03 апр 17:40
Янгиликлар
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот котиби коронавирусга қарши кураш мавзусига бағишланган брифингда иштирок этди
Ушбу брифинг “УзРепорт“, “Ўзбекистон 24“ телеканаллари ва “Ўзбекистон 24“ радиоканали орқали эфирга узатилди.
САВОЛ: Маълумки, карантин туфайли спорт таълим муассасаларининг иш фаолияти тўхтатилди ва уларнинг қачондан иш бошлаши аниқ эмас. Шундай экан, карантин даврида ёш спортчиларнинг таълим жараёни қандай кечади?
ЖАВОБ: 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг тегишли буйруғи билан тизимдаги барча спорт таълим муассасалари номаълум муддатга ёпилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сонли “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Коронавирус пандемияси муносабати билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғи асосида тизимдаги спорт таълим муассасаларида масофавий таълим жараёнини ташкил этилди.
Шу муносабат билан, вазирлик тизимидаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида жорий йил 30 мартдан бошлаб барча таълим жараёнлари масофадан – уйдан туриб амалга оширилмоқда.
Шу ўринда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни вақтда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида кундузги ва сиртқи йўналишларни қўшиб ҳисоблаганда жами 7 160 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида 8 928 нафар ўқувчи, шунингдек Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида эса 3 364 нафар ўқувчи спорт соҳасидаги маҳоратларини ошириб келмоқда. Вазирлик томонидан олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, ўтган қисқа вақт мобайнида ИОЗМИлардаги 8 928 нафар ўқувчи-спортчидан 7 680 нафари масофавий тарздаги машғулотларни ўзлаштиришган, шулардан 7 245 нафари эса тренер-ўқитувчилар томонидан баҳоланган. Аммо 1 221 нафар ёш спортчи билан боғланишнинг имкони бўлмади. Бунга сабаб қилиб, ўша спортчи истиқомат қиладиган ҳудудда алоқа сифатининг ёмонлиги ёки интернет ишламаслигини кўрсатиш мумкин. Бу эса карантин даврида барча корхона-ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлаши лозимлигини англатади. Баъзи ҳолатларда эса ўқувчи-спортчилар телефон қўнғироқларига жавоб беришмаганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида таҳсил олаётган 3 364 нафар ўқувчидан 2 763 нафари берилган мавзу ва топшириқларни ўзлаштирган. Уларга масофавий тарзда машғулотларни ўтиш учун 187 нафар тренер-ўқитувчи жалб қилинган. Ортда қолган давр мобайнида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг 603 нафар ўқувчиси билан ҳам боғлана олинмаган.
Шунингдек, ҳар бир спорт таълим муассасасида ўқувчилар учун амалиёт жараёнларини масофадан туриб амалга ошириш чораларини кўриш мақсадида ўқув режаси ишлаб чиқилди ва тренер-ўқитувчилар томонидан ўзларига бириктирилган ўқувчиларга спорт машғулотлари жадвалидан келиб чиқиб, масофадан турган ҳолда ҳар кунлик вазифалар бериб борилмоқда ва берилган вазифа ва нормативларнинг ўқувчилар томонидан бажарилиши ҳам доимий назорат қилиб борилади.
САВОЛ: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг талабасиман. 2019-2020 ўқув йилининг 2-семестр дарслари қачондан давом эттирилиб, қачон тугайди? Қолаверса, карантин даврида талабаларга стипендиялар тўланадими?
ЖАВОБ: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари учун университет профессор-ўқитувчилари томонидан баҳорги семестрда ўтиладиган фанлар бўйича электрон ресурслар яратилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Жумладан, университетда мавжуд кафедраларнинг ижтимоий тармоқлардаги, яъни ҳозирги кунда кенг оммалашган телеграм мессенжерида махсус каналлари очилиб, уларга талабалар учун баҳорги семестрда ўтиладиган фанлар бўйича маълумотлар, чунончи маъруза матнлари, видеомашғулотлар, слайдлар ва ҳ.к. жойлаб борилмоқда. Мазкур маълумотлар университетнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ҳамда @masofaviytaʼlimuzdjtsu телеграм каналида ҳам бериб борилаяпти.
Шунингдек, университетнинг ўқув-услубий бўлими ва кафедралари томонидан талабаларни баҳорги семестрда ўқитиладиган фанлар бўйича масофавий баҳолаш ҳамда битирувчи босқич талабаларининг давлат имтиҳонларини масофавий ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди ва тез орада амалиётга татбиқ этилади.
Карантин даврида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаларига стипендияларни тўлашда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Талабалар карантин даврида стипендияларни тўлиқ олишади.
САВОЛ: Мен болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тренер-ўқитувчи бўлиб ишлайман. Режага кўра апрель ойида малака ошириш курсларига боришимиз керак эди. Карантин даврида бу жараён қандай кечади ёки малака ошириш курслари кейинроққа қолдириладими?
ЖАВОБ: Таъкидлаб ўтганимиздек, 2020 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча спорт таълим муассасаларининг иш фаолияти номаълум муддатга тўхтатилганди. Жумладан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларида ҳам ўқув жараёнлари тўхтатилиб, масофавий таълим тизимига ўтилди. Шу ўринда таъкидлаш керак, 2020 йил март ойида Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларидаги малака ошириш курсларига жами 1 224 нафар тингловчи қабул қилинди.
Шундан:
76 нафари мактабгача таълим ташкилотлари жисмоний тарбия инструкторлари;
498 нафари умумтаълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчилари;
18 нафари спорт таълим муассасалари раҳбар ўринбосарлари;
20 нафари спорт таълим муассасалари инструктор-методистлари;
532 нафари спорт таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари;
36 нафари нодавлат ташкилотларининг тренерлари;
29 нафари олий таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчилари;
15 нафари академик лицей жисмоний тарбия фани ўқитувчиларидир.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2020 йил
16 мартдаги 354-сонли буйруғига асосан март ойида чақирилган малака ошириш курслари тингловчилари учун машғулотлар масофавий таълим –
masofa-talim.sportedu.uz веб иловаси шаклига ўтказилди.
masofa-talim.sportedu.uz веб иловасига Малака ошириш йўналишлари бўйича намунавий ўқув режа (6 та) ва дастурлари (6 та), ишчи ўқув режалари (6 та) ишчи дастурлари (71 та), модуллар бўйича ўқув-услубий мажмуалар (71 та) ҳамда 3000дан ортиқ тестдан иборат тестлар банки жойлаштирилди.
Марказнинг sportedu.uz веб сайти ҳамда minsportmarkaz телеграм каналига ҳам доимий равишда модуллар бўйича ўқув-услубий мажмуалар жойлаштириб борилмоқда.
Марказ тингловчиларини масофадан туриб таълим олишлари учун янада қулайлик яратиш мақсадида sportedu.uz веб сайтида электрон кутубхона lib.sportedu.uz яратилди. Кутубхонага 200 дан ортиқ адабиётлар (дарсликлар, ўқув қўлланмалари, услубий қўлланмалар, намунавий дастурлар) жойлаштирилди.
Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитилаётган фанлар бўйича тегишли мавзулардан видео-дарслар тайёрланиб, босқичма-босқич тайёрланган видео-дарслар YouTube каналидаги марказнинг SPORT MARKAZ ONLINE VIDEO DARSLAR саҳифасига жойлаштириб борилмоқда.
Малака ошириш курслари тингловчилари учун sportedu.uz веб сайти ҳамда masofa-talim.sportedu.uz веб иловасидан фойдаланиш бўйича йўриқнома Марказнинг minsportmarkaz телеграм канали орқали эълон қилинди.
2020 йил март ойи малака ошириш курси тингловчилари учун курс якуни бўйича якуний аттестация, яъни онлайн тест синовлари 2020 йил 1-3 апрель кунларига режалаштирилган ва ҳозирда бу жараён давом этмоқда.
Тингловчилар онлайн тест синовлари дастурига sportedu.uz веб сайти ҳамда minsport_markaz телеграмм тармоғи орқали уланади.
Ҳозирда спорт таълим муассасалари раҳбар ўринбосарлари, инструктор-методистлари ва мактабгача таълим ташкилотлари жисмоний тарбия инструкторлари учун якуний аттестация онлайн тест шаклида ўтказилмоқда.
Малака ошириш маркази ва унинг филиалларига 2020 йил апрел ойида малака ошириш курсларига жами 1166 нафар тингловчи чақирилиши белгиланган.
Шундан:
104 нафари мактабгача таълим ташкилотлари жисмоний тарбия инструкторлари;
532 нафари умумтаълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчилари;
24 нафари спорт таълим муассасалари раҳбар ўринбосарлари;
44 нафари спорт таълим муассасалари инструктор-методистлари;
436 нафари спорт таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари;
26 нафари олий таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларидир.
Лекин, меҳнат кодексининг 166-моддасида иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш вақтида бериладиган кафолатлар бандида иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш – малака ошириш, рационализаторлик таклифларини жорий этиш ишида қатнашиш, хизмат сафарида бўлиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа ҳолларда ходимни ишдан озод этиш шартлари, шунингдек ана шу давр учун тўланадиган кафолатли тўловлар миқдори жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, лекин бу тўлов миқдори ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак дейилган.
Шу муносабат билан жисмоний тарбия бўйича мутахассисларининг масофавий малакасини ошириш курслари мутахассислар меҳнат таътилидан қайтганидан сўнг бошланишини маълум қиламиз.
САВОЛ: “Наврўз” байрамига бағишлаб жорий йил 22 март куни II Тошкент Халқаро марафони ўтказилиши белгиланган эди. Аммо, юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши муносабати билан эълон қилинган карантин сабабли бу спорт тадбири қолдирилди. Унинг қачон ўтказилиши борасида маълумот берсангиз. Қолаверса, марафонда қатнашиш учун амалга оширган тўловларнинг тақдири нима бўлади?
ЖАВОБ: Дарҳақиқат, жорий йил 22 март куни пойтахтимизда II Тошкент Халқаро марафони ўтказилиши белгиланган эди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши ҳам қабул қилинган ва мазкур спорт анжуманини юқори савияда ташкил этиш учун барча чоралар кўрилаётган эди. Бироқ, коронавирус пандемиясининг қисқа муддат ичида дунё бўйлаб кенг тарқалиши натижасида II Тошкент Халқаро марафони жорий йилнинг 11 октябрь санасига қолдирилди.
Шу кунгача марафон пойгаларида қатнашиш учун жами дунёнинг 30дан ортиқ давлатидан жами қарийб 2 000га яқин иштирокчи рўйхатдан ўтишган. Шундан 210 киши тўлиқ марафон, яъни 42 км 195 метрга бўладиган пойгада қатнашиш истагини билдирган бўлса, 680 нафар иштирокчи ярим марафон, қолганлар эса
3 км ҳамда 1,5 км масофага оммавий югуриш мусобақаларида қатнашиш учун буюртма беришган. Марафон мусобақаларида қатнашиш учун амалга оширилган тўловларга келсак. Мусобақа қолдирилгунга қадар тахминан 90 миллион сўм атрофида иштирокчилар томонидан бадал пули тўланган бўлса, айни пайтгача шундан 18 миллион сўмдан ортиқроғи ўз эгаларига қайтариб берилган. Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ўз расмий веб-сайти орқали эълон бериб, II Тошкент Халқаро марафонида қатнашиш учун тўлов амалга оширган юртдошларимизга федерацияга келиб, амалга оширилган тўловни қайтариш учун ҳисоб рақам, у пластик карточка рақами ёки юридик шахс бўлса ҳисоб рақамини тақдим этиши ёки ўша тўланган пул билан жорий йил 11 октябрда ўтказиладиган мусобақаларда қатнашиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган. Қолаверса, II Тошкент Халқаро марафонига доир батафсил маълумотларни www.uzmarathon.uz сайти орқали олишингиз мумкин.
САВОЛ: Токио-2020 Олимпия ўйинлари бир йилга кечиктирилди. Бу ўзбек спорти учун ижобий ҳолатми ёки салбий?
ЖАВОБ: Ҳаммага маълумки, спортчилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам жорий йил 24 июлдан 9 августига қадар Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Олимпия ўйинларини интиқлик билан кутаётган эди. Аммо, бугунги кундаги вазият нуфузли мусобақанинг ўз вақтида ўтказилишига тўсқинлик қилди. Сабаби, коронавирус эпидемиядан пандемияга айланиб бутун дунёни қамраб олди. Бу эса Олимпия ўйинларини бошқа давлатда ўтказиш имкониятини ҳам йўққа чиқарди. Шу боисдан Халқаро Олимпия қўмитаси ва Япония ҳукумати ўзаро келишган ҳолда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларини 2021 йилнинг ёзида ўтказишга қарор қилишди.
Олимпия ўйинларининг қолдирилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё спортчилари учун ижобий ҳол, дейиш мумкин. Сабаби, коронавирус пандемияси сабаб кўплаб лицензион турнирларнинг ўтказилиш санаси ўзгартирилди ёки мусобақа бутунлай бекор қилинди. Бекор қилинган лицензион турнирлар эса спортчиларда норозилик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин эди. Боиси мусобақа ўтказилмаса Олимпия ўйинлари учун лицензиялар спортчиларнинг аввалги натижаларига қараб бўлиб бериларди. Бу эса адолат тамойилининг бузилишига олиб келади.
Ўзбекистонлик спортчилар ҳам белгиланган лицензияларни тўлиқ қўлга киритиб улгуришмаган эди. Мисол учун, ҳаттоки боксчиларимиз ҳам 7 та йўлланмани нақд қилишган ва биз тўлиқ таркиб билан қатнаша олмасдик. Бу эса натижаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмасди. Қисқа қилиб айтганда Олимпия ўйинларининг қолдирилиши – спортчиларнинг етарли даражада тайёргарлик кўришлари учун қўшимча вақт ва имконият дегани. Улар янада тажрибалироқ бўлиб нуфузли турнирга боришади.
САВОЛ: Карантин даврида спортчиларнинг жисмоний ҳолати пасайиб кетиши мумкин. Бу эса уларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
ЖАВОБ: Тўғри, Токио Олимпиадаси 2021 йилга қолдирилди. Бироқ, Олимпиада ўйинларининг қолдирилиши спорт ҳаёти ҳам тўхтади, дегани эмас. Гарчи, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси кечиктирилган бўлса-да, спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Халқаро гран-при турнирлари, қолаверса лицензион мусобақалар вақти-соати билан яна давом эттирилади. Шундай экан, машғулотлар ҳам давом этади.
Олимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзолари учун ташкил этиладиган барча ўқув-машғулот йиғинлари расман 25 мартдан вақтинча тўхтатилди. Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб карантин режими амал қилаётган бўлса ҳам бу спортчиларимизни тўхтатиб қолаётгани йўқ. Ҳар бир спорт тури бўйича атлетларимиз уй шароитида мунтазам машғулотлар олиб боришмоқда. Уларнинг машғулотларни олиб бориш жараёни “Тезкор штаб” томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Фикрлар