29 мар 19:12
Янгиликлар
15 ёшида Олимпиада чемпиони бўлган мафтункор муз маликаси Алина Загитова ҳақида
Илк қаҳрамонимиз мафтункор Алина Загитова
Алина Загитова
Россиялик фигурали учувчи Алина Илназовна Загитова 2002 йил 18 май куни Россия таркибига кирувчи Удмуртия пойтахти Ижевск шаҳрида таваллуд топган. У ерда руслардан ташқари удмурт ва татар миллати вакиллари истиқомат қилади. Миллати татар бўлган Загитованинг исмини бадиий гимнастика бўйича Олимпия чемпиони Алина Кабаевага ҳавас ила Алина қўйишган.
Алинанинг отаси хоккейчи ва хоккей мураббийи Илназ Загитов, онаси Лейсан тадбиркор аёл. Алинанинг Сабина исмли синглиси бор, у ҳам болалигидан фигурали учиш билан шуғулланади, аммо ҳали сезиларли ютуқларга эришмаган.
Илназ Загитовнинг айтишича, агар у ўғил бола бўлиб туғилганида хоккейчи бўларди. Аммо қизларининг тақдири барибир коньки билан боғлиқ бўлди. Бироқ, Алина Загитова болалигида бадиий гимнастикага қизиққан. Унинг синглиси эса фигурали учишдан ташқари, балетни яхши кўради.
Алина Загитованинг фигурали учишга кириб келиши қандай бўлган?
2007 йилда Загитовлар Альметьевскга кўчиб ўтган. Шаҳар спорт саройида фигурали учиш бўлими бўлиб, Алина мана шу ерда биринчи марта тўрт ёшида фигурали учишдаги машғулотларини бошлаган. Унинг биринчи мураббийи Дамира Пичугина ҳисобланади. 2008 йилда Загитовлар Ижевскга қайтиб келишди ва Алина шу ерда Наталя Антипина гуруҳидаги ўсмирлар спорт мактабида ўқишни бошлади. Кейинчалик Алина фигурали учишни бир неча бор ташлади. У ҳатто бадиий гимнастикага ҳам борди, лекин тез орада музга қайтди.
Алина Загитова улкан ютуқларни қўлга киритди. Аммо агар афсонавий Этери Тутберидзе унга иккинчи имкониятни бермаганида, унинг карьераси балки бу даражада бўлмас эди
2015 йилда Алина Загитова Москвага кўчиб ўтди ва Этери Тутберизде билан шуғуллана бошлади. Айнан Тутберизде қўл остида Алина келажакдаги ғалабалар калити сирини ўрганди. Бунгача эса Загитова бир неча бор фигурали учишни ташлаган. Тутберизденинг таъкидлашича, дастлаб қизалоқ заиф эди. Лекин у жуда қаттиқ ҳаракат қила бошлади. Машғулотлар бошланганидан уч ой ўтгач, Загитова дангаса бўла бошлади ва Алина Тутберидзе гуруҳидан ҳайдалди. Бир мунча вақт у Анна Царева билан бирга машғулотларни давом эттирди. Бир нечта руҳий зарбалардан сўнг, Загитова ўзининг спорт карьерасини якунлаш ҳақида ўйлай бошлади, у аслида бошланмаган эди. Бироқ, Тутберидзе ёш фигурали учувчига иккинчи имконият берди. Сабаби мураббий Алинада салоҳиятни кўра олди.
Бу вақтда таслим бўлмаслик учун Алинага бувиси ёрдам берди. Музга қайтиб келгач, Загитова тез орада жароҳат олди - у қўлини, кейин оёғини синдириб олди ва том маънода яна юришни, конькида учишни ва муз устида йўқотилган вақтни қоплашни ўрганди. У Тутберидзе қаноти остида қайтишга ва улкан ғалабаларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
2016/17 йилги мавсумда спортчи илк бор Марселда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Гран-прида иштирок этди. Биринчи босқичда у биринчи ўринни эгаллади, иккинчи босқичда учинчи ўриндан жой олган Загитова финалда қисқа дастур (70,92) ва эркин дастур (136,51)даги очколар йиғиндиси бўйича учта жаҳон рекордини ўрнатиб, олтин медални қўлга киритди, умумий балл - 207,43.
Гран-придан сўнг Загитова Санкт-Петербургдаги ўсмирлар ўртасидаги Россия чемпионати, Туркиядаги Европа ёшлар олимпия фестивали ва Хитойда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.
Алина Загитова фигурали учиш бўйича ўсмирлар ўртасидаги барча унвонларни ўзиники қилди ва бешта жаҳон рекордини ўрнатди.
15 ёшида катталар ўртасидаги мусобақаларда дебют қилган Загитованинг натижалари қандай?
2016 йил декабрь ойининг охирида Алина Россия чемпионатида иштирок этди ва у Евгения Медведевага ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллади. 2017 йил май ойидан бошлаб Алина расман катталар жамоасига ўтди.
2017 йил сентябрь ойида Загитова Ломбардия Кубоги турнирида биринчи ўринни эгаллади. 2017 йил декабрь ойида у Нагоядаги Гран-при финалида қатнашиб чемпионликни қўлга киритди. Худди шу йили фигурали учувчи биринчи марта Россия чемпиони деган номга ҳам сазовор бўлди.
Янги йилдан бошлаб Алина Загитова ўзининг ғалабалари ва рекордлари сериясини давом эттирди: у Европа чемпионатида биринчи ўринни эгаллади ва Пхёнчхангдаги Олимпия ўйинларида жамоавий баҳсларда кумуш, яккаликда олтин медални қўлга киритди. Бу вақтда Алина 15 ёшу 255 кунлик эди ва у Тара Липинскидан кейин фигурали учиш бўйича яккалик баҳсларида Олимпия ўйинларида чемпион бўлган иккинчи энг ёш фигурали учувчига айланди.
Аммо шундан кейин у Миланда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида атиги бешинчи ўринни эгаллади.
2018/19 йилги мавсумда Алина Россия чемпионатида бешинчи ва Минскдаги Европа чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. 2019 йил март ойида Саямада жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Загитова ваниҳоят шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Бу натижа қўлга киритиши мумкин бўлган ютуқлари орасида етишмаётган охирги мукофот эди. Алина Загитова фигурали учиш бўйича ютиш мумкин бўлган барча унвонларнинг соҳибаси. Бу кўрсаткич бўйича у жаҳон фигурали учиш тарихидаги иккинчи (кореялик Ким Ёнг Аҳдан кейин) фигурали учувчидир.
2019/20 йилги мавсум Алина учун унчалик муваффақиятли бўлмади: Алина Франция Гран-приси босқичида кумуш, Япония босқичида бронза медалига сазовор бўлди, аммо Гран-при финалида у атиги олтинчи ўринни эгаллади. 2019 йил декабрь ойида Загитова фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Фигурали учувчи машғулотларда давом этмоқда, аммо миллий ёки халқаро мусобақаларда қатнашмайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Загитова катта спортга қайтиш учун мотивацияга эга эмас - у аллақачон фигурали учиш бўйича энг номдор россиялик аёл, Алина эса энди ёш фигурали учувчилар билан рақобатлаша олмаслиги мумкин.
Алина шу йилнинг февраль ойида Пекинда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида делегация таркибида Хитойга борди ва Ўйинларни мухбир сифатида ёритди.
Алина Загитова қанча маош олади?
Загитованинг даромади турли мамлакатларда ташкиллаштириладиган шоуларидаги пуллар, шунингдек, Алина юзи бўлган Puma ва Shiseido брендлари билан имзоланган шартнома пуллари орқали келади.
2020 йилда Алина Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Академиянинг Давлат бошқаруви институтида кундузги бўлим талабаси бўлди. Параллель равишда у Жисмоний тарбия университетига ҳам ўқишга кирди.
Фаолиятини тўхтатганидан сўнг, Загитова икки марта Алексей Ягудиннинг «Музлик даври» телевизион лойиҳасида бошловчилик қилди.
Алина Загитованинг ютуқлари
Алина Загитова 14 маротаба халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган, жумладан, «Челленжер», Гран-при ва ўсмирлар ўртасидаги чиқишлар. У фигурали учиш бўйича «Олтин Дубулға» соҳибаси, яъни у барча муҳим турнирларда чемпионлик унвонига эга: ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Европа чемпионати, Гран-при финали ва Олимпия ўйинларидаги чемпионлик.
Бундан ташқари, Загитова қисқа ва эркин дастурда баллар йиғиндиси бўйича бир неча бор жаҳон рекордларини ўрнатган.
Алина Загитова ва Евгения Медведева ўртасидаги рақобат
Икки истеъдодли фигурали учувчи ўртасидаги рақобат дўстлик таърифи бўйича бўлиши мумкин эмас, аммо аксарият ҳолларда спортчилар ҳали ҳам нейтрал бўлишни афзал кўришади. Жиддий истисно фақат 2000 йилларнинг бошидаги Ягудин ва Плюшенко ўртасидаги қарама-қаршилик деб ҳисобланиши мумкин. Асосий келишмовчиликлар мухлислар ўртасида бўлиб ўтади.
Алина Загитова Олимпия ўйинларида ғалаба қозонганидан сўнг, Тутберидзенинг яна бир шогирди Евгения Медведеванинг мухлислари нафратига дуч келди. Ўйинлар пайтида Медведева жароҳат олди, шунинг учун уни қўллаб-қувватлаётган мухлислар гуруҳи Алинани қоралади. Айтилишича, Алина рақибининг жисмоний заифлигидан фойдаланган ва фақат «техник сакрашчи» бўлгани учун чемпион бўлган. Олимпия ўйинларидан бир ярим йил ўтгач, Евгения Медведева мураббийлар штабидан шикояти борлигини айтди ва шундан сўнг унга имкони борича кучлироқ дастур берилди. Қизиғи шундаки, иккала фигурали учувчи ҳам тўғридан-тўғри можарода иштирок этмайди ва ҳозирда бир-бирлари билан мутлақо нейтрал тарзда мулоқот қилишади.
Алина Загитованинг шахсий ҳаёти
Алина Загитова турмушга чиқмаган. У Россия журналларидан бирига берган интервьюсида зиёфатларга бориш унга қийин бўлишини ва шунинг учун у яқинлари ҳамда қариндошлари билан мулоқот қилишни афзал кўришини айтган эди. Бундан ташқари, спортчи машҳурлик унга юк бўлганини ҳам тан олган.
Загитованинг айтишича, чемпион бўлиш истаги ота-онасини Ижевскдан Москвага олиб кетиш нияти билан ҳам боғлиқ. Ўз навбатида Илназ Загитов тўнғич қизини ҳаётнинг қийин палласида қўллаб-қувватлаш мақсадида Изевскдаги мураббийлик фаолиятини якунлаган. Загитованинг хоккейга меҳри бўлак. Бу албатта, дадасининг айнан шу соҳада эканлиги билан ҳам боғлиқ.
Алинанинг яна бир муҳим «оила аъзоси» Япония Бош вазири томонидан совға қилинган Акита зотига мансуб Масару исмли итдир. Алина у билан жуда кўп вактини бирга ўтказади. Турли мамлакатларга қиладиган саёҳатларида ҳам у "қадрдони"ни бирга олиб кетади.
Алина Загитова ижтимоий тармоқларда
Алина Загитова Instagram саҳифасини фаол тарзда юритиб боради. Унинг Instagram'да 1,1 млн обуначиси бор. Алина саҳифасига турли мамлакатга уюштирган саёҳатларидан суратлар, шунингдек, фотосессиядаги кадрларни жойлаб боради. Шунингдек, Загитова яқинда шахсий Telegram каналини ишга туширди. Алина Tik-Tok'да ҳам фаол.
Олимпиада ва жаҳон чемпиони икки марта Тошкетга ташриф буюрган
2021 йилнинг 26 апрель санасида пойтахтимиздаги "Ҳумо Арена" муз саройида Этери Тутберидзе бошчилигидаги фигурали учувчилар жамоасининг "Чемпионлар муз устида" номли шоуси ташкил этилди. Ушбу шоу доирасида Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Европа чемпиони Алина Загитова, Олимпия ўйинларининг икки карра кумуш медали соҳибаси, икки карра жаҳон чемпиони Евгения Медведева, жаҳон чемпиони Анна Шербакова музда ўз чиқишларини намойиш этишган эди.
Тошкентга илк бор келган куни: "Ёмғирли Москвадан ёзга тушиб қолиш нақадар ажойиб", - дея суратлар остида изоҳ қолдирганди Загитова.
2021 декабрь ойида у юртимизда иккинчи бор меҳмон бўлди. "Ҳумо Арена" муз саройида бўлиб ўтган Россия чемпиони Татьяна Навканинг лойиҳаси бўлган «Қизил гул» номли мусиқали шоуда иштирок этди. Ушбу шоуда асосий рольни Олимпиада чемпиони Алина Загитова ижро этди.
Алина яна бир бор Ўзбекистонга ташриф буюради. 29 апрель куни Этери Тутберидзе қўл остида улкан ютуқлага эришган бир қатор таниқли фигурали учувчилар Тошкентда шоу ташкил қилади. Шоу дастурида Алина Загитова, Евгения Медведева, Анна Шербакова, Камила Валиева ва Александра Трусова каби Олимпия ўйинлариинг чемпион ва совриндорлари "Ҳумо Арена"да "Чемпионлар муз устида" номли шоу дастурини тақдим этишади.
Олимпиада, жаҳон ва Европа чемпионининг муз устидаги ажойиб ҳаракатларига гувоҳ бўлмоқчи бўлсангиз, 29 апрель куни пойтахтимизда бўлиб ўтадиган шоуга ташриф буюринг.
Хуршида Абдикулова тайёрлади
Фикрлар