13 ноя 09:05
Янгиликлар
Total Chess. Абдусатторов Дудага қарши ўйинлардан кейин кўтарилди
Уч хил вақт назорати, 24 нафар иштирокчи 11 кун давомида Total Chess World Championship Tour бош соврини учун баҳс олиб бормоқда. Гроссмейстерлар 4 та гуруҳга бўлиниб, Fast Classic форматида курашга киришишди. Беш кун давом этадиган баҳсларда гуруҳ босқичидаги ғалаба учун 3, дуранг учун эса 1 очко берилади. Нодирбек биринчи кун франциялик Алиреза Фирузджага қарши иккита партия ўтказганди. Қора доналарда мағлубятга учраган ҳамюртимиз оқ доналарда устунликка эга бўлса-да, якунда дуранг билан кифояланди.
Кеча Fast Classic баҳсларининг иккинчи куни ҳамюртимиз польшалик Ян-Кшиштоф Дудага қарши дона сурди. Биринчи партияда ютқазган Абдусатторов иккинчисида қора доналарда ўйнаганига қарамай, рақибини мағлубиятга учратди. Тўрт очкога эга бўлиб олган Нодирбек гуруҳда олтинчи поғонадан тўртинчи ўринга кўтарилиб олди.
Бу гуруҳда 8 очкога эга Алиреза Фирузджа якка пешқадамлик қилмоқда. Ян-Кшиштоф Дуда 7 очко билан иккинчи ўриндан жой олган. АҚШ вакили Левон Аронян 5 очко билан учинчи поғонани банд этган. Бугун Нодирбек Абдусатторов ўзи сингари 4 очкога эга бўлиб турган нидерландиялик Йорден ван Форестга қарши баҳс олиб боради.
Мусобақа формати:
Fast Classic — 45 дақиқа + ҳар юришга 30 сония
Rapid — 15 дақиқа + 10 сония
Blits — 3 дақиқа + 2 сония
Гуруҳ босқичи беш кун давом этади. 17 ноябрдан плей-офф баҳслари бошланади. Унда шахматчилар бир-бирига қарши блиц, рапид ва Fast Classic форматларида ўйнайди. Мусобақа 20 ноябрь куни якунланади.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси — 650 000 АҚШ доллари. Турнир ғолиби 80 000 долларни қўлга киритади. 2027 йилда расман йўлга қўйиладиган Total Chess жаҳон чемпионати турининг илк синови айнан Будапештда бўлиб ўтади.


Фикрлар