13 дек 09:27
Новости
Шаҳобиддин Зоиров рингга чиққан турнирнинг асосий жангида нокаут қайд этилди
Хабар берганимиздек, ушбу оқшом доирасида ўзбекистонлик икки боксчи ҳам ўзларининг навбатдаги жангларини ўтказишди. Мадияр Саидраҳимов саккиз раунд тўлиқ давом этган жангда россиялик Давид Дзукаевни очколар ҳисобига кўра мағлубиятга учратди. Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров эса IBA.PRO камари учун кечган жангда Венесуэла вакили Йоэль Финолга ҳакамларнинг айри қарори билан имкониятни бой бериб қўйди.
Турнирнинг асосий жанги супероғир вазн тоифасида WBA Regular камари учун кечди. Унда биринчи оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, россиялик Мурат Гассиев супероғир вазнда ушбу камарнинг собиқ соҳиби, болгариялик тажрибали Кубрат Пулевга қарши рингга кўтарилди.
Дастлабки раундлар икки томон ҳам таваккал қилмади. Олтинчи раундда эса Гассиев Пулевни чап қўл апперкот зарбаси билан нокаутга учратди. Мурат Гассиев WBA Regular камарини қўлга киритди. Ушбу йўналишнинг тўлақонли чемпиони украиналик Александр Усик ҳисобланади.
Маълумот учун, 32 ёшли Мурат Гассиев 7 йил олдин биринчи оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган эди. Унинг ҳисобида 33 ғалаба (26 таси нокаут) ва 2 та мағлубият бор. Яна битта жанг ўтказилмаган деб топилганди. Кубрат Пулев эса кеча тунда тўртинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Ҳисобида 32 ғалаба (14 таси нокаут) бор.

Комментарии