29 июл 15:01
Янгиликлар
UFCда ўн кунда иккита ғалаба, иккита бонус. Асли чечен бўлган швед викинги — Хамзат Чимаев ҳақида
У ўрта вазн тоифасида бўлган жангда Жон Филлипсни бир ярим раунд ичида яксон қилиб, илк ғалабасини қўлга киритди. Жангдаги ажойиб ҳаракатлари учун у «кеча жангчиси» учун бериладиган бонус билан тақдирланди. Хамзат учун ажойиб дебют бўлди, лекин унга бу камлик қилди ва промоушен раҳбари Дэна Уайтга ўн кундан сўнг бўлиб ўтадиган UFC кечасида жанг қилмоқчи эканлигини маълум қилди. Ташкилот унга бундай имкониятни яратиб беришга қарор қилди, лекин энди у ўн кундан сўнг ўрта вазнда эмас балки ярим ўрта вазнда октагонга кўтарилиши лозим эди. Шу тариқа, Хамзат ўн кун ичида салкам ўн кг вазн ташлади ва 26 июль куни бўлиб ўтган жанг оқшомида Рис Маккига қарши октагонга кўтарилди. У рақибини биринчи раунддаёқ мағлуб этди. Икки ҳафта ичида кўпчиликка нотаниш бўлган Хамзат бутун UFC оламига ўзини танитиб қўйди. Шу боисдан ҳам биз бугун «чечен викинги» ҳақида сўз юритишга қарор қилдик.
Ҳаётининг дастлабки йиллари:
Хамзат Ахмедович Чимаев 1994 йил 1 май куни Чеченистон Республикасида дунёга келади. Ҳар бир чечен сингари Хамзатнинг қонида ҳам жангчилик хусусияти бор эди, у бир ёшидан бошлаб машғулот қилишни бошлайди. Беш ёшида эса якка тартибда шуғулланишни бошлайди. Аммо Чеченистондаги оғир шароит сабабли Хамзат ўн олти ёшида оиласи билан Швецияга қочқин бўлиб ўтишга мажбур бўлган. Швецияда ҳам ёш чечен машғулотларни тўхтатмайди ва 18 ёшида 23 ёшгача бўлган курашчилар иштирок этадиган мусобақанинг бош совринини қўлга киритади.
Профессионал фаолияти:
Чимаев профессионал фаолиятини 2018 йилда бошлаган. У дебют жангида норвегиялик Гард Олвега қарши октагонга кўтарилади ва иккинчи раундда техник нокаут эвазига ғалаба қозонади. Хамзат учинчи жангини Яқин Шарқда анча машҳур бўлган Brave CF промошенида ўтказади. У Марко Симичга қарши октагонга кўтарилиб, рақибини биринчи раундда таслим бўлишга мажбур қилди. 2018 йилнинг 23 декабрида Brave CF юбилей 20 турнирини ўтказади ва кечанинг марказий жангида Сидни Уилер Леон Алига қарши баҳс олиб бориши лозим бўлади, аммо жангга ўн кун қолганда Али жароҳат олади ва унинг ўрнига Хамзат таклиф қилинади.
Хамзат бу жангга ўзи учун янги ўрта вазнда ҳаракат қилиб, рақибини 35 сонияда мағлуб этади. Хамзат йўлида ким чиқишидан қатъий назар яксон қилишда давом этарди. Унинг спаринг рақиби UFC юлдузи Александр Густафссон Чимаев ҳақида гапирар экан, унга қарши жанг қилиш қийинлигини, у жуда ҳам кучли эканлигини бир неча марта таъкидлаб келади.
UFCга келиши:
Шу йилнинг июнь ойида «чечен викинги» менежерини ўзгартиришга қарор қилди ва энди унга UFCнинг энг машҳур менежерларидан бири Али Абдель-Азиз ёрдам берадиган бўлди. Бу дегани у тез орада сайёрамизнинг энг кучли ва машҳур ММА промоушени UFCда бўлади дегани эди. Шундай бўлди ҳам. Хамзат ва UFC ўртасида 8 июль куни шартнома имзоланди. Хамзатнинг UFCдаги дебюти узоқ куттирмади ва 16 июль куни Жон Филиппсга қарши октагонга кўтарилди. У икки раундда рақибига 124 та зарба бериб, мағлуб этишни уддалади.
Иккинчи жангни эса ўн кундан сўнг ўтказди, бу сафар унга Рис Макки қаршилик қилиши лозим эди ва уни ҳам биринчи раундда мағлуб этди. Хамзатнинг ҳаракатлари UFC раҳбариятига ёқди ва унга ҳар икки баҳс учун 50 минг доллар бонус тақдим этилди.
Хамзат UFCдаги учинчи жангини икки ҳафтадан сўнг ўтказмоқчи эканлигини маълум қилди ва Дана унга рақиб топиб беришга ҳам ваъда берди. Лекин эндигина UFCга кириб келган спортчига қарши ҳеч ким жанг қилишни истамаяпти. Хамзат бу орада, ташкилот юлдузи Конор Макгрегор билан сўз ўйини қилишга ҳам улгурди.
Кўпчилик, хусусан UFC президенти Дана Уайт Хамзат ташкилотнинг янги юлдузи бўлишга ишонади. Хамзат ҳам буни уддалашга астойдил ҳаракат қилишга ишонамиз!
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар