30 июл 16:13
Янгиликлар
Токио-2020. Дзюдочимиз 7-ўрин, Райҳона чорак финалга чиқди ва бошқа натижалар
Кун давомида Олимпиадада иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокларига оид маълумотларни ушбу саҳифада онлайн равишда кузатиб бориш мумкин бўлди.
Дзюдо: Бекмурод Олтибоев (7-ўрин)
Бокс: Бобоусмон Батуров (чорак финалда мағлуб бўлди)
Бокс: Райҳона Қодирова (1/8 финалда ғалаба қозонди)
Енгил атлетика: Роксана Худоярова (уч хатлаб сакраш) (ўз гуруҳида 16 спортчи ичида 14-ўрин)
Сузиш: Наталья Критинина (ўз гуруҳида 8 спортчи ичида 8-ўрин)
Шу тариқа ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокига оид матнли трансляция якунига етди.
16:08. Роксана Худоярова уч хатлаб сакраш баҳсларида 13,02 метр натижа кўрсатди ва 14-ўринни эгаллади. Демак, у икки гуруҳ баҳсларига кўра кучли 12 нафар спортчи ичига кира олмади.
15:33. Сузувчимиз Наталья Критинина 50 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида ўз гуруҳида охирги ўринни эгаллади. У 26.93 натижа кўрсатди.
15:04. Енгил атлетикачимиз Роксана Худоярова уч хатлаб сакраш баҳсларини бошлади. У 17 нафар иштирокчи бор ичида А гуруҳида баҳсларга киришган. Б гуруҳида ҳам 17 нафар спортчи иштирок этмоқда. Учта уриниш якунига кўра, 34 нафар спортчидан энг яхши натижани кўрсатган 12 нафари финалга йўл олади.
13:37. Кунни медалсиз якунлашимиз аниқ бўлиб улгурди. Сабаби, бугун фақатгина енгил атлетика ва сузиш йўналишида вакилларимиз қолди. Улар саралаш босқичида қатнашишади.
13:32. Дзюдочимиз Бекмурод Олтибоев украиналик рақибга ютқазди ва бронза медалини олиш имкониятидан маҳрум бўлди.
13:30. Райҳона Қодирова конголик рақибасини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва чорак финалга йўл олди. Энди у кейинги жангини бразилиялик Беатрис Феррейрага қарши ўтказади.
13:14. Райҳона Қодированинг конголик Наоми Юмбага қарши жанги бошланмоқда.
12:42. Кун давомида яна тўрт нафар ҳамюртимизнинг иштирокини кузатишимиз мумкин:
13:15 - Бокс: Райҳона Қодирова
13:25 - Дзюдо: Бекмурод Олтибоев
15:05 - Енгил атлетика: Роксана Худоярова (уч хатлаб сакраш)
15:35 - Сузиш: Наталья Критинина
12:31. Теннис баҳсларида Карен Хачанов испаниялик Бустани 6:3, 6:3 ҳисобларида мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди. Энди у ғолиблик учун Жокович - Зверев ўйини ғолибига қарши баҳс юритади.
10:10. Яна қайси йўналишларда медаль учун имкониятимиз бор? Танишинг: Токио-2020. Қайси спорт турларида курашни давом эттирамиз?
9:26. Олтибоев энди ўтиш жангида украиналик Якив Хаммога қарши курашади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 13:30дан сўнг бошланади.
9:24. Бекмурод Олтибоев Олимпия ўйинлари чемпионига ютқазди. Энди у бронза учун курашади
9:08. Бекмурод Олтибоевнинг чорак финал баҳсига оз қолди. Рақиб - Олимпиада чемпиони, чехиялик Лукаш Крпалек.
8:54. Афсуски, Бобоусмон Батуров британиялик Пет Маккормакка 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва ўз юришини чорак финалда якунлади.
8:35. Бир неча дақиқадан сўнг Бобоусмон Батуров чорак финал доирасида британиялик Пет Маккормакка қарши баҳс юритади. "Оилавий" телеканали бокс жангларини намойиш этмоқда.
8:31. ҒАЛАБА! Олтибоев 25 сония ичида рақибини ИППОН эвазига мағлуб этди. Ажойиб. Бизда чорак финал!
8:28. Бекмурод Олтибоевнинг жанги бошланмоқда. Рақиб икки карра Олимпия ўйинлари совриндори, нидерландиялик Хенк Грол.
8:01. Олтибоевнинг жанги кутилганидан бироз кечикмоқда. Баҳс тахминан 8:20 дан сўнг бошланади.
7:48. Бу орада дзюдо афсоналаридан бири Тедди Ринер исроиллик рақибини қийинчилик билан мағлубиятга учратди.
7:37. Олтибоевнинг кейинги рақиби нидерландиялик Хенк Грол. Учинчи рақам остида сараланган дзюдочи. Жанг тахминан соат 8:05 дан сўнг бошланади.
7:34. Олтибоевда ғалаба! У бир неча сониялар ичида мўғулистонлик рақибини иппон эвазига мағлубиятга учратди ва иккинчи босқичга йўл олди.
7:22. Бироздан сўнг Бекмурод Олтибоевнинг баҳси бошланади. Ундан олдинги беллашувларнинг аксарияти муддатидан олдин якунланди ва шу сабабли баҳс кутилганидан олдинроқ бошланмоқда.
6:50. Ассалому алайкум ҳурматли спорт ишқибозлари. Ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокига оид онлайн матнли трансляциямизни бошлаймиз.
30 июль куни Олимпиадада қатнашадиган ўзбекистонлик спортчилар:
7:45 - Дзюдо: Бекмурод Олтибоев
8:35 - Бокс: Бобоусмон Батуров
13:15 - Бокс: Райҳона Қодирова
15:05 - Енгил атлетика: Роксана Худоярова (уч хатлаб сакраш)
15:35 - Сузиш: Наталья Критинина
Соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган
Постер муаллифи: Мухтасар Умарова
Фикрлар