08 мар 13:45
Янгиликлар
Байрам муборак! Ўзбек спорти маликалари меҳмонимиз
Биз ушбу сана муносабати билан ўзбек спортида ўзига хос из қолдирган бир неча спортчиларимиз билан боғландик ва уларга саволлар билан мурожаат қилдик.
1. Бугунги кунда нималар билан бандсиз?
2. Фаолиятингиз давомида қўлга киритган энг катта ютуғингиз сифатида қайси натижангизни кўрсата оласиз?
3. Келажакдаги режаларингиз қандай?
4. Байрам муносабати билан юртимиз аёлларига табригингиз.
Ирода Тўлаганова, Ўзбек тенниси тарихидаги энг машҳур аёл спортчи:
Ассалому алайкум. Эътиборингиздан жуда хурсанд бўлдим!
1. Айни пайтда теннис бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сардориман. Шунингдек, "Pro Tennis Team" теннис мактабида ёш спортчиларга теннис сир-асрорларини ўргатиб келяпман.
2. Мен учун ҳар бир ғалаба катта аҳамиятга эга. Лекин, 1999 йилда ўсмирлар ўртасида "Уимблдон" ғолибига айланганимдан сўнг Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич мени қизим деб атаганди. Бу мен учун жуда катта нарса. Шунингдек, 2000 йилда "Tashkent Open" мусобақасидаги ғолиблик фаолиятимдаги энг муҳимларидан бири бўлиб қолади. Шунингдек, бир қатор мусобақаларда ғолиб бўлганимдан сўнг WTA рейтингида дунё бўйича 16-ўрингача кўтарилиб олгандим.
3. Келажакда ўзбек теннисини юқори савияга олиб чиқишни истайман. Болаларга кучли теннисчи бўлишлари учун ёрдам бермоқчиман. Улар яхши теннисчи бўлиб, юртимиз байроғини халқаро ареналарда ҳам юқориларга кўтариб юришсин!
4. Ҳурматли, гўзал, бетакрор аёлларимиз! Сизларни халқаро хотин-қизлар куни муносбати билан табриклайман. Тинчлик, бахт ва омад доимо ҳамроҳингиз бўлсин. Ҳар доим юқорига интилинг! Сиз инсониятнинг энг доно вакиллари эканлигимизни ёддан чиқарманг! Келажакда фарзандларимизни комил инсон бўлиб етиштириш йўлида ўрганиш ва ривожланишдан тўхтаманг. Чунки улар мамлакатимизнинг эртасидир. Барчамизга байрам муборак бўлсин!
Саида Маҳмудова, Стол тенниси бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, бир неча нуфузли турнирлар ғолиби:
1. Эътибор учун раҳмат. Бугунги кунда стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Умуман олганда эса, терма жамоамиз аъзолари билан биргаликда Швецияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кетмоқда. Улар билан бирга тинимсиз машғулотларда қатнашмоқдамиз. Ундан ташқари, яқин кунлар ичида Республикамизнинг ҳар бир вилоятида семинар ва мастер-класслар ўтказишни режалаштириб қўйганмиз.
2. Фаолятим давомида 2002 йилда стол тенниси бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритганман. 2004 йил эса Қатарда клублар ўртасидаги мусобақада ҳам жаҳон чемпиони бўлганман. Шунингдек, Италия, Германия, Словакия давлатларида ўтказилган нуфузли Гран-При турнирларида ҳам ғолибликни қўлга киритганман.
3. Ўзбекистонда стол теннисини ривожлантириш учун ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ёшларга ўз билим ва малакамни ўргатиб, кучли спортчи бўлиб етишишлари учун ёрдам беришни истайман. Шунингдек, терма жамоамиз аъзолари билан биргаликда Аргентинада ўтказиладиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритмоқчимиз. Ундан ташқари шу йил Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларида яхши натижа қайд этмоқчимиз. Қолаверса, 2020 йили Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш борасида ҳам ишларни бошлаб юборганмиз. Насиб қилса, Ўзбекистон ҳам келажакда стол тенниси бўйича ўз ўрнини топади.
4. Яқинлашиб келаётган байрам билан ватанимиздаги барча хотин-қизларни табриклайман. Уларга оилавий бахт, сиҳат-саломатлик тилаб қоламан. Доимо баҳордай гуллаб-яшнаб юришсин!
Ҳулкар Тоҳиржонова, шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони:
1. Ассалому алайкум. Айни пайтда “Sky Chess” шахмат мактабида ёш шахматчиларга спортнинг ушбу туридан мураббийлик қиляпман. Бугунги кунда олдимизда жуда кўплаб лойиҳалар турибди. Яқинлашиб келаётгани хотин-қизлар кунига бағишланган "Шахмат байрами" лойиҳаси устида қаттиқ тайёргарлик кетмоқда. Бундай байрам Ўзбекистонда илк маротаба ташкил этилмоқда. Бу шахмат байрамининг алоҳида ажралиб турадиган томони шундаки, бу ерда фақат аёллар ва қизларимиз иштирок этишлари мумкин. Баҳслар ҳаваскор ва профессионал шахматчилар ўртасида ўтказилади. Улар икки гуруҳга бўлиниб баҳслашадилар. Ундан ташқари, болажонлар учун ўқув қўлланма ёзганман. Қўлланма икки тилда - рус ва ўзбек тилларида чоп этишга тайёрланмоқда. Шунингдек, Наврўз байрами ҳам яқинлашиб келмоқда. Бу байрамга атаб ҳам иккита мусобақа ўтказилади. Ушбу мусобақаларга тайёргарлик кетмоқда.
2. Спортчилик фаолиятимдаги энг катта ютуғим - аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Ўрта Осиё кубогида иккинчи ўринни қўлга киритганман. Георгий Агзамов хотирасига бағишланган турнирда, бир неча халқаро турнирларда ғолиб бўлганман.
3.Келажакда режаларим жуда кўп. Асосий режаларимдан бири бу албатта Ўзбекистонда шахматни, хусусан, аёллар шахматини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш! Насиб қилса, шахмат бўйича ҳали кўплаб ютуқларни қўлга киритамиз.
4. Авваламбор, кириб келаётган байрам билан юртимиз хотин-қизларини чин кўнгилдан табриклайман. Уларни хеч қачон нафислик, дилбарлик, латофат тарк этмасин. Уларга ҳаётдан фақат ва фақат завқланиб яшашларини тилаб қоламан! Байрам муборак бўлсин!
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз хотин-қизларини байрам билан табриклаймиз.. Уларга барча-барча яхши тилакларимизни тилаймиз. Аёл борки - олам мунаввар! Табиатни ўз зиё нурлари билан нурафшон этиб турган аёлларимизни гўзаллик, нафосат ва баҳор байрами билан қутлаймиз. Байрамингиз муборак азиз оналар, опа-сингиллар!
"СПОРТ" газетаси
Фикрлар