UZ

Сўнгги янгиликлар

19:50MPL 9 турнирининг марказий жанги аниқ бўлди + ПОСТЕР 0 19:39Алекс Перейра Магомед Анкалаев билан жанг ҳақидаги саволга жавоб қайтарди 0 19:17Сувга сакраш. Лицензиант спортчимиз Америка кубогида иштирок этади 0 18:55Азизбек Темиров Octagon 57 турнири бонусига лойиқ кўрилди 0 18:32"Барселона" ярим ҳимоячиси мавсум охиригача сафдан чиқди 0 18:10Қойил! Таниқли боксчи Ғазо учун 20 миллион доллар ҳайрия қилмоқчи! 0 17:48Рафаэль Надаль 20-маротаба Мадриддаги "Мастерс"да қатнашади 0 17:25Эдди Хирн: "Мадримов Кроуфордни мағлуб этса..." 0 17:01Родриго "Реал"ни тарк этиш ниятида эмас 0 16:40Иржи Прохазка вазнини ўзгартириши мумкин 0 16:18Пара каноэчиларимиз Жаҳон чемпионатига пухта ҳозирлик кўришмоқда 0 15:56Мадримов - Кроуфорд оқшоми кардида яна бир юлдуз боксчи рингга кўтарилиши кутилмоқда 0 15:35Ўзбекистон U-23 Вьетнамга қарши тахминий таркиби билан танишинг 0 15:14WBC рейтинги янгиланди: Ғиёсов, Назаров кўтарилди, Мелиқўзиев пастлади, Жалолов ўзгаришсиз 0 14:53"Ҳумо" келаси мавсумда Қозоғистон чемпионатида иштирок этмаслиги мумкин 0

15 янв 20:32
Янгиликлар

Дзюдо, Тадбирлар

Дзюдо тарихида янги саҳифа: IJF президенти Тошкентни ЖЧ-2021 мезбони деб эълон қилди ФОТОРЕПОРТАЖ

Бугун Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Жаноб Визер ярим тунда, аниқроғи соат 02:30да Москва - Тошкент авиа рейси билан пойтахтимизга учиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мартабали меҳмонни Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Сакен Полатов ва бошқа мутасаддилар кутиб олишди. 

IJF президентининг ташрифидан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон ва Халқаро дзюдо федерацияси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, “Дзюдо мактабларда” дастури доирасида икки томонлама Меморандум имзолаш ва энг муҳими - 2021 йили катталар ўртасида ўтказиладиган Жаҳон чемпионати мезбонлигини мамлакатимизга топширишдан иборат эди. 

Бугун куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида белгиланган барча тадбирлар бўлиб ўтди. Маросимни Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов кириш сўзи билан очди: 

“Ассалому алайкум, Мариус Ладислау-Визер! Ҳурматли, тадбир қатнашчилари, Оммавий ахборот воситалари ходимлари! Жаноб Визер, Сизни яна бир бор Ўзбекистон заминида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Сиз раҳбарлик қилаётган Халқаро дзюдо федерацияси томонидан бутун дунёда энг оммавий спорт турларидан бири бўлган дзюдони ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган улкан ишлар ва ташаббусларни юксак баҳолаймиз. Ўзбекистон Халқаро дзюдо федерациясининг энг фаол аъзоларидан ҳисобланади. Мамлакатимиз 1996 йили Атлантада мустақил делегация сифатида ёзги Олимпиадада иштирок этишни бошлагач, Олимпия ўйинларининг биринчи медалини спортчиларимиз айнан дзюдодан қўлга киритишгани ҳам сўзимга исбот бўла олади. Ўзбекистонда дзюдони янада оммавийлаштириш ва халқаро майдонда юртимиз дзюдочилари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғини оширишда ўзбекистонлик ёш кадрларнинг Халқаро дзюдо федерацияси тизимларида фаолият кўрсатаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фурсатдан фойдаланиб шуни маълум қилмоқчиманки, Ўзбекистон томони Халқаро федерация билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини боғлашга ҳар томонлама тайёр. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, бугун Ўзбекистон дзюдоси учун тарихий кун. Халқаро дзюдо федерацияси илк маротаба катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлигини Тошкент шаҳрига ишониб топширмоқда. Сизни ишонтириб айтаманки, кўп тармоқли, муҳташам “Ҳумо Арена”да ушбу нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказамиз. Мамлакатимизда ҳурматли Юртбошимиз томонларидан спортга қаратилаётган юксак эътибор фикримга тўлиқ исбот бўла олади. Ҳурматли Мариус Визер жаноблари! Сиз бошчилик қилаётган Халқаро дзюдо федерациясининг ўзбек дзюдосига нисбатан бемисл ишончи, эътибори ва адолатли ёндошуви юртимиз дзюдо мухлислари ҳурматига сазовор бўлмоқда. Ўйлаймизки, Халқаро дзюдо федерацияси билан ҳамкорлигимиз мунтазамлик касб этади ҳамда келгусида янада тараққий этади”.  

Шундан сўнг расмий тадбирларга навбат берилди. Аввалига халқаро дзюдо федерациясининг “Дзюдо мактабларда” дастури юзасидан тўрт томонлама Меморандум имзоланди. Шартнома имзолаш жараёнида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер иштирок этди. Дастур доирасида IJF томонидан ҳар бир мактабга бир дона татами ва болалар учун 50 та кимоно тақдим этилади. Бу эса Ўзбекистонда дзюдо спортининг янада ривожланишига, ўқувчиларнинг бўш вақтларини унумли ўтказишларига имкон беради. Бугунгача юртимиздаги 20та мактабда дзюдо тўгараклари фаолият юритган бўлса, Меморандумга кўра улар сони 40тага етказилади. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги ушбу мактаблар қошида ташкил этиладиган тўгаракларда жами 900 нафарга яқин ўқувчиларнинг дзюдо билан мунтазам шуғулланиши таъминланади. IJF 40та мактабга татами ва кимоно тақдим этади ҳамда мураббийларга маош тўлайди. 

Шундан сўнг навбат кун тартибидан ўрин олган асосий мавзуга етиб келди. Мариус Визер Тошкент шаҳрини 2021 йилги катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбони сифатида эълон қилди. Пойтахтимиз илк бора дзюдо бўйича мана шундай нуфузли мусобақага мезбонлик қилади. Келаси йилнинг сентябрь ойида кўптармоқли “Ҳумо Арена”да жаҳон чемпионати ҳамда шу билан бирга IJFнинг йиллик Конгресси ҳам ўтказилади. 

Тадбир сўнггида маросимда ҳозир бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Мариус Визер ва Азизжон Камилов мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди. 

“Аслида 2021 йилги жаҳон чемпионати Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказилиши керак эди. Лекин у ердаги сиёсий вазият, аниқроғи сиёсатнинг спортдан ҳоли эмаслиги қароримизни ўзгартиришга сабаб бўлди. Биз бошқа спорт федерациялари қатори сиёсатнинг спортга аралашувига қаршимиз. Бу орада биринчилардан бўлиб Ўзбекистон томони жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ўз номзодини илгари сурди. Биз федерация раҳбари Азизжон Камилов билан Будапештда учрашиб, бу борада гаплашиб олгандик. Мана бугун мамнуният билан 2021 йилги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилишини эълон қиламиз. 2022 йилги жаҳон чемпионати Венгриянинг Будапешт, 2023 йилги чемпионат Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилади. 2025 йилги мусобақа мезбонлигига эса ҳозирда 5-6та давлат даъвогарлик қилмоқда”, - деди IJF президенти. 

“Ўтган йили “Ҳумо Арена”да Тошкент Гран-приси юқори савияда ташкил этилди. Буни мусобақага келганлар ҳам эътироф этишди. Халқаро дзюдо федерациясининг жаҳон чемпионати мезбонлигини бериш қарорига келишига ҳам айнан шу омил сабаб бўлган деб ўйлайман. Қолаверса, юртимиз бундай катта мусобақаларни ўтказишда тажрибага эга. Ўйлайманки, 2021 йилги жаҳон чемпионатини ҳам барчанинг ёдида қоладиган даражада ўтказамиз”, - деди А.Камилов.

Миллий олимпия қўмитасидаги расмий тадбирлар якунига етгач, Мариус Визер Ўзбекистон дзюдо федерациясига ташриф буюрди ва у ерда ёш дзюдочилар билан учрашди. Уларга Халқаро дзюдо федерациясининг совғалари, яъни киманолар улашди. Ўз ўрнида Азизжон Камилов анъаналаримизга биноан меҳмонга зарбоп чопон тақдим этди.  

Шу тариқа, Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визернинг юртимизга ташрифи якунланди. Мартабали меҳмон бугун тунда Истанбул орқали Будапешт шаҳрига жўнаб кетади.

Суратлар муаллифи - Жаҳонгир ФАЙЗУЛЛАЕВ

Рейтинг:    

Фикрлар

   
16 янв 12:20:03
Shohruh Lazizov
2021 kutamiza Judo World Championships 2021 Tashkent. Uzbekistan
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг