UZ

Сўнгги янгиликлар

19:51Жошуа Ван - Александр Пантожа реванш жанги ўтказилади 0 19:06Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев бош оғир атлетикачиларимиз Туркияга жўнаб кетди 0 18:38ATP рейтинги. Султонов 107, яна бир теннисчимиз 57 поғонага юқорилади 0 18:15"Навбаҳор" Ўзбекистон МТЖ аъзоси билан шартнома имзолади 0 17:42Том Аспиналл навбатдаги жангини ўтказишга тайёрлигини билдирди 0 17:07Крикетчиларимиз Қобулда Афғонистон билан ўртоқлик ўйини ўтказишди 0 16:39Конор Макгрегор: "Шайтон юзимга тик қараб тургандай" 0 16:13Муҳаммад Салоҳнинг эҳтимолий янги клуби маълум бўлди 0 15:44Умар Кремлёв: "Биволга трилогия учун икки баробар кўп пул таклиф қилдик, лекин..." 0 15:18Кудерметова ва Тимофеева Афинадаги WTA 250 турнирида иштирок этади 0 14:53Ўзбекистонлик пойгачи Италиядаги мусобақада муваффақият қозонди 0 14:26Чемпионликни кўзлаган “Пахтакор” май ойидан бери маошсиз 0 13:54Макс Холлоуэй Конор Макгрегорга мурожаат қилди 0 13:30Тахмина Икромова Жаҳон кубогида иккита медаль қўлга киритди 0 12:59Илк марта уйғур спортчиси UFC билан шартнома имзолади + ФОТО 0

19 май 08:03
Янгиликлар

Кураш

Шиддатли ва шижоатли, шаҳдам одимлар

Теглар :  КурашНавоий
Қаердаки, чемпионлик эстафетаси авлодлардан авлодларга, устозлардан шогирдларга еткзилар экан, ўша жойда спорт чин маънода тараққий этади.

Шаклланган, пойдевори мустаҳкам мактабга асос солинади. Навоий вилоят Кураш федерацияси 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, федерация ижрочи директорлари ҳар йили бир марта янгиланиб турар, бу эса турган гапки, вазифанинг машаққати ва юқори масъулияти билан боғлиқ эди.

2009 йилда ўша пайтдаги вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Ибодулло Раҳмонов спорт федерацияси ишини янада жонлантириш учун йиғилиш чақирди. Фахрий полвонлардан, спорт тури ривожига жони ачийдиган кайвонилардан фикру-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини сўради. Нима қилинса, вилоят кураши кўтарилади? Қандай қилиб, вилоят шаънини муносиб елкалайдиган баҳодирлар тарбиялаш мумкин? Шу ва шу каби саволлар атрофида қизғин баҳс-мунозаралар борди. Якунда кураш федерациясига муносиб, ишни ҳалоллик ва холислик билан юритадиган янги раҳбар кадр кераклиги, соҳа ишини бутунлай янгича тартибда йўлга қўйиш зарурлиги ҳақидаги тўхтамга келинди. Ёшлигидан то ҳозиргача Навоий вилояти шаъни, шавкати, элнинг ори ва обрўси учун гиламга чиқиб келаётган фахрий полвон Мамадали Норов номзодига ишонч билдирилди. У бир овоздан Навоий вилоят кураш федерацияси ижрочи директори лавозимига тайинланди.

Шу йилнинг ўзида Норовнинг тавсиясига кўра, Навоий шаҳар прокурори Самижон Омонниёзов вилоят Кураш федерацияси раиси лавозимига сайланди. Омонниёзовнинг курашга муҳаббати, ёшлигида номдор полвон бўлгани эътироф этилди. 

Шундай қилиб, вилоят федерациясида соҳа ривожини чин дилдан истайдиган ҳақиқий курашсеварлар иш бошлади. Натижалар эса узоқ куттирмади. Хусусан, 2012 йил Навоий шаҳрида “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг финал босқичи ўтказилди ва унда кураш бўйича мезбонлар терма жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади.

Норовнинг талаб ва ташаббуси остида маҳаллий федерация мураббийлари чекка-чекка қишлоқларда ўтадиган тўй курашлар, Наврўз сайиллари, туманларда бўладиган катта-кичик мусобақаларни диққат билан кузатадиган, у ерларда ўзини кўрсатган ёш полвонларни профессионал спорт олами сари бошлайдиган синчков мутахассисларга айланишди.   

Вилоят кураш федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Фарҳод Тўраев, бош котиб Шавкат Тошев, бош мураббий Ойбек Жуманазаров, ёрдамчи мураббийлар Одил Отамуродов ва Қаҳрамон Гаппаров, республика тоифасидаги ҳакамлар - Бекзод Ярматов, Шаҳзод Темиров, Акром Назаров, Дадашер Эргашев, Фаррух Шомуродов, Гуллола Норқуловалардан иборат ишчан ва аҳил жамоа бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишаётир.

Вилоятда ҳозирги кунда 60 нафардан зиёд мураббий кураш спорт тури бўйича ёшларни ўз ортидан эргаштирмоқда.Бунинг самараси ўлароқ, навоийлик полвонлар жамоаси сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон Кубоги мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда. Устоз Мамадали Норов ёшларга намуна кўрсатиб, фахрийлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида бир неча бортенгсиз топилди.

Норов 2010 йил Англия давлатида кураш бўйича ўтказилган саккизинчи халқаро турнирга икки нафар ёш шогирди билан иштирок этиб, барча барчага ўзбек полвонлари маҳоратини кўз-кўз қилишди. Мамадали полвоннинг ўғли Муҳаммадали Норов 30 кг вазнда, шогирди Суннатилло Шарипов 44 кг вазн тоифасида, фахрийнинг ўзи эса 80 кг вазнда курашиб, барча баҳсларни ғалаба билан якунлашди. Ўзбек ва жаҳон матбуотида ота-ўғил чемпионлар ҳақида, уларнинг шиддати-ю шижоати тўғрисида ўқишли-ўқишли мақолалар чоп этилди. 

Эътиборлиси, Норовлар оиласида кураш уларнинг қон-қонига сингиб кетгандек гўё. Укаси Эркин Норов мураббий, икки ўғли ҳамда бир қизи Ўзбекистон чемпионлари саналишади. Навоийдан шунингдек, кўпгина Барчиной ва Тўмарис авлодлари етишиб чиқаётир. Дилноза Камолова, Мафтуна Эсонова, Малоҳат Рўзиева, Маржона Бобокандова ва бошқалар шулар жумласидандир.

Яна бир истеъдодли спортчи борки, унинг ютуқ ва ғалабалари гўё бир китоб бўлгулик. Гап кураш бўйича жаҳон чемпиони Умид Эсонов ҳақида кетмоқда. Енгилмас баҳодир бугунги кунда нафақат навоийликлар, балки ўзбек спорт ихлосмандларининг фахрига, ифтихорига айланиб улгурган. 

Мана, қаранг. У дастлаб 1993-1994 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлди. Хусусан, 2012 йилда Буюк Британиянинг Борнмут шаҳрида ёшлар ва кадетлар ўртасида ўтказилган кураш бўйича VII жаҳон чемпионатида 66 кг вазнда жаҳон чемпионлигига эришди.

2013 йилда Ўзбекистон Кубоги мусобақасида 66 кг вазн тоифасида биринчи ўрин соҳиби бўлди. 2016 йилдан эса Эсонов катталар ўртасидаги баҳсларга қўшилиб, Ўзбекистон чемпионатида 73 кг вазда навбатдаги олтин медалга эришди.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Амир Темур хотирасига бағишланган халқаро турнирида 73 кг вазнда 3-ўрин соҳибига айланди. Худди шу йили у Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида Соҳил кураши бўйича мамлакат чемпионатида ғолибликка эришди. Кореянинг Пусан шаҳрида соҳил кураши бўйича ўтказилган халқаро турнирда, Россия Федерaциясида ўтган нуфузли мусобақада бош мукофот соҳиби бўлди.

Бу ғалабали одимлар бардавом бўлаётгани қувонарли. Умид Эсонов кураш бўйича катталар ўртасида Кореянинг Чунжу шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам 73 кг вазн тоифасида тенгсиз эканини исботлади.

2022 йилги мамлакат чемпионатида Умид Эсонов ҳамда Шаҳноза Бозорова олтин медалга эришишди. Шунингдек, улар Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати мусобақасида зафар қучишди.

Чемпионларнинг фидоий устози Мамадали Норов 2012 йил “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, 2020 йилда “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони ҳамда 2021 йилда “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

“Оққан дарё оқаверади” дейишади. Навоий вилоятида курашга берилаётган эътибор сабаб бу заминдан елкаси ер кўрмаган чемпионлар, эл орини, Ватан шаънини ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаган шиддатли паҳлавонлар етишиб чиқаверади. Бунга ишончимиз комил!

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг