24 июл 17:45
Янгиликлар
Токио-2020. Биринчи кун ўзбекистонлик спортчилар учун медалсиз якунланди
Шу тариқа ўзбекистонлик спортчиларнинг Олимпия ўйинларидаги биринчи кунидан онлайн трансляциямиз ўз якунига етди. Афсуски, биринчи кун якунларига кўра ҳамюртларимиз медаль қўлга кирита олишмади.
Кун давомида мусобақаларда қатнашган спортчиларимизнинг натижалари билан ушбу саҳифа орқали танишинг.
17:49. Спорт гимнастикасида Расулжон Абдураҳимов ўз иштирокини якунлади. У 79,06 балл жамғариб 66 нафар спортчи ичида 49-ўринни эгаллади.
16:12. Расулжон паралелл брус машқларида 14.733 балл тўплади.
15:44. Спорт гимнастикачимиз Расулжон Абдурахимов таяниб сакраш баҳсларида 13.833 балл жамғарди. Энди у брус машқларини бажаради.
13:45. Муроджон Холмуродов 132 нафар спортчи орасида 64-натижани қайд этди. У 234 км масофани 6 соат 21 дақиқа 46 сония ичида босиб ўтди. Ушбу йўналишда Эквадор вакили Ричард Карапаз олтин медални қўлга киритди.
12:55. Холмуродов 68-ўринда кетмоқда...
11:29. Велоспортчимиз Муроджон Холмуродов пелатон сафида кетмоқда. У 138,1 км масофани 3 соат 58 дақиқа 46 сонияда босиб ўтди. Маррагача оз вақт қолди.
11:13. Денис Истомин 2 соат 34 дақиқалик ўйинни якунлади. Ҳамюртимиз афсуски илк босқичда ҳиндистонлик Сумит Нагалга 4:6, 7:6, 4:6 ҳисобларида ютқазиб қўйди ва мусобақадаги иштирокини якунлади.
10:54. Денис Истомин учинчи сетда 3:3 ҳисобини қайд этмоқда. Учрашувни жонли эфирда томоша қилишни истаганлар учун ҳавола > > > ЖОНЛИ ЭФИР
10:44. -91 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Санжар Турсунов жазоирлик Абделхафид Бенчаблага қарши рингга кўтарилди. Афсуски боксчимиз илк босқичдаёқ 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва Олимпия ўйинлари билан хайрлашди.
10:28. Боксчи Санжар Турсуновнинг жанги бошланишига оз вақт қолмоқда.
10:19. Истомин иккинчи сетни ўз фойдасига ҳал қилди - 7:6! Учинчи сетни кўрамиз
9:12. Денис Истомин биринчи сетда 4:6 ҳисобида ютқазиб қўйди.
9:02. Истомин ҳозирча 4:4 ҳисобида дуранг ўйнамоқда.
8:50. Денис Истомин ҳиндистонлик теннисчига қарши ўйинни бошлади
8:32. Дзюдочимиз Шарофиддин Лутфиллаев илк жангида украиналик Артём Лесюкка қарши баҳс олиб борди ва афсуски имкониятни бой бериб қўйди.
Токио-2020: Илк олтин медаль эгаси маълум
7:52. Боксчимиз Шахноза Юнусова илк босқичда польшалик рақибасига қарши жанг қилди ва 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
7:40. Қиличбозимиз Малика Хакимова илк босқичда хитойлик кучли рақибасига қарши баҳс олиб борди ва 10:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Яна бир қиличбозимиз учун Олимпиада якунланди... Афсус.
7:11. Велоспортчимиз Муроджон Холмуродов шоссе йўналишида 234 километр масофага ўтказиладиган баҳсларда ўз юришини бошлади. Ушбу йўналишда 130 нафар велоспортчи медаллар учун кураш олиб боради.
6:58. Академик эшкак эшиш. Собиржон Сафаралиев ва Шахбоз Холмурзаев 2000 метрга эшкак эшиш баҳсларида 6 терма жамоа ичида 4-натижани қайд этди. Ушбу "пойга"да Германия терма жамоаси маррага биринчи бўлиб келди. Йигитларимиз энди ўтиш баҳсларида иштирок этишади. Ҳали кўп нарса йўқотилгани йўқ. Имконият бор.
5:39. Афсуски, қиличбозимиз Шерзод Мамутов 11:15 ҳисобида руминиялик рақибига имкониятни бой бериб қўйди.
5:37. Мухтасар Тохирова ўқ отиш баҳсларида 622.2 очко тўплади ва 33-ўринни эгаллади.
5:30. Шерзод Мамутов руминиялик Иулиан Теодосиуга қарши баҳс билан иштирокини бошлади.
4:44. Ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокини ўқ отиш спортидаги ҳамюртимиз Мухтасар Тохирова бошлаб берди. У дастлабки уринишдан сўнг 104.6 очко тўплади. Мазкур йўналишда (10 метрга милтиқдан ўқ отиш) 50 нафар спортчи қатнашмоқда.
4:30. Ассалому алайкум ҳурматли спорт ишқибозлари. Ўзбекистонлик спортчиларнинг Олимпия ўйинлари биринчи кунидаги иштирокига оид матнли трансляциямизни бошлаймиз. Ушбу саҳифа орқали барча спортчиларимизнинг натижаларини тезкорлик билан кузатиб боришингиз мумкин бўлади.
24 июль куни Олимпиадада қатнашадиган ўзбекистонлик спортчилар:
Мухтасар Тохирова - ўқ отиш - 4:30
Шерзод Мамутов - қиличбозлик - 5:30
Шаҳбоз Холмирзаев/ Собир Сафаралиев - Академик эшкак эшиш - 6:30
Муроджон Холмуродов - велоспорт - 7:00
Малика Ҳакимова - қиличбозлик - 7:25
Шахноза Юнусова - бокс - 7:30
Денис Истомин - теннис - 7:30
Шарофиддин Лутфиллаев - дзюдо - 7:30дан сўнг
Санжар Турсунов - бокс - 10:15
Расулжон Абдураҳимов - спорт гимнастикаси - 15:30
Фикрлар