19 июл 07:26
Янгиликлар
Дилноза Бакирова: “Каратэчиларимиз Осиё чемпионатига тайёр”
Бу мусобақа бир вақтнинг ўзида Токио-2020 ёзги олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини ҳам тақдим этиши боис унга қизиқиш ҳар қачонгидан юқори.
Осиё чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қилувчи атлетларимиз кучайтирилган режим асосида машғулотлар олиб бормоқда. Хўш, спортчиларимиз бўлажак мусобақага қай даражада тайёр? Токио-2020 ёзги олимпиадасига бориш учун қайси каратэчиларимизда реал имкониятлар мавжуд? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзА мухбири каратэ (WKF) бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Дилноза Бакирова билан суҳбатлашди.
- Ушбу Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтказилади. Шу сабабли мухлислар биздан энг юқори натижаларни кутишлари аниқ. Бу эса зиммамизга катта масъулият юклайди. Буни тўғри англаган ҳолда терма жамоа аъзолари билан бўлажак мусобақага ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрдик. Бу тайёргарликнинг якуний босқичи саналади. Осиё чемпионатига тайёргарлик асносида икки босқичдан иборат ўқув-машғулотлар йиғинини ташкил этдик. Тайёргарликнинг якуний босқичида спортчилардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда жисмоний ва руҳий тайёргарликни энг юқори даражага олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирда терма жамоа аъзолари спорт формасига кириб олишган ҳамда хато ва камчиликлари устида жиддий ишламоқда. Шу билан бирга машғулотларда Осиё чемпионатидаги бўлажак рақибларни ўрганиш, уларга қарши қандай ҳаракатланиш борасида ва техник-тактик тайёргарликларни ошириш устида ҳам жиддий ишлаяпмиз. Ва яна бир муҳим жиҳат, спортчиларга ғолиблик руҳини сингдиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.
- Мусобақа ғолиблари Токио-2020 ёзги олимпиадаси учун қанча рейтинг очкосига эга бўлади?
- Маълумки, каратэ бўйича жаҳон чемпионати баҳсларида эркаклар ва аёллар 5 тадан вазн тоифасида ғолиблик учун татамига чиқишади. Шунингдек, биттадан ката баҳслари ҳам бор. Олимпия ўйинлари дастурига эса 3 тадан вазн тоифаси кирган. Ўша вазн тоифаларида дастлабки тўрт ўринни эгаллаган спортчилар муддатидан олдин Токио олимпиадасига йўлланмаларни қўлга киритади. Бу 2020 йилда аниқ бўлади. Бунгача олдимизда яна саккизта мусобақа бор, қайсики Олимпия ўйинларига рейтинг очколари тақдим этадиган. Спортчиларимиз йил бошидан Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари учун рейтинг очколарини жамғариб келмоқда. Айтиб ўтганимдек, олдинда яна саккизта лицензион мусобақа бор, Осиё чемпионати эса шулар орасида энг катта рейтинг очколарини берувчи турнир ҳисобланади. Жумладан, Тошкентда ўтадиган қитъа чемпионати ғолиблари 930 рейтинг очкосига эга бўлади. Мисол учун, терма жамоамизнинг етакчи спортчиси Садриддин Сайматов ҳозирда Олимпия рейтингида кучли саккизталикда турган бўлса, агар Осиё чемпионатида ғолиб чиқса, бунга ишонаман, кучли тўртталикка жуда яқинлашиб олади. Бу эса спортчимизга қўшимча куч бағишлаб, у олдинда турган мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этган ҳолда кучли тўртталикка кириши ва муддатидан аввал Олимпия ўйинларига йўлланма олиши мумкин.
- Айни пайтда терма жамоа аъзолари орасида кимлар Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш учун яхши имкониятга эга?
- Ўзбекистонлик каратэчилар орасида XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш учун реал имкониятга эга спортчилар – бу Садриддин Сайматов ҳамда Достон Отаболаев. Сайматов Осиё чемпионатида 60 кг.гача вазн тоифасида иштирок этади, Олимпия ўйинларида эса 67 кг.гача вазн тоифасида татамига чиқади. Достон эса 75 кг.гача вазн тоифасида иштирок этиб келади ва Токиода ҳам худди шу вазн тоифасида ўз омадини синаб кўради. Шу икки спортчимизнинг Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма олишини кутиб турибмиз. Қолган спортчиларимиз учун эса квалификацион, яъни ўтиш турнири бўлади. Унга исталган спортчи тушолмайди, квалификацион турнирда қатнашиш учун дунё рейтингида кучли элликталикдан жой олган бўлиши керак. Шу боис қолган спортчиларимизни мана шу турнир орқали Олимпия ўйинларига йўлланма олишидан умидвормиз ва шунга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Олимпия ўйинларининг каратэ йўналишида ҳар битта вазн тоифасида 10 нафардан спортчи иштирок этади. Боя айтиб ўтганимдек, Олимпия рейтингида дастлабки тўртта ўринни олган атлетлар тўғридан-тўғри Токио-2020 ёзги олимпиадасига йўлланма олади. Битта йўлланма эса япониялик спортчига берилади, мезбон сифатида. Сўнгра 2020 йили Парижда бўладиган квалификацион турнирда дастлабки учта ўринни эгаллаган спортчилар ҳам Олимпия йўлланмаларига эга чиқади. Қолган иккита йўлланма эса Бутунжаҳон каратэ федерацияси томонидан қитъалараро бўлиб берилади.
- Осиё чемпионатидаги мақсадларингиз?
- Мақсад аниқ – Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари учун керакли рейтинг очколарини жамғариш, олтин медалларни қўлга киритган ҳолда ватанимиз байроғини юқорига кўтариш. Бунинг учун жамоамиз тўлиқ тайёр, деб ҳисоблайман.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Тошкентдаги Осиё чемпионатида ватанимиз шарафини 11 нафар спортчимиз ҳимоя қилади. Нега, деб ажабланишингиз мумкин. Гап шундаки, каратэ бўйича жаҳон чемпионатларида эркаклар ва аёллар бештадан вазн тоифасида ғолиблик учун татамига чиқишса, Осиё чемпионатида эркаклар олтита вазнда ўз омадини синаб кўради.
Бундан ташқари, қитъа чемпионатининг ката йўналишидаги баҳсларида эркаклар ва аёллар яккалик ҳамда жамоавий йўналишда татамига чиқади. Ниҳоят мусобақа дастуридан жамоавий кумитэ баҳслари ҳам ўрин олган.
Фикрлар