UZ

Сўнгги янгиликлар

18:41Асу Алмабаев Рамазон Темировга қарши эҳтимолий жанг ҳақида гапирди 0 18:20ПСЖ 300 миллион долларлик янги машғулот марказини очди 0 17:58"Фьюри реваншда Усикни мағлуб этади" - собиқ чемпион 0 17:34Фигерейду Ян билан жанги учун ўз тахминини айтди 0 17:07Жейк Пол нима учун Тайсон билан жанги ўзига ёқмаганини айтди 0 16:41"Манчестер Сити" Холандга янги шартнома таклиф қилмоқчи 0 16:20Шахмат ва парашахмат бўйича “ҳоким кубоги” 0 15:59Россиялик блогер Баҳодир Жалоловнинг навбатдаги рақиби ҳақида: "Мешок"ларнинг камдан-кам учрайдигани рақиб қилиб олинди" 0 15:38Волейболчи талаба-қизлар ғолиблик учун беллашди 0 15:17Хакими ПСЖ билан шартномасини узайтирди 0 14:56Муҳаммад Мокаевнинг Brave CF'даги илк рақиби маълум 0 14:35Ҳасанбой Дўсматов Лос-Анжелес-2028даги иштироки ҳақида: "Бир нарса дейиш қийин" 0 14:14Қозоғистон терма жамоасининг Осиё чемпионати учун таркиби эълон қилинди 0 13:53Суперлига. Чемпион Фарғонада меҳмон! 0 13:32Ҳамюртимиз ONE FC турнирининг марказий жангида иштирок этади (+тўлиқ кард) 0

29 ноя 15:43
Янгиликлар

Оғир атлетика

Шаҳрулло Маҳмудов: “Жаҳон чемпионатида атлетларимиз ўзларини кўрсатишлари учун бор кучимизни ишга соламиз”

Маълумки, 7 декабрь куни пойтахтимизда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бошланади. Ушбу нуфузли турнир мамлакатимизда илк бор ўтказилмоқда.

Бунгача йирик турнирлар фақат ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилар эди. Энди пойтахтимиз катталар ўртасидаги дунё биринчилиги иштирокчиларини қабул қилади. Бу борада Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов билан суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум, Шаҳрилло Шарипович. Иш жадвалингиз тиғизлигига қарамай, интервьюга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Бу муҳим мусобақани Тошкентда ўтказиш тўғрисида қарор қачон қабул қилинган?

– Ҳақиқатан ҳам, юртимиз узоқ йиллардан буён оғир атлетика бўйича энг нуфузли халқаро турнирларга мезбонлик қилиб келмоқда. Бу ерда ёшлар ўртасида жаҳон ва катталар ўртасида Осиё чемпионатлари ташкил этилди. Аммо катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати Ўзбекистонда илк бор ўтказилади. Аввалроқ 2021 йилги жаҳон чемпионати Лимада ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо шу йилнинг август ойи охири, сентябрь ойи бошида турнир Тошкентда кўчирилиши маълум бўлди. Бунга Перудаги пандемия ва карантин чоралари сабаб бўлди. Мусобақа баҳонасида 20-21 декабрь кунлари Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF)нинг Конгресси ҳам пойтахтимизда бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли тадбирни ўтказиш Ҳукуматимиз билан келишилган ва уни энг юқори савияда ўтказишимизга ишонаман.

–  Ташкилий жиҳатларга келсак, нималарга эътибор қаратилмоқда?

– Жаҳон чемпионати Туризм ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилади. Бугунги кунда ушбу тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда, чунки биз уни энг юқори ташкилий даражада ўтказишимиз керак. Биз ҳар бир мамлакат иштирокчиси, ҳар бир меҳмоннинг мусобақадан яхши таассурот билан ортга қайтиши учун ҳаракат қиламиз.

 Миллий терма жамоамизнинг тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмизки, спортчиларимиз ҳамюртларимиз кўз ўнгида жаҳон рекордларини ўрнатишсин. Ушбу мусобақаларда дунёнинг 90 дан ортиқ давлатидан 600 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

 Албатта, бундай катта спорт байрамининг барча иштирокчиларини бир жойга тўплаш осон эмас. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан спортни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ва улкан эътибор ёрдам бермоқда. Хавфсизлик ва географик жойлашув нуқтаи назаридан бемалол айта оламанки, Тошкент энг нуфузли халқаро мусобақалар ўтказиладиган марказга айланди. Пойтахтда спортнинг бошқа турлари бўйича йирик стартлар доимий равишда ташкил этилмоқда. Бугун эса, жаҳон ҳамжамияти Тошкентни спорт пойтахти сифатида тан олади. Бу жуда далда берувчи ҳолат.

–  Мусобақада иштирок этадиган жамоамиз таркиби ҳақида тўхталсангиз . . .

–  Бугун жамоа таркиби шаклланиб улгурди. Чемпионатда эркаклар ва аёллар ўртасида тўлиқ таркиб билан иштирок этамиз. Жаҳон чемпионатида мезбон сифатида иштирок этишимиз боис кўпроқ спортчиларни қайдномага киритиш имконига эгамиз. Бу эса, ёшларимизга ўзларини ҳар томонлама кўрсатишлари учун яхши имкониятдир.

–  Мухлис ва мутахассислар қайси спортчиларимиздан юқори натижа кутишмоқда?

–  Албатта, турнир фаворитлари Олимпия чемпионлари – Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраевдан кўпроқ натижа кутяпмиз. Қолаверса, Достон Ёқубов ва Адҳам Эргашевнинг ҳам муносиб иштирок этишига умид бор. Шунингдек, ўзимиздаги мусобақаларда ўз салоҳиятини намоён этаётган умидли ёшлар – Муҳаммадқодир Тоштемиров, Сарвар Зафаржоновни ҳам унутмаслик керак. Улар мана шундай нуфузли мусобақаларда ўзини кўрсатиш учун яхши имкониятга эга бўлган янги юлдузлардир.

– Жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг сўнгги босқичи қачонгача давом этади?

–  Ўқув-машғулот йиғинлари 5 декабрга қадар ўтказилади. Тайёргарликнинг сўнгги босқичини хорижда ўтказишга қарор қилдик. Ҳозир спортчиларимиз Украинада. Токио-2020 Олимпия ўйинларидан сўнг атлетларимиз Чирчиқдаги спорт базасида бўлиб, августдан октябргача тайёргарлик кўришди. Маҳаллий йиғинда спортчиларнинг психологик чарчоқлари сезиларли эди, шунинг учун биз уларни халқаро йиғинга юборишга қарор қилдик. Шуни унутмангки, спортчи учун қанчалик дабдабали шароитлар яратилмасин, чет элга чиқиб, хорижлик атлетлар билан тажриба алмашмаса, яхши натижа кўрсата олмайди, ўсиш бўлмайди.

–  Йиғинларда айнан нимага кўпроқ эътибор берилмоқда?

–  Даставвал, жисмоний жиҳатдан тикланиш жараёнига, бошланғич тайёргарликка эътибор қаратдик. Биринчи босқичда биз одатий классик тайёргарлик услубидан воз кечдик, яъни спортчиларга  катта юкламалар бермадик. Боиси Олимпия ўйинларидан сўнг спортчилар энг аввало жисмоний ва функционал жиҳатдан тикланиб олишлари зарур эди. Чунки инсон танаси машина эмас, у ҳам дам олиши керак. Ва бу босқичда спортчиларнинг шахсий хусусиятларини, руҳий ҳолатини, машғулот фаолиятини муваффақиятли бажариш, мусобақаларга ҳозирлик кўриш учун зарур бўлган фазилатларни шакллантириш ва психологик тайёргарликка катта эътибор беришга қарор қилдик.

Шунингдек, биз машғулотлар жадвалига тананинг алоҳида қисмлари учун қўшимча машқларни қўшдик. Масалан, сузиш ёрдамида ўпкани кенгайтириш, турли жамоавий ўйинлар орқали коллектив фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга интилдик. Бу сентябрь ва октябрь ойларида эди. Ноябрда эса, классик машғулотларга ўтдик. Умид қиламизки, илк жаҳон чемпионатимизда спортчиларимиз муносиб иштирок этиб, уларнинг ғалабалари шарафига мадҳиямиз бир неча бор янграйди.

–  Ушбу мусобақанинг маҳаллий мураббийлар ва ёш полвонларимиз учун аҳамияти катта бўлса керак?

– Бундай муҳим мусобақанинг Тошкентда ўтказилиши икки карра ёқимли. Шу билан бирга, зиммамизга улкан масъулият юклайди. «Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради» деган гап бор. Мен бунинг аксини айтган бўлардим. Чунки ўз ватанида иштирок этаётган спортчилар катта масъулиятни ҳис қилишади ва шунинг учун ҳам кўпроқ ташвишга тушишади. Бу ҳолат эса, аксинча, масъулиятли чемпионатда ўзини кўрсатишига тўсқинлик қилиши мумкин. Лекин биз мутахассислар буни ҳисобга олиб, уларни маънавий ва руҳий қўллаб-қувватлашимиз керак. Спортчиларимиз аввалги халқаро мусобақалардагидек мардонавор ва шижоат билан ўзларини кўрсатишлари учун бор кучимизни ишга соламиз.

РОЗК тарбияланувчилари, оғир атлетика билан доимий шуғулланувчилар ва бошқа таълим муассасаларидагилар бизга ташкилий жиҳатдан катта ёрдам беришади. Шунингдек, улар ўз уйимизда ўтадиган шундай мусобақада жаҳон юлдузларини кўриб, мотивация олишади.

–  Бу йилги мавсумни қандай таърифлаган бўлар эдингиз?

– Бу мавсум оғир атлетикамиз учун муваффақиятли бўлди, десам хато қилмайман. Бу йил воқеаларга бой бўлди. Токиодаги Олимпия ўйинлари олдидан мамлакатимизда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда терма жамоамиз умумий таснифда сайёрамизнинг кучли уч мамлакати қаторига кирди. Тўрт йилликнинг асосий стартида Акбар Жўраев Олимпия чемпиони бўлишдан ташқари Олимпия рекордини ҳам ўрнатди. Муаттар Набиева ҳам рекорд ўрнатиб, 4-ўринни, Адҳам Эргашев ҳамда Кумушхон Файзуллаева 6-поғонани банд этди. Бу спортчиларнинг барчаси медаллар учун курашди, бу жуда катта ютуқ. Улар шундай муносиб рақобат кўрсатганини инобатга олсак, Париж-2024 Олимпиадасига ўзларининг энг юқори спорт формасида боришларига ишонамиз. Биз шундай бўлишига ҳаракат қиламиз.

Октябрь ойида Саудия Арабистонида ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда спортчиларимиз кучли учликдан жой олганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Эришилган бу натижалар авлодлар алмашинувига қанчалик эътибор қаратаётганимизни яна бир карра кўрсатиб турибди. Чунки 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида жаҳонда учинчи ўринда бораётган спортчиларимизнинг бундай натижаси бизни қувонтиради. Бу, ўз навбатида, асосий жамоамиз учун муносиб захира ўсиб бораётганидан далолат беради.

–  Янги 2022 йилда терма жамоамизни нималар кутмоқда?

–  2022 йилда бизни энг нуфузли турнирлардан бири – сентябрь ойида Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари кутмоқда. Айтишимиз мумкинки, бу иккинчи Олимпиада. Ушбу мусобақаларда оғир атлетикачиларга осон бўлмайди. Чунки ушбу спортда бизнинг қитъамиз жаҳонда етакчи. Буни Осиё давлатларининг Токио-2020даги ютуқлари ҳам кўрсатади. 14 та олтиндан 12 тасини қитъамиз вакиллари олиб кетишди. Албатта, спортчиларимиз янги йилнинг ушбу нуфузли стартларига пухта ҳозирлик кўрмоқда. Бизга ишонган ва қўллаб-қувватлаганларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

–  Қизиқарли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Келгуси Олимпия циклида ҳам омад ва муваффақиятлар тилаймиз!

–  Раҳмат. Биз ҳам ўз навбатида, сизга энг яхши тилакларимизни билдирамиз.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг