22 окт 17:00
Янгиликлар
МУТОЛАА ВАҚТИ. Хамзат Чимаев нега Россия эмас, Швеция байроғи остида жанг қилган?
Хамзат Чимаев - UFC'нинг яримўрта вазн тоифасидаги чеченистонлик жангчиси! У октагонга чиқаётганида Швеция жангчиси деб эълон қилинарди. Хамзат 10 йилда давомида Швецияда яшаган. Чимаев ўзини "чечен ва мусулмон"дек ҳис қилади ва Россия вакили эканини айтади.
У нима учун Швецияга кўчиб ўтди ва бу Скандинавия давлати билан унинг қандай алоқаси бор?
"Бизда нон йўқ эди"... Чимаевнинг болалиги Чеченистондаги уруш йилларига тўғри келади. Хамзат Чеченистоннинг Гвардейское қишлоғида туғилган, у ерда мактабда ўқиган ва эркин кураш билан шуғулланган. Hustle ММА подкастида мактабда ёши каттароқ ўқувчи билан уришганини эслади: "Мен бир йигитни танийман, биз дўстмиз. Ўшанда у 11-синфда, мен бешинчи синфда ўқирдим. Жанжал бўлган. Дарсдан кейин мен: "Кўчада гаплашиб оламиз" деганман. У мени чапга-ўнгга йиқитиб 10 дақиқа урган, лекин кейин у чарчади ва мен уни ура бошладим".
Чимаевнинг болалиги биринчи ва иккинчи Чечен уруши даврига тўғри келади (Чимаев 1994 йилда туғилган, биринчи Чечен уруши бошланган йил), шу сабабли бу давр унинг оиласи учун қийин бўлган. У бу ҳақда Нейт Диазга қарши муваффақиятсиз жанг олдидан гапирганди: "Уруш пайтида улғайдик. Чеченистонда ҳамма нарса бутунлай бошқача эди. Диаз мактабга борди. Ҳаёти яхши эди, уларда нон бор эди. Аммо бизда бўлмаган".
Чимаевнинг ўзи Швецияда қолиш сабабларидан бири сифатида акасининг операциясини кўрсатган: "Менинг яна бир акам бор, унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бор эди, уни операция қилиш учун шу ерга келишимиз керак бўлган. Унинг орқа қисмида катта гематома бор эди. Кўп қон тўпланган ва операция зарур эди. Биз таваккал қилдик, Швецияга келдик ва шу ерда қолдик".
Шу билан бирга, Чимаев билан жанжаллашиб қолган Абубакар Нурмагомедов унинг ҳаракати ҳақида шундай дейди: "Кўчиб кетиб, ўз Чеченистон Республикаси устидан шикоят ёзиб, ўша ерда камситишяпти, сен яхши яшаш учун Швеция ҳужжатларини олдинг".
"Коммерсант"нинг қайд этишича, иккинчи чечен уруши чеченларнинг Европа мамлакатларига кўчишига таъсир кўрсатган: "Иккинчи Чечен урушидан кейин кўплаб қочқинлар Европа давлатлари томонидан қабул қилинган. Европа Иттифоқидаги расмий қочқин мақоми таълим соҳасида ҳамда тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини беради. Бу эса келажакда, албатта, агар хоҳласа, маҳаллий ҳаётга тўлиқ қўшилиш имконини тақдим этади".
Бунгача Чимаев кўчиб ўтишдан кейинги қийинчиликлар ҳақида гапирди: "Мен Швецияга кўчиб ўтдим ва бизни иммиграция хизматига олиб келишди. Улар бизга хона беришди. Синглим, онам, мен - ҳаммамиз бирга яшардик. Бу қийин эди. Кўплаб одамлар: "Мен геттоданман, у ердан ва у ерданман" дейишади".
Швецияда Чимаевга акаси ёрдам берган - улар фабрикада бирга ишлашган. Фуқаролиги йўқлиги сабабли халқаро турнирларда иштирок этишига рухсат берилмаган
Чимаев Швецияга илк бор 2013 йилда борган (ўшанда у 19 ёшда эди). Хамзатни у ерга аввалроқ кўчиб келган акаси Артур таклиф қилган. "Менга акам ҳомийлик қилди, ёрдам берди, у туфайли мен шу даражадаман", деди Чимаев 2020 йилда UFC'даги дебюти олдидан. Ака-ука музқаймоқ заводида бирга ишлашган. Ишдан кейин кичик Чимаев эркин кураш бўйича машғулотлар учун спорт залига борди ва у жамоада ўзини кўрсата олди. "У Лингчeпинг клуби номидан жанг қилди ва у бу клубда максимал даражада қўллаб-қувватланди - биз мусобақага келганимизда меҳмонхона учун пул тўладик. Яъни, бошқа иштирокчилар залда полда ухлашарди, лекин мен Хамзат билан меҳмонхонада яшардик" дейди Артур Чимаев.
Чимаев эркин кураш бўйича мамлакат чемпионлигини қўлга киритди, аммо фуқаролиги йўқлиги сабабли Швеция терма жамоаси номидан халқаро турнирларда қатнаша олмади. "Бир пайтлар терма жамоа мураббийлари унга Францияда халқаро мусобақалар бўлишини айтишган. Тайёрлана бошлашди, кейин қўнғироқ қилиб, фуқаролиги йўқлиги сабабли лицензия бермасликларини айтишди. Яъни, Швеция чемпионати у учун энг юқори чўққи бўлди", дея тушунтирди Артур Чимаев.
Шундан сўнг Чимаев ММАга ўтди, лекин акаси уни доимий тарзда ишлашга ундарди. Стокгольмга сафаридан сўнг у All Stars клубида Алекс Густафссон ва Реза Мадади билан спарринг қилди - улар Хамзатга кундалик ҳаётда ёрдам беришди. Чимаев Швецияда ҳаваскор сифатида жанг қилди ва профессионал дебютини амалга оширди. UFC'га ўтишдан олдин у қамоқдан чиққан одамларнинг уйларида ва тунги клубларда тартибни сақлайдиган компанияда қўриқчи бўлиб ишлади: "Мен улар ҳеч нарсани бузмасликлари, тартибсизликларга йўл қўймасликлари ва бегона одамларни киритмасликларини назорат қилишим керак. Қамоқдан чиққан йигитларнинг ҳаммаси квартира олгунча шу уйларда яшайди. Қамоқхонага кириб-чиққан инсон учун квартира сотиб олиш унчалик ҳам осон иш эмас. Улар аҳлоқ тузатиш босқичидан ўтишлари керак. Баъзан улар тошбўрон қилишади, бир-бирлари билан жанжаллашишади. Биз уларни тўхтатиб, тартибга солишимиз керак".
Чимаев ўзини тинчликпарвар одам деб атайди. У учун Швеция иккинчи ватан!
Чимаев 10 йилдан ортиқ Швеция билан алоқадор бўлишига қарамай, ўзини россиялик деб ҳисоблайди: "Мени Россия вакили дейишингиз мумкин. Чунки ҳар бир чечен Россия паспорти билан юради. Россиядаги барча миллат вакиллари битта паспорт билан саёҳат қилишади. Айтиш мумкинки, уларнинг ҳаммаси россияликлар.
Мен дунё одамиман. Нега: "у чечен", "у рус" деб ажратишимиз керак. Мендан нега ўша байроқ билан чиқмаслигимни сўрашади. Байроқлар ўзгаради. СССРда битта байроқ бор эди, ҳозир Россияда бошқаси бор. Ҳамма жойда байроқлар ўзгаради, лекин одамлар эмас".
2021 йилдаги бошқа интервьюсида у шундай деган эди: "Биринчидан, мен ўзимни мусулмон ва чечен деб биламан. Лекин Россия менга Швециядан анча яқинроқ. Ахир мен Швецияда атиги етти йил яшадим. Мен ҳеч бир рус Швецияга кетиб ва ўн йилдан кейин ўзини швед деб ҳисоблайди деб ўйламайман. Ватан ҳамиша қалбда. Шу билан бирга, оиламни яхши кутиб олгани учун Швециядан жуда миннатдорман ва бу мамлакатни яхши кўраман".
Чимаев Швецияни иккинчи уй деб билади ва шундан бўлса керак, UFC турнирини Швецияга олиб келмоқчи: "Улар мени яхши кўришади. У ерда спортчи бўлиб етишдим, кўплаб шведлар мени қўллаб-қувватлашмоқда. Ҳозир бир сиёсатчи у ерда (Стокгольмда Қуръонни ёқиб юборган) ҳаром ишларни қиляпти ва барча шведлар мени қўллаб-қувватловчи сўзларни ёзишмоқда".
Хамзатнинг сўзларига кўра, Швецияда одамлар Россияникига қараганда "оддийроқ", кўчадаги жанглар эса камроқ бўлади: "Ҳамма бир хил яшайди, пул олади, ҳеч ким оч қолмайди, ҳаммаси яхши. Бу ерда ўзимни жуда қулай ҳис қиляпман. Масалан, фаррош ва офис менежери иш ҳаққи ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас. Швецияда ҳамма деярли бир хил турмуш даражасида яшайди".
Чимаев оғир-босиқ кўринишига қарамай, бир неча бор кўчада муштлашган. "Бир марта мен кўчада кетаётганимда икки бола менга ўрта бармоқларини кўрсата бошлади. Улар марихуана сотишган, тошбўрон қилинган. Мен яқинлашиб, нега бундай қилишаётганини сўрадим. Бири мени курткамдан ушлаб олди, мен эса уни урдим. Иккинчиси ҳам ҳужум қилди, мен ҳам уриб кетдим. Кейин менинг устимдан полицияга шикоят қилишди, муаммолар бўлди. Яна бир марта, бир йигит менга пичоқ билан ҳужум қилди, мен жавоб бердим. Бу ўз-ўзини ҳимоя қилиш деб ҳисобланган. Швецияда, Россиядаги каби, янги келганлар ҳам бор, яхши ва ёмон одамлар бор. Мен бир йигит билан дўст эдим, у менга бир нечта ёқимсиз сўзларни айтди, мен жавоб бердим. Жанжал бошланди, у пичоқ чиқариб, менга ҳужум қилди. Мен эса уни калтаклашимга тўғри келди".
Артур Чимаев: Бир марта Хамзат Калмарда жангга киришиб, бир йигитни итариб юборди - у йиқилиб, оёғини жароҳатлаб олди: "Суд бўлди, унга кичик жарима (30 ёки 40 минг рубль) ва тахминан 50 соатлик ижтимоий иш беришди".
Чимаев Кадиров билан дўст: фаолиятини давом эттиришига кўндирган Рамзан унга «Меrcedes» совға қилган
Чимаевнинг акаси Артурнинг айтишича, у оиласи билан Чеченистонга қайтган, аммо Стокгольмдаги масжидда Қуръон ёқиб юборилганига қарамай, Хамзат рафиқаси билан Швецияда қолган: "Назаримда, у ҳам бу мамлакатни тарк этишни ўйлайди, аниқ қадамлар қўйилмаган бўлса-да, бу масала кўриб чиқилган. Шунчаки, унинг бутун жамоаси Швецияда. Уларнинг ҳаммаси мусулмон эмас, лекин қарашлари бир хил".
BORZ Швецияда қолмоқда, бироқ Чеченистон раҳбари Рамзан Кадиров билан яхши муносабатда. Яқинда Экспрессенга берган интервьюсида ундан Кадиров билан муносабатлари ҳақида сўралган: "У Юртимнинг (Чеченистон) президенти ва уни ҳурмат қиламан. У мени кечки овқатга чақирса, бажонидил бораман. Агар АҚШда бўлсам ҳам президент мени таклиф қилса, бориб у билан тушлик қиламан. Кадиров ҳақида менинг фикрим қандай? Мен спортчиман".
Вақти-вақти билан Чимаев Чеченистонга келади ва Кадиров билан учрашади. Чеченистон раҳбари унга Меrcedes GLE 450 русумли автомашина совға қилган ва Чимаев белгиланган вазнни бажара олмаганда, Нейт Диазга қарши жангга таъсир ўтказмоқчи бўлган: "Рамзан Ахматович менга қўнғироқ қилиб, Нейтга қарши жангга рози бўлиши учун 2 миллион доллар беришини айтди. Мен Диазга айтдим, лекин у барибир рад этди".
Чимаев коронавирусга чалинганидан сўнг фаолиятини якунламоқчи бўлганида Кадиров унга тўхтатмаслиги кераклигини тушунтирган. "Мен унга бутун чечен халқи бу хабардан хафа эканлигини айтдим. Барча ёшларимиз унинг ғалабасидан умидлари катта эканлигини, у кимларни руҳлантираётганини, Россия ва дунёдаги миллионлаб мухлисларини эслатдим!", – деди Кадиров. Шундан сўнг Хамзат Чеченистонга учиб кетди, ўша ерда реабилитациядан ўтди ва машғулотларни бошлади. Кейинчалик жангга қайтди.
Шунингдек, Хамзат Чимаев ҳам Кадиров олдидаги қарзини узиб қўйди. У Чеченистон раҳбарининг ўғли Эли билан бирга машғулот ўтказди, у 2022 йил декабрь ойида (16 ёшида!) профессионал ММАда дебют қилган. Чимаев унга секундантлик қилди, Абу-Дабида тайёрланди ва ғалабадан кейин Элини камтарин деб атади.
UFC 294 турнирида эса Кадировнинг ўғли Хамзатнинг бурчагида эди.
Хориж нашрлари асосида Сарвиноз Раҳмонқулова таржимаси
Фикрлар