31 май 13:39
Янгиликлар
Баҳодир Жалолов: "Боксчи бўлмаганимда футболни танлардим" (Интервью)
Бокс ва футбол орасидаги танлов
Боксга кириб келишим жуда қизиқ бўлган. Тўғрисини айтсам Чирчиқдаги Олимпия захиралари коллежига ҳам футбол учун келганман. Ўшанда раҳматли дадам мени боксчи бўлишимни истагандилар.
Ўшанда футбол имтиҳонлари ўтиб кетган эди. Фақат бокс йўналиши учун имтиҳонлар қолган экан. Кейин боксга кирганман. Бошида жуда қийналганман, бурним синган. 13 нафар бола ўқишга топширган бўлсак, боксни билмайдиган асосан мен эдим. Умуман бокс қўлқопларини киймаган бола эдим. Қийинчиликлар бўлган. Шу тариқа боксга кириб келганман.
Энг қадрли соврини
Осиё чемпиони бўлдим, жаҳон кубогида ғалаба қозондим, ЖЧда бронза медали, Олимпиададаги иштирок. Барча ютуқларим мен учун қадрли. Чунки, уларнинг барчасини тагида меҳнат, машаққат ётибди. Бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Чунки, ҳар бир боксчи рингга ғалаба учун чиқади.
Ўзбекистонда биринчи рақамли боксчи бўлишимдан олдин мамлакат чемпионати ўтказилган. Ўшанда жуда ёш эдим. Ўша вақтгача на ёшлар, на катталар ўртасидаги мусобақада натижа кўрсатмагандим. Катталар ўртасидаги илк Ўзбекистон чемпионатида мағлуб бўлганман. Иккинчи чемпионатимда эса учта жанг ўтказиб, уларнинг ҳар уччаласини ҳам нокаут эвазига ўз фойдамга ҳал қилганман. Ўша мусобақа доимо эсимда туради. Катталар ўртасида биринчи рақамга айланишимга ўша турнир сабаб бўлган. Шундан сўнг жаҳон кубоги, жаҳон чемпионати, Осиё чемпионати ва Олимпиадага бордим. Ана шу мусобақа мен учун энг қадрлиси бўлса керак деб ўйлайман.
Боксчи бўлмаганида...
Агар боксчи бўлмаганимда футболчи бўлардим. Футболчи сифатида терма жамоамизни жаҳон чемпионатига чиқишига ўз ҳиссамни қўшган бўлардим (кулади). Ҳозир ҳам футболни яхши кўраман. Олдин ушбу спорт тури мен учун биринчи ўринда бўлган. Ҳозирда эса ҳаётимда бокс биринчи рақам. Касбимиз шу. Уни яхши кўраман. Шуни орқасидан нон топяпман. Шунинг учун машғулотларимни чин дилдан, олиб бораман.
Қайси футбол жамоасига мухлислик қилади?
"Реал". Ёшлигимдан ушбу клуб ишқибозиман.
Ислом Каримов билан учрашув ҳақида
Юртбошимиз билан учрашув ҳаётимдаги энг эсда қоларли иш бўлган. Улар менга қараб турганларида тўғриси бироз ҳаяжонланганман. Аммо вақт ўтиб ҳаяжоним босилди, сўзга чиққанимда ҳам ҳаяжонланмаганман. Ўзлари ҳам мени кўриб, қайси касб эгаси эканлигимда қизиққан эканлар. Ўша вақтда эътиборларига тушган эканман. Умуман, ўша учрашувдан сўнг кучимга куч қўшилган.
Рамазон ойида нималар билан банд?
Машғуотлар олиб боряпмиз. Ўз вазифамизни ҳам бажаряпмиз. Рўза тутиб, дунёвий ишларни ташлаб қўйиш ҳам бўлмайди. Ҳар иккисини бир ҳилда олиб бориш лозим. Ўшанда савоби ҳам каттароқ бўлади. "Рўза тутяпманку" деб уйга кириб ётиб олиш ҳам бўлмайди. Барча ўз ишини қилишда давом этиши лозим.
Кучлироқ чорловларни қабул қилиш вақти келмадими?
Промоутерларим менга қайси рақибни топишса ўша билан тушаман. Улардан кучлироқ рақибни кўп сўрадим. Лекин, бокс бошқа - оғир вазн бошқа. Бизда битта зарба барчасини ҳал қилиб юбориши мумкин. Битта мағлубият промоутарларнинг қизиқиши пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Аслида кучсиз боксчилар билан тушганим йўқ. Улар ҳам рейтингда кучли 200 ликка киришади. Бўйи кичик боксчи олдимда кучсиздек кўриниб қолиши мумкин. Масалан, Муҳаммад Али, Майк Тайсон каби боксчиларнинг жангларига назар ташлайдиган бўлсак, улар ҳам шу йўлдан юришган. Фаолиятининг бошида оддий боксчилар билан жанг қилишган. Оғир вазнда таваккал қилиб бўлмайди. Ўйлайманки, барчаси бирданига бўлиб қолмайди. Энди Олимпиададан сўнг чемпионлик жангларига ҳаракат қиламиз. Яқин орада камаримни ҳимоя қиламан. Агар ўша жангни муваффақиятли ўтказсам, WBC рейтингига кирамиз. Кейин эса кучлироқ рақиблар бўлади.
Боксчимиз интервьюси давомида шунингдек BIG UZBEK лақаби, боксдаги кумири, энг яқин дўстлари, устози, учта тилаги ҳақида гапириб берган.
Интервьюнинг давомини видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Азиз Тўхтамуродов суҳбатлашди
Видео: Зоир Турсунбоев
Фото: Жаҳонгир Файзуллаев.
(TAS-IX эмас)
(TAS-IX)
Фикрлар