29 сен 13:36
Янгиликлар
"Дэвис кубоги". Британия - Ўзбекистон ўйинидаги мағлубият учун Лебедь айбдорми? (Мулоҳаза)
Албатта, бизни кучли терма жамоага қарши баҳс кутиб турарди. Олдиндан ич-ичимдан 2:3 ҳисобидаги мағлубият ҳам биз учун яхши натижа бўлади деган ўйлар хам йўқ эмасди ҳаёлимда.
Мусобақанинг биринчи куни мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин ва мезбонларнинг иккинчи ракеткаси Дани Эванслар кортга чиқишди. Дани Эванс ҳозир рейтингда 218-ўринда бораётган бўлсада, бир пайтлар ТОП100 нинг доимий аъзоси эди. Вақтида ATP рейтингида 41-ўрингача кўтарилган. Жароҳатлардан эндигина қутулиб олган ва аста-секин жисмоний ҳолатини яхшилаб бораётган рақиб Денис Истоминни 5 сетда 7-6(4), 4-6, 0-6, 6-4, 7-5 ҳисобида муросасиз баҳсда мағлубиятга учратди. Иккинчи учрашувда рақибларнинг биринчи рақамли теннисчиси Кэмерон Норри бизнинг ёш теннисчимиз Жўрабек Каримовга қарши кортга чиқди. Жўрабек Каримов рақибини 5 сет давом этган триллерда 0/6, 5/7, 7/6(6), 6/2, 6/2 хисобида енга олди. Биринчи кунги 1:1 ҳисоби Истоминнинг мағлубиятини умуман билдирмади.
Иккинчи кун теннисчилар жуфтлик баҳсларида кортга чиқишди. Очиғини тан олиш лозим, жуфтликда бизда хеч қандай имконият йўқ эканлигини олдиндан билгандим. Рақибларда АТPнинг жуфтлик рейтингида доимий ТОП100 аъзоси Жейми Маррей ва ҳозирда жуфтликда 23-ўринда бораётган Доминик Инглотлар борлиги сўзларимнинг яққол исботи эди. Шундай бўлсада, терма жамоа сардори Петр Лебедь учрашувни Истомин/Файзиев жуфтлигига ишониб топширди. Учрашув 4 сетда 4/6, 7/6(8), 6/2, 6/3 хисобида рақиблар фойдасига ҳал бўлди. Иккинчи кундан кейин 2:1 кўринишида рақиблар олдинга ўтиб олишди. Ютқазаётган терма жамоамиздан кўнглим тўқ эди. Чунки мусобақанинг ҳал қилувчи учинчи куни режага кўра Денис Истомин биринчи бўлиб Кэмерон Норрига қарши, улардан сўнг Жўрабек Каримов рақибларнинг иккинчи рақамли теннисчиси Дани Эвансга қарши кортга чиқиши керак эди. Денис биринчи баҳсда Норрини енга олса, ана ундан кейин хал қилувчи бешинчи учрашувда Жўрабек Каримов яна бир бор ўзини кўрсата олади деган умид бор эди...
Эрталабдан бошқа ишларимни йиғиштириб, компютер олдида(интернетда) кунни ўтказдим. Соат 16:00 бўлишини сабрсизлик билан кутардим. Ахир терма жамоа плей-оффда хар куни ҳам ўйнайвермайди. Унинг устига "Спорт" телеканали орқали жонли эфирга узатилмоқда. Ҳуллас, ҳаммаси яхши эди.
Мана шу ерда катта саҳнага терма жамоа сардори Петр Лебедь кўтарилди. Учрашувлар бошланишига бир соатдан кам вақт қолганида Норрига қарши баҳсга Истомин эмас, балки Санжар Файзиев чиқиши эълон қилинди. Буни эшитиб карахт аҳволга тушгандим. Ичимда Истоминни эски жароҳатлари безовта қилгандир деган хаёллар ўтди. Майли, энди Жўрабек ютган рақибни Санжар хам ютса бўлади деб тинчлантирдим ўзимни. Чунки, Жўрабек ва Санжар ўзаро ўйнаган вазиятларда шиддатли баҳс кечарди. Афсуски, ўша куни Санжар ўзини йўқотиб қўйди. "Emirates" аренаси уни бутунлай ютиб юборди. Ҳамюртимиз ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Ҳисоб хам шунга яраша 6/2, 6/2, 6/0 кўринишини олди. Бешинчи учрашувга ҳожат ҳам қолмади...
Шаҳсий хулоса: Бу ерда 100% айб терма жамоа сардори Петр Лебедда. Тушунтириб бераман!
Иккинчи кунги жуфтлик баҳсларига Истоминни тушириб хато қилди. Чунки, рақиб таркибида икки кучли жуфтлик баҳслари усталари мавжуд. Мағлубиятга учрашимиз деярли аниқ эди. Дениснинг ўрнини бемалол Фаррух Дўстов ёки Ҳумоюн Султоновлар эгаллаши мумкин эди. Мўжиза рўй бераман деса Петр Лебедни ўзи тушиб ўйнаса хам рўй бераверади. Шунда Истомин учинчи кунги яккалик учрашувига чарчоқсиз тайёр ҳолатда етиб борарди.
Бундан ташқари, Санжар Файзиев ўйинга руҳан тайёр эмасди. Буни ўйинда ҳам илғаш қийин эмасди. Чунки, Санжарнинг ўзи олдиндан фақат жуфтлик учрашувига тайёргарлик кўрган. Яккалик ва жуфтлик учрашувларини таққосласангиз унинг ўйинида осмон билан ерчалик фарқ бор. Ҳаяжон барибир ўз сўзини айтди. Учрашувнинг эртасига Санжар ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг пассив ўйини учун Ўзбекистон аҳлидан узр сўради.
Энди Денис Истоминнинг жароҳат ёки чарчоқ аломатларига келадиган бўлсак. Жароҳат олган ёки чарчаган теннисчи кортда ўйинни томоша қилиб ўтирмайди. Истомин Файзиевнинг ўйинини яхши кайфиятда аренада кузатиб ўтирди. Учрашув якунлангандан сўнг Глазгодан тўғри Россиянинг Санкт-Петербург (масофа 2064 км) шаҳрига АТP мусобақасида иштирок этиш учун йўл олди. Орадан тўлиқ икки кун ҳам ўтмасдан жуфтликда қатнашиб ғалабага эришди. Истомин жароҳат олмаган. Чарчаган теннисчи ҳам бундай қисқа вақт ичида 2064 км масофани босиб ўтиб, бошқа бир давлатдаги мусобақада иштирок этиши хам ақлга сиғмайди. Менимча бу ерда мураббий қўпол хатога йўл қўйди.
Петр Лебедь! Агар ушбу мақолани ўқиётган бўлсангиз, мана шу вазиятга, қилган хатоларингиз учун изоҳ бериб ўтишингизни талаб қиламан. Бундай қўпол хатолар кечирилмаслиги керак. Кечирилса рақобат, мотивация бўлмайди, рақобат йўқ жойда ўсиш бўлмайди. Биз теннисимизни юксакларга ўсишини истаймиз!
Ҳусниддин Мирзалиев
Фикрлар