30 мар 13:17
Янгиликлар
Агар коронавирус бўлмаганида... ёхуд ўзбек спортчилари иштирокидаги лицензион мусобақалар ҳақида
Барча соҳалардан ҳам кўпроқ спортга салбий таъсир этган пандемия 10:0 ҳисобида спорт устидан ғалаба қозонмоқда. Мазкур эпидемия кўплаб давлатларда иқтисодий инқирозларни келтириб чиқаргани сир эмас. Бироқ ҳеч бир соҳада инқироз спортдагичалик эмас. Негаки, спорт бу юлдузлар олами. Бу юлдузлар ҳақидаги оддий гаплар ҳам эътибордан четда қолмайди.
Токио-2020 учун қатор спорт турларида иштирокчилар номига аниқлик киритилмаган. Коронавируснинг дунё бўйлаб тўхтовсиз тарқалиб бориши натижасида кўплаб чемпионатлар, лицензион турнирлар санаси ҳамда манзили ўзгарди. Баъзилари ҳатто бекор қилинди. Эпидемия туфайли Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказилиши бир неча бор сўроқ остида қолди.
Назаримизда Олимпиада ва Япония келишолмайди. Негаки, 1964 йилда Токиода ташкил этилган Ёзги олимпия ўйинлари мазкур шаҳарда июл-август ойларида ҳаво ҳарорати +30 c гача кўтарилиб кетганлиги учун октябр ойида ўтказилган. 1972 йилги Қишки олимпиадада эса ҳаво ҳарорати кун бўйи +6 c илиқликда бўлган. Ундан ташқари яқинлашётган олимпиаданинг спортча юриш тури Токиодан Саппоро шаҳрига кўчирилиши ҳам Япония ҳукумати ва ХОҚ ўртасида низолар келиб чиқишига сабабчи бўлди. Бир спорт турининг бошқа шаҳарда ўтказилиши мезбон давлат бюджетига катта зарар келтиргани аниқ. Маълумот учун кун чиқар юрт тўрт йилликнинг нуфузли турнири учун 12 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу кўрсатгич ҳали ошиб бориши шубҳасиз.
Сўнгги пайтларда ОАВ да олимпиаданинг қолдирилиши ҳақида турли хабарлар авж олди. ХОҚ олимпиада қолдирилгани ва 2021 йилда ўтказилиши ҳақида расмий баёнот берди. Айни пайтгача олимпиаданинг 57% йўлланмалари эгаларига аниқлик киритилган. Қолган 43% лицензияларни тақсимлаш бўйича ҳам низом эълон қилинди.
Қуйида Ўзбекистон спортчилари қолдирилган ва бекор қилинган квалификацион турнирларда қандай иштирок этиши мумкин эди, реал олиб қаралганда олимпиадада қанча нафар спортчимиз қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлиги хусусида тўхталамиз. Демак бошладик.
Бокс
Энг аввало вирус боксга таъсир кўрсатди. 3-14 феврал кунлари коронавирус "туғилиб, ўсган" жой Ухан шаҳрида Осиё-Океания давлатлари учун лицензион турнир бўлиб ўтиши керак эди. Март ойида эса Франциянинг Париж шаҳрида бутунжаҳон чарм қўлқоп усталари ҳар бир вазнда ягона бўлган лицензия учун рингга кўтарилишлари режалаштирилган эди. Бу турбирда Рио олимпиадаси совриндори Бектемир Мелиқўзиев -75 ёки -81 кг( қайси вазнда Уханда йўлланма қўлга киритилмаса ўшанда) да кураш олиб бориши режалаштирилган эди. Ўзбекистон бокс терма жамоаси 18 январ куни халқаро ўқув-йиғин машғулоти ўтказиш мақсадида Чин юртига йўл олишди. Бироқ, Хитойдаги вазият оғирлашиб, бир неча кундан сўнг терма жамоамиз юртимизга қайтиб келишди ва машғулотларни "Янгиобод" ўқув базасида давом эттиришди. 24 январь куни ХОҚ мазкур мусобақанинг янги мезбони номини эълон қилди. Унга кўра, 3-11 март кунлари Иорданиянинг Амман шаҳри Токиога йўл оладиган боксчилар номига аниқлик киритадиган бўлди. 13 феврал куни Марат Қурбонов бошчилигидаги терма жамоамиз машғулотларни якунлади. Мусобақага тайёргарликнинг сўнгги босқичини ўтказиш ниятида 16 февраль куни 23 нафар боксчидан иборат кенгайтирилган терма жамоа Амманга жўнаб кетди. Орадан бир неча кун ўтиб профессионал боксдаги 5-жангида ҳам ғалабага эришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бектемир Мелиқўзиев Амманга етиб борди. Аввалига -75 кг вазнда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши кўзда тутилган Мелиқўзиев икки кун қолганда турнирга қатнашмайдиган бўлди. Унинг ўрнига Жаҳон чемпионатида совринсиз қолган Фанат Қаҳрамоновга яна бир бор ишонч билдирилди. Икки кун ичида белгиланга вазнга тушиш учун Фанат жуда кўп энергия сарфлагани шубҳасиз. Турнир давомидаги муваффақиятсизлигига ҳам айнан оз фурсатда вазн ташлаши сабаб бўлган. Ундан ташқари кўплаб мухлислар томонидан Қаҳрамоновга нисбатан билдирилган негативлар ҳам боксчимизга ортиқча босим юклади. Юқорида келтирганимиз Париж. COVID-19 коронавируси бўлмаганида Ухандаги мусобақа ўз вақтида бўларди. Уханда Қаҳрамонов лицензия қўлга киритолмаган тақдирда ҳам, Мелиқўзиевнинг имкониятларини реал баҳолайдиган бўлсак Париждан йўлланма билан қайтарди. Аммандаги турнир бошланиши арафасида бутун дунё бўйлаб мусобақалар бекор қилинаётган эди. Катта эҳтимол билан Париж сўроқ остида қолганди. Мураббийлар бундай қалтис вазиятда ягона имконият бўлиб турган Мелиқўзиевдан фойдаланиб қолиши ақлли қарор бўлиши шубҳасиз. Париж ноаниқ бўлиб турган бир пайтда Иорданиядан 7 та эмас 8 лицензия билан қайтардик. Нима ҳам деймиз ҳаммасини мураббийлар ҳал қилади. Йўлланмасиз қолганимиз -81 кг вазндаги Дилшодбек Рўзметовнинг иштироки алоҳида мавзу. Жамоа мураббийи Тўлқин Қиличев: -"У ҳали ёш. Бу бизнинг хатомиз бўлди"- деди, вести.кз нашрига берган интервюсида. Шу тариқа коронавирус сабабли бир лицензиядан қуруқ қолдик.
Сув полоси
Ушбу спорт турида аёллар терма жамоамиздан умидлар катта эди. Терма жамоага Сербиядан мураббийлар жалб этилиб, узоқ муддат давомида пухта тайёргарлик кўриб келишаётгади. Аёллар ўртасидаги квалификацион мусобақа 12-16 февраль кунлари Қозоғистонда бўлиши белгиланганди. Коронавирус сабаб турнир номалум муддатга қолдирилди. Халқаро сузиш федерацияси (FINA) ушбу мусобақани қабул қиладиган давлат тополмаганидан кейин кўпчиликни ранжитадиган қарорга келди. Яъни Олимпиадага Қозоғистоннинг эркаклар ва Хитойнинг аёллар жамоаси борадиган бўлди. Нима учун улар? 2018 йилги Осиё ўйинлари ғолиблари Қозоғистон (эркаклар жамоаси), Хитой (аёллар жамоаси). Юқорида келтирганимиз ХОҚ ўз эгаларини топмаган лицензияларни тақсимлаш тўғрисидаги тамойилда :"Миллий федерациялар ҳар бир спорт турининг саралаш тизимидаги камчиликлар бўйича алоҳида таклифлар киритиши мумкин. Ҳар қайси ўзгаришлар (ҳар бир спорт тури учун) 2020 йил апрель ойининг бошигача эълон қилинади"- деган бандни киритиб кетган. Лекин, бизнинг масъуллар шунча меҳнат ҳамда ҳаракатга яраша на ХОҚ ва на ФИНА га ҳеч қандай таклиф ёки талаб билан чиқмади. Бу ерда ФИНАни айблашдан йироқмиз. Вазият шундай қилишга мажбур этган. Бироқ бизнинг мутасаддиларда қимматли лицензияни қўлга киритиш йўлида "пичоққа илинадиган" таклиф тайёрлаш учун вақт етарли эди, ўша пайтларда. Энди умуман кеч бўлди. Шу тариқа яна бир йўлланмадан қуруқ қолдик. Бефарқлик туфайли...
Оғир атлетика
Ўзбекистон ушбу спорт турида дунё миқёсида ўз ўрнига эга. Маълумки, оғир атлетикада олимпиадага тўғридан-тўғри йўлланма берувчи мусобақа ташкил этилмайди. Бунда жаҳон чемпионатида кучли 8 ликка кирган атлетлар йўлланмага эга бўлсалар, қолган даъвогарлар нуфузли турнирлар, қитъа биринчиликларида рейтинг очко йиғиб борадилар. Якунда мазкур рейтингнинг кучли бешлигидан жой олган спортчилар Токиога йўл олади. Халқаро оғир атлетика федерацияси Ўзбекистон учун 2+2 (2 нафар эркак, 2 нафар аёл) кўринишидаги квота ажратган. 3 нафар атлетимиз Адҳамжон Эргашев, Акбар Жўраев ва Муаттар Набиева 2019 йил 18-27 сентябр кунлари Таиланднинг Паттая шаҳри мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида Топ-8 га кириб лицензияга эга бўлишган. Бу эркаклар терма жамоамиз учун квота тўлганлигини кўрсатади. Аммо, рейтинг орқали бошқа йигитларимиз ҳам йўлланма олиши мумкин. Айни кунда Достон Ёқубов ҳамда Муҳаммадқодир Тоштемиров рейтингда яхшигина поғоналарни банд этиб турибдилар. Шунда бу икки йигитимиз рейтинг орқали лицензия олса, жами 4 нафар вакилимизда йўлланма бўлади. Лекин, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси якунда регламентга риоя қилган ҳолда уларнинг 2 нафарини танлаши шарт. Аёлларда эса яна биз спортчимиз лицензия олиши керак. Ҳозир рейтингдаги энг яхши ўринимиз Кумушхон Файзуллаевага тегишли. У 16-ўринда турибди. Апрел ойида Қозоғистон катталар ўртасидаги Осиё чемпионатини қабул қилиши белгиланганди. Қозоғистон ҳукумати коронавирус туфайли барча оммавий тадбирлар, жумладан: спорт мусобақаларини ўтказилишига чек қўйди. Халқаро оғир атлетика федерацияси Ўзбекистонга мезбонликни олиш таклифи билан чиққан эди. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бунга тайёрлиги, фақатгина мусобақани қабул қилишда ҳукуматнинг розилиги ва амалий кўмаги зарурлигини таъкидлади. Масъуллар қарор қабул қилганларича эпидемия юртимизга ҳам кириб келди. Кумушхон мазкур қитъа биринчилиги орқали Топ-5 га кириш эҳтимоли юқори эди. Рейтингда Жаҳон чемпионати кучли 8 лигига кирган атлетлар ҳам бор. Улар рейтингдан чиқиб кетади. Кўриниб турибдики, рейтингнинг пастидагилар ўз-ўзидан юқорилайди. Ундан ташқари бир давлатдан ҳар бир вазнда бир неча нафар спортчи ўрин олганлиги, миллий федерациялар эса улардан фақат биттасини танлаши кераклигини инобатга олсак Файзуллаеванинг имкониятлари кенгайиб боради. Мабодо вирус лицензион турнирни май ойида ҳам ўтказилишига ҳалал берса Кумушхон олимпиададан қуруқ қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай қилиб коронавирус бизни яна бир лицензиядан маҳрум қилиши мумкин.
Дзюдо
Дзюдода бошқа спорт турларидан фарқли равишда Олимпиада учун йўлланмалар турнирларда тўғридан-тўғри тақдим этилмайди, балки спортчилар лицензион мусобақалар орқали рейтинг балларини йиғиб боришади. Якунда рейтингда кучли 22 таликдан ўрин олган дзюдочилар Олимпиада ўйинлари иштирокчисига айланади. Япония мезбон сифатида Олимпиадада тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги боис барча вазн тоифаларида иштирок этадиган таркиби маълум. Қолган терма жамоалар Гран-при ва Катта Дубулға турнирларида иштирок этиб, муҳим рейтинг очколари учун кураш олиб бориши керак. Май ойи охирида дзюдо бўйича Токио-2020 да қатнашадиган барча иштирокчиларнинг номлари аниқ бўлиши лозим эди. Аммо... Коронавирус эпидемиясининг дунё бўйлаб кенг ёйилиши Олимпиада учун лицензион турнирларнинг бошқа муддатга қолдирилиши ёки бекор қилинишига сабаб бўлди.
Коронавируснинг дзюдога таъсири. Аввалига 6-8 март кунлари Марокашнинг Рабат шаҳрида Олимпиада учун муҳим рейтинг очколарини тақдим этувчи Гран-При туркумига кирувчи турнир ўтказилиши керак эди. Аммо Марокаш ҳукуматининг COVID-19 сабаб барча оммавий тадбирларни, шу жумладан спорт мусобақаларининг ўтказилиши вақтинчалик тўхтатилганлиги боис ушбу мусобақа бекор қилинди.
Бунинг ортидан 13-15 март кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилиши белгиланган "Катта Дубулға" туркумига кирувчи турнир ҳам бекор қилинди. Шундан сўнг Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) коронавирус сабаб март ва апрел ойларида ўтказилиши керак бўлган барча лицензион турнирларни бекор қилишга қарор қилди. Ҳозирча бу қарор 30 апрелга қадар ўз кучида қолишини инобатга оладиган бўлсак, Рабат Гран-Приси ва Екатеринбургдаги "Катта Дубулға" туркумига кирувчи турнирлар бекор қилиниши ортидан 27-29 март кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган Тбилиси, 3-5 апрел кунларига белгиланган Анталия Гран-при туркумига кирувчи икки мусоба ҳам бекор қилинди. Ҳозирча ушбу турнирларнинг қачон ўтказилиши аниқ эмас.
Спортчиларимиз имконияти
Ҳозирда У́збекистон эркаклар терма жамоаси Олимпиада учун белгиланган барча 7 вазн тоифасида лицензия олиш учун имкониятлари яхшигина. Аёлларда эса 2 нафар спортчимиз йўлланма учун курашмоқда. Қуйида Халқаро дзюдо федерациясининг Дюселдорф Гран-присидан сўнг тақдим этган спортчиларнинг рейтинги ва Олимпиада учун имкониятлари:
-60 кг:
1. Рюжу Нагаяма (Япония) – 6350 очко
4(3). Шарофиддин Лутфиллаев (Ўзбекистон) – 4927 (йўлланма зонасида)
22(22). Диёрбек Ўрозбоев – 1948 очко (йўлланма зонасида)
40(40). Кемран Нуриллаев – 1077 очко (йўлланма зонасида эмас)
-66 кг:
1. Мануэль Ломбардо (Италия) – 5392 очко
23(22). Сардор Нуруллаев – 2080 очко (йўлланма зонасида)
29(27). Шаҳрам Аҳадов – 1561 очко (йўлланма зонасида)
-73 кг:
1. Соичи Хашимото (Япония) – 6379 очко
9(7 ). Ҳикматиллоҳ Тўраев – 3364 очко (йўлланма зонасида)
-81 кг:
1. Маттиас Кассе (Бельгия) – 6334 очко
14(12). Шарофиддин Болтабоев – 2953 (йўлланма зонасида)
20(19 ). Камолиддин Расулов – 2244 (йўлланма зонасида)
-90 кг:
1. Николоз Шеразадашвили (Испания) – 7851 очко
17(28). Давлат Бобонов – 2589 очко (йўлланма зонасида)
-100 кг:
1. Гухам Чо (Ж.Корея) – 5220 очко
15(21). Муҳаммадкарим Хуррамов – 2961 (йўлланма зонасида)
+100 кг:
1. Лукаш Крпалек (Чехия) – 6171 очко
13(13). Бекмурод Олтибоев – 2962 очко (йўлланма зонасида)
31(31). Алишер Юсупов – 1428 очко (йўлланма зонасида эмас)
Аёллар:
-52 кг:
1. Юта Абэ (Япония) – 6250 очко
22(21). Диёра Келдиёрова – 2203 очко (йўлланма зонасида)
-70 кг:
1. Мариа Эве Гахе (Франция) – 5510 очко
25(26). Гулноза Матниязова – 2032 очко (қитъавий квота)
Спорт курашлари
Тўрт йилликнинг энг нуфузли турнири учун спорт курашчиларимиздан 3 нафари лицензияни қўлга киритган. Аввалига бу йўлланма 4та эди. 2019 йилнинг 14-22 сентябр кунлари Қозоғистооннинг Нурсултон шаҳри мезбонлик қилган спорт курашлари бўйича Жаҳон чемпионатида юнон-рум курашида Рио Олимпиадаси совриндори Елмурат Тасмурадов -60кг вазн тоифасида лицензияни қўлга киритган эди. Айнан шу мусобақада -77кг вазнда иштирок этган Жалгасбой Бердимуродов ҳам Олимпиадага йўлланмани нақд қилди. -87кг вазнли юнон-рум курашчимиз Рустам Ассакалов Жаҳон Чемпионатининг бронза медалини қўлга киритиш билан биргаликда Токио Олимпиадаси лицензиясига ҳам эга чиқди.
Айнан мана шу Жаҳон чемпионатида спорт курашлари бўйича яна бир йўлланма қўлга киритилган эди. Эркин кураш баҳсларида Ҳасанбой Раҳимов (-125 кг) бронза медалини ва Токио—2020 Олимпиадасига лицензия қўлга киритганди. Аммо Бирлашган кураш дунёси (United World Wrestling) спортчимизда Нур-Султонда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида топширган допинг таҳлил ижобий натижа берганини маьлум килдик. Бу билан спортчимиз лицензиядан маҳрум этилди. Натижада спорт курашлари бўйича йўлланмалар сони 4тадан 3тага камайди. Аммо бу вазнда тўлиқ лицензиядан айрилганимизни англатмайди. Лицензион турнирда айнан шу вазнда бошқа спортчимиз Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб боради, аммо ушбу вазнда қайси курашчи қатнашиши аниқ эмас.
Коронавирус хавфи туфайли барча спорт турларида бошқа муддатга қолдирилаётган лицензион мусобақалар қаторида спорт курашлари бўйича Олимпиада ўйинлари йўлланмасини тақдим этувчи турнир ҳам номаълум муддатга қолдирилди.
Спорт курашлари бўйича Токио-2020 Олимпиадаси чипталари ўйналадиган Осиё қитъасининг лицензион турнирига аслида Хитой давлати мезбонлик қилиши керак эди. Лекин Чин юртида тарқалган коронавирус сабаб бошқа спорт турлари қатори спорт курашлари турнири ҳам бекор қилинди. Шундан су́нг Қизғизистон ҳукумати бу нуфузли мусобақани ўзида ўтказиш истаги билан чиқди ва Осиё квалификацион турнири 27-29 март кунлари Бишкекда ўтказилиши белгиланди. Ушбу турнирда финалга етиб келган курашчилар Токио-2020 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритишарди. Сўнгги жаҳон лицензион турнири эса 30 апрелдан 3 майгача қадар Болгарияда ўтказилиши керак эди. COVID-19нинг тобора дунёга кенг ёйилаётгани барча режаларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Қирғизистон ҳукумати коронавирус хавфи сабаб 27-29 март кунларига белгиланган Бишкекдаги Олимпиада йўлланмалари ўйналадиган Осиё квалификацион турнири мезбонлигидан воз кечди. Сўнгги Жаҳон лицензион турнири ҳам қачон ва қаерда ўтказилиши ҳам сўроқ остида қолмоқда. Шундан сўнг, Бирлашган кураш дунёси (UWW) Токио-2020 лицензион турнирларини Олимпиадага яқин ўтказишни режалаштираётганлигини таькидлаб утди.
Аввалроқ, Халқаро олимпия қўмитаси коронавирус билан боғлиқ вазият юмшамаса, Олимпиаданинг ўйналмай қолган лицензиялари тақдири спортчиларнинг жаҳон рейтингидаги ўрнига қараб тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Спорт курашларида 18та лицензия ўйналади 6 та юнон-рум кураши, 6 та эркин кураш ва 6таси аёллар курашида. Айниқса аёллар терма жамоамиз учун Олимпиада учун лицензия олиш Ўзбекистон учун яна бир янги саҳифа бўлади. Сабаби шу вақтга қадар аёл спорт курашчиларимиз Олимпиада ўйинларида иштирок этишмаган.
Стол тенниси
Ёзги Олимпиада баҳсларига йўлланма тақдим этиши керак бўлган яна бир мусобақа стол тенниси бўйича апрел ойида бўлиб ўтиши керак эди. 6-12 апрель кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилиши белгиланган стол тенниси бўйича Токио олимпиадасига йўлланма берувчи Осиё минтақалари учун ўтадиган лицензион мусобақа ҳам расман номаълум муддатга қолдирилди. Ушбу мусобақада терма жамоамизнинг 4 нафар аъзоси Зоҳид Кенжаев, Қутбилла Тешабоев, Римма Гуфранова ва Розалина Ҳажиева иштирок этиши керак эди.
Рио Олимпиада ўйинлари саралаш баҳслари билан солиштирганда Токио Олимпиадасига Осиё учун тақдим этилган лицензиялар сони 12тадан 6тага камайтирилди. Дунёнинг энг кучли стол теннисчилари айнан Осиё мамлакатлари вакиллари эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Токио сари йўл узоқдек туйилади. Аммо мураббийлар айнан Рио Ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Зоҳид Кенжаевдан умид қилишмоқда. Бундан ташқари спортчиларимиз агар Осиё лицензион турнирида йўлланмани қўлга кирита олишмаса Жаҳон лицензион саралаш турнирида иштирок этиши мумкин бўларди. Аммо ушбу мусобақа ҳам CОVID-19 сабабли номаълум муддатга қолдирилди. Ҳозирча ушбу турнирлар қачон ва қаерда ўтказилиши аниқ эмас.
Юқорида келтирилган спорт турлари бизнинг спортчиларимиз лицензия олиши эҳтимоли катта бўлганлари эди. Булардан ташқари енгил атлетика, таэквондо, гимнастка каби спорт турларда ҳам атлетларимизда имконият бор.
Сарвиноз Рахмонқулова, Хуршида Абдикулова. УзЖОКУ талабалари
Фикрлар