25 июн 16:29
Янгиликлар
Муроджон Аҳмадалиев — Ронни Риос жанги учун махсус превью
Жангда Муроджонга тегишли IBF ва WBА камарлари ўртага қўйилади. Баҳс Сан-Антониодаги “Tech Port Arena”да бўлиб ўтади.
Боксчиларнинг профессионал фаолиятидаги натижалари:
Муроджон Аҳмадалиев: 10-0-0 (7 КО)
Аҳмадалиев биринчи ярим енгил вазн тоифасида WBA Super ва IBF йўналишлари бўйича амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 2020 йилда Даниел Романга қарши жангда бу камарларга эга чиққан. Шу тариқа, ҳамюртимиз Леон Спинкснинг рекордини такрорлади ва профессионал фаолиятидаги 8-жангида икки камарни бирлаштирди.
Аҳмадалиев бой ҳаваскорлик фаолиятига эга. У Осиё чемпионатининг олтин, шунингдек, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларининг медалларига эга.
Аҳмадалиев Риосга қарши жангдан аввал икки бор камарини ишончли ҳимоя қила олади. 2021 йилда у IBF камарига мажбурий даъвогар собиқ жаҳон чемпиони Рёсуке Ивасани, кейин эса Хосе Веласкесни мағлуб этди.
Ронни Риос: 33-3-0 (16 КО)
Риос WBА учун мажбурий даъвогар ҳисобланади.
Ҳаваскор сифатида у икки марта АҚШ чемпиони бўлди ва «Олтин қўлқоп» турнирида ғолиб чиқди.
2017 йилда у худди шу вазнда WBC чемпионлигини қўлга киритган, бироқ кейинчалик Рей Варгасга қарши жангда камаридан маҳрум бўлган. Риоснинг рекордида яна иккита мағлубият бор. У Робинсон Кастелланос ва Азат Ованнисянга муддатидан олдин мағлуб бўлган.
2019 йилда у муваффақиятли серияни бошлади. У Диего Де Ла Хояга қарши андердог сифатида рингга кўтарилди ва рақибини 6-раундда нокаут қилди. Шундан сўнг Уго Беррио ва Оскар Негрете билан жангларда муваффақиятини мустаҳкамлади.
Жанг услуби:
Аҳмадалиев — чапақай, Риос эса ўнақай. АҚШ вакилининг бўйи боксчимиздан озгина баландроқ. Ҳамюртимиз жангларни асосан ўрта масофада ўтказади. Аҳмадалиев рингда асосан биринчи рақамли агрессив бокс кўрсатади, ринг бурчакларидан тўғри фойдаланади ва оёқ билан яхши ишлайди.
Риос эса танага яхши зарба йўллай олади. Шунингдек, чап қўли билан йўллайдиган ҳук зарбалари ҳам анча кучли. Рони ҳам худди Мудоджон сингари ўрта масофада ишлашни маъқул кўрадиган боксчилардан.
Жанг оқшомининг асосий карди трансляцияси 26 июнь куни соат 05:00да "Спорт" телеканалида бошланади.
Фикрлар