10 мар 16:42
Янгиликлар
Ян Блахович - UFC тарихида Исраэль Адесаньяни биринчи бўлиб мағлуб этган. Руҳоний бўлишни орзу қилган, нотаниш кимсанинг ўлимига сабаб бўлган сиртмоқ- унинг омад тумори
UFC'дан четлатилганда рафиқаси уни сақлаб қолди
Ян Блахович ҳеч қачон қобилиятли деб ҳисобланилмаган. Польшалик спортчи ҳар доим иккинчи рақамли бўлган: 2017-йилда UFC'дан умуман четлатилиши мумкин эди, бироқ 2020-йилда яримоғир вазн тоифасида чемпион бўлди. UFC 259 да биринчи бор ўрта вазн тоифаси қироли - Исраэль Адесяньяни мағлуб этиб, тарихда қолди.
Блаховичнинг ўтмиши жуда ғайриоддий
ММАдаги фаолиятига қадар руҳоний бўлиб ишлаган. Бир сафар Ян 20 та одамга қарши жанг қилиб, мағлуб бўлган. Блахович ёшлигида Таиланд бокси билан жиддий шуғулланган, кикбоксингда ҳам фаолият олиб борган ва ҳаваскор сифатида бир қанча мукофотларга сазовор бўлган. 24 ёшида ММАда фаолиятини бошлайди, унгача руҳоний ёки каскадёр бўлишни орзу қилган. У инженер-қурувчилик бўйича таҳсил олган, лекин тунги клубда соқчи бўлиб ишлаган.
Иш пайтида 20 нафар йигит жанжал кўтарган ва у уларга қарши жанг қилган. Ҳозир Блахович буни кулиб эсга олади: ”Балки бу кулгили ҳолат бўлмагандир, бироқ клубда иккита соқчи билан 20 та йигитга қарши жанг қилганмиз. Албатта, биз енгилганмиз, чунки улар кўпчилик эди. Улар бизни ҳам, клуб биносини ҳам барбод қилишган. Лекин бу келажак учун яхши тажриба бўлган”.
2007 йилда ММАдаги дебютида очколар бўйича мағлубиятга учраган. Бу Блаховичнинг кейинги жангида Польшанинг асосий ташкилоти KCW'га ўтишга тўсқинлик қила олмади, у ерда қатор ғалабаларга эришишни бошлади, бу эса яримоғир вазн тоифасидаги камарни қўлга киритиш билан якунланди. Кейинги навбат - UFC.
Блахович ўзи билан тумор олиб юради. Бу ғалаба қозонишга ёрдам беришига ишонади
Яннинг яна бир ғалати ўтмиши, Польша ўрмонларида ўликка дуч келганидир. Марҳум хотираси учун ҳар доим жангга келган пайтларида сумкасида ўзи билан кўк-қизил ипли туморни олиб юради.
“Итим билан ўрмонга сайр қилгани чиққанимда, ўша ўлган йигитни кўрганман. “Ҳа, у нариги тарафда турибди, унинг нима қилаётгани менга аҳамиятсиз”, деб ўйладим. Итимни унга қарата юборганимда, у ҳеч қандай ҳаракат қилмади. Бу ғалатидек туюлди. Унга яқин борганимда, дарахтга бўйнидан ип билан боғлаб ўлганини кўрдим. Юзига қараб унинг аллақачон ўлганини билдим. Лекин барибир ундан “Ҳой, яхшимисан?”, деб сўрадим. Ҳозир бу қанчалик аҳмоқона бўлганини биламан. Полиция ва шифокорлар келиб, унинг аллақачон ўлганини айтишди”.
Бир офицер Яндан йигит ўзини ўлдирган арқонни омад келтириши учун олиш истаги билан қизиққан. Блахович бундай удум борлиги ҳақида билмаган:
“Мен Европа ва АҚШда қадимда одамлар орасида шундай удум бўлганини ҳамда шу нарса омад келтиришига ишонишганини интернетдан қидириб топдим. Ишонмасангиз ўзингиз кўришингиз мумкин”.
Блахович жанг олдидан арқонга қўл теккизиш учун ўрмонга келганини таъкидлайди. Кетма-кет ғалаба қозонишни бошлаганидан сўнг, туморини ўғирлаб кетишларидан қўрқиб, уни кесиб олган ва ўзи билан олиб юришни бошлайди. Ўшандан бери польшалик спортчи 90 фоиз жангларда ғалаба қозонган ва UFC чемпиони бўлган.
Ян чемпион бўлиш учун машаққатли йўлни босиб ўтди. У UFC'дан четлаштирилиши ҳам мумкин эди, бироқ рафиқасининг уринишлари уни сақлаб қолди
2017 йил UFC 210 кечасида Блахович ҳакам қарори билан Патрик Камминсуга енгилганидан кейин, ташкилот уни бўшатишни ўйлай бошлаган. У UFC'да беш жангдан тўрттасида енгилган ва ташкилот кўрсаткичи тушиб кетган эди. Бироқ унинг рафиқаси (унинг менежери) жангчининг карьерасини сақлаб қолди. Дорота Журковская Варшавада бўлган ва жангдан сўнг UFC матчмакери Мик Майнард билан гаплашиб келишувга эришган:
“Бўлди, уни четлатишади деб ўйладим. Ҳақиқатан, мен унинг бўшатилганлиги тўғрисидаги хатни кута бошладим. Шу сабабли мен биринчи бўлиб Мейнардга ёздим ва у билан боғландим. Биз жуда кўп баҳслашдик - бу оғир тун бўлган эди.
Мен улардан Ян учун яна имконият беришларини сўрадим. Ян Польшада машҳур юлдуз эканлигини айтдим, улар биз учун турнир ўтказишга рози бўлишди”.
Гданскда UFC Fight Night 118 да қатнашишга муяссар бўлди. UFC раҳбарияти Блаховичга имконият берди ва 2017 йилнинг октябрда америкалик Девин Кларкни (8-1) ҳисобда мағлуб қилди. Жангдан сўнг польшалик:
“Бугун менинг байрамим. Якшанба куни дам оламан, ҳамда душанбадан яна спортзалда бўламан”, - деб айтган.
Ўша тунда Ян карьераcини асраб қолди: шундан бери 9 та жангни ўз фойдасига ҳал қилди, бор йўғи битта баҳсда енгилган бўлса-да, ғалаба чўққисига қайтди. У машҳур жангчилардан: Жаред Каннонер, Люк Рокҳолд, Кори Андерсон, ҳамда Доминик Рейесни мағлуб этиб, чемпионликка эришди.
Шундан сўнг Блахович юртининг қаҳрамонига айланди. Ҳаттоки Польшанинг бош вазири билан ҳам учрашди. Жангдан уч ой ўтиб фарзандининг туғилиши Ян учун асосий мукофот бўлди. Оталик унга ижобий таъсир қилганини тан олди.
Исраэль билан бўладиган жангдан олдин Ян “Фарзандимнинг ҳаёти меникига қараганда яхшироқ бошланишини хоҳлайман. Менда ҳаммаси ёмон бўлган дея олмайман, шунчаки уни бахтли қилишни истайман. Бу мени олдингига қараганда бир неча маротаба кўпроқ шуғулланишга ундаяпти. Жангларга келадиган бўлсак, Польшада шундай гап бор: ота бўлганингда зарбанг икки марта кучли бўлади. Адесянья бу кучни ҳис қилишига ишончим комил.
Мен уни мағлуб қилишга ҳаракат қиламан. Бор кучимни ва имкониятимни ишга солиб уни енгаман. Адесанья ҳақиқатдан ҳам яхши жангчи, шунинг учун уни яхшироқ кузатишим керак. Чунки у ҳам мени енгиши мумкин”, - деб айтди.
Жангда Блахович Исраэль Адесаньяга қараганда оғирроқ эди. Улар уч раунд давомида тенгма-тенг кураш олиб боришди, бироқ охирги икки раундда эса полшалик ҳақиқий қуроли - курашни қўллади. Бунгача ҳеч ким Исраэль билан бундай жанг қилмаган эди, шунинг учун партер Адесаньянинг заиф томони деб ҳисобланган ва Ян тахминларини тасдиқлади. Ҳакамлар жангнинг барча раундида Блаховичнинг ғалабасини таъкидлашган бўлса-да, бироқ у сўнгги икки раундда натижани тубдан ўзгартириб юборди.
Жангдан сўнг Ян 41 ёшли Гловер Тейшера билан тўқнаш келиш истаги борлигини айтди. Блахович кучсиз рақиб қидирмайди - бу ҳурмат масаласи. Тейшера фаолиятини тугатиш арафасида ва буни ММА ҳам таъкидлаган.
Блахович ”Ўйлашимча, Гловер бунга муносиб, менинг кейинги рақибим у бўлишини истайман. Яхши ҳолатга келганида у билан жанг қилишни хоҳлайман, Гловер ёш эмас, шунинг учун бизда вақт йўқ. Ҳозир дам олишим ва оилам билан вақт ўтказишим кераклиги сабабли, Тейшера бироз кутишига тўғри келади. Агар у кутишга тайёр бўлса, навбатдаги рақибим Гловер бўлади”, - деб айтди.
Sports.ru сайти асосида Озода Қаюмова тайёрлади
Фикрлар