18 окт 16:50
Янгиликлар
Умар Кремлёв: "Боксчилар ҳеч нарсага муҳтож бўлмасликлари учун шароит қиламиз"
Шунинг баробарида у Халқаро олимпия қўмитасини (ХОҚ) Олимпия ўйинларидан тушган даромадларни адолатсиз тақсимлаётгани учун танқид қилди.
"Бизнинг асосий вазифамиз — бокс нафақат севимли машғулот, балки мураббийлар ва спортчиларга иш ўринлари ҳам тақдим этадиган бутун бир бокс тизимини яратишдир. Биз кийим-кечак брендини ишга туширяпмиз, IBA экотизимини яратяпмиз. Мен бокс билан шуғулланган вақтимда буларнинг ҳеч бири йўқ эди. 100 кишига 10 жуфт қўлқоп тўғри келарди. Худонинг иродаси билан мен буюк боксчи бўлмадим, лекин функционер бўлдим. Мен боксчилар ҳеч нарсага муҳтож бўлмасликларини истайман. Улар фақат тайёргарлик кўриб, натижа кўрсатиб, халқни хурсанд қилишлари керак.
Шунингдек, уларнинг ўз оилаларини таъминлаш имконияти бўлиши керак. Мен рақобатлашмаяпман. Агар ХОҚ ишлаб топаётган пулларни спортчиларга бермаса, Олимпиада 5-10 йил ичида аста-секин ўлади. Агар бу амалга ошмаса, Олимпиада барҳам топади. Марказий Осиёда ҳали ҳам Олимпиадани томоша қилишади, лекин Европада унга унчалик эътибор қолмаган. Спортчилар умрининг ярмини бағишлаб, Олимпиадага боришади ва металл медаль (у ҳатто соф олтин ҳам эмас)дан бошқа ҳеч нарса олишмайди. Агар уларни фақат ўз мамлакатлари қўллаб-қувватламаса, албатта.
Бундай бўлмаслиги керак. Олимпиада одамларни бирлаштириши лозим. Топилган пуллар мураббийлар ва спортчиларга тегишли бўлиши керак. Ҳозиргидек 10 минг доллар кўринишидаги ярим чоралар эмас, балки муносиб мукофот пуллари бўлиши керак... Бу нотўғри. Рақобат яратиш керак. Олимпиадада биринчи ўрин учун спортчи камида 1 миллион доллар олиши керак. IBA ҳозир айнан шу ишни жаҳон чемпионатларида амалга оширмоқда. Олимпиада совриндорлари IBA жаҳон чемпионатига саралаш ҳуқуқини қўлга киритадилар", — дея Кремлёвнинг сўзларини келтирди IBA матбуот хизмати.

Фикрлар