UZ

Сўнгги янгиликлар

16:37Промоутер Дмитрий Биволнинг катта жангда рингга қайтишига ваъда берди 0 16:16Қурол билан таҳдид қилинган АПЛ футболчиси кимлиги маълум бўлди 0 15:55Шин рейтингда ўзидан 1118 поғона қуйидаги теннисчига ютқазиб қўйишига бир баҳя қолди 0 15:34Дана Уайт барча фирибгарларни қамоқхона кутаётганини айтди 0 15:13Царукян Топурия ҳақида: "Унга Ислам ёки мен билан жанг керак" 0 14:52U-17 Жаҳон чемпионати олдидан. Ислом Исмоилов: "Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб келдик" 0 14:31Баҳодир Жалолов бўлажак жанги ҳақида: "Барчасини ринг кўрсатади" 0 14:10Мэнни Пакьяо: "Хабиб - намуна! Конорни уриб қўяверардим" 0 13:49Самбо. Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионати учун таркиби маълум 0 13:28Футзал бўйича Осиё кубогига қуръа ташланди. Ўзбекистон Япония ва Австралия билан бир гуруҳда! 0 13:07Икки дзюдочимиз фахрийлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилди 0 12:46UFC рейтинги янгиланди: Гарсия Топ-10, Дюмонт Топ-3`да 0 12:25"Умид қиламан, Жек Исламни мағлуб этади". Пимблетт — Делла Маддалена ва Махачев жанги ҳақида фикр билдирди 0 12:04Роналду ўғлига 300 минг долларлик автомобиль совға қилди + ФОТО 0 11:43Шахматчиларимиз Жаҳон кубогининг иккинчи босқич биринчи турида қандай натижа қайд этишди? 0

05 ноя 14:52
Янгиликлар

Футбол

U-17 Жаҳон чемпионати олдидан. Ислом Исмоилов: "Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб келдик"

Бугун Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Қатарда старт олган U-17 Жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлайди.

Бугун Тошкент вақти билан соат 18:00да Ўзбекистон - Парагвай учрашуви бошланади. Айтиш мумкинки, бу жамоадан умидимиз катта ва кичик мундиалда футболчиларимиз ўзларини кўрсата олишади.

Мусобақа регламентига кўра, ўйиндан олдин ва кейин матбуот анжуманлари ўтказилмайди, фақат финалдан олдин ва кейин ташкил этилар экан. Албатта, мусобақа олдидан жамоамиз бош мураббийи Ислом Исмоиловнинг фикрлари кўпчиликка қизиқ бўлгани боис ЎФА матбуот хизмати бўлими ёрдамида мураббий билан боғланиб, бир нечта саволларга жавоб олдик.

Бунинг учун ЎФА матбуот хизматига сайтимиз номидан алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. U-17 терма жамоамизга эса омад тилаб қоламиз.

- Жаҳон чемпионатига тайёргарликдан қай даражада кўнглингиз тўлди?

- Мусобақага тайёргарликдан умумий маънода мамнунман. Режа қилган ишларимизнинг катта қисмини амалга оширдик. Бу борада ЎФА томонидан бизга керакли барча шароит яратиб берилди. Жамоамиз жисмоний ва тактик жиҳатдан яхши ҳолатга олиб келинди. Футболда мукаммал тайёргарликнинг ўзи бўлмайди, шунга қарамай бор куч билан ишладик. Жамоамиз ҳар куни ўсиб боряпти, ўйлайманки, кундан кунга ривожланяпмиз. Жаҳон чемпионатига энг яхши ҳолатда етиб келдик деб бемалол айта оламан.

- Биринчи ўйин олдидан ички ҳиссиёт қандай? Ҳаяжон борми?

- Кичик мундиални Парагвайга қарши баҳс билан бошлаймиз. Албатта, ўйиндан олдин ҳаяжон бўлиши табиий. Лекин бу салбий эмас, аксинча руҳлантирувчи ҳис бўлиши керак. Катта мусобақалар олдидан доим ҳаяжон бўлади. Шу билан бирга қандай масъулият юкланганини ҳам тушуниб турибмиз. Ўзимда ҳам, мураббийлар штаби ва футболчиларимизда ҳам ишонч бор. Насиб қилса, шу жаҳон чемпионатида энг яхши ўйинларимизни кўрсатамиз.

- Ўзингиз хоҳлаган таркибни тўлиқ йиға олдингизми?

- Албатта, ўзим энг яхши деб билган таркибни йиға олдим. Ҳар бир футболчимиз курашга тайёр ва бу мен учун энг муҳим ҳолатлардан бири ҳисобланади.


- Гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида фикрингиз? (Парагвай, Ирландия, Панама)

- Рақиблар ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ҳар бир жамоа ўзига яраша кучли. Масалан, Парагвай жисмоний томондан яхши ва интизомли деб биламан. Улар Жанубий Американинг энг кучли жамоалари қаторига киради. Ирландия тезкор ва агрессив футбол намойиш этади. Панама эса кўпроқ техник томонга танаяди ва ижодкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади. Гуруҳдаги ҳар бир рақибни чуқур ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда ҳар бир баҳс учун алоҳида тайёргарлик кўрдик.

- Жаҳон чемпионатидан қандай натижа кутяпсиз?

- Жаҳон чемпионатига келган жамоа борки, ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Биз ҳам бу ерга шунчаки келмаганмиз. Биринчи мақсадимиз - гуруҳдан чиқиш. Ундан кейин босқичма-босқич юқорига кўтарилишни ният қилганмиз. Қолаверса жамоамизнинг ўйин сифати ва футболчиларнинг ўзини тутиши ҳам мен учун муҳим омил ҳисобланади. Агар шулар ўз ўрнида бўлса, натижа албатта келади.

- Шу пайтгача Ўзбекистон U-17 терма жамоасининг кичик мундиалдаги энг яхши кўрсаткичи чорак финал ҳисобланади (2011, 2023). Ҳозирги жамоа бу рекордни янгилай олишига қанчалик ишонасиз?

- Аввалги Жаҳон чемпионатларида иштирокчилар сони 24та бўлган. Ҳозир эса икки баробар кўпайиб 48та бўлди. Олдинги натижаларни яхшилашимиз учун янада кўпроқ ҳаракат қилишга тўғри келади, сабаби йўл бироз узоқлашди. Аммо менинг кўнглим тўқ ва ишончим комил. Бунинг сабаби бизда иқтидорли футболчилар, жамоавий руҳият ва интизом бор. Футболчилар ҳар кунлик машғулотларда тинимсиз меҳнат қилишяпти. Жамоадаги ҳамма ўз олдидаги масъулиятни ҳис қилмоқда. Шу йўсинда давом этсак, ўзбек футболи тарихидаги энг яхши натижани кўрсатишга сазовор бўламиз.


- Сиз учун биринчи ўйинни ютиб олиш қанчалик муҳим ёки гуруҳдаги ҳар учала ўйинга бир хил қарайсизми?

- Биринчи учрашувда ғалаба қозониш жуда муҳим ҳисобланади, чунки бу бошқа ўйинларга катта иштиёқ беради. Лекин биз ҳар баҳсга финалдек ёндашамиз ва ҳар бир рақибга жиддий муносабатда бўламиз.

- Мусобақада порлаши кутилаётган футболчилар кимлар? Қайси футболчилардан умид катта?

- Бу жамоавий мусобақа, бир-икки нафар ўйинчини ажратиб кўрсата олмайман. Футболчиларимизнинг салоҳияти юқори ва биз бир жамоа бўлиб Жаҳон чемпионатида ўз кучимизни кўрсатишга қодирмиз. Ҳар бир чизиқда рақобат бор, бу эса жамоамизнинг асосий кучи ҳисобланади.

Хайрулла Холиқов ёзиб олди

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг