08 июн 15:24
Янгиликлар
UFC'нинг истиқболли жангчиси бўлиши кутилган Забит Магомедшарипов ҳозир қаерда ва нималар билан машғул?
Забит Магомедшарипов ММА’нинг ёрқин жангчиларидан бири эди, аммо у ўз салоҳиятини тўла-тўкис намойиш этма олмаганди. Забит 2019 йилнинг ноябридан бери жанг ўтказмади ва ўтган йили ёзда фаолиятини якунлашини маълум қилганди. Кўпчиликда савол туғилиши табиий: у ҳозир нималар билан машғул, UFC’га қайтадими ёки йўқ?
"У яхши. Магомедшарипов бизнесга қизиқиб қолган. У кийим-кечак сотади ва тиббиётни ҳам ривожлантирмоқда. Забит нега фаолиятини якунлаганининг аниқ сабаби маълум эмас. Саломатлик билан боғлиқ муаммолар, UFC раҳбарияти билан зиддият, жангларга қизиқишнинг йўқолиши каби айрим эҳтимолий сабаблар мавжуд. Балки дин таъсир қилгандир. Мен ундан қайта-қайта сўрадим. Забит ўта диндор шахс. Менимча, у бошқа жанг қилишни истамаяпти. 32 ёшли спортчининг акаси ҳам жанг қилади, бироқ онда-сонда", – дейди журналист Ариель Хелвани.
Хелванининг версияси тўғрига ўхшайди, чунки Магомедшарипов ижтимоий тармоқларда кўпинча дин мавзусига тўхталиб ўтади. 2022 йилнинг апрель ойида у соғлиқни сақлаш марказидан фотосурат жойлаштириш орқали касбини ўзгартиришига ишора қилганди: "Яқинда Махачқалъанинг тиббиёт оламида янги ном пайдо бўлади".
Доғистонлик собиқ жангчи учун бу биринчи бизнес эмас. "Ultimate Fighter" кўрсатуви иштирокчиси Тимур Валиевнинг сўзларига кўра, у ММА’даги карьерасини якунлашидан аввал ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Айни дам Забит ўз кийим брендини очган ҳамда Махачқалъада кўплаб озиқ-овқат дўконларига эгалик қилади. Қолаверса, Ўзбекистоннинг кийим-кечак ва пойабзал сотишга ихтисослашган "Buka Boxing" компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Магомедшариповнинг дўстлари ва спарринг шерикларининг гапларига қулоқ тутсак, узоқ вақт танаффусга қарамай, у ҳамон ўз формасини сақлаб турибди. Мисол учун, Bellator жангчиси Магомед Магомедов шундай дейди: "Ўйлашимча, агар у ҳозир урушадиган бўлса, аниқ рақибини мағлуб этади. Ҳозир ҳам залга ким келса, урушса ҳар қандай боланинг "мазасини қочириш"га қодир. Забит тиним билмайди, доим спорт билан шуғулланади. Спортчи машғулотларни ўзидан чиқариб ташлаши жуда қийин. У шунча йил жанг қилди, танаси юкларни талаб қилади. Унинг маҳорати пасайганми? Менимча, у аввалгидан ҳам кучайб кетган".
Забит UFC’ни тарк этди, аммо спортни эмас. Айни дам у мураббий бўлиб ишламоқда. Собиқ жангчи ҳозирда бор эътиборини Bellator’да жанг қиладиган укаси Ҳасаннинг карьерасига қаратган. Рафаел Гудсон билан жанг арафасида машғулот жараёнида акасининг роли катта эканлигини Ҳасан тан олди.
"Забит ҳамма нарсани назорат қилади ва кўплаб маслаҳатлар беради. У ҳар куни келмайди, бироқ менинг спаррингларимни кузатиб боради. Жанг олиб боришимни кўради, хатоларимни айтади, яхши маслаҳатлар беради. Мен буни доим айтганман, Магомедшарипов кучли танқидчи. У ўзи учун яқин бўлган инсонларни қаттиқ танқид қилади. Мен унинг нега танқид қилишини биламан, боиси бундан ҳам яхшироқ бўлишимни истайди", – дейди Bellator жангчиси Ҳасан.
Гудсон билан жанг тез тугаган эди. Ҳасан уни биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди ўшанда. 22 ёшли жангчи Bellator чемпиони бўлишга ва UFC’га ўтишга ваъда бериб, кетма-кет 8 жангда ғалаба қозониб келмоқда. Забит нафақат укасини машқ қилдиради, балки болалар билан ишлашни ҳам ёқтиришини тан олади. Таъкидлаш жоиз, у бир неча йил ичида ўз тажриба ва кўникмаларини ёшларга улашишини ҳам яшириб ўтирмаган.
Доғистонлик спортчи фаолиятини якунлаганига бир йил тўлди, бироқ унинг октагонга қайтиши сўроқ остида турибди. Хабиб Нурмагомедов ҳам Забитнинг атрофидаги миш-мишларга фикр билдириб ўтган эди: "Агар унда ҳамон қизиқиш бўлса, барча нарса бўлиши мумкин. Мендан фарқли ўлароқ, у онасига ҳеч нарса ваъда қилмаган..."
Хўш, сизнингча Забит Магомедшарипов UFC’га қайтадими?
Sports.ru сайтидан Ҳабиб Жўрабоев таржимаси
Фикрлар