14 окт 14:28
Янгиликлар
Уайт Фьюри — Жошуа жангини UFC’нинг Оқ уйдаги турнирида эълон қилмоқчи бўлганини айтди
"Биз бу жангни промоушени ва ташкил этиш билан шуғулланяпмиз. Уэльснинг Кардифф шаҳридаги “Принсипалити” стадионида бўлиб ўтади ва мен у ерда шахсан иштирок эта олишимдан хурсандман. Чипталар деярли тўлиқ сотилиб бўлган. Бугунги ҳолатни ҳали текширмадим, аммо чипталар савдосини бошлаганимизда 700 тадан кам чипта қолганди. Бу деярли стадион тўлиқ тўлганини англатади. Демак, одамлар бу жангга қизиқиш билдирмоқда ва унга бефарқ эмас.
Мен бу жангни Оқ уйдаги турнирда эълон қилишни ва уларнинг тўқнашувини Нью-Йоркда ташкил этишни хоҳлагандим. Ҳа, вазият чигаллашди. Ўшандан бери жуда кўп воқеалар юз берди. Мана, ниҳоят, шу кунга ҳам етиб келдик. Чипталар сотувга чиқарилди ва яхши сотилди. Бу қизиқ жараён бўлди. Аммо боксга аралашишга қарор қилганимда, бундай ҳолатлар юз беришини билардим.
Эшитинглар, агар сизлар Буюк Британиядаги жангни ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз, умуман олганда, у ердаги спорт тадбирлари бошқача бўлади. Бу Англия тарихидаги оғир вазндаги энг йирик жанг. Шунинг учун уни жонли равишда томоша қилиш ҳақиқатан ҳам алоҳида таассурот қолдиришига ишонаман.
Бу шунчаки бир авлоднинг энг машҳур боксчилари ниҳоят рингда тўқнаш келаётган жанглардан бири. Мухлислар иккига бўлинади: бир томонда Эй-Жей (Энтони Жошуа) мухлислари, иккинчи томонда Фьюри мухлислари бўлади. Ишончим комилки, ўша кеча аренадаги муҳит жуда қайноқ бўлади. Бу жуда қизиқ.
Эшитинглар, Эдди Хирн билан ўртамизда қандай келишмовчилик бўлишидан қатъи назар, Фрэнк Уоррен ҳам бу жангни ташкил этишда иштирок этяпти. Энг муҳими, чипталар сотилиб бўлди. Эдди жанг Буюк Британияда ўтказилиши учун қаттиқ туриб олди. Мен эса уни “Мэдисон Сквер Гарден”да ташкил этишга ҳаракат қилдим. Аммо жанг Буюк Британияда бўлади ва 80 минг кишилик стадион тўлади.
Айтганимдек, “Мэдисон Сквер Гарден” Буюк Британиядан самолётда беш соатлик масофада, холос. У ерда ҳам чипталар бир зумда сотилиб кетарди ва муҳит худди шундай бўларди. Конор Макгрегорнинг жангларига ирландияликлар қандай келиб тушишини кўрганмисиз? Бу мутлақо ақлбовар қилмас ҳолат. Рикки Хаттоннинг Лас-Вегасдаги жанглари ҳам жуда шов-шувли ўтган. Буюк Британия — спорт учун жуда ажойиб ва завқли жой", — дея Уайтнинг сўзларини келтиради MMA Fighting нашри.
Фикрлар