29 июл 12:50
Янгиликлар
Шерали Носиров Олимпиада йўлланмасига имкониятлар, ўзбек қиличбозлик мактаби ва бошқалар ҳақида
-Шерали ака, интервьюни анъанавий савол билан бошлаймиз. Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг? Неча ёшдан қиличбозлик билан шуғулланишни бошлагансиз? Қизиқишга нима сабаб бўлган?
-Қиличбозлик билан шуғулланишни 8 ёшда бошлаганман. Болалигимда отам менга баҳодирлар, рицарлар ҳақида эртаклар айтиб берардилар. Ушбу эртакларда улар қиличда душманга қарши курашардилар. Шундан сўнг қилич ушлаган одам мен учун идеал образга айланган. Мактабда иккинчи синфда ўқиётганимда синфимизга қиличбозлик бўйича мураббий Борис Сергеевич кириб келгандилар. Шундан сўнг мен қиличбозлик билан шуғулланишни бошлагандим. Ўз вақтида енгил атлетика ва бокс билан ҳам шуғуллангандим. Лекин, вақт ўтганидан сўнг қиличбозлик менинг спортим эканлигини тушундим. 1998 йилда мен бир неча маротаба Республика миқёсидаги турнирларда ғолибликни қўлга киритдим ва Олимпия захиралари билим юртига (ҳозирги Олимпия захиралари спорт коллежи) ўқишга кирдим. Ундан сўнг, 2007 йилда Жисмоний тарбия институтини тамомладим. Мураббийлик фаолиятимни эса 2004 йилда Республика Олимпия захиралари спорт коллежида бошлаганман. 2015 йилдан бери Чирчиқ Олимпия захиралари спорт коллежида фаолият олиб бормоқдаман.
-Ўзбек қиличбозлик мактаби ҳақида нималар гапириб бера оласиз?
-Ўзбек қиличбозлик мактаби Собиқ иттифоқ пайтидан бери кучли ҳисобланади. Собиқ иттифоқ мамлакатлари ўртасидаги спартакиадада ҳам кўплаб ютуқлар қўлга киритиларди. (У пайтда ғалаба қозониш жуда қийин эди). Ўзбек мактаби доимо истеъдодларга бой ҳисобланади.
- Нуфузли турнирларда совридор бўлган Ўзбекистон қиличбозлик мактаби тарбияланувчилари ҳақида нималар айтиб бера оласиз?
- Биринчи навбатда, Собир Рузиев! У 5 карра дунё кубоги совриндори
ва Олимпиада кумуш медали соҳиби ҳисобланади. Колаверса, Валерий
Захаревич 1992 йилги Олимпиада бронза медали соҳиби ҳисобланади. Бундан
ташқари якинда уларнинг сафига кўшилган Олег Соколов Эстонияда бўлиб
ўтган Жаҳон кубоги чемпиони бўлди.
Шахсан ўзимни шогирдларим ҳақида гапирадиган бўлсам, Джеенбаев Саид ва
Хамитов Гайратлар икки карра Осие кумуш медали соҳибига айланганлар.
- Ўзбекистонда яқин орада яна қачон ва қандай турнир бўлиб ўтади?
- Яқин орада Республика миқёсидаги турнир 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлади. Ушбу турнир сентябрь ойида бўлиб ўтади.
- Қиличбозларимиз олдида турган навбатдаги халқаро турнир қайси?
-Яқин орада саблячи кадетларимиз Япониядаги турнирда қатнашишади. Шпага ва рапирачиларимиз Гонконгда бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этишади.
- Сизнинг фикрингизча Ўзбекистонда қайси вилоят қиличбозлари етакчи ҳисобланади?
- Таъкидлаб ўтишим лозимки, сўнгги йилларда вилоятларда ҳам қиличбозлик спорт тури яхшигина ўсишга эришди. Авваллари фақат Тошкент ва Андижон вилоятлари етакчи ҳисобланган бўлсалар, бугунги кунда Бухоро, Нукус ва Тошкент вилояти қиличбозлари ҳам ўз сўзларини айтишга муваффақ бўлмоқдалар.
- Қиличбозлик спорт турини ривожлантириш борасида айни пайтда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Бугунги кунда қиличбозлик федерацияси томонидан кўп ишлар қилинди.
Улар вилоятларга ва мураббийларга спорт инвентарлари ажратиб беришди.
Турли ёш тоифаларидаги мусобақалар федерация тақвимидаги турнирлар
режасидан ўрин олди. Ушбу турнирлар жаҳон стандартларига тўғри келади.
Бу борада албатта яхши томонга ўзгаришлар сезилмоқда.
- Айни пайтда Чирчиқдаги Олимпия захиралари спорт коллежида
ёш спортчиларга қиличбозликнинг сир-асрорларидан сабоқ бериб
келмоқдасиз. Мураббийлик фаоляти қандай кечмоқда?
- Коллежда мураббийлардан фақат мен фаолият олиб бормоқдаман. У ерда яна янги мураббий учун ўрин ташкил қилинса ажойиб бўларди. Чунки, бир кишига барча нарса оғирлик қилади. Умид қиламанки, яқинда барчаси яхши томонга ўзгаради.
- Шерали ака, Сизни қиличбозлик соҳасида яхши таҳлилчи
сифатида биламиз. Айтингчи, 2018 йилда Аргентинада бўлиб ўтадиган
ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада иштирок этиш учун йўлланма оладиган
шогирдларингиз қаторида кимларни кўрсата оласиз? Умуман, Республикамизда
ушбу катта турнирда қатнашиш учун йўлланмани қўлга кирита оладиган
номзодлар борми? Уларнинг имкониятлари қандай?
- Жуда яхши савол. Лицензия қандай қўлга киритилади? Келинг, шу ҳақида гапириб берсам. Олимпиада ўйинларида 12-16 нафар спортчи иштирок этади. Бу дегани хар бир қурол турида хар бир қитъадан 3-4 нафардан 2001-2003 йилда туғилган спортчилар қатнашади. Бугунги кунда шогирдим Душанбоев Жалолиддин ушбу ўйинларга лицензияни қўлга киритиш учун номзодлардан бири ҳисобланади. У бир неча йилдан бери Осиё Чемпионатларида иштирок этади. Бу йил илк маротаба жаҳон чемпионатида қатнашди. Янги тузилган Осиё кадетлар рейтингига кўра Жалолиддин лицензияли ўринлар учун тўртинчи ўринда қайд этилган.
Саблячи қизлардан эса Дайибекова Зайнаб (Қорақалпоғистон) 3-ўринни, Исмоилова Севинч 4-ўринни эгаллаб, Аргентина Олимпиадасига йўлланма берувчи ўринлар учун курашмоқдалар. Кўриб турганингиздек Олимпиада йўлланмасига эга бўлиш учун имкониятлар етарли. Бу албатта таҳлил натижалари. Лекин, барчаси 2018 йилги ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳал бўлади. Унгача эса биз рақибларимизни ўрганган ҳолда, барча таҳлилларни амалга оширишимиз лозим. Ҳозирги ҳолат сақланиб қоладиган бўлса Олимпиадага камида битта лицензиямиз нақд бўлади. Жалолиддин эса жаҳон чемпионатида рейтингини яхшилаб олса, йўлланмаларимиз сони иккитага етади.
- Муваффақиятларимиз нимага боғлиқ?
- Муваффақият тайёргарликка, мураббийларнинг услубига боғлиқ. Шунингдек, спортчининг халқаро мусобақадаги тажрибасига ҳам кўп нарса боғлиқ. Асосийси, Олимпиадагача натижаларни ушлаб қолиш ва яхшилаб қолиш керак. Албатта, спортда барча нарса бўлиши мумкин. Биз албатта ватанимиз учун қўлдан келган барча ишни амалга оширишга ҳаракат қиламиз!
Фикрлар