UZ

Сўнгги янгиликлар

01:02ОЧЛ. "Пахтакор" йирик ҳисобда мағлубиятга учради 0 00:16Жаҳон чемпионати. Беш нафар боксчимиз финалда, қолганларда эса бронза 0 22:23Бокс. "Губернатор кубоги"да 5 та жанг ва 4 та ғалаба 10 19:51Учта амалдаги, учта собиқ чемпион... UFC 261 кечасининг тўлиқ карди қандай? 0 19:27Рафаэль Надаль: Жокович рекорд ва титулларга берилиб кетган 0 19:03Карикатура: Катта клублар янги лига бошлашди 0 18:39Конор Дастинни мағлуб этса, чемпионлик камари учун жанг қилади 1 18:18Бухоро вилояти дзюдосига янги раҳбар сайланди 0 17:52Хабиб Суперлига тузилиши ҳақида: "Бекорга" 0 17:28Мбаппе Мадриддан уй қидирмоқда 0 17:02Бу қизиқ! Шахбокс ҳақида биласизми? 0 16:41Истомин Рим турнири асосий даврасига чиқиш учун ўйин ўтказди 0 16:20Бугун "Губернатор кубоги"да беш нафар боксчимиз жанг қилади (Рўйхат + трансляция) 11 15:59Омар Моманидан карикатура: Моуриньюнинг кейинги манзили қаер? 0 15:44Осиё чемпионати. Навбатдаги кун баҳслари старт олди 0

27 мар 16:14
Янгиликлар

Бокс/ММА, Қизиқарли!

Учинчи жангидаёқ чемпионлик камарини қўлга киритган Ломаченко ҳақида ёҳуд Фазлиддин унга ўхшай оладими?

Бундан бир неча кун олдин ўзбекистонлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаров Боб Арумнинг "Top Rank" промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади.


Боксчимизнинг мақсади жиддий: қисқа муддат ичида чемпионлик камарини қўлга киритиш. Буни Олимпиада чемпионининг мураббийи ҳам тасдиқлади.

Кўпчиликнинг фикрича, қисқа муддат ичида чемпионлик камарини қўлга киритиш - эртак. Бироқ, украиналик таниқли боксчи Василий Ломаченко мисолида бу амалласа бўладиган иш эканлигини кўришимиз мумкин. Демак, Фазлиддин Ғоибназаровга ҳам Ломаченко каби муваффақиятларни тилаган ҳолда, ҳаваскор бокс афсоналаридан бири бўлган украиналик боксчининг фаолият йўли ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга тақдим этамиз.

Тўлиқ исми: Василий Ломаченко

Лақаби: Hi-tech (Хай-тэк)

Фуқаролиги: Украина

Туғилган санаси: 1988 йил, 17 февраль

Вазн тоифаси: ўртаенгил (-57,15 кг,), иккинчи ўртаенгил (-59 кг)

Услуби: Чапақай

Бўйи: 168 см

Мураббийи: Анатолий Ломаченко (отаси)

Промоутер: Top Rank Promotions


Профессионал фаолияти: 

Ўтказган жанглари: 8

Ғалабалар: 7

Нокаутлар: 5

Мағлубиятлар: 1

Дуранг: 0



Ҳаваскор боксдаги фаолияти:

Ўтказган жанглари: 397

Ғалабалар: 396

Мағлубиятлар: 1

Ломаченкога иккита таъриф: 

ҲАВАСКОР БОКСДАГИ 397 ТА ЖАНГДАН 396 ТАСИДА ҒАЛАБА ҚОЗОНГАН!

ПРОФЕССИОНАЛ ЖАНГНИНГ УЧИНЧИСИДАЁҚ ЧЕМПИОНЛИК КАМАРИНИ ҚЎЛГА ҚИРИТГАН!

Василий Анатольевич Ломаченко 1988 йилнинг 17 февралида Украинанинг Одасса вилоятида туғилган. Украиналик боксчи. Икки карра Олимпиада чемпиони (2008 ва 2012), икки карра жаҳон чемпиони (2009 ва 2011), ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони (2006), кадетлар ўртасида Европа чемпиони (2004), Украинанинг кўп карра чемпиони, Вэл Баркер кубоги соҳиби, Украинада ҳизмат кўрсатган спортчи.

Ҳаваскор бокс тарихидаги энг кучли боксчиларидан ҳисобланади. Ҳаваскор боксдаги фаолияти давомида бир маротаба мағлубиятга учраган - 2007 йилги жаҳон чемпионати финалида Алберт Селимовга ютқазиб қўйган. Бироқ, кейинчалик икки маротаба ундан реванш олишга муваффақ бўлган. Биринчиси 2008 йилги Олимпиадада, иккинчиси эса 2013 йилда Бутунжаҳон бокс серияси доирасидаги жангда.

Ўртаенгил вазн тоифасида (WBO 2014 - 2016) жаҳон чемпиони, иккинчи ўртаенгил вазн тоифасида жаҳон чемпиони (2016 - ҳозирги вақтача). 2013 йилда "Ринг" журнали томонидан "Келажаги порлоқ боксчи" деб топилган. Учинчи жангидаёқ профессионал боксда чемпионлик камарини қўлга киритган боксчи 2014 йилда 39 йиллик рекордни янгилаган. Шунингдек, 7 та жангда иккита йўналиш бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, рекорд ўрнатган.

2016 йилни рейтингда 6-ўринда якунлаган.

2016 йилда Ломаченко дунёнинг энг яхши боксчиси деб эълон қилинган.


Ҳаваскор бокс

Василий бокс билан шуғулланишни болалигидаёқ бошлаган.

“Фаолиятимни онамни қорнидаёқ бошлаганман. Туғруқхонадан уйга олиб келишганидан сўнг, отам қўлларимга бокс қўлқопларини тақиб қўйган эканлар. Ўшанда 1988 йил бўлган. Кейин эса бокс залига бора бошладим. Лекин, бокс билан қачон шуғулланишни бошлаганимни эслай олмайман”, - дейди боксчининг ўзи.

Василий ҳаваскор боксдаги илк жангини 1994 йилда 6 ёшлигида ўтказган. "Надежда" турнири доирасида бўлиб ўтган ўша жангда Василий ғалаба қозонганди. Бироқ, ҳакамлар унинг ёши каттароқ рақибини ҳафа қилмаслик учун дурангни қайд этишган. Кейинчалик эса, у кўплаб вилоят ва мамлакат чемпионатларида кетма-кет ғалабалар қозонди.

Ҳаваскор боксда унинг дастлабки муваффақияти - 16 ёшида мамлакат чемпионига айлангани бўлган. Ўша йилнинг ўзида қаҳрамонимиз 16 ёшгача бўлган боксчилар (кадетлар) ўртасида Европа чемпионатида олтин медални қўлга киритади.


Жаҳон чемпионати - 2007

Чикагода бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ярим финалида хитойлик Ли Янга қарши бўлиб ўтган жанг Василий учун фаолиятидаги энг қийинларидан бўлганди. Мағлубиятга учраётган боксчи сўнгги сонияларда ғалабани илиб кетишга муваффақ бўлган. Финалда эса уни янада қийин рақиб - россиялик Алберт Селимов кутиб турарди. Ломаченко биринчи раундда унга имкониятни бой бериб қўйди. Иккинчи ва учинчи раундлар эса Василийнинг устунлиги остида кечган. Тўртинчи раундда эса россиялик боксчи ҳакамлар қарорига кўра ғолиб деб топилган. Ўша жангда украиналик боксчининг бир қанча очколари ҳисобга олинмаган. Ушбу жанг Ломаченконинг ҳаваскор бокс фаолиятидаги илк ва ягона мағлубияти сифатида тарихда қолган. Ўша турнирда Василий кумуш медаль билан кифояланганди.

Василийни ҳаваскор боксдаги фаолияти давомида фақатгина бир маротаба шу аҳволда кўрганмиз...


Олимпиада - 2008

Пекин Олимпиадасининг илк босқичида тақдир уни яна Алберт Селимовга учраштирди. Ушбу жангда Ломаченко рақибига имконият қолдирмади ва 14:7 ҳисобида ғалаба қозонди.

1/8 финалда эса у Баҳодиржон Султоновни (13:1) мағлубиятга учратган ҳолда, чорак финалга йўлланма олади.

Кетма-кет ғалабалар орқали финалга етиб борган боксчи ҳал қилувчи жангда франциялик рақиби Желкир Кедафини мағлуб этиб, Олимпиада чемпионига айланган. Ўша баҳсда Василий рақибини уч маротаба нокдаун ҳолатига тушириб қўйганди.

Олимпиада якунларига кўра Ломаченко Вэл Баркер кубогини қўлга киритганди. Ҳудди Ҳасанбой Дўсматовга ўхшаб :)




Жаҳон чемпионати - 2009

Миланда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиш боксчи учун қийинчилик туғдиргани йўқ. Ўша жаҳон чемпионатида боксчининг 1/16 финалдан финалгача бўлган натижалари шундай бўлганди: 16:2, 15:1, 8:2, 12:1, 12:1.


Жаҳон чемпионати - 2011

Бокуда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида у бразилиялик Робсон Консейсаога тўқнаш келган ва 18/19 ҳисобида ютқазиб қўйганди. Бироқ, ўша ўйиндаги ҳакамлик жуда катта шубҳа ва баҳсларни келтириб чиқарганди. Бутун жанг давомида устунлик қилган Василий ҳаттоки рақибини нокдаун ҳолатига туширганди. Кейинроқ жангдаги такрорий вазиятлар кўриб чиқилган, ҳакамлар хатолари ўрганиб чиқилган ва ғалаба Ломаченко ҳисобига ёзилган.

Ярим финалга чиқиш учун эса у ўзбекистонлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаровга қарши тўқнаш келган ва якунда 18:10 ҳисобида ғалаба қозонган.

Ушбу турнирда ҳам Василий барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионига айланган.



Олимпиада - 2012

Лондон Олимпиадаси ҳам Ломаченко учун омадли ўтган ва у -60 кг вазн тоифасида ҳам Олимпиада олтин медалини қўлга киритган.



Ярим профессионал лига

2012 йилнинг октябрида Ломаченко ҳаваскор рингдаги фаолиятини якунлади ва WSB (Бутунжаҳон бокс серияси) ярим профессионал лигасидаги жангларда иштирок этиш учун шартнома имзолади. "Украина атаманлари" сафидаги илк жангини 2013 йилнинг январь ойида ўтказганди.

Ўша йили украиналик боксчилар финалгача етиб боргандилар ва финалда "Астана Арланс"га имкониятни бой бериб қўйгандилар.

2013 йилнинг ёзида Василий отаси Анатолий Ломаченко билан биргаликда АҚШга йўл олади. Мақсад - қисқа вақт ичида чемпионлик жангини ташкиллаштириб бера оладиган промоутер топиш эди.

26 июль куни эса Ломаченко "Top Rank" билан шартнома имзолаганлиги эълон қилинди.


Ўртаенгил вазн

Профессионал рингда Ломаченконинг илк рақиби пуэрториколик боксчи Жонатан Окендо (23-3) бўлиши лозим эди. Бироқ, Окендо машғулотлар вақтида ўнг қўлидан жароҳат олди ва ушбу жанг бекор қилинди. Кейин эса унинг ўрнига мексикалик Хосе Рамирез рақиб сифатида танланди (25-3).

2013 йилнинг 12 октябрида бўлиб ўтган жангда, Ломаченко ғалаба қозонди ва WBO талқини бўйича интерконтинентал совринини қўлга киритди. Жангдан кейинг матбуот-анжуманида эса Василийнинг кейинги жанги WBO йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Орландо Солидога қарши бўлиб ўтиши эълон қилинди.
Орландо Салидога қарши чемпионлик жанги

Василий Ломаченко профессионал боксдаги иккинчи жангидаёқ чемпионлик жангида иштирок этди. Мексикалик 33 ёшли тажрибали Орландо Салидога қарши бўлиб ўтган жангда айнан Василий фаворит дея эътироф этилганди. Жангда томонлар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Салидо ушбу жангда мунтазам белдан пастга зарба берди. Лекин, ундан очколар олиб ташлангани йўқ. Мексикалик боксчи прессинг ҳисобида рингда устунлик қилди. 12-раундда Ломаченко чемпионга яхшигина зарба бериб, уни мувозанаттан чиқара олганди. Бироқ, тажрибали боксчи гонгача туриб бера олди. Якунда Салидо ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди. Бироқ, ушбу қарор кўпчилик томонидан баҳс мунозараларга сабаб бўлди. Жанг таҳлил қилинганда, Салидо Ломаченкога баҳс давомида 41 маротаба белдан паст қисмига зарба бергани аниқланган.

Шу тариқа, Ломаченко иккинчи жангидаёқ чемпионлик камарини қўлга киритишдек тарихий натижани қайд эта олмади.


Гэри Расселга қарши чемпионлик жанги

Салидо ўз вазнини ўзгартирганидан сўнг Ломаченко ушбу вазн тоифасида вакант қолган чемпионлик камари учун асосий даъвогарга айланиб олади. Чемпионлик учун Василийга WBO рейтингида биринчи ўринда турган Гэри Рассел ҳалал бераётганди. 24 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган боксчи ҳам ўз вақтида (2011 йилда) Ломаченкога ўхшаб келажаги порлоқ боксчи деб топилганди.

Жанг кутилганидек тезкор темпда бўлиб ўтди. Василий ушбу тўқнашувда бироз устунлик қилди. У ўзининг тезкор ва алдамчи зарбалари эваазига мувозанатни ўз томонида ушлай олди ва ҳакамларнинг қарорига биноан ғалаба қозонди. Ҳисоб: 114-114, 116-112, 116-112 - Ломаченко фойдасига! Шу тариқа, украиналик боксчи бокс тарихидаги 39 йиллик рекордни такрорлади. У профессионал боксдаги учинчи жангидаёқ чемпионлик камарини қўлга киритди. Яна бир қизиқарли факт: Ломаченко чемпион бўлиб, камар эгасига айлангунига қадар фақатгина битта жангда ғалаба қозонганди.



Камарни ҳимоя қилиш

2014 йилнинг 23 ноябрида у 29 ёшли тайландлик Чонлатарн Пирияпиньога қарши бўлиб ўтган жангда ўз камарини ҳимоя қилди. Фаолияти давомида 53 та жангнинг 52 тасида ғалаба қозонган боксчига қарши жанг тўлиқ Ломаченконинг устунлиги остида кечди. У тўртинчи раундда рақибини нокдаун ҳолатига тушириб қўя олганди. Ўша нокдаун Чонлатарн учун фаолиятидаги биринчиси эди. Якунда Василий 120:107 ҳисобида ғалаба қозонди.

2015 йилнинг 2 май куни бўлиб ўтган жангда эса у пуэрториколик Гамальер Родригесни 9-раундда нокаутга учратди ва иккинчи маротаба камарини ҳимоя қилди.

Ўша йилнинг 7 январида Ломаченко учинчи маротаба камарини ҳимоя қилиди. Ўшанда у мексикалик Ромуло Коасичени 10-раундда нокаутга учратганди.


Иккинчи ўртаенгил вазн

Ўртаенгил вазн тоифасида таниқли рақиблар танлови қолмагани сабабли, Василий Ломаченко иккинчи ўртаенгил вазн тоифасига ўтади. Николас Уолтерс билан бўлиб ўтган муваффақиятсиз музокаралардан сўнг Ломаченконинг промоутерлари пуэрториколик жаҳон чемпиони Роман Мартинес билан жанг ташкил қиладилар.


Роман Мартинесга қарши чемпионлик жанги 

2016 йилнинг 11 июнида WBO йўналиги иккинчи ўртаенгил вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони - Роман Мартинесга қарши жанг бўлиб ўтди. HBO телеканали орқали трансляция қилинган ушбу жанг кечанинг асосий жанги бўлганди. Ломаченконинг гонорари эса ўзи учун рекорд - 850 минг долларни ташкил қилган.

Жангда Василий 5-раунддаёқ рақибини нокаут ҳолатига тушириб қўйди. Ушбу натижа орқали у яна бир рекордни такрорлади: 7 та жанг ўтказиш орқали иккита вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш (олдинги рекорд япониялик Наоя Иноуэга тегишли эди, 8 та жанг)



Николас Уолтерсга қарши ҳимоя жанги


Узоқ давом этган музокаралардан сўнг 2016 йилда Top Rank президенти Боб Арум Ломаченконинг ямайкалик собиқ жаҳон чемпиони Николас Уолтерсга қарши жанги бўлиб ўтиши ҳақида эълон қилди. Ушбу жанг учун Ломаченконинг гонорари 1 миллион доллар этиб белгиланди.

Жанг тўлиқ чемпионнинг назорати остида кечди. Ўшанда Улотерс истеъдодли рақибига қарши хеч нарса қила олмади ва 7-раунддан сўнг жангни давом эттира олмади. Шу тариқа, Василий Ломаченконинг янги вазн тоифасидаги илк ҳимоя жанги ҳам муваффақиятли ўтди.

Эндиликда уни 8 апрель куни америкалик Жейсон Сосага қарши навбатдаги жанг кутиб турибди. Кўрамиз, украиналик истеъдод соҳиби ўз камарини ҳимоя қила олармикин?


Википедия маълумотлари асосида Азиз Тўхтамуродов тайёрлади

Рейтинг: +2   

Фикрлар

   
27 мар 17:42:34
Husniddin Mirzaliyev
Ko'proq bo'lsa shunday maqolalardan yaxshi bo'lardi.
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг