12 янв 13:01
Янгиликлар
Шахмат можароси. Аслида нима бўлганди? Шахматчи қизларимиз билан ИНТЕРВЬЮ
Ушбу воқелик ижтимоий тармоқларда катта шов-шувни келтириб чиқарди.
Olamsport.com сайти ушбу масала юзасидан шахматчимизнинг опалари - Нафиса Мўминова ва Ҳулкар Тоҳиржонова билан интервью ташкил этди.
Аввалроқ ушбу интервью видеокўринишда тақдим этилганди. Эндиликда интервьюни матнли кўринишда ўқишингиз мумкин.
- Авваламбор olamsport.com сайти офисига хуш келибсиз. Сизларни интервьюга таклиф қилишимиздан асосий сабабларидан бири - Ўзбекистон шахмат федерацияси ва Мўминовлар оиласи билан юзага келган муаммоли ҳолатга аниқлик киритишдир. Яъни Гулруҳбегимнинг АҚШ шахмат федерацияси билан шартнома имзолаганлигига Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди. Суҳбатимиз жараёнида шу нарсага ойдинлик киритиб олсак. Аслида нима бўлган эди?
Нафиса Мўминова: Таклиф учун раҳмат. Ушбу ҳолат бу қадар муаммоли тарзда ёйилиб кетишини кутмагандим. Гулруҳбегимни АҚШ шахмат федерациясига ўтиши ноябрь ойида юз берган. Буни федерациядагиларни ўзи ҳам биларди. Биласиз, бу жараён осонликча амалга ошмайди. FIDE томонидан ҳам Гулруҳбегимнинг АҚШ шахмат федерациясига ўтаётгани ҳақида хат келган. Мазкур жараён қандай қилиб тезда оммага тарқалиб кетганини тушунтириб ўтсам. Биз Франциянинг "Трембле" шахмат клубида ўйнаймиз ва клублар ўртасидаги Европа чемпионатида онлайн тарзда иштирок этдик. Бу Гулруҳбегимнинг АҚШга ўтганидан кейинги илк мусобақаси эди, турнирда у Америка байроғи остида иштирок этди. Шундан сўнг шахмат ишқибозлари, турли сайтлар бу ҳақида ёзди. Билмадим, балки одамлар нотўғри қабул қилдими. Биз федерация ҳақида умуман ёмон фикр билдирмаганмиз.
Лекин уларнинг муносабати ва ёзган мақоласи бироз ранжитди. 2014 йилни ёдга оладиган бўлсак, ўшанда Олимпиадага мени саралашсиз биринчи рақам сифатида олишган. Иккинчи рақам остида эса 2014 йилги Ўзбекистон чемпиони Сарвиноз Қурбонбоева иштирок этиши кўзда тутилганди. Учинчи бўлиб эса синглим Ҳулкар қатнашиши керак эди. Терма жамоамиз бош мураббийи Владимир Николаевич Елгин ҳам буни биларди. У номзод сифатида, ҳам рейтинг сифатида тўғри келарди. Қолган икки ўрин учун саралаш турнири ўтказилган. Ҳулкар ўша вақт БААда Осиё чемпионатида иштирок этаётганди. Саралашда Гулруҳбегим билан Севара Боймурадова тўқнаш келган. Учинчи бўлиб эса Мохинур Қаҳрамонова исмли қиз чиққан. Федерацияда эса тушунарсиз ишлар бўлган. Уларнинг режаси бўйича саралашда учинчи ўринни олган шахматчи Олимпиадага бориши, Ҳулкар эса бормаслиги керак эди. Бир оиладан учта шахматчи мумкин эмас деган гаплар бўлган.
- Демак, бундай гапларнинг юзага келишини сабаби бир оиладан бўлганингизми?
- Ҳа, шу даражага бориб етдики, бу борада ўша вақтдаги спорт вазири Мурод Алиев билан ҳам гаплашганман. Ректоримиз Шоакрам ака эдилар. Ўртада музокаралар ҳам бўлиб ўтган. Агар шундай бўлса, битта партия ўйнашсин дедим. Агар синглим 10 партиядан биттасида ютқазса бормаслигини, бу жамоада ўйнамаслигимизни таъкидладим. Мен Ўзбекистонни яхши кўраман, юртим учун ўйнагим келади. Лекин бундай тартибда тузилган жамоада ўйнамаслигимни айтдим. Агар таркибни бош мураббий ҳал қила олмайдиган бўлса, федерация аниқлайдиган тақдирда у жамоадан яхши натижа кутамизми?
- Ўша вақтда федерацияда шахматни тушунадиган, айнан шу спорт турига алоқадор инсонлар бор эдими?
Ҳулкар Тоҳирожонова: Шахматни проффессионал даражада тушунадиган инсон, бу - бош мураббий. Қолганлар шахматни тушунса ҳам, уларнинг айтганидан четга чиқа олмайди. Ўша воқеадан сўнг умуман шахмат ўйнаганим йўқ. Фақат бир маротаба АҚШда "Thanx giving" турнирида иштирок этдим. Сўнгги турнирим ўша эди. Сўнгги рейтингим ушбу турнирда қолди.
- Ижроиқўм йиғилишида бош мураббий ҳам бўлганлиги тўғрими? Баённомага бош мураббийнинг фикрлари киритилмаган...
- Федерациянинг баённомасида нима учундир шуни кўрмадим. Озгина шубҳага ҳам бордим. Бош мураббий ўша вақт фикрини билдирган.
- Нафиса, ҳозирда шахмат ўйнаяпсизми?
- Ҳозирда фақат Франция клубида илтимос қилишгани учун ўйнаб бермоқдаман. 2019 йилнинг қиш ойида улар билан келишувга эришдик. Ўтган йили май ойида турнирда иштирок этишим керак эди, лекин пандемия сабаб қатнаша олмадим.
- "Sky Chess"даги фаолиятингиз давом этяптими?
- Албатта, иқтидорли болалар чиқмоқда. Яқинда Муҳаммадзоҳид "Эркин Воҳидов" турнирида иштирок этди. Проффессионаллар ичида совриндорлар қаторидан жой олди.
- Ўзбекистон шахмат федерациясининг чиқарган мақоласида кечирим сўралгани борасида ҳам фикрлар келтирилган...
Ҳулкар Тоҳиржонова: Биз ҳеч қачон кечирим сўраб уларни олдига бормаганмиз ва бормаймиз ҳам. Агарда хато биздан ўтганида бошқа гап эди. Проффессионал инсон бир шахматчининг тақдирини ҳал қила олмаяпти. Владимир Николаевич Елгин тажрибали мураббий ҳисобланади. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Нима учун у инсоннинг гапи ўтмайдида, бошқалар бизнинг тақдиримизни ҳал қилишади? Саралаш турнирига келганда ўйнашинг керак эмас дейишган. У вақтда Ўзбекистонда бўлмаганман. Хатда рад этди деб ёзишган. Мен қандай қилиб рад қилишим мумкин? Саралашда ўйнатишса йўқ демасдим. Иккинчидан хатда кечирим сўраб келди дейилгани ҳам хато ҳисобланади. Азиза Умарова ёзган барча маълумотлар тўғри. Унинг гапларини ҳам асоссиз деб топишган. Тахмина Турдалиева билан 2000 йилдан бери битта ёш тоифасида ўйнаганмиз. Бу муаммолар 2000 йилда Осиё чемпионатига боришим керак бўлган пайтда бошланган. Тахминани юборамиз дейишганда дадам "ўзаро ўйин ўйнаб кўришсин" деганлар. 2002 йил Фарғонада Осиё чемпионати ўтказилган. У ерда ҳеч қандай разрядга эга бўлмаган шахматчилар ҳам ўйнаган. Лекин Нафиса Мўминовани қўйишмаган, турнирнинг бадал пули бор дейишган. Дадам 100 доллар тўлаганлар, кейинчалик 300 доллар дейишган. Кейин эса қўя олмаймиз дейишган. Ҳамманинг олдида опамни иқтидорсиз шахматчи, шунинг учун қўймаймиз деб айтишганди. Ёш болага ҳаммани орасида қандай қилиб бу гапларни айтиш мумкин? Биринчидан, бу тарбиясизликнинг бир кўриниши, иккинчидан эса руҳий босим. Шу пайтгача ҳеч қаерда гапирмадик. Федерация шундай кетяптими, биз ҳам шундай кетамиз.
- Ҳозирда муҳит қандай?
- Бизни йўқотадиган нарсамиз йўқ. Синглим АҚШ шахмат федерациясига ўтиб кетди, федерация асоссиз уни терма жамоадан четга чиқариб ташлади. Ўқишга кирган бўлса уни Ўзбекистон терма жамоасидан чиқариб ташлашга нима ҳаққи бор эди? Онлайн Олимпиада бўлиб ўтди, ҳеч қандай таклиф бўлмади. Терма жамоага ҳам таклиф қилмайдиган бўлса, бундай федерацияда нима қиламан деди.
- Балки жаҳл устида чиқарилган қарордир?
Нафиса Мўминова: Унинг ўзи қарорни қабул қилди. Ўсишим учун керак деди, дадам бизни шундай тарбиялаганлар: ҳамма ўзи учун ўзи қарор қабул қилади. Биз фақат қарорини ҳурмат қилдик. 2014 йил ўша воқеалардан кейин иккита Гран-при мусобақаси қолганди. Ўшандан сўнг шахматдаги фаолиятимни тугатдим. Ўзбекистон терма жамоасида 2016 йилги Осиё кубогида ўйнадим. Владимир Николаевичнинг ҳурмати учун ўйнадик. Ўйнаш ниятим бор эди, кейин фақат Олий лигада ўйнасамгина қайтишим мумкинлигини таъкидлашди. Захира кўп бўлса, рақобат кучли бўлса ўйнаб ўзингизни кўрсатишингиз мумкин. Лекин бизда қизлар орасида захира умуман йўқ. Кимни айта оламиз? 4-5 йил олдин ўйнаган таркиб яна ўйнамоқда. Мен кимга нимани исботлайман?
- Қизларимиз орасида Баҳора Абдусатторовани айтишимиз мумкин, улар ўсишдан тўхтаб қолдими?
- Уларнинг натижалари ҳақида янгилик эшитмадим. Шунингдек, хатда Нафисанинг халқаро унвонлар олиши учун Гран-При ташкил қилиб бердик, 300 минг доллар сарфладик дея келтирилган. Худдики, мен учун сарфлашгандек. Федерациядагилар мусобақани ўтказиш учун олишгандир. Улар айнан мен учун ташкил қилишганига ишонмайман. Бу пайт мен халқаро гроссмейстер унвонини олиб бўлгандим, мен учун ташкил қилишни кераги йўқ эди. Ўзбекистонда рейтинг бўйича фақат мен ўйнашим мумкин эди, холос. Бир неча минг долларларлаб пул олди дейишган, тўртта босқичда иштирок этган бўлсам 8 ёки 9 минг доллар олган бўлишим мумкин. Очиқ айтишим керак, проффессионал мураббийнинг бир соати 100 доллар туради. Проффессионал шахматчи ҳафтада 6 соатдан 7 соатгача профессионал мураббий билан ишлаши керак. Қанча ҳаражат келишини ҳисоблаб чиқингчи? Бир маротаба менда шундай имконият бўлган. Гулруҳбегим ҳам ўсмирлар ўртасидаги расмий турнирда совриндор бўлган, лекин пул тўланмаган. Барча турнирларга дадам олиб юради. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётгандан кейин озгина қўллаб қувватлаш керак деб ўйлайман. Агар дадам ҳомийлик қилмаганларида биз шу даражага чиқмаган бўлар эдик. Федерация хатда дадаси, оила аъзоси аралашишга ҳаққи йўқ деб ёзган. Лекин дадам бизнинг расмий мураббийимиз бўлади. Ҳам бир нечта функцияларни бажарганлар. Шу боис бизнинг номимиздан тўлақонли гапиришга ҳаққилари бор деб ўйлайман. Бироқ дадам Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашимизга қарши бўлмаганлар, қарорни ўзимиз чиқаришимизни айтганлар. Ижтимоий тармоқларда тўполон кўтариш ниятимиз йўқ эди. Аммо федерациянинг ёзган хатига жавоб бермасак бўлмасди. Улар устимиздан мағзава ағдаришди десак ҳам бўлади. Мен Ўзбекистондан чиқиб бошқа федерация билан шартнома имзлашим ёки шу ерда қолиб бошқа иш билан шуғулланишим керак эди. Иккинчи йўлни танладим, мактабимни очдим. Осиё чемпионати, Жаҳон чемпионатларида натижа кўрсата оладиган болаларимиз бор. Гулруҳбегимда ҳам шундай ҳолат бўлишини истамадик.
Камолиддин Алимов ва Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Фикрлар