05 май 06:56
Янгиликлар
Юбилей муборак, Салимбой Абдувалиев!
Салим Абдувалиев - 1950 йилнинг 5 май куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекнинг танти фарзанди, кенг феъл, чуқур мушоҳадали, қарашларида шижоат барқ уриб турадиган Салимбой Абдувалиев 11 ёшидан Обид Назиров устозлигида кураш спорти билан шуғулланган. Мактаб давридаёқ дастлаб эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасига, Бутуниттифоқ мактаб ўқувчилари спартакиадасида иштирок этганидан сўнг эса Итттифоқ ўсмирлар терма жамоаси аъзолигига қабул қилинган. Ўсмирлар ўртасида беш карра Ўзбекистон чемпиони, СССР спорт устаси.
Ёшликдан спортчи бўлгани учун ҳам орадан йиллар ўтиб, Салимбой Абдувалиев меценат, тадбиркор сифатидаги фаолиятини спорт билан узвий боғлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан республикада болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантириш ишига алоҳида эътибор қаратди. У ёш авлодни жисмоний тарбияга жалб қилиш, бу борада турли секциялар ташкиллаштириш, маҳоратли спортчилар тайёрлаш вазифалари ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишини яхши билар эди.
Шу боис, унинг ҳомийлиги остида 90-йилларданоқ эркин кураш бўйича кўплаб секциялар фаолияти йўлга қўйилди. Айниқса, меҳрибонлик уйларида секцияларни ташкил қилиниши диққатга молик бўлди. Ҳозирга қадар мамлакатимизнинг бир қатор меҳрибонлик уйларида Салимбой Абдувалиев ҳомийлигида ташкил этилган эркин кураш бўйича доимий ишлаб турувчи спорт секциялари фаолият олиб боради.
1996 йилда Салимбой Абдувалиевга Ўзбекистон эркин кураш федерациясини бошқариш топширилди. Умидли курашчиларни тайёрлаш, моддий таъминотини бўйнига олиш, уларни йирик турнирларда қатнашиш шарт-шароитини ташкил қилиш ишлари унинг фаолиятига айланди. Республикада халқаро миқёсдаги катта турнирлар ўтказиш амалиёти эгаллай бошланди.
Салимбой Қирғизбоевичнинг ташаббуси ҳамда ҳомийлиги остида 1997 йилдан 2011 йилга қадар мамлакатимизда эркин ва юнон-рум кураши бўйича “Ўзбекистон Мустақиллиги” кубоги ўтказилди. Унинг молиявий кўмаги остида кўплаб мусобақалар ташкил этилди.
Жумладан, эркин ва юнон-рум кураши бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати (Тошкент, 25-28 май 1999 й.), Олимпиада саралаш мусобақаси (Тошкент, 19-21 февраль 2000 й.), ёшлар ўртасида эркин, юнон-рум кураши бўйича Жаҳон чемпионати (Тошкент, 9-13 август 2001 й.), Олимпиада саралаш мусобақаси (Тошкент, 13-14 март 2004 й.), эркин кураш бўйича Жаҳон кубоги (Тошкент, 12-13 март 2005 й.), ёшлар ўртасида эркин, юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпионати (Тошкент, 25-27 июль 2008 й.), Сингапурда ўтказиладиган ўсмирлар Олимпия ўйинларига эркин, юнон-рум кураши бўйича саралаш турнири (Тошкент, 30 апрель-2 май 2010 й.), аёллар ва эркаклар ўртасида эркин, ҳамда эркаклар ўртасида юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпионати (Тошкент, 19-22 май 2011 й.), аёллар ва эркаклар ўртасида эркин, ҳамда эркаклар ўртасида юнон-рум кураши бўйича Жаҳон чемпионати (Тошкент, 8-14 сентябрь 2014 й.), юнон-рум кураши ҳамда қизлар орасида эркин кураш бўйича Осиё чемпионати (Тошкент, 10-13 май 2018 й.) кабиларни санаб ўтиш мумкин.
Республика Олимпия қўмитаси 2000, 2004, 2008, 2012 йилларда мамлакатимиз номидан Олимпиадада қатнашувчи эркин ва юнон-рум кураши бўйича жамоага раҳбарлик қилишни Салимбой Қирғизбоевичга топширган эди. Бунинг натижасида Ўзбекистон номидан майдонга тушган курашчилар 2000 йил битта кумуш, 2004 йил иккита олтин ва битта кумуш, 2008 йил битта олтин, битта кумуш, 2012 йил битта олтин медални қўлга киритиб, мамлакатимиз шаънини улуғладилар. Салимбой Абдувалиев ҳозирга қадар саккизта Олимпиадада иштирок этди.
1999 йил Эрон, Жанубий Корея, Япония давлатлари иштирок этган Осиё чемпионатида мамлакатимиз эркин ва юнон-рум курашчилари пешқадамликни қўлга киритишди. Ҳамюртларимиздан Баҳодир Қурбонов, Рамиль Исломов, Руслан Хинчаков, Адҳамжон Ачилов, Дилшод Мансуров, Аслан Санакоев каби спортчиларимиз ғолиб бўлдилар.
Олдинда яна катта ғалабалар кутаётган эди. 2000 йили Сидней Олимпиадасида эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори, Осиё чемпиони Артур Таймазовнинг кумуш медали республикамиз курашчиларининг кейинги зафарлари учун йўлчи юлдуз бўлди. Таймазов 2003 йилда жаҳон чемпиони, 2004, 2008, 2012 йилларда эса Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритди.
Юнон-рум курашида ҳам ватанимиз спортчиларининг қўли баланд келди. 2001 йилда Дилшод Орипов жаҳон чемпиони бўлди. У юнон-рим курашида жаҳон чемпиони бўлган биринчи ўзбек ўғлони эди. Ўша йиллари Халқаро кураш федерациясининг махсус журналида Милан Эрцеганнинг “Ўзбекистон - курашчилар юрти” деб номланган мақоласи эълон қилинди. Унда ўзбек курашчиларининг дунё аренасидаги шиддати ҳақида сўз кетаркан, “ўзбек феномени”нинг шижоати ва қудрати алоҳида эътироф этилди.
Салимбой Абдувалиев спортнинг улкан билимдони, тажрибали мураббий, устоз, узоқни кўра билувчи соҳа мутахассиси сифатида кўплаб спортчиларни тарбиялади. Унинг раҳнамолигида майдонга чиқиб, юқори шоҳсупани эгаллаган бир қатор спортчилар Ўзбекистон Республикаси номини дунёга танитдилар.
Улар орасида икки карра Олимпиада чемпиони, олти карра жаҳон, тўрт карра Европа чемпиони Арсен Фадзаев, икки карра Олимпиада, тўрт карра Европа чемпиони Махарбек Хадарцев, уч карра жаҳон чемпиони Аслан Хадарцев, Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Рамиль Атауллин, уч карра Олимпия чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони, уч карра Осиё ўйинлари ғолиби Артур Таймазов, Олимпиада чемпиони, Европа чемпиони, Осиё чемпиони Александр Доктуришвили, икки карра Осиё чемпиони, Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Магомед Ибрагимов, Олимпиада совриндори, жаҳон кубоги соҳиби, халқаро тоифадаги спорт устаси Сослан Тигиев, жаҳон чемпиони Заурбек Сохиев, Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндорлари Адҳам Ачилов, Рамил Исламов, жаҳон чемпионатининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби Дилшод Орипов, жаҳон чемпиони Дилшод Мансуров, жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, Осиё ўйинлари ғолиби, Осиё чемпиони, Голден Гран-при-2015 ғолиби Бекзод Абдураҳмонов, Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Ихтиёр Наврўзов, Осиё ўйинлари ғолиби Рашид Қурбонов, ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби Аббос Раҳмонов, ўсмирлар ўртасида Олимпия ўйинлари ғолиби Умиджон Жалолов, Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби, беш карра Осиё чемпиони Елмурод Тасмурадов, Осиё ўйинлари ғолиблари - Рустам Ассакалов ва Мўминжон Абдуллаевлар бор.
Салимбой Абдувалиев спортга қўшган буюк хизматлари учун 2000 йилда Халқаро кураш федерацияси (FILA) нинг “Олтин ордени” билан тақдирланган. Унга Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этганлиги муносабати билан Мустақилликнинг 1 йиллиги, 10 йиллиги, 15 йиллиги, 20 йиллиги эсдалик нишонлари тақдим этилган. 2019 йилда у Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Ўзбекистон Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Миллий Олимпия Қўмитасининг фахрий ёрлиғи, бир неча бор Ўзбекистон спорт қўмитасининг эсдалик нишонлари берилган. 2002, 2003, 2004, 2005 йилларда “Йилнинг энг яхши спорт ҳомийси” сифатида эътироф этилган. Унинг бошчилигидаги Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бир неча бор Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасининг “Йилнинг энг яхши ассоциацияси” дипломига сазовор бўлган.
Салимбой Абдувалиев 2005 йилда Юнеско ордени билан тақдирланган. 2006 йил Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. У Европа техника университети, Ганновер университети (Германия) фахрий доктори (2002 й), Корея Республикаси Juseong таълим колледжининг профессоридир (2006 й).
Халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун унга Россия Федерацияси Президенти В.В. Путин ташаккурномаси тақдим этилган (2005 й), Халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш йўлидаги фаолияти учун INTERSAFETY – (Халқаро хавфсизлик) Қўмитасининг “Олтин бургут” (Золотой орёл) мукофотига сазовор бўлган (2005 й).
Салимбой Абдувалиев 1996 йилдан 2001 йилга қадар Ўзбекистон эркин кураш федерацияси раиси, 2001 йилдан Ўзбекистон спорт курашлари Ассоциациясининг раиси бўлиб ишлаб келмоқда. 2009 йилдан Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитаси вице-президентидир.
Қаҳрамонимизнинг ўзига хос фазилатларидан яна бири иқтидорли ва интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Унинг ҳомийлигида бир қанча ёшлар хорижда ўқиш имкониятига, қатор иқтидор соҳиблари нуфузли халқаро кўрик-танловларда иштирок этишга муваффақ бўлдилар. Унинг маслаги ҳам шу, олдига катта мақсад қўйиб, кўзлари чақнаб турган болаларга йўл топиб, ёрдам қилиши, имконият, шарт-шароит яратиб бериши шарт.
Салимбой Абдувалиев кўп йиллардан буён 9 май куни арафасида уруш қатнашчилари ҳамда фахрий спортчиларга байрам уюштириб, молиявий кўмак беришни анъанага айлантирган. Бу тадбир одатда ҳукумат томонидан уюштириладиган байрамдан сўнг унга илова тарзида ўтказилади. У меценат, ҳомий сифатида мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий ғамхўрликни шу тариқа қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекда ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, деган нақл бор. Қаҳрамонимиз ҳам ана шу ақидаги амал қилганлиги боис биз унинг кишиларга қилган ва қилаётган муруввати, эзгу амаллари ҳақидаги сўзимизни қисқа қиламиз. Мамлакатимиз аҳли бирмунча мураккаб даврни бошдан кечираётган бугунги кунларимизда эса Салимбой Қирғизбоевич ҳар доим қиладиган хайру эҳсонлари сонини яна бир неча баробар кўпайтирган. Унинг томонидан тақдим қилинаётган моддий маблағ, кундалик эҳтиёж моллари сони эндиликда янада оширилиб, ота юрти Фарғона водийсидан тортиб, Тошкентнинг эҳтиёжманд оилаларига улашилмоқда.
Салимбой ака қилинган ва қилинаётган савобли ишлари ҳақида гапиришни мутлақо ёқтирмайдилар. Бу ҳақда ёзишимизга ҳам рухсат бермаган эдилар. Шу боис сўзимиз охирида у кишидан узр сўраймиз ва ўз навбатида Салим Қирғизбоевичга юз ёш билан юзлашишни тилаб қоламиз!
Фикрлар