UZ

Сўнгги янгиликлар

11:09“Насаф” аёллар жамоаси Осиё Чемпионлар лигаси 1/4 финалига чиқди 0 10:38Умматалиев ғалаба қозонган оқшомнинг асосий жанги WBC камари учун кечди 0 10:07UFC Vegas 124: Қирғиз жангчиси 12-ғалабасини қўлга киритди 0 09:36Оғир вазнлилар иштирокидаги UFC Fight Night 293 турнирининг асосий жангида нокаут! 0 09:05Туркия Суперлигаси. "Башакшеҳир" меҳмонда камбэк эвазига ғалабага эришди + ВИДЕО 0 08:34Диёра Келдиёрованинг қайси мусобақада қатнашиши маълум бўлди 0 08:03Қозоғистон Олимпиада-2028 учун илк лицензиясини қўлга киритди 0 07:32Синдаров ва Гукеш матчида вақт назорати маълум бўлди 0 07:01"Манчестер Сити" "Ноттингем Форест"га мағлуб бўлди, Ҳусанов 90 дақиқа ўйнади + ВИДЕО 0 23:59Жавоҳир Умматалиев профессионал рингда учинчи ғалабасини қўлга киритди 0 19:50"Мен нафас ололмай қолгандим". Топурия Гэтжи билан жангда олган жароҳатларини очиқлади 0 19:19Йен Мачадо Гэрри октагонга қайтмоқда 0 18:48Хамзат Чимаев: "Мен ҳақиқий чемпионман!" 0 18:17Фабио Каннаваро: "Агар А Серия клубидан таклиф тушса, буни..." 0 17:46Фёдор Емельяненко Хабиб Нурмагомедов билан кўргазмали жангга розилик берди 0

07 фев 18:00
Янгиликлар

Олимпия ўйинлари, Қишки спорт турлари, Қизиқарли!

Қишки Олимпиадага борадиган ўзбекистонлик спортчи билан ИНТЕРВЬЮ

Теглар :  Комил Тўхтаев
Хабарингиз бор, 9 февраль куни Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида XXIII қишки Олимпия ўйинлари старт олади.


Мазкур спорт анжуманида Ўзбекистон шарафини икки  нафар спортчи ҳимоя қилади. Улардан бири тоғ чанғиси баҳларида қатнашадиган Комил Тўхтаевдир. 

Биз Пхёнчханга жўнаб кетиш олдидан олдидан спортчи билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. 

-Комил, Олимпиадада қатнашиш бахтига муяссар бўлаётганингиз билан муборакбод этамиз. 

-Катта раҳмат. Мана шундай муҳим мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш бахти насиб қилаётганидан жуда хурсандман. Очиғини айтсам, жуда ҳаяжонланяпман.  Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.

-Мазкур ўйинларда қатнашиш ҳуқуқини қайси мусобақада қўлга киритгансиз?

-Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида бўладиган Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини Италияда ўтказилган халқаро турнирда қўлга киритганман. Айнан ўша турнир менга Олимпия лицензиясини тақдим қилганди.


-Тоғ чанғиси билан қачон шуғулланишни бошлагансиз?

-Отам тоғ чанғиси бўйича Собиқ Иттифоқ спорт устаси бўлганлар. Икки ёшимдан бери чанғи нималигини биламан. 12 ёшимда эса профессионал тарзда машғулотлар ўтказишни бошлаганман.


-Айни пайтда қайси мураббий қўл остида машғулотларда иштирок этяпсиз?

 -Бугунги кунда Иван Вакуленко қўл остида шуғулланяпман. Олимпиадага айнан ушбу мураббий қўл остида тайёргарлик кўрдим. 


-Пхёнчхан Олимпиадасига тайёргарлик жараёни қандай бўлди?

-Дастлаб, жисмоний тайёргарлик устида ишладик. Кейин эса октябрь ойида қорли худудга йўл олдик. У ерда франциялик мураббий қўл остида машғулотлар ўтказдим. Сўнгра, спортчиларнинг халқаро лагерига бориб, бир ой шуғулландим. У ерда Россия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатлардан ҳам спортчилар бор эди. Бирга машғулотлар ўтказдик. Орада Италия, Хитой мамлакатларида ўтган мусобақаларда қатнашдик. 22-24 январь кунлари Қирғизистонда ўтган халқаро “Orlovka Cup” мусобақасида иштирок этдим ва совриндор бўлдим. Айни пайтда эса яна жисмоний тайёргарлик устида иш олиб боряпман. 



- Яқинлашиб келаётган Олимпиадада тоғ чанғисининг икки ҳил йўналишида иштирок этасиз. Сиз учун севимли бўлган йўналиш қайси?

-Тўғри айтдингиз. Жанубий Кореядаги Олимпия ўйинларида икки ҳил йўналишда стартга чиқаман. Слалом ва гигант слаломда. Бу йил гигант слалом йўналишида яхши натижалар қайд эта оляпман. Умид қиламанки, шу йўналишда муносиб иштирок эта оламан.


-Олимпия ўтказиладиган мамлакат - Жанубий Кореянинг трассалари билан танишмисиз? Ўрганиб чиқдингизми?

-Ха, икки йил олдин ўтган Осиё чемпионатида у ерда бўлганман. Ўшанда Кореядаги шароитни кўргандим. Демак, у ерда муҳит қандай бўлишини ҳис қилиб турибман. Баҳсларда бор имкониятимни ишга солиб, энг яхши натижамни қайд этмоқчиман. 



-Ўзбекистонда спортнинг ушбу тури билан шуғулланаётган ёшларимиз кўпми?

-Албатта. Бизда иқтидорли спортчилар кўп. Улар мусобақаларда яхши иштирок эта оладилар. Фақатгина, уларни қўллаб-қувватлаш керак. Агар эътибор кучаядиган бўлса, йигитларимиз яхши натижалар қайд эта оладилар. Бизда спортнинг ушбу тури билан шуғулланишни истовчилар кўпчиликни ташкил қилади. 


- Бизнинг спортчилар фойдаланаётган спорт инвентарлари жаҳон стандартларига мос келадими?

-Мусобақаларга тайёрланаётганда барча талабларга жавоб берадиган инвентарларни сотиб оламиз. Яхши мосламалар бўлмаса, сизни стартга қўйишмайди. Муаммо шундаки, бу қиммат спорт турларидан бири ҳисобланади. Бу борада менга отам ёрдам берганлар. 


-Комил, вақтингизни аямасдан суҳбатга розилик берганингиз учун ташаккур. 

-Эътибор учун, сизларга ҳам раҳмат. Насиб қилса, олдинда турган Олимпия ўйинларидан юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келаман.


Азиз Тўхтамуродов суҳбатлашди


Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг