UZ

Сўнгги янгиликлар

11:01Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..." 0 10:40Италия терма жамоаси Дэвис Кубоги-2024 ғолиби! 0 10:19Исраэль Адесанья фаолиятини якунлаш ҳақида ўйламоқда 0 09:58Prezident Kubogi. Нодирбек илк бор очко йўқотди, Синдаров дербида пешқадам билан дуранг ўйнади 0 09:37"Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди + ВИДЕО 0 09:16Макгрегор зўрлашда айбдор деб топилганига изоҳ берди 0 08:55Фаолиятини АҚШда давом эттириши айтилган Муҳиддин Мамажонов Тошкентда жанг қиладиган бўлди 0 08:34UFC Макао турнири иштирокчилари қанча гонорар ишлаб олгани маълум бўлди 0 08:13Элит ОЧЛ. Бугун "Пахтакор" Дубайда Машарипов жамоасига қарши майдонга тушади 0 07:52Исроил Мадримовнинг вазнига яна бир юлдуз келмоқда 0 07:31Энди Маррей Australian Open якунига қадар Новак Жоковичга устозлик қилади 0 19:23Белбоғли курашни янада ривожлантириш йўлида меморандум имзоланди 0 19:02"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади 0 18:41UFC 310 турнирининг тўлиқ карди маълум қилинди 0 18:20Макс Ферстаппен — Формула-1 2024 йилги мавсум чемпиони! 0

18 дек 18:36
Янгиликлар

Футбол

Расман: Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини якунлади

Теглар :  Одил Аҳмедов
1987 йил 25 ноябрь куни Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган Одил Олимжонович Аҳмедов бугун, 2021 йилнинг 18 декабрь куни бутсаларини михга илишини эълон қилди.

"Бугун футбол, ура, мазза қилиб югураман, футбол зўр-да. Ишқилиб ютайлик-да. Эҳ, оёқ кийимим йўқ-ку. Энди нима қилсам экан? Бўлди, Сардордан сўрайман".
Шундай хаёл билан болакай ўзидан икки эшик нарида турадиган қўшнисининг эшигини тақиллатди.

- Ким бу?
- Мен... (уялибигина), Сардор, бутсангни бериб тур...
- Ошна хафа бўлма...

Кўнгил чўкди, лекин тан бериш йўқ. Майли, бутса бўлмаса бўлмабди. Калиш бор-ку. Муҳими, майдонга тушсам бўлгани. Ўйин бошланди. Кичкинага ошир тўпни, ҳаммангдан яхши ўйнаяпти. Томошабинлар катта футболчиларга болакайга тўпни ошириш кераклигини бақириб айтиб турибдилар. Тўп унга етказиб берилди, эҳ қўполлик билан йиқитишди уни: пенальти! Жамоа сардори Ботирбой зарб билан ғалаба тўпини киритди. Ҳамма болакайни қучоқлаб олганди.

- Она, она... Биз ғалаба қозондик. Она тандирда иссиқ нон ёпарди, кел ўғлим, мана сенга соврин. Онанинг қўли билан ёпилган иссиқ нонга етадиган неъмат борми бу дунёда, агар ундан муқаддас зотнинг тафти келиб турса!

- Ота, она мен кетаман!
- Қаерга ўғлим?
- Тошкенга!
Ота айтди: - У ерда нима қиласан, юрибсан-ку шу ерда?
- Йўқ, мен Миржалол Қосимов билан футбол ўйнайман!

Ота ва она дуо қилди. Болакай 12 ёшида бегона шаҳарга келди. Ҳеч кими йўқ, икки нафар дўсти. Ҳали бирон клубга жойлашиб ҳам олмаган. Қийинчилик бошланди. Баъзан ўйлади, кетиб юборсаммикин қишлоғимга. Йўқ, мен ҳали юлдуз бўламан деб овутди ўзини. Бир маҳал залга курашчилар кириб келди, ҳей болалар туринглар, биз машғулот ўтказамиз. Болакай спорт залида ётарди. Энди уйқу келганди-я, ҳа майли, чидаймиз. Дўстларини турғазиб машғулотга кетди.

Кўп ўтмади, болакайни ўқишга қабул қилишди. Энди бинода ўзининг ётоғи бор. Аммо, аммо яхши ўйин кўрсатай деса бутса ҳамон йўқ. 25 ноябрь, болакайнинг туғилган куни. Қишлоқдан ота-онаси келди. "Ўғлим, бу сенга", она яп-янги оёқ кийимни боласига берди. Болакайдан хурсанд инсон йўқ эди. Эҳ, кейин билса она сўнгги зебини сотиб унга бутса олиб берган экан. Ният қилди, ортга қадам йўқ, мен учун фақат оила!

Болакай сал катта бўла бошлагач тилга тушди. Аммо ақча йўқ, бирон-бир жамоада ўйнай деса пул бериш керак. "Сен бизга тўғри келмадинг", айнан шундай гапни айтади паровоз ҳайдовчиси. Ният қилади, "Эй, Оллоҳим, менга сабр бер, имкон бер, Ватанга содиқ фарзанд бўлишга ваъда бераман!". Кўп ўтмади, унга Республиканинг энг кучли жамоаси оғиз солди. Буёғи таваккал, ахир ўзи эмасми Қосимов билан ўйнайман деб уйдан чиқиб кетган? Лекин у борганида Қосимов кетиб бўлганди. Аммо болакайнинг атрофида миллий терма жамоанинг бошқа юлдузлари машғулот ўтказарди. "Ҳали ҳам ўринбосарлар сафида юрибсанми?", кулиб кетди бир кун қўшни шаҳар жамоасида дебют мавсумини ўтказаётган дўсти. Қирққа чидаган, қирқ бирига ҳам чидаш керак. Буюк клуб 50 ёшга тўлган кеча юлдузлар сафида стадионда эди. Бу ўйинда ҳамма бор эътиборни Саша акага қаратди. Гейнрих юлдуз эди. Орадан йиллар ўтди... Саша ака Сурия терма жамоасига гол урди ва тўғридан-тўғри эфирда ТВга шундай интервью берди, "Одил ака пробил, Саша ака забил"!

Ўша болакай бугун футболчилик фаолиятини якунлаётганини эълон қилди, ваъда берганидек, ота-онаси учун барча нарсани муҳайё қилди ва бугун бор эътиборини болалар футболига қаратди.


Ҳаммаси шундан бошланган эди



Одил Аҳмедовнинг профессионал фаолияти "Пахтакор" клубида бошланди. 2006 йилда россиялик мураббий Валерий Непомняшчий 19 ёшли йигитчага ишонч билдириб асосий таркибга қўша бошлаганди.

2006 йил 26 май куни Ўзбекистон кубоги доирасида "Вобкент" клубига қарши баҳсда "Пахтакор" асосий таркибида дебют қилиб пенальтидан гол урган Аҳмедов 3 кун ўтгач Ўзбекистон Олий лигаси доирасида Зарафшонда "Қизилқум" клуби билан баҳсда дебют қилди.




Одил Аҳмедовнинг Олий лигадаги илк голи ҳам 2007 йил 22 июнь куни айнан "Вобкент" клубига қарши сафардаги баҳсда қайд этилган.

2007 йил 21 март санасида қаҳрамонимиз Осиё чемпионлар лигаси доирасидаги дебютини нишонлаган. Кувайтда маҳаллий "Кувайт СК" клубига қарши баҳсни Аҳмедов асосий таркибда бошлаганди.




2008 йил 7 май куни ярим ҳимоячи Кувайтда "Ал Қодисия" дарвозасини ишғол қилиб ОЧЛдаги голлари сонини очганди.

Одил Аҳмедов миллий терма жамоадаги дебютини Рауф Инилеев қўл остида 2007 йил 13 октябрь куни Хитой Тайпеига қарши баҳсда ўтказган.

2008 йил 6 февраль куни Одил терма жамоадаги илк голини сафарда Ливан дарвозасига урган ва вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жами 108та ўйинда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасига жами 21та гол урди.




2011 йилги Осиё Кубоги очилиш учрашувидаги Қатар дарвозасига урилган гол Одил Аҳмедовни дунёга машҳур қилди десак янглишмаймиз. Унинг чамаси 35 метрлардан урган голи ўша ҳафта дунёнинг энг чиройли голларидан бири бўлганди.




Ўша йил февраль ойида Аҳмедов Россиянинг "Анжи" клубига кўчиб ўтганди. 2011 йил охирида Аҳмедов Самуэль Это'О ва Юрий Жирков каби футболчиларни ортда қолдириб клубнинг энг яхши футболчиси деб топилганди. 2013 йилда ушбу клуб сафида ҳамюртимиз Россия кубоги финалига қадар етиб борди.





"Анжи" сафида жами 86та ўйинда иштирок этиб, 5та гол урган ярим ҳимоячи 2014 йил ёзида Россиянинг бошқа бир клуби "Краснодар"га ўтди.  




Бу клуб сафида 101та ўйинда 6та гол урган Аҳмедов 2017 йил бошида Хитойнинг "Шанхай СИПГ" клубига трансфер қилинди. Эътиборлиси ҳамюртимиз 2015 йилда "Краснодар"нинг энг яхши футболчиси совринига эга чиқди.

2018 йил Одил "Шанхай СИПГ" билан бирга Хитой Суперлигаси чемпионига айланди.




2020 йил ёзида Аҳмедов Хитойнинг бошқа бир клуби "Тианжин Теда" клубига ижарага берилди ва қисқа муддат шу клуб сафида ўйнади.

2021 йил бошида ҳамюртимиз "Цанчжоу Майти Лайонс" билан шартнома тузди. Бироқ жароҳатлар туфайли бу клуб сафида майдонга тушмади.

Одил Аҳмедов 2009, 2011, 2014, 2015, 2016, 2018 йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб тан олинган. Бу борада у мутлақ рекордчи ҳисобланади.


Ютуқлари
"Пахтакор"да

Ўзбекистон чемпиони: 2006, 2007
Ўзбекистон Кубоги: 2006, 2007, 2009
МДҲ Кубоги соҳиби: 2007

"Анжи"да

Россия кубоги финалчиси: 2013

"Шанхай СИПГ"да
Хитой чемпиони: 2018

Шахсий совринлари

Ўзбекистонда йил футболчиси: 2009, 2011, 2014, 2015, 2016, 2018
"Анжи"да йил футболчиси: 2011
"Краснодар"да йил футболчиси: 2015





"Ҳамма нарсани боши ва охири бўлади. Яқинда Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятимни якунлагандим. Бугун жуда ҳам қийин қарорлардан бирини қабул қилдим. Менимча тўғри қарор қабул қилдим. Йиллар давомида футболчи бўлиб етишишимда ёрдам берган барчага ота-онамга, барча мураббийларимга, менга имконият берган клублар "Пахтакор", "Анжи", "Краснодар", "Шанхай СИПГ"га раҳмат, энг катта миннатдорчиликни Ўзбекистон миллий терма жамоасига билдираман. ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмоновга ҳам раҳмат. ЎФАни бошқараётган Абдусалом Абдумавлонович Азизовга ҳам миннатдорчилик билдираман. Спортга катта эътибор қаратаётган муҳтарам Президентимизга ҳам катта ташаккур. Сўзим охирида ёшларга бир маслаҳатим бор: Орзу қилинг, мақсад қўйинг ва биз албатта Жаҳон чемпионатига чиқамиз, - деди Одил Аҳмедов бугунги тадбирда.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг