UZ

Сўнгги янгиликлар

19:57"Бунақасига ҳамма ҳам қодир эмас". Волкановски Махачев билан жангни эслади 0 19:36Промоутер Фьюри ва Жошуа ўртасидаги эҳтимолий жанг ҳақида гапирди 0 19:15Теофимо Лопес Шоҳжаҳон Эргашевни мағлуб этган боксчи билан жанг қилмоқчи 0 18:54Аморим МЮ натижалари ҳақида: "Жуда хафаман, лекин нима қилиш кераклигини биламан" 0 18:33Кремлёв IBA ва ХОҚ ҳақида: "Ўртамиздаги муаммо фақат Томас Бах ва унинг шериклари билан" 0 18:12Пойтахтимизда жиу-житсу бўйича Ўзбекистон кубоги якунланди + ФОТО 0 17:51Тайсон Фьюрига фаолиятини якунлашни маслаҳат беришди 0 17:30"Реал" "Ливерпуль"нинг икки футболчиси билан битим тузмоқчи 0 17:09Алекс Волкановски кимларни ММА тарихидаги энг зўри деб ҳисоблашини айтди 0 16:48Трамп АҚШда аёллар боксини тақиқламоқчи 0 16:27Алматида 20 ёшли қозоғистонлик жаҳон чемпиони ўлдириб кетилди 0 16:06Алонсо фақат битта ҳолатда "Байер"ни тарк этади 0 15:45"Ҳумо" кутилмаганда тажрибали дарвозабони билан шартномани бекор қилди 0 15:24"Ред Булл" 2025 йилги мавсум учун таркибини эълон қилди 0 15:03Бокс бўйича 2024 йилги Ўзбекистон чемпионати 2025 йилда ўтказилади 0

14 июл 18:47
Янгиликлар

Бокс/ММА

UFC “овози”, бизнесдан воз кечиб UFC’ни танлаган, сериал орқали оммага танилган Брюс Баффер билан яқиндан танишамиз

Брюс Баффер афсонавий ринг анонсери ва UFC “овози” бўлиб, 1966 йилдан буён ушбу соҳада фаолият юритиб келади.

Ортда қолган 30 йилдан бери жанговар яккакураш спорт турлари Бафферсиз ўтмаяпти, айниқса унинг “It’s time” жумласи уни жаҳонга танитди десак, янглишмаган бўламиз. Брюс яхши бизнесмен эди, бироқ унинг орзуси ҳамма нарсадан устун келди.

Қаҳрамонимизнинг бу соҳага кириб келишига акаси Майкл сабабчи бўлган. Баффер ёшлигидан жанг санъатларига ошно эди. У узоқ вақт давомида дзюдо билан шуғулланган, кейин эса ўзини тансудода (корейс спорт тури) синаб кўрган. Тансудодаги муваффақиятдан кейин у бор эътиборини кикбоксингга қаратади ва тез орада аралаш яккакурашлар оламига кириб келади. 

“1991 йил мени жиу-житсу машғулотлари бўлиб ўтадиган залга таклиф қилишди. У ерга баланд бўйли ва озғин йигит чақирганди. У қўлимдан ушлаб: “Кел, бошимга ур”, деди. Мен қўлқоп киймоқчи бўлганимда, баланд бўйли киши тўхтатди ва биз очиқ муштлар билан жанг қилдик. Қасамки, унинг қўлини тутишга улгурмай туриб, бўғилиб қолдим”. Баффер ёдга олган ушбу новча ва озғин йигит Ройс Грейси эди. Грейси икки йилдан сўнг биринчи UFC турнирида ғолиб чиқади ва 2003 йилда промоушеннинг Шон-шараф залига киритилади. 

Брюс кейинчалик спортни тарк этди ва бизнес йўлини танлади. У телефон орқали товарлар сотишга ихтисослашган компанияга асос солди. Унинг отаси эса бурғулаш бўйича инструктор эди. Баффернинг фикрича, ҳаёт уни болаликданоқ ринг анонсери бўлишига ундаган. Баффернинг овоз тембри эса ёшлик чоғларида ҳам одамни қўрқитиш хусусиятига эга бўлган. 

Брюс учун бурилиш нуқтаси сифатида 90-йилларнинг бошини айтиш мумкин. Унинг ҳаётидаги асосий воқелик бокс кечаларининг бирида содир бўлганди. Ўша кунги бокс оқшомида ринг анонсери Майкл Баффер бошловчи бўлиб ишлаган. “Экранда исм пайдо бўлди. Мен кўзларимга ишонмасдим. Ҳеч қачон бир хил исмли кишиларни учратмагандим. Бу йигит ким? Мен Дон Кинг Боб Арумнинг офисига қўнғироқ қилдим ҳамда мен у билан бир шаҳарда катта бўлганимни билдим. Дадамга у (Майкл Баффер) инсон ким, деган саволни берганимда “Бу, сенинг аканг” дея жавоб берганди”, эслайди Брюс Баффер. 

Майкл ҳақиқатдан ҳам Брюснинг ўгай акаси бўлиб чиқди. У отасини эслай олмади. Жо Баффер Майкл туғилишидан аввал ҳарбий хизматга чақирилган ва у фронтдан қайтгач, оила ажрашиб кетган. Улар танишиб олгач, Майкл қариндошлари билан учрашишга рози бўлади ва Брюс билан тезда дўстлашиб кетади. Уларнинг жанг саньатига бўлган муҳаббати бирлашишнинг асосий омили бўлди. 

Брюс бир йилдан кўпроқ вақт давомда UFC’га ишга кириш учун ҳаракат қилди, бироқ ўхшамади. Тез орада у Майклнинг менежерига айланди. Улар биргаликда “Buffer Partnership” компаниясига асос солишди ҳамда кўплаб жозибали ибораларни патентлашди. Бунинг натижасида ака-укалар 500 миллион доллардан ортиқ даромад қилишди. Аммо Брюс акасининг муваффақиятини такрорлашни орзу қиларди ва бундай имконият унда ҳам юзага келди... 

1996 йил. Кичик Баффер шифохонада эди. У ерда онаси шошилинч жарроҳлик амалиётини ўтказганди. Шу пайт унга тўсатдан UFCдан қўнғироқ бўлди: “Бизнинг асосий ринг анонсеримиз амакисининг дафн маросимига жўнаб кетди. Бир неча кундан сўнг биз Алабамада турнир ўтказамиз. Сен бизга кераксан”.

Аввалига Брюс ушбу таклифни рад этди. Аммо онаси унга қарата бош бармоғини кўтариб, шундай дейди: “Сен бу имкониятни қанча кутган эдинг. Ҳаракат қилиб кўр”. Қаҳрамонимиз онасининг бу сўзларини икки қила олмади. Баффер UFC 10 турнирини тўлиқ ўтказди. Тўғри, бунга қадар у промоушен билан ҳамкорлик қилаётганди, аммо ўнинчи турнирга келибгина илк бор бошловчи ролида фаолият олиб борди. Мусобақа давомида Брюс бир неча бор дудуқланиб ва чалкашиб ҳам кетди, аммо у қўлидан келганича ҳаракат қилди.

Баффернинг фаолиятини “Дўстлар” телесериалидаги бир эпизод сақлаб қолди десак, муболаға бўлмайди. Сериал давомида яккакураш спорти ҳақидаги эпизодни суратга олиш учун фильм ижодкорларига профессионал ринг анонсери керак эди. Улар Брюс Бафферни ролга таклиф этишди. Бу сериал шу қадар муваффақиятли чиқди-ки, экранларда 23 миллион марта кўрилди! 

Бундай машҳурликдан сўнг Брюснинг ўзи UFC’га мурожаат билан чиқди. “Бу сиз кўрган энг катта реклама. Бир йилдан ортиқ вақт давомида мен сизнинг орқангиздан югурдим, жамоанинг тўлақонли аъзоси бўлишга интилдим. Энди одамлар мени танишади. Ҳозир ҳамма UFC’дан қочяпти, имкон берилса, промоушеннинг обрўсини оширишга ёрдам бераман. Келинг, мен билан шартнома имзоланг...”, деганди ўшанда кичик Баффер. Шундай қилиб у ташкилот билан битим имзолади.

Брюс жозибали “It’s time” иборасини соқолини олдирганда ҳам, кўзгуга қараганда ҳам айтиб юрса керак:) Дастлаб у “It’s time to begin the Ultimate Fighting Championship” жумласидан фойдаланар эди, бироқ бу кейинчалик “It’s time”га ўзгарди. 

Баффер шовқинли жойларни хушламайди. У овозига зарар етиб қолишидан қўрқади. Энг қизиғи, у турнирларга деярли тайёргарликсиз боради. “Мен жанглар олдидан машқ қилмайман. Ҳа, жангчиларнинг исмини бир неча маротаба талаффуз қилишим мумкин, бироқ нотўғри талаффуз қилмаслик учун текшириб оламан”, дейди Брюс. У ўз овози билан мақтанибгина қолмай, жангчиларни эълон қилиш пайтида октагондаги ҳаракатлари билан ҳам донг таратган. Кўпчилик мухлислар Баффернинг “180” ҳаракатини яхши кўради. Бунинг маъноси шуки, у қатнашчилар номини ўқиётганида кескин тарзда қарама-қарши томонга бурилади.

Нокамтарликка йўймангу, olamsport ўтган йилнинг октябрь ойида Абу-Дабида бўлиб ўтган UFC турнири учун расмий аккредитациядан ўтган илк ўзбек медиаси бўлганди. UFC 280 турнири давомида сайтимиз ходимлари Камолиддин Алимов ва Азиз Тўхтамурадов Брюс Баффер билан тарихий селфига ҳам тушишганди.

Хориж материаллари асосида Хабиб Жўрабоев тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг