23 янв 19:50
Янгиликлар
"Янги Шарапова" дейилган, собиқ модель, Australian Open'да шов-шув кўтариб, ярим финалига етиб келган Паула Бадоса
Паула Бадоса Австралияда ҳаётидаги энг яхши "Катта дубулға" турнирини ўтказди. У Australian Open мусобақасининг ярим финалигача етиб келди ва амалдаги ғолиб, дунёнинг биринчи ракеткаси, дугонаси Арина Соболенкога имкониятни бой берди. У фаолиятида илк бор бундай мусобақа ярим финалга йўл олди ва шу орқали яна рейтингда топ-10га қайтишни кафолатлади.
27 ёшли испаниялик теннисчи ҳақида нималарни биламиз?
"Ролан Гаррос" турнирининг ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда ғолиб чиққан
2015 йили Бадоса "Ролан Гаррос"нинг ўсмирлар турнирида ғолиб бўлган. Орада у "Уимблдон" турнирининг бўлажак чемпиони бўлган Маркета Вондроушовани ҳам мағлуб этган.
Ҳатто ўша вақтда ҳам у катталар ўртасидаги мусобақаларда ўзини кўрсата бошлаган эди. 2015 йил март ойида Майами турнирида wild card (махсус таклифнома) олган ва икки даврани босиб ўтган, Каролина Плишковага ютқазганди.
Катталар ўртасидаги баҳсларга у илк бор 2019 йили тўлақонли тарзда қўшилган. 2021 йилда илк бор "Катта дубулға"нинг иккинчи ҳафтасига ўтган, 2021 йили эса илк бор WTA турнирида соврин ютган.
"Янги Шарапова" деб аталган
Ўсмирлар мусобақаларидаги муваффақиятларидан сўнг Испанияда уни янги Мария Шарапова деб аташган. Чунки ташқи кўриниши ва ўйин услуби унга ўхшар эди.
Лекин Бадосага бу фақат кучли босим остида қолишга сабаб бўлган:
"Мени жуда яхши теннисчи ҳисобланган афсона билан тенглаштиришгани ташвишлантирмаган, менга бўлган босим қийин бўлган. Мен бунга тайёр бўлмаганман ва бундан қандай чиқиб кетишни билмасдим".
Ҳатто баъзи мутахассислар уни 18 ёшида топ-10га киради, деб ўйлашган. Лекин у бу даражага фақат ҳозирга келибгина етиб келди.
Диққат марказида бўлишни ёқтирмайди, лекин фотосессияларни севади
2021 йилда топ-теннисчига айланганидан сўнг, унинг ҳаётида мажбуриятлар пайдо бўлди. Бу ҳақида у шундай дейди:
"Энг ёқтирадиган нарсам – фотосессиялар. Ота-онам мода индустриясида ишлаган, шунинг учун бу муҳитга кўникканман. Машғулотлардан кейин куч қолса, фотосессиялардан завқ оламан.
Баъзида чарчайман, чунки бунга ўрганмаганман. Шунчаки теннис ўйнашни истайман. Бошқа хеч нарсани хоҳламайман. Аммо, албатта бу ишимнинг бир қисми. Ўз ишимни яхши бажара олаётганимдан хурсандман".
Ота-онаси модель бўлган, лекин у теннисни танлади
Бадосанинг ота-онаси профессионал моделлар бўлган. Шу боис у АҚШда, Нью-Йорк шаҳрида туғилган ва кичиклигидан машҳур инсонлар билан таниш бўлган. Масалан, у италиялик дизайнер Жорджо Армани билан. У кейинчалик Арманини севимли дизайнери деб атаган.
Бадосани биринчи марта теннис кортларига олиб келган ҳам унинг онаси бўлган. Унга ўша вақтда 7 ёш эди.
Ҳозир теннисчи Стефанос Циципас билан учрашади, бунгача эса бошқа бир модель билан
Бадоса узоқ вақт давомида модель Хуан Бетанкур билан муносабатда бўлган. 2023 йилда улар ажрашган ва шундан сўнг у теннисчи Стефанос Циципас билан учраша бошлади.
Барчаси Римдаги турнирда бошланганди. Циципас унинг олдига келган ва ўпган ҳолда, "Сени севаман" деган. Бу муносабат медиада жуда машҳур бўлиб кетди, улар ҳақида ҳаддан ташқари кўп гапиришган. Бир марта улар ажрашгани ҳақида хабарлар чиққан, лекин бир неча ҳафта ўтиб, улар яна бирга экани маълум бўлди.
"Бу менга Мария Шарапова ва Григор Димитровни эслатади. Сен ўзингга мос инсон билан учрашасан, аммо учрашув мос бўлмаган пайтда эди. Бироз ўхшашлик.
Бизнинг муносабатларимиз яхши. У ажойиб йигит", - дейди Бадоса.
"Australian Open" мусобақасида Циципас (биринчи даврада мағлуб бўлса ҳам) Бадосанинг барча учрашувларини кўриб, уни қўллаб-қувватлаб келди.
Бир йил олдин фаолиятини тугатиш ҳақида ўйлаб кўрганди
2023 йили Бадоса "Уимблдон"дан сўнг мавсумни якунлашга мажбур бўлди. Сабаби – умуртқасидаги стресс жароҳати. У 2024 йил бошида кортга қайтди, лекин оғриқ йўқолмаган эди ва у барқарор натижаларга эриша олмади. Натижада у топ-100дан чиқиб кетди.
Австралия Очиқ чемпионати олдидан эса у шундай деганди:
"Рейтингим пасайиб кетганини қабул қилишим жуда қийин бўлди. Мен жуда ғурурли одамман. Тезроқ юқорига қайтмоқчиман ва шунинг учун ҳам қаттиқ меҳнат қиляпман."
У ҳатто теннисни ташлашни ҳам ўйлаб кўрган. Апрель ойида у доимий равишда кортизон уколларини қабул қилишга мажбур бўлганини айтган:
"Шифокорлар менга: "Агар яна бир неча йил теннис ўйнамоқчи бўлсанг, бу уколлар ягона йўли", – дейишди. Мен эса: "Нега бир неча йил? Мен ҳали 26 ёшдаман!', – деб жавоб қайтардим. Буни қабул қилиш жуда қийин бўлди. Лекин ҳозирча уколлар ёрдам бераяпти. Оғриқ доим бор, лекин у энди мени тўлиқ ҳаракатсиз қолдирмайди."
2024 йил баҳорига келиб у уколлардан тўлиқ воз кечган.
Бир пайтлар дунёдаги иккинчи рақамли теннисчи бўлган, энди эса топ-10га қайтмоқда
2022 йил баҳорида Бадоса дунё рейтингида иккинчи ўринга кўтарилган. Ўша вақтда ҳатто Ига Швёнтекни биринчи ўриндан тушириб юбориш имконияти ҳам бор эди.
2024 йил баҳорида эса у 140-ўринга тушиб кетган.
Бироқ орадан саккиз ой ўтиб, у яна кучли ўнликка қайтишга муваффақ бўлди. Вашингтондаги ғалаба, US Open'даги чорак финал ва "Australian Open" ярим финали туфайли у камида тўққизинчи ўринга кўтарилади.
Депрессия билан курашган
Бадоса учун энг катта муаммо – жароҳат эмас, балки руҳий босим бўлган. У Шарапова билан солиштиришлари ва ўзидан жуда кўп нарса кутишлари уни қаттиқ руҳий тушкунликка солиб қўйганини тан олади.
"Мен жуда қийналдим, чунки нима қилишимни билмасдим. Ҳаётимдаги энг катта мақсад – профессионал теннисчи бўлиш эди. Лекин руҳий ҳолатим шу даражага келиб қолдики, мен энди кортга чиқишни ҳам хоҳламасдим. Шунинг учун мен профессионал мутахассислар билан ишлашни бошладим."
Чапақай, лекин ўнг қўлда ўйнайди
Бадоса амбидекстр (икки қўли билан ҳам бирдай ҳаракат қила олади), лекин теннисни ўнг қўлида ўйнайди. Шунга қарамай, унинг энг кучли зарбаси – чап қўли фаол иштирок этадиган чизиқ бўйлаб бэкхенд зарбаси.
Хитойда можарога дуч келган
2023 йилда у Пекиндаги ресторанда тушган суратидан сўнг танқидлар остида қолиб кетган. Унинг ҳаракатларини баъзилар ирқчилик деб баҳолаган, лекин Бадоса буни шунчаки ҳазил деб тушунтирган. Шу билан бирга, бу вазиятда у ўзини қурбон сифатида кўрсатган.
Энг яқин дугонаси – Арина Соболенко
"Australian Open" ярим финалида Бадоса ўзининг энг яхши дугонаси, дунё биринчи рақамли теннисчиси Арина Соболенко билан тўқнашди. Лекин имкониятни бой бериб қўйди.
Уларнинг дўстлиги туфайли Бадоса бошқа бир дугонаси, украиналик теннисчи Марта Костюк билан жанжаллашган. Сабаби – 2022 йилда у "спорт ва сиёсатни аралаштирмаслик керак" деган мазмунда фикр билдирганди.
Фикрлар