02 окт 10:50
Янгиликлар
Триатлон. Ўзбекистонда биринчи халқаро хайрия пойгаси дастури эълон қилинди!
Лойиҳанинг асосий мақсади – маданият ва санъат обйектларининг етарли даражада очиқлиги ва инклюзивлиги муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳамда Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантиришдан иборат. Ярим марафонда тажрибали югирувчилар ҳам, югуришни эндигина бошлаганлар ҳам иштирок этишлари мумкин – 21, 10 ва 2 км масофаларга югуриш режага киритилган.
Ярим марафондан тушган маблағ Тошкентдаги театрлардан бирида тажрибавий лойиҳа амалга оширишлиши учун сарфланади. Ушбу дастур тифлошарҳлаш ёрдамида театр саҳнасида спектакл тайёрлашни ўз ичига олади. Бунинг учун зарур жиҳозлар сотиб олинади, шунингдек, мутахассисларни ўқитиш ташкил этилади.
Ярим марафонга тайёргарлик жараёнида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси инклюзивлик муаммосига бағишланган тадқиқот ўтказади – Тошкентнинг театрлари, музейлари, боғлари, шунингдек, бошқа маданият муассасаларида ногиронлиги ва камҳаракатлик мавжуд бўлган шахслар ва аҳоли учун дастлабки мониторинг ишлари ўтказилади. Бундан ташқари, мазкур муассасалар ходимлари учун инклюзивлик ва етарли даражадаги очиқлик бўйича тренинглар ташкил этилади. Тадқиқот натижалари ярим марафоннинг таълим дастури доирасида ҳисобот шаклида тақдим этилади.
МИРХАН САГИТОВ
Samarkand Half Marathon лойиҳасининг куратори
"Мен чет элда ўтказилган марафон ва ярим марафонларнинг иштирокчиси сифатида ишонч билан шуни айтишим мумкинки, Самарқанддаги ярим марафон йўналиши спорт нуқтаи назаридан энг чиройли ва қизиқарлилардан бири бўлади. Марафон давомида пойга иштирокчилари шаҳарнинг барча асосий диққатга сазовор жойларини кўришади, ярим марафоннинг ўзи машҳур "Регистон" ансамбли ёнидан бошланади. Ярим марафон йўналиши IAAF Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси ва AIMC Халқаро марафон ва масофали пойгалар уюшмаси томонидан тасдиқланиб, сертификатланади.
Ҳар бир масофа учун белгиланган вақт ичида етиб келган барча иштирокчилар маррада финалчилар учун эсдалик медалларини қўлга киритадилар. Ундан ташқари, ҳар бир рўйхатдан ўтган иштирокчи марофон футболкаси ва маркали сумкани қўлга киритади, шунингдек чипли рақам орқали аниқ тугатиш вақтини белгилашга имкон беради. Ғолиблар учун соврин жамғармаси таъсис этилди, мутлақ ҳисобда 1-ўриндан 3-ўрингача бўлган эркаклар ва аёллар пул мукофотлари билан тақдирланадилар. Совринлар ва марафон қоидалари ҳақида батафсил ма'лумотни бизнинг сайтимизда топишингиз мумкин.
Тадбир бўйича консултациялар "Russia Running" Халқаро компанияси томонидан амалга оширилади, мазкур компания, ўз навбатида, замонавий тадбирларни ташкил этишда катта тажрибага эга бўлган мутахассисларни ўз ичига олади. Ярим марафон ташкилотчиларининг бутун жамоаси марафон иштирокчилари учун максимал хизмат ва қулай шароитларни таъминлаш учун иш олиб бормоқда. Биз ҳар бир иштирокчининг Самарканд ярим марафонидан максимал ижобий таассуротларга эга бўлишини истаймиз.
Тошкентда яшовчи ва марафонга учун тайёргарлик кўрмоқчи бўлганлар учун чоршанба ва шанба кунлари бепул тренинглар ўтказилмоқда. Уларда иштирок этишга таклиф қиламиз. Барча маълумотлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда".
МАДИНА БАДАЛОВА
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи
"Бу мамлакатимиздаги илк бора содир бўлаётган кенг кўламли хайрия тадбиридир. Марафондан ташқари Самарқандда бир қатор маданий тадбирларни ўтказишни режалаштирмоқдамиз, энг муҳими, бизда катта мақсад бор. Бу маданият обйектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ҳақидадир. Жамғармамиз Ўзбекистондаги маданият обйектларини модернизация қилишга қаратилган узоқ муддатли дастур ташаббуси билан чиқди. Бошланишига биз Тошкент шаҳридаги муассасаларда мониторинг ва тренинглар ўтказамиз. Тадқиқот натижалари ярим марафоннинг таълим дастури доирасида ҳисобот шаклида ва интернет орқали тақдим этилади.
Жамғарма "Гараж" замонавий санъат музейи билан ҳамкорликни давом эттирмоқда, бизнинг россиялик ҳамкасбларимиз маданият обйектларида инклюзив муҳитни яратишнинг халқаро тажрибаси ҳақида семинарлар ва маърузалар ўтказадилар. Бундан ташқари, ярим марафон доирасида биз учун яна бир муҳим ташкилот – "Beat Film" кинофестивали билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Фестивал мураббийлари Самарқандда мустақил халқаро даражадаги маданият муассасасини қандай ташкил этгани ҳақида маърузани ўқиб, иккита ҳужжатли филм намойиш этадилар. Ушбу филмлардан бири – “Free solo” деб номланган бўлиб, бу йил "Оскар" мукофотига сазовор бўлди".
ДИЛМУРОД ЮСУПОВ
Сассекс университети Ривожланиш муаммолари тадқиқотлари институти докторанти
"Биз Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси лойиҳаси доирасида "Шароит+" нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкентнинг саккизта дастлабки маданият муассасаларида инклюзив шароитлар мавжудлиги борасида мониторинг ишларини олиб бордик. Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, кўплаб маданият муассасалари ногиронлиги бўлган одамлар ва аҳолининг камҳаракат қатламлари учун етарли даражада қулай эмас. Шундай бўлса-да, Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театри каби обйектлар ҳам мавжуд бўлиб, унинг раҳбарияти театр ичида ҳам, ташқарисида ҳам қулай муҳит яратиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширди.
Совет даврида ҳам маданият обйектларининг кўплаб бинолари қурилган бўлиб, ногирон кишиларнинг эҳтиёжлари алоҳида эътиборга олинмаган. Масалан, Ўзбекистон тарихи музейи биноси, Ёшлар театри, Сирк ва бошқа обйектлар айнан ўша даврда қурилган эди. Бу масала бўйича жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ва ушбу обйектларни улар учун очиқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Жамият ногиронликнинг турли шакллари бўлган одамларни маданий ҳаётда дам олиш вақтни мароқли ўтказишда иштирок этишга имкон беришга ҳаракат қилиши керак".
ФУРҚАТ ПОЛВОН-ЗОДА
Samarkand Half Marathon лойиҳасининг маданий дастури куратори
"Бу менинг Ўзбекистондаги биринчи лойиҳам. Умид қиламанки, бу мусобақа ҳар йили Самарқандда бўлиб ўтади ва шаҳар маданиятининг муҳим таркибий қисмига айланади. Самарканд ярим марафонида ишлаш учун биз Ўзбекистон, Россия, Грузия ва бошқа мамлакатлардан мутахассисларни жалб қилдик, шу орқали, ҳақиқий маданият алмашинуви содир бўлди. Ҳозирда биз марафон дастурининг барча таркибий қисмларини якунламоқдамиз, жумладан, маърузалар, семинарлар ва кинофилмлар жадвалини тайёрладик. Яқинда эса лойиҳанинг мусиқий компоненти эълон қилинади, унда Ўзбекистон, Финляндия, Германия ва Россиядан келган санъаткорлар иштирок этади. Буларнинг барчаси ҳақида бизнинг сайтимизда ва ижтимоий тармоқларимизда хабар қилинади. Югуриш учун рўйхатдан ўтинг ва дўстларингизни Самарқандга чақиринг. Жуда қизиқарли бўлади!".
Фикрлар