06 фев 12:45
Янгиликлар
Мағлубиятидан ҳам кўра "ташкилий ишлари" билан дунёга танилган Ўзбекистон теннис федерацияси
3-4 февраль кунлари пойтахтимизда "Дэвис Кубоги"нинг 2023 йилги финал босқичи учун сўнгги саралаши доирасида АҚШга қарши ўйнадик. Икки кунги ўйин натижаларига кўра ҳисоб 0:4 бўлди.
Натижа учун эътироз билдираётганлар камчиликни ташкил этади. Чунки бу кутилган ва табиий ҳолат эди. АҚШ сингари терма жамоаларни мағлуб этишимиз, топ даражадаги теннисчиларни етиштириб чиқаришимиз учун Ўзбекистон теннис федерацияси, МОҚ ва вазирликдагилар теннис учун тизимли ишлашлари керак бўлади (балки ҳозир ҳам шундайдир).
АҚШ билан ўйиннинг бизга келтирган ягона фойдаси (!) 17 ёшли Амир Милушевни кашф этиб бергани бўлди. 2005 йилда Тошкентда таваллуд топган Амирга натижага таъсир этмайдиган ўйинда имкон берилди ва у дунёнинг 93-рақамли теннисчиси Денис Кудлага муносиб қаршилик кўрсатиб мағлуб бўлди (4:6, 4:6). Айтиш жоиз, ҳеч қайси бир теннисчимиз икки сет давомида Амирдек қаршилик кўрсата олмади америкаликларга.
Ҳўп, муаммо нимада?
Юқоридаги саволни ўйинларни телевизор орқали томоша қилган ёки бошқа турдаги мухлислар ўйлаётган бўлса, ажаб эмас. Муаммо нимада эканини мен 3 февраль кунги ўйинлардан сўнг ёзган эдим. Бироз вақт ўтиб, муаммога ана энди бутун дунё теннис вакиллари тўхтала бошлади.
Японияни мағлуб этганимиздан сўнг, АҚШ билан ўйнашимиз, баҳсни ўзимизда қабул қилишимиз ва қандай кортда ўйнашни ҳам ўзимиз ҳал қилишимиз ноябрь ойининг оҳирида аниқ бўлиб улгарган эди. Демак бундан англаса бўладики, Ўзбекистон теннис федерациясида баҳсларни ўтказишга тайёргарлик кўриш учун нақ икки ой вақт бўлган.
Аммо, Туркия билан ўйиндан ҳам хулоса чиқармаган федерация АҚШ билан ўйинларни ҳам олимпия заҳиралари коллежи қошидаги теннис мактаби ёпиқ кортларида ўтказишга қарор қилган. Ўйинларни аренадан кузатган мухлислар у ер аслида катта мусобақаларни қабул қилиш учун яратилмаганини тушуниб етишди, федерациядагилардан фарқли ўлароқ.
(Фото: tennisfamilyuz)
Суратдан кўришингиз мумкинки, бу ерда кортнинг иккита рўпара қисмида балкон мавжуд, аммо балконда мухлислар учун трибуналар мавжуд эмас, унинг ўрнига мана бунақа стуллар қўйиб чиқилган. Энг қизиғи, иккита балконнинг ҳам фақатгина бир тарафи мухлислар учун ажратилган эди (таблонинг орқа тарафи). Табло рўпарасидаги балкондаги жойлар эса илк кунда федерация вакиллари учун, улардан ортса мухлислар учун ажратилди. Иккинчи куни эса федерациянинг ўзи ҳам жойларини АҚШ элчихонаси учун бўшатиб берди:)
Фотографлар орқасидаги икки қатор жой эса вип қилиниб, амалдор ва теннисчиларнинг яқинлари сингари шахсларга ажратилибди.
Журналистлар учун ҳар доимгидек жой ажратилмаган. Балки шунгадир, федерация матбуот хизмати мағлубиятга учраганимиз ҳақидаги хабарни нақ бир кундан сўнг (!) эълон қилмоқда...
4 февраль куни жуфтлик баҳсларидан сўнг, америкалик теннисчилар Остин Крайчек ва Рам Ражив иштирокида матбуот анжумани ўтказилди (ўзбекистонлик теннисчилар матбуот анжуманида иштирок этишни истамади). Анжуман яхши ўтди, журналистлар ўйин бўйича, шунингдек ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига жавоб олишди. Аммо, матбуот анжумани ўтказилган хона аслида бундай тадбирлар ўтказиладиган хона эмаслиги яққол билиниб турар эди. Шунчаки у хонага лимит билан кирилиши керак эди!
Мағлубиятидан ҳам кўра "ташкилий ишлари" билан дунёга танилган Ўзбекистон теннис федерацияси
2019 йилда ҳам "Дэвис Кубоги"да Сербияга қарши ўйин мезбонлигимизда ўтган эди. Ўша ўйинлар "Юнусобод" кўп функцияли спорт комплексида ўтказилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Жойлар ҳам анча бемалол эди, журналистлар учун ҳам, фотографлар учун ҳам, ва энг муҳими мухлислар учун ҳам шароитлар етарлича эди "Юнусобод"да.
Бу сафарги ўйинлар ҳам дунё теннис вакиллари эътибори марказида бўлиши турган гап эди! Шунингдек, ўйинлар ўтказиладиган кортлар ҳам.
Португалиялик таниқли теннис журналисти Хосе Моргадо Ўзбекистон мезбонлигида ўтган баҳсга ўз муносабатини билдирар экан, саралашлар бундай жойда ўтказилишини кутмаганлини ёзади:
"Мен саралаш учун бундай жойни кутмаган эдим".
Дунёнинг тўртинчи рақамли ракеткаси Каспер Рууд ҳам бунга ўз муносабатини билдирди:
"Ҳамма мамлакатларда ҳам катта стадионлар йўқ, бундан ташқари ITF мусобақани ташкил этиш учун икки ойгина вақт берганида, кичик федерация учун буларни режалаштириш ва ўзида қабул қилиш осон бўлмайди".
Моргадо эса Руудга жавобан Ўзбекистоннинг АҚШ билан ўйинни каттароқ жойда ўтказиб, мухлисларни тўлдира олиши мумкин бўлганини ёзади.
Telegram'даги tennisologia канали муаллифи Елизавета эса мухлислар учун ўриндиқлар деярли йўқлигини, асосий эътибор кортга қаратилганини ёзади.
Хуллас, Ўзбекистон теннис федерацияси мағлубиятидан ҳам кўра ўйин аввалидаги "ташкилий ишлари" билан танилди!
Ўзбекистон теннис федерацияси учун АҚШ билан ўйинни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатларнинг ўзи учун 263 554 764 сўм ажратилган вазирлик томонидан. Бу пулга федерация ўйинолди матбуот анжуманини Hilton меҳмонхонасида ўтказган, аренанинг ёритиш тизимини яхшилаган, баннерлар тайёрланган ва ҳоказо. Шунингдек, ўйингача кортда умуман кондиционер бўлмаган. Айтиш лозим, федерация бу пулларнинг 40-60 миллионини "Юнусобод" аренаси учун кетказишни истамаган ва теннис мактабини таъмирдан ўтказган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон теннис федерацияси учун бу йил алоҳида ер ажратилган. Аммо, бу ҳақида федерация жим. Яна бир инсайд сифатида шуни айтишим мумкинки, октябрь ойида Тошкентга WTA таснифидаги Open мусобақаси қайтиши кутилмоқда. 250 рейтинг очкоси учун кечадиган мусобақа ҳақида ҳам ҳозирча расмий маълумот мавжуд эмас, сентябрь ойи оҳирида эълон қилинса ҳам ҳайрон қолмайман.
Энг яхши йўл, Ўзбекистон теннис федерацияси журналистлар ва мухлислар учун матбуот анжумани ташкил этиб, бу йилги режалари билан ўртоқлашиши бўлар эди, матбуот хизмати ишламаганига яраша...
Муаллиф - Диёрбек Мавлонов
Фикрлар