UZ

Сўнгги янгиликлар

20:18Расман: Лапорта Хави янги мавсумда ҳам "Барселона"да қолишини маълум қилди 0 19:57Навбатдаги бокс - ММА тўқнашуви? Райан Гарсия ва Шон О'Мэлли жанги учун музокаралар бошланди 0 19:36Кроуфорднинг мураббийи Мадримовни Головкин билан таққослади 0 19:15Махачев орзусидаги жангни айтди 0 18:54Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистонига қарши кечадиган баҳс олдидан нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани) 0 18:32Кроуфорд Мадримов ҳақида: "У оёқда жуда яхши ишлайди" 0 18:11Новак Жокович Париж Олимпиадасидаги чемпионлик ҳақида гапирди 0 17:50Ислам Махачев Арман Царукянининг "сирларини" фош қилди 0 17:28Осиё Кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши тўлиқ оқ либосда ўйнайди 0 17:07Зубайра Тухугов UFCдан ҳайдалиши сабабини айтди 0 16:46Рафаэль Надалнинг "Ролан Гаррос"да иштирок этиши сўроқ остида 0 16:25Кроуфорд нима учун Исроил Мадримовга қарши жанг қилмоқчи эканлигини айтди 0 16:04"Манчестер Юнайтед" Марсьялнинг нархини эълон қилди 0 15:43Чемпион Леон Эдвардснинг навбатдаги жанг тафсилотлари маълум 0 15:22Париж-2024 стартига 3 ойдан камроқ вақт қолди. Олимпиада Ўзбекистон ҳудудида трансляция қилинадими? 0

04 июл 22:48
Янгиликлар

Футбол

Мираброр Усмоновни ким қандай хотирлайди?

Бугун раҳматли Мираброр Зуфарович Усмоновнинг таваллуд кунлари.

Агар ҳаёт бўлганларида 73 ёшни қарши олган бўлардилар. 2006-2017-йилларда ЎФФ, 2013-2017-йилларда эса МОҚ Президенти сифатида фаолият олиб борган Мираброр Усмонов “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари, “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги” эсдалик нишони, ФИФАнинг “Хизматлари учун” махсус ордени ва Осиё Олимпия Кенгашининг “Олтин орден”и билан тақдирланган. Бу инсон бажарган ишлар, қурдирган спорт иншоотлари тўғрисида соатлаб гапириш мумкин. Ўзбек спортининг чин маънодаги “оёққа туриш”ида фидокорлик кўрсатган Мираброр Зуфарович аслида қандай шахс эди? Спортимизнинг таниқли кишилари хотирасида қандай гавдаланади? Бу ҳақда доим ҳам маълумотларга дуч келавермаймиз. Биз айнан Мираброр Усмонов кимда қандай хотира қолдиргани билан қизиқдик.

Таниқли спорт шарҳловчиси, "Спорт" ва "Ўзбекистон футболи" газетаси бош муҳаррири Мирзаҳаким Тўхтамирзаев:

"Мираброр Зуфарович Усмонов хамиша ҳар бир ишни обдон, пухта ўйлаб, режа тузиб кейин бошлаш тарафдори эди. ЎФФни қабул қилиб олганида дастлабки пайтда вазият билан танишиб чиқди. Ҳукуматдаги кўп йиллик раҳбар сифатидаги иш тажрибаси, савдони, иқтисодиётни яхши билишидан хулоса чиқарган ҳолда футбол клублари пойдеворини мустаҳкамлашдан бошлаш керак деган фикр-мулоҳазага келди. 

- Биз агар футбол клубларига зарур замонавий шарт-шароитларни яратиб бермас эканмиз, улкан ютуқлар ҳақида гапиришимиз ноўрин бўлади, - деган эди Мираброр ака. 

Ва айнан шу инсон ўзбек футболига раҳбарлик қилган даврда қатор вилоятларда замонавий футбол ареналари қад ростлади. Ана шу стадионлар билан бирга Ўзбекистон терма жамоалари: ўсмирлар, ёшлар, олимпия, миллий терма жамоаларига жуда катта эътибор қаратилди. Авваллари терма жамоамиз ҳаттоки ўзимизда ўқув-машқ йиғини ўтказишга қийналарди, маблағ тополмасди. Мираброр Усмонов даврида 16 яшар болалардан иборат терма жамоамиз кетма-кет хориж йиғинларида бўлди, кучли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувларида тобланди. Охир-оқибат айнан ўша даврда Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари уч маротаба Жаҳон чемпионатлари финал босқичларида нимчорак финал, чорак финалга чиқиш имкониятидан самарали фойдаланишди ва бу ўзига хос янги марра бўлиб қолди. 

Эсингизда бор, Мексикада ўтган жаҳон чемпионатига борган футболчиларимиз чорак финалга чиқишганди ва ушбу натижага эришган футболчилару-мураббийларга янги автомобиллар совға қилинди. Ўзбек футболида ҳали бунақаси бўлмаган эди. Ўша қарорни асослар экан Мираброр ака совға қилинаётган машиналар бу болаларнинг ўзигагина эмас, балки уларга ҳавас билан боқиб, ортидан эргашиб футбол секцияларига келадиган яна ўн минг, юз минглаб болаларга эканлигини таъкидлаб ўтган эди. 

2012 йили 16 ёшгача футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони бўлди. Дилшод Нуралиев мураббийлигидаги жамоа чемпион бўлиб қайтиб келганидан кейин катта давлат қабуллари ўтказиладиган "Наврўз" ресторанида алоҳида базм ташкил қилинди. Ўша базмни бошқариб борганман. Мираброр ака Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоиловни таклиф этиб, ўзбекнинг энг сара хонанда, созанда, раққосаларини чақириш кераклигини таъкидлаб, "Улар бирровга келиб-кетмасин, мана шу футболчилар, уларнинг ота-оналари билан бамайлихотир ўтирсин, расмга тушсин. Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ота-оналар ва болалар халқ севган, халқ таниган артистлар билан бирга бир мазза қилиб дам олсин", деб алоҳида тайинлаган эдилар.

Мираброр аканинг ажойиб фазилатларидан бири атрофига ишнинг кўзини биладиган, иш берадиган инсонларни, кадрларни йиға олишида намоён бўлган. Айтайлик, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига раҳбар сифатида сайланадиган бир пайтга келиб, нафақат ўзи раҳбар бўлиши ҳақида, балки кимлар билан бирга ишлашини ҳам ўйлаган. Айнан ўша даврда футбол ичида юриб ўзини кўрсатган, аввал "Пахтакор" клубида, кейинроқ Тошкент шаҳар футбол федерациясида ишлаган Ойбек Омилович Касимов Миллий олимпия қўмитасига бош котиб бўлди. Маданият ва спорт вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаб келган, СССР чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган собиқ боксчи, педагогика фанлари номзоди Фарҳод Турдиев МОҚ биринчи вице-президентига айланди. Спорт аҳли яхши танийдиган, муаммоларни ич-ичидан билиб улгурган ва уларни ҳал қилишга ҳисса қўшишга кўзи етадиган Рашид Маткаримов МОҚга таклиф этилди. Хуллас, Мирабор аканинг ишончи уларга қанот берди ва айнан шу жамоанинг саъй-ҳаракатлари билан биз кейинчалик Рио Олимпиадасида ажойиб натижаларга эришдик.


Мираброр Зуфарович иқтисодиётни жуда яхши биларди ва шу соҳадаги тажрибаси спортда муаффақиятларни қўлга киритишда ҳал қилувчи роль ўйнади. Тасаввур қилинг, аввал спортчилар, мураббийлар нафақат машғулотларни ўтказиш ёки ўқув-машқ йиғинларини чет элда ташкил қилишга имконият топарди, балки кундалик ташвишларини ҳал қилишга қийналарди. Мираброр Усмонов Миллий олимпия қўмитасига раҳбар бўлганидан сўнг "Олимпиячи спортчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси" тузилди. Ана шу жамғарма томонидан ўзбек спорти довруғини дунёга ёйишга ҳисса қўша оладиган спортчилар ва мураббийларга махсус стипендиялар бериб бориладиган бўлди. Ўша стипендиялар ошкоралик, шаффофлик муҳитида тарқатиб чиқилди. Шу стипендиялар туфайли спортчилар Рио Олимпиадасига яхшироқ тайёргарлик олиб боришди. Натижада биз мисли кўрилмаган муваффақиятга эришдик. 

Мираброр ака нафақат ўзимизнинг спортни яхши ўрганган, балки халқаро спорт ташкилотларини ҳам чуқур таҳлил қилиб чиққан мутахассис эди. Айтайлик, бизнинг вакилларимиз халқаро федерацияларда ишласа, бу мусобақаларда, халқаро нуфузли спорт анжуманларида биз учун фойдали бўлиши барчага тушунарли. Лекин ўшангача қитъа ва халқаро федерацияларда вакилларимиз деярли йўқ эди. Мираброр ака мана шу жиҳатга ҳам эътибор бериб, ўз мутахассисларимизни турли халқаро ташкилотларда ишлашига эришиш, уларга шароит яратиш керак деган фикрни олға сурди. Бир мисол, Халқаро оғир атлетика федерацияси вакиллари юртимизда ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилиши муносабати билан ушбу мусобақага тайёргарликни баҳолашга келишган. Ўзбекистонга ташриф буюрган комиссия вакиллари билан суҳбатда Мираброр ака ўзбекистонлик мутахассислар ҳам халқаро ареналарда, халқаро федерацияларда наф келтира олишини жуда содда ва ишончли таърифлаб бера олганлар. Оқибатда бироздан кейин Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раис ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов аввал техник қўмитага, кейин ижроия қўмитага сайланган.


Бугун бизга Мираброр акадан ёдгорлик бўлиб ҳозирги Миллий олимпия қўмитаси жойлашган бино, Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги Ўзбекистон футбол ассоциацияси) биноси, МОҚ биносида жойлашган замонавий жиҳозланган тиббиёт маркази қолди. Айнан Мираброр Усмонов спортимизга мутасаддилик қилган даврда Тошкентда "Бунёдкор" стадиони барпо этилди."


МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов:

"Мираброр Усмонов билан боғлиқ кўплаб илиқ хотираларимз бор. 

Мен Мираброр Зуфаровичнинг ходимлар билан раҳбар, аёллари билан турмуш ўртоғи, фарзандлари билан ота, набиралари билан бобо сифатидаги муносабатларини кўп кўрганман. 

Мен уларнинг, айниқса, раҳбар сифатида ҳар бир масалага чуқур, вазминлик билан ёндашадиган, “етти ўлчаб бир кесадиган” жиҳатларидан ҳамиша ўрнак олишга ҳаракат қилганман. Мираброр Зуфарович ҳар қандай масалада ҳам икки тарафни эшитиб, ўзларини шу вазиятга қўйиб туриб виждонан қарор чиқарадиган шахс эдилар. 

Улар билан дастлаб футболда – мен шаҳар футбол федерациясида эканимда 2 йил бирга ишладик.

 

Бир куни чақиртирганларида ўртамизда қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди: 

- Ойбек, Раҳбар (Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов - таҳририят) “Футболда яхши ишлар бўляпти, энди Миллий олимпия қўмитасида ҳам қиладиган ишларинг кўп”, дедилар. “Мен бир ўзим ҳеч нарса қилолмайман. Муносиб жамоам бўлиши керак”, дедим. Қўлимда сенинг ҳужжатларинг бор эди, уларга кўрсатдим. “Маъқул” дедилар. Шунинг учун энди фаолиятингни ўзгартирамиз.

- Хўп, Мираброр ака, мен ўйлаб кўрай, кейин жавобини айтаман, - дедим.

- Сен учун ҳам биз ўйлаб қўйдик. Сайлов куни Бош Ассамблея маъқулласа бўлди, бажарадиган ишларимиз кўп, тайёргарлигингни кўр, - дедилар. 

Шу тариқа катта спортда ҳам бирга фаолиятимиз бошланди. Сочи ва Рио Олимпиадаларида, Осиё ўйинларида бирга иштирок этдик. Энг эътиборлиси, ёшлари катта бўлишига қарамай ҳар бир спортчи, делегациямиз вакилига алоҳида ғамхўрлик қилиб, қўллаб-қувватлардилар. 

Қуйидаги гапларни кўп айтардилар:

- Сизлар ҳали ёшсизлар, лавозимга, мансабга ҳирс қўйманглар. Бундай одам ҳеч қачон яхши курсининг эгаси бўлмайди, мансаб курсиси омонат нарса. Мана шу омонатни чиройли қилиб, ёруғ юз билан қайтариб олгин деб Худодан сўраш керак, болам.

- Ҳамиша камтар бўлинглар. Камтар одам ҳар бир фуқаронинг дардини тинглайди. Сени олдингга нажот сўраб келган одамни ноумид қайтармагин, қўлингдан келганча ёрдам бер, зинҳор зараринг тегмасин, –деб кўп насиҳат қилардилар."


Мамлакат футбол мухлислари уюшмаси етакчиси Абдураҳмон Фозилов :

-“Аввало уларни хотирлаб мақола ёзаётганингиздан бошим осмонга етди. Устозим Мираброр Зуфарович билан кўплаб ёдда қоларли ҳодисалар содир бўлган. Шулардан бири… 2008 йил эди. “Қурувчи” футбол клуби ташкил этилганидан сўнг устозимиз Аброр ака Имомхўжаев ҳамда дўстимиз Баҳодир Мирзаев билан бирга жамоанинг фан клубини туздик ва мухлислар жамоасига мени етакчи қилиб қўйишди. 1-ўйин эди. “Қурувчи”-“Навбаҳор” учрашуви. Жамоани руҳлантириш учун фан клуб завқ-шавқ билан тайёргарлик кўрдик. Бу учрашув 2008 йил Ўзбекистон чемпионатининг очилиш ўйини эди. Мираброр Зуфарович жуда кўп ўйинларни стадиондан томоша қилиш учун келардилар. Мазкур учрашувга ҳам ўзлари ташриф буюрганлар. Кейин мени кўриб шу фан клубни ташкилотчисини чақириб беринглар деганлар. Шундан сўнг мен олдиларига бордим. Ишонасизми, ҳаяжондан қўлларим терлаб кетганди. Ўнг қўлимни кўйлагимга артиб улар билан кўришганман. Менга – “ Болам, сиз қилган ишларни кўрдим. Олдинда МТЖнинг Саудия Арабистонига қарши учрашуви бор (ЖЧга саралаш баҳслари доирасида). Шу ўйинда ўзингизни кўрсатасизми? Нима ёрдам керак бўлса берамиз. Бир мухлисларни жонлантиринг”-дедилар. Шунда мен агар имкони бўлса, мухлисларга 500 та футболка ва битта катта байроқ тиктириб берсангиз дедим. Ҳозирги трибуналардаги 25 метрлик катта байроқ ўша пайтда тикилган. Бу воқеани ҳеч қаерда ҳеч кимга айтмаганман. Шу тариқа МҲСК - ҳозирги “Бунёдкор” ўрнидаги стадионда Саудия Арабистони термасини қубул қилиб жамоамиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Стадиондан ташқарида минглаб мухлислар қолиб кетган. Ўйин жуда ажойиб бўлганди. Адашмасам Максим Шацких, Александр Гейнрих ва Тимур Кападзе голларга муаллифлик қилишган. Эртасига менга қўнғироқ қилиб Мираброр Зуфарович сизни чақиряптилар дейишган. ЎФФга борганман. Хоналарига чақиртириб “Ўтиринг болам, ўйин жуда зўр бўлди, раҳмат. Энди сизни ЎФФга ишга таклиф қилсак нима дейсиз”-деганларида жуда ғалати бўлиб кетганман. Бу кутилмаган таклиф бўлган. Негаки мен шунчаки ҳаваскорлик учун “Қурувчи” фан клубини ташкил қилгандим. Мени кўпчилик “Қурувчи”да ишлайди деб ўйларди. У ерда ҳеч қачон ишламаганман, ойлик олмаганман. Мени бошқа жойда ишим борлигини айтиб узр сўрадим. “Буёғидан хавотир олманг, раҳбарларингиз билан гаплашамиз” деганларидан кейин иккиланишларсиз хўп бўлади деганман. Шундай оддий бир йигитни топиб ЎФФга ишга олганлар, чунки ўзлари ҳам жудда оддий, самимий инсон эдилар. 2017 йилгача бирга ишлаган бўлсак, бирор марта койимаганлар, ҳамиша босиқлик билан тўғри йўлни кўрсатганлар. Оқни қорадан ажратишни ўргатганлар. Мираброр Зуфарович ҳеч қачон кимгадир жабр қилишни хоҳламасдилар. Ўзларини раҳбарлик кучларини кўрсатмасдилар. Хато қилсак ёнларига ўтқизиб, болам деб тушунтирардилар. Ишхонада ҳам, ҳаётда ҳам қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар ҳамма билан бир хил муомалада бўлганлар.

Яна бир воқеа Қатардаги Осиё чемпионатида содир бўлган. Ўша ерда бир мухлис ёнларига броган расмга тушиш мақсадида келган. Мираброр ака “Йўғ-э, мен билан расмга тушгани келибдими?” деб кийиниб-ясаниб пастга тушганлар. Мен ҳозир хоналарига чақиртирсалар керак деб ўйлагандим. Оддий бир мухлис билан суратга тушиш учун бундай тайёргарлик кўриб, расмга тушиб, ”Бўлдими болам, саломат бўлинг, раҳмат” деб тепага чиқиб кетиш учун менимча фақат Мираброр Усмонов бўлиш керак.


Яна бири Қатардаги Осиё чемпионати пайтидаги хотиралар. Иордания устидан ғалабага эришганимиздан кейин, Австралия билан ўйиндан аввал 6 нафар мухлис Қатарга визаларсиз келган, менга алоқага чиқишди. Кутиб олиш учун аэропортга бордим. Улар Қатарга киришда виза қиламиз деб ўйлашган, лекин мухлисларни мамлакатга киритишмади. Депортация хонасига қамаб қўйишган. Ҳеч иложини тополмадим, сўнгги чора Мираброр Усмонов эди. Тонг саҳар соат 4ларда бориб хоналарини тақиллатдим. Билардим йўлини топишларини, бўлган вазиятни айтдим. Улар ўша пайтдаги ОФК Президенти, Қатар подшолик оиласи вакили Муҳаммад бин Ҳаммамга алоқага чиқдилар ва менга “Бор болам, сен аэропортга боргин, Худо хоҳласа сенга ёрдам беришади” дедилар. Аэропортга етиб борсам 6 нафар йигит мени ташқарида кутиб турган экан. Мираброр Усмонов ўзга юртда ватандошларини хор қилиб қўймадилар. Ваҳолангки, “Э қандай келган бўлса шундай қайтиб кетаверсин, визасиз келиб бало борми” десалар ҳам бўларди. Терма жамоани ортидан келган ҳамюртларимиз учун подшолик оиласи вакилини эрта тонгдан безовта қилиб, муаммога ечим топганлар. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлашим зарур: Мираброр Зуфарович қаерга бормасинлар меҳмонхона ёки самолёт ҳаражатлари бўладими, ҳеч қачон федерация ёки МОҚнинг ҳисобидан пул ишлатмаган ўзлари учун. Буни ўша пайтда бирга ишлаган инсонларнинг ҳаммалари яхши билишади. Мираброр Усмонов менда шундай инсонпарвар, ватанпарвар, ҳалол, самимий, ҳисоб-китоб билан узоқни ўйлаб иш қиладиган шахс сифатида хотирамда қолган”


Таниқли спорт журналисти, ЎФА Медиа департаменти директори Даврон Файзиев

“Мираброр Усмонов билан жуда яқин таниш эдим деб айтолмайман, чунки у пайтлар федерацияда ишламаганман. Лекин доим футбол тадбирларида, матбуот анжуманларида кўришиб турадик. Журналистлар билан билан самимий муносабатда бўлардилар. Фаолиятларининг сўнгги пайтларида кўпроқ кўришишга муваффақ бўлганман. Бу инсонни яхши фазилатлари ҳақида ўша пайтда федерацияда ишлаган ва ҳозир ҳам мен билан бирга фаолият юритаётган шахслардан кўп эшитаман. Федерация ҳамда МОҚдаги барча: фаррошлар, қоровуллар ёки бошқарувчи ҳодимлар бўладими, ҳар бирининг ҳолидан доимий хабар олиб турадиган, муаммоларини (моддий бўладими ё бошқа масалаларда)қўлдан келганча ҳал қиладиган, ҳамма билан бирдек муомалада бўладиган инсон ва раҳбар эканликлари тўғрисидаги ҳикояларни энди-энди эшитяпман. Улар ҳақида энг кўп эшитадиганим ҳамма ўзларидан ёши кичкина бўлганларга “болам, болам” деб муражаат қилар эканлар. Инсонийликни доим биринчи ўринга қўйганликлари учун ҳамма ҳурмат қиларди. Нафақат Ўзбекистонда балки Осиёда ҳам мавқелари, обрўлари баланд инсон бўлганлар. Бекорга эмас - Мираброр Усмонов даврида ҳар хил ёш тоифадаги Жаҳон чемпионатларида қатнашдик, Осиёда футболчиларимиз, ҳакамларимиз, мутахассисларимиз кўплаб номинацияларда энг зўр деб топилди. Бу натижалар Мираброр аканинг фаолиятлари билан боғлиқ. Уларнинг даврида футбол бир эмас, бир неча поғона юқорига кўтарилди. Оддий федерация биносидан тортиб бутун республика бўйлаб футбол инфратузилмасигача яхшилаб кетганлар. Матбуот анжуманларида гапирсалар, шу гаплари тугаб қолмасада деб эшитиб ўтирардик. Одамларни ўзига жалб қила оладиган хусусиятлари бор эди. Афсуски, бирга ишлаш насиб этмади, лекин улар билан боғлиқ анчайин илиқ таассуротларим бор” дейди, Мираброр Усмоновни хотирлар экан.

Норбек Ниёзов. Спорт журналисти.

Ўзбекистон Футбол федерациясига президент этиб сайлангунига қадар Мираброр Усмоновнинг мамлакатда Бош вазир ўринбосари, Савдо вазири, озиқ-овқат саноатига масъул шахс сифатида эшитгандим. Яна бир эшитганим бор эдики, у одам уста ошпаз бўлган. Буларнинг барчаси, албатта, мамлакатнинг обрўли инсонларидан бири, ўз соҳасининг профессионали эканини билдиради. Лекин, тўғриси, футболга яна бир бегона одам келди, деб ўйлагандим. Чунки, футбол бу – спорт. Унинг ичидаги жараёнлардан эса озми-кўпми хабарим бор. Футбол бизда бизнес эмаски, тиккан маблағинг фойдаси билан қайтса! 

2000 йиллар аввалида Ўзбекистон футболи катта қийинчиликларни бошидан кечираётганди. Терма жамоаларимизнинг йиғин ўтказишлари учун ҳам маблағ етишмаётган, клублар эса оғир молиявий шароитда қолганди. 2006 йилдан бошлаб ЎФФ президенти ўта кучли ташкилотчи раҳбар эканини кўрсата бошлади. Федерациянинг бошқарув тизими ўзгарди, клублар ва терма жамоаларга ҳомийлар бириктириш бўйича Президент қарорлари қабул қилинди. Шундан сўнг стадионларнинг аҳволи, томошабинларга шароитлар яратиш бўйича ишлар олға силжиди. Бирин-кетин ёш тоифаларидаги терма жамоаларимиз Осиёдан ўтиб Жаҳон чемпионатида кучлилар қаторида эътироф этилди. Йирик халқаро мусобақаларга Ўзбекистон мезбонлик қила бошлади. “Бунёдкор” клуби лойиҳаси у раҳбарлик қилган йиллар амалга ошди ва дунёга шов-шув бўлди. Буларнинг барчаси Мираброр Усмоновнинг узоқни кўра билган бошқаруви самарасидир.

Ўша йиллари “Машъал” радиосида ишлардим. “Арена” радиоэшиттиришим футбол мухлисларининг юпанчи эди. Улар телефон орқали боғланиб нафақат футбол, балки, жамиятдаги бошқа ижтимоий муаммоларини ҳам радиога олиб чиқар эдилар. Шу йиллари Мираброр Зуфарович ушбу эшиттиришнинг мухлиси эканини айтиб қолди.

ЎФФ ҳисобот-сайлов конференцияси. М.Усмонов иккинчи муддатга сайланиши керак. Ҳукумат вакиллари, футбол жамоатчилиги иштирокидаги нутқи давомида ЎФФ президенти кутилмаганда менинг эшиттиришимни эътироф этди.

 “Мен бу “Арена” эшиттириши орқали футболимиздаги ички муаммоларни билиб оляпман. Мусулмончиликда намоз қанчалик аҳамиятли бўлса, сизларга (мураббийларга қарата)  бу эшиттиришни эшитиш шунчалик муҳим. Бу сизларнинг ишингизга халқнинг баҳоси”.  


Мираброр Усмоновнинг бу сўзлари менинг ҳам меҳнатимга берилган баҳо эди.

Мираброр Усмонов мард одам эди. Унинг атрофида ҳар хил тоифалар йиғилган, турли фикрларни ўтказишга уринишарди. Матбуот, журналистлар эса аёвсиз танқид қилишарди. Баъзан, улардан хафа бўлганини ҳам очиқ баён қилган. Кейин эса, журналистлар билан учрашиб, хато қилган жойларида узр ҳам сўраган. Бу ҳақиқий инсонийлик намунаси эди! 

2017 йил, сентябрь. ЎФФ ҳисобот-сайлов йиғилиши Мираброр ака бир армон билан кетаётганини, у ҳам бўлса, миллий жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқа олмаганини айтганди. Ўзидан кейин келадиган раҳбарга у журналистлар билан очиқ бўлишни, танқидни тўғри қабул қилишни, футболга жонини берган кадрларни қадрлашни ҳам тайинлади...

Ўша залдан чиқиб кетар экан, четроқда турган мени кўриб ёнига чақирди. Қилган ишларим учун раҳмат айтди. 

Тан олиш керак, Мираброр Усмонов бошқарган пайтда Ўзбекистон футболида улкан ишлар бўлди, ўнлаб стадионлар қурилди, академиялар фаолияти йўлга қўйилди.

 Хуллас, иш ҳам бўлди, танқидлар ҳам тўхтамади. Аслида, ҳеч нарса бўлмаса танқид ҳам қилмас эканмиз биз журналистлар.

 Энди у дамларни ширин хотира билан эслаймиз. Ҳар эслаганда Мираброр ҳожи отанинг ҳақига дуо қиламиз"


Юқорида Мираброр Усмонов ҳақидаги хотиралари, таассуротлари билан ўртоқлашган барча устозларимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Сарвиноз Рахмонқулова, Хуршида Абдикулова. Ўз ЖОКУ талабалари.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг