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдудан ортда қолди — Роналдунинг даромади 260 миллион долларни ташкил этди. Нашр ёзишича, Канелонинг пуллари 125 миллион доллар гонорар ва 12 миллион доллар ҳомийлик шартномаларидан йиғилган.

Ўтган йил Сауль иккита жанг ўтказди. Май ойида у кубалик Уильям Скалло билан тўқнаш келиб, иккинчи ўрта вазнда мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қайтариб олди. Бу эса сентябрда Теренс Кроуфорд билан жанг ташкил этиш учун муҳим шарт эди. Канело Скаллони зерикарли жангда мағлуб этди ва саудияликларга Кроуфорд билан бўладиган тўқнашувни "аср тўқнашуви" деган шиор остида фаол тарғиб қилиш имконини берди. Амалда эса, ўртача рақиблар фонида анча пасайиб кетган Альварес жуда суст чиқиш қилди ва америкаликка 12 раунд давомида уни "майдалаб ташлаш" имконини берди. Якунда Канело барча камарларидан айрилди, аммо катта пул ишлади. Ҳатто бокс суперюлдузи мақомида бўлган пайтларида ҳам Сауль бир йилда бундай улкан гонорар олмаган. Бокс ўлчовларига кўра эса бу умуман космос — Альварес Лионель Месси, Леброн Жеймс, Стефен Карри каби спорт юлдузларини ҳам ортда қолдирди.

Қолаверса, Riyadh Season’нинг қўли борлиги фақат Канело мисолида эмас, бошқа ҳолатларда ҳам сезилади. Масалан, 2024 йилда ҳам Альварес икки жанг ўтказган (Эдгар Берланга ва Хайме Мунгияга қарши), аммо ўша пайтда анча кам — 73 миллион доллар ишлаган. Бу уни йилнинг энг кўп маош оладиган спортчилари рўйхатида 20-ўринга қўйган. Шу пайтда рейтинг тепасида иккита боксчи — Тайсон Фьюри ва Александр Усик туришган. Уларнинг ўзаро жанглари ҳам саудияликлар ёрдамида ташкил этилган. 2023 йилда Канело 66 миллион доллар билан 17-ўринни эгаллаган (Жермелл Чарло ва Жон Райдерга қарши икки жанг), 2022 йилда — 89 миллион доллар билан бешинчи, 2021 йилда эса 63 миллион доллар билан 12-ўринда бўлган. Қизиғи, сўнгги беш йил ичида Альварес учун энг сердаромад муддат айнан у мағлуб бўлган йилларга тўғри келган. 2025 йилда уни Кроуфорд мағлуб этди, 2022 йилда эса — Дмитрий Бивол.

Канелодан ташқари, ўтган йилнинг энг кўп маош оладиган спортчилари топ-100 рўйхатига яна уч нафар боксчи кирди. Теренс Кроуфорд, агар тез-тез жанг қилганида, янада кўпроқ ишлаб олиши мумкин эди, аммо Альварес билан битта жанг учун олган 66 миллион доллари билан у рейтингда 21-ўринни эгаллади. Наоя Иноуэ эса бир йил ичида мутлақ жаҳон чемпиони унвонини тўрт марта (!) ҳимоя қилиб, 62 миллион доллар ишлади (25-ўрин). Блогер-боксчи Жейк Пол эса 60 миллион доллар билан 30-ўриндан жой олди.
Сўнгги йилларда мухлислардан деярли фақат танқид эшитганига қарамай, Канело ҳали ҳам бошқалар учун етиб бўлмас гонорарларга эга боксчи бўлиб қолмоқда. Масалан, Иноуэ — мутлақ жаҳон чемпиони, бир йилда икки баравар кўп жанг ўтказган, у ҳам Riyadh Season билан шартномага эга, аммо даромадлар мутлақо таққослаб бўлмас даражада. Ҳолбуки, Иноуэ йиллар давомида P4P жаҳон рейтингида топ-3дан жой олиб келяпти ва ҳалигача мағлубиятсиз. Исм ва медиа ана шундай ишлайди — ҳатто сенинг энг юқори чўққинг анча ортда қолган бўлса ҳам.

Агар Канелонинг саудияликлар билан шартномаси бўйича камида яна икки жанг қолганини ҳисобга олсак, мексикаликнинг яна кўпроқ пул ишлаш имконияти бўлади, ҳатто рақиблар орасида Кроуфорд даражасидаги боксчи топилмаса ҳам. Яқин келажакда гонорарлар бўйича Саулга фақат Энтони Жошуа ва Тайсон Фьюригина яқинлаша олиши мумкин. Боксда ҳали ҳам кўп нарсани ном ва ўз вақтида қилинган тўғри реклама ҳал қилади. Шунда катта жанглар ҳам, катта гонорарлар ҳам бўлади — кўпинча кичик хавф эвазига. Канело бу формулани ҳаётда мукаммал тарзда намоён этаяпти ва ҳозирча унга тенг келадигани йўқ.
championat.com сайти асосида тайёрланди
Фикрлар