UZ

Сўнгги янгиликлар

21:36Эртага 4 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида рингга кўтарилади (рўйхат) 0 21:14Элит ОЧЛ. ​Остон Ўрунов гол урган баҳсда "Персеполис" камбэк намойиш этди 0 20:51Ўзбекистон томони Осиё Олимпия кенгашидан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини бир йилга кечиктиришни сўрагани маълум бўлди 0 19:02Алжемейн Стерлинг: "Фаолиятимни UFC чемпиони сифатида якунлашни истайман" 0 18:39Арман Царукян: "Умид қиламанки, UFC 310дан сўнг буни эълон қилишади" 0 18:18"Реал" Асенсиога шартнома таклиф қилади 0 17:55Фьюри Усик билан реваншда неча кг вазн билан чиқиши айтилди 0 17:33Отабек Умаров бошчилигида боксчиларимизнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги кўриб чиқилди 0 17:20Пара Осиё ўйинлари-2025 ҳам Тошкентда ўтказилмайди 0 17:10Макгрегорнинг рафиқаси эрининг зўрлашда айбланганига қандай муносабат билдирди? 0 16:48Осиё Олимпия кенгаши ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги нима сабабдан Тошкентдан олинганига изоҳ берди 0 16:48Муҳаммад Салоҳ Рунига етиб олди 0 16:25"Чемпион бўлганимдан сўнг Оливейрага реванш бераман" - Царукян 0 16:02Мадримов нокаутга учратган Магомед Курбанов Тим Цзюни жангга чорлади 0 15:39UFC собиқ чемпионининг навбатдаги жанги санаси ва манзили маълум бўлди 0

08 июл 12:52
Янгиликлар

Бокс/ММА, Токио-2020, Қизиқарли!

Ўзбекистон Токио Олимпиадасида қайси йўналишларда медаллар учун даъвогарлик қила олади? (таҳлил)

23 июль куни Токио шаҳрида навбатдаги Олимпия ўйинлари бошланади.

8 июль кунги маълумотга кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақада 63 та лицензия билан 15 та йўналиш бўйича иштирок этади. Спортчи сони бўйича эса 74 та лицензия. Балки бу якуний рўйхат бўлмаслиги мумкин, баъзи йўналишларда 2-3 та лицензия қўшилиши мумкин. Ёки аксинча. Бу борада Миллий олимпия қўмитасининг расмий маълумоти кутилмоқда. 

Olamsport.com сайти маълумотига кўра, Ўзбекистон Олимпиадада қуйидаги 15 та йўналишда медаллар учун кураш олиб боради. Таққослаш учун, 2016 йилги Олимпиадада 13 та спорт турида 70 нафар спортчи билан иштирок этгандик.

Бу йил эса қуйидаги спорт турларида лицензияларимиз бор:

Енгил атлетика

Бокс

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш

Академик эшкак эшиш

Велоспорт

Қиличбозлик

Гимнастика

Дзюдо

Замонавий бешкураш

Ўқ отиш

Сузиш

Таэквондо

Теннис

Оғир атлетика

Спорт курашлари.

Умуман олганда, Ўзбекистонда одатдагидек яккакураш спорт турларида медаллар кутилмоқда. Баъзи спорт турларида эса лицензия қўлга киритганимизнинг ўзи катта гап. 

Кунчиқар юрт мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларида асосий умид бокс, спорт курашлари, дзюдо каби спорт турларидандир. Ушбу қаторга оғир атлетика, таэквондо ва Ольга Забелинскаяси бор велоспортчиларимизни киритишимиз мумкин. Шунингдек, байларка ва каноэда эшкак эшиш йўналишида ҳам нималарнидир кутишимиз мумкин. 

Юқоридаги спорт турларидан келиб чиқиб, кетма-кетликда ўзбек спортчиларининг иштирокини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Енгил атлетика. Биздаги маълумотларга кўра, айни пайтда ушбу спорт туридан 7 та лицензиямиз бор. Агар енгил атлетикада қайсидир спортчини медаль учун даъвогарлар қаторига қўшиш керак бўлса, бу баландликка сакраш бўйича баҳсларда қатнашадиган Светлана Радзивилдир. Осиё ўйинларининг уч карра чемпиони учун бу учинчи Олимпиададир. Аммо ушбу йўналишда Украина, Болгария ва Хорватия терма жамоалари спортчилари етакчи ҳисобланади. Кўп жиҳатдан Светанинг Олимпиададаги натижаси юқоридаги спортчиларнинг иштирокига боғлиқ бўлиб қолади. Шунингдек Сафина Садуллаева ҳам ушбу йўналишда кураш олиб боради. Яна бир тажрибали спортчимиз Надия Дусанова 1.96 м нормативни бажара олмаган ва афсуски лицензияга эга чиқа олмади. 


Бокс. Шубҳасиз, энг кўп медаль кутилаётган спорт тури. "Ўзбек йўлбарслари" Токиога фаворит сифатида ташриф буюришади. Тўғри, натижа Риодагидек бўлиши жуда-жуда қийин. Чунки, 2016 йилги Олимпиадада эркаклар ўртасида баҳслар 10 та вазн тоифасида ўтказилган бўлса, бу сафар 8 вазнда эркаклар медаллар учун кураш олиб боришади. Чарм қўлқоп усталаримизнинг 5 нафари медаль учун даъвогар. Буларнинг камида иккитаси эса олтин бўлиши шарт. Қизларимиз учун эса ушбу Олимпиада катта тажриба вазифасини бажаради. 


Эшкак эшиш. Осиё миқёсида ушбу спорт турида бир вақтлар етакчилардан ҳисобланардик. Аммо бугунги кунга келиб ушбу пешқадамлик бой бериб қўйилган назаримизда. Аёллар ўртасида 500 метрга каноэда эшкак эшиш йўналишида Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова тандемидан умид қиламиз. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, уларда яккалик йўналишда ҳам баҳсларда қатнашиш имконияти бор. "Академик" Шахбоз Холмурзаев учун эса бу иккинчи Олимпиада бўлади ва мусобақа якунланганидан сўнг унга нисбатан "бу катта тажриба мактаби бўлди" деган гаплар тўғри келмайди. 


Велоспорт. Иккита лицензиямиз бор. Ўзбекистон велоспорт федерацияси 2018 йилда Олимпия ўйинларининг уч карра совриндорини маҳаллийлаштирди. Энди Забелинская Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бунгача у 2012 йилда иккита бронза, 2016 йилда эса кумуш медални қўлга киритган. Умид қиламизки, велоспортчи ўзига билдирилаётган оқлайди ва ўзбек велоспорти тарихида илк маротаба Олимпия медалини қўлга киритади. Шоссе йўналишида қатнашадиган яна бир ҳамюртимиз Муроджон Холмуродовга ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз. 39 ёшли велоспортчимиз Жакартадаги Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритганди. Ажаб эмаски, у Токиода сенсацияни амалга оширса.


Қиличбозлик. Ҳозирча ушбу йўналишда учта лицензия қўлга киритганимиз учун хурсандмиз. Қиличбозларимиздан Зайнаб Дайибекова, Шерзод Мамутов ва Малика Ҳакимова Токиода медаллар учун ҳаракат қилиб кўришади. Цикл давомида терма жамоамизга легионерлар ҳам жалб этилди. Лицензион мусобақада ҳам айнан легионерларга ишонч билдирилса керак деб ўйлагандик. Аммо, ҳайриятки, якунда рақобат энг катта бўлган аёллар сабля йўналишида лицензион турнир учун ҳам саралаш мусобақаси ташкил этилди. Унда ўзимизнинг қоракўз - Зайнаб Дайибекова Паола Плиего, Яна Обвинцева каби номдор рақибаларидан устун келди ва квалификацион турнирда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Тошкент мезбонлик қилган лицензион турнирда эса Дайибекова ўзига билдирилган ишончни оқлаб, Токио Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқди. Қиличбозлик йўналишида Жанубий Корея, Россия, Япония, Италия мамлакатлари етакчи ҳисобланади. Бунгача Ўзбекистон учта қиличбоз билан Олимпиадада қатнашмаган. Бу борада натижамиз яхшиланди. Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик қиличбознинг шоҳсупага кўтарилиши эса, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз. 


Гимнастика. Олимпиадалар кетма-кетлиги бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, гимнастикада натижаларимиз йилдан-йилган яхшиланмоқда. Аммо ҳозирча медаль борасида бундай дея олмаймиз. Ушбу цикл давомида бадиий гимнастикачи қизларимиз гуруҳ йўналишида россиялик мураббий қўл остида тайёргарлик кўришди. Яккалик баҳсларида эса Сабина Ташкенбаевага мухлислик қиламиз. Спорт гимнастикасида афсонавий Оксана Чусовитина сўнгги маротаба Олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Спорт гимнастикасида Расулжон Абдураҳимовнинг имкониятларини ҳозирча билмаймиз. Агар медаль олинадиган бўлса, бу ҳам спортимиз тарихида янги саҳифа очилишига сабаб бўлади. 


Дзюдо. Олимпиаданинг дастлабки кунлариданоқ айнан дзюдочиларимизнинг иштирокини диққат билан кузатамиз. Чунки, бу бизга медаль тақдим этадиган спорт турларидан бири. Ўзбекистон полвонлар юрти эканлигини инобатга олсак, дзюдо бўйича сўнгги нуфузли мусобақалар биз учун нисбатан муваффақиятсиз десак бўлади. Ишонамизки, Илиадис бошчилигидаги Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси ўз "карта"ларини Олимпиада учун асраб қўйган. Яна бир яхши хабар шуки, дзюдочиларимиз илк маротаба жамоавий беллашувларда ҳам Олимпиада лицензиясини қўлга киритишган. Аммо бу мақтаниш учун ҳозирча арзирли сабаб эмас. Биз дзюдочилардан камида учта медаль кутамиз. Медаль пробалари эса бир-бирига ўхшаб қолмаслиги керак :)


Замонавий бешкураш. Илк маротаба ушбу спорт турида Олимпиадада қатнашамиз. Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ҳам ушбу циклда ташкилий томонлама фаол бўлди. Терма жамоамизга спортчилар жалб этилди. Аммо уларнинг имкониятлари ҳозирча у қадар маълум эмас. Шунинг учун бу борада бирор-бир тахмин билдиришдан узоқмиз. 


Ўқ отиш. Мерганлар мусобақасида Мухтасар Тохирова Токиода юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Ўқ отиш бўйича Олимпия ўйинларида 15 та медаллар жамланмаси ўйналади. Мазкур йўналишда Италия, Германия, Хитой мамлакатлари етакчи ҳисобланишади. Тохирова Олимпиадада икки йўналишда медаль учун курашади. Токиода спортчимизга ҳам фақат ва фақат омад тилаймиз. 


Сузиш. Ушбу пунктда кўп муҳокама шарт эмас. "Муҳими ғалаба эмас, иштирок этиш" шиори айнан сузувчиларимизга тўғри келади. Ушбу фикрлар учун сузувчиларимиз бизни уялтириб қўйишса, фақат хурсанд бўламиз. 


Таэквондо. Мазкур йўналишда максимал - 4 та лицензия қўлга киритилди. Бунақаси ҳозирча ўзбек спортида бўлмаганди. Тан олиш лозим, таэквондочиларимиздан 4 та лицензия кутмагандик. Олимпиадада эса қийин бўлади. Бунгача ушбу спорт турида умуман медаль қўлга киритмаганмиз. Балки бу сафарги Олимпия ўйинларида ушбу ноҳуш анъанага барҳам берилар. Олимпиада олдидан қизларимиз Светлана Осипова ва Нигора Турсунқулованинг имкониятлари медаль учун яхшироқ кўринмоқда. Никита Рафалович ва ёш Улуғбек Рашитовда рақобат жуда катта. 


Теннис. Денис Истомин 2018 йилги Осиё ўйинларидаги ғолиблик эвазига Олимпиада лицензиясини қўлга киритганди. Олимпия ўйинларида медаль қўлга киритиш осон эмас. Маълумот учун, жаҳоннинг биринчи ракеткаси Новак Жокович бунгача фақатгина бир маротаба Олимпия ўйинларида совриндор бўлган (2008 йил, бронза). Теннисдаги ягона лицензиантимиз Денис Истомин эса ҳозирда жаҳон рейтингида 188-ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳам шунчаки маълумот. 


Оғир атлетика. Токиога 4 нафар спортчимиз боради. Риода эса 5 нафар спортчи билан баҳсларда қатнашганмиз. Руслан Нурудиновнинг олтин медали ҳали ёдингиздан чиқмаган бўлса керак? Айнан унинг муваффақияти, шунингдек атлетларимизнинг халқаро ареналардаги муваффақиятлари эвазига оғир атлетикачиларимизни Ўзбекистонга медаль тақдим этувчи спорт турлари қаторига киритишимиз мумкин. Умуман олганда оғир вазнли Акбар Жўраевнинг имкониятлари ёмон эмас. Шунингдек Адҳам Эргашевдан ҳам кучли учликка киришни кутиб қоламиз. Қизларимиз Муаттар Набиева ва Кумушхон Файзуллаева ҳам баҳсларга жиддий ҳозирлик кўришмоқда.


Спорт курашлари. Яна бир ишонган спорт турларимиздан бири. Эркин ва юнон-рум курашчиларимиз 12 та имкониятдан 8 та вазн тоифасида лицензия қўлга киритишган. Аёллар курашида эса ҳозирча барчаси олдинда. Эркин курашчиларимиздан Бекзод Абдураҳмонов ва Магомед Ибрагимовга ишонамиз. "Классик" курашчиларимиз сафида эса Елмурат Тасмурадов, Рустам Ассакалов, Жалгасбай Бердимурадов, Мўминжон Абдуллаев каби номлар бор. Ушбу йўналишда ҳам камида учта медаль кутишга ҳақлимиз. Бу борада қуръага ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади.  

Тугади. 

Эслатиб ўтамиз, Токио Олимпиадаси 23 июль куни бошланади. Баҳсларнинг асосий қисми "Спорт ТВ" телеканали орқали намойиш этилади.


Азиз Тўхтамуродов тайёрлади


Рейтинг:    

Фикрлар

   
09 июл 22:43:44
Odilbek Xakimov
Olimpiada medallini olganga pul mukofotlariyam tayyor ekan gazini bosila olga uzbegim
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг