11 мар 07:24
Янгиликлар
Эътибор ва рағбат маҳсули: Ўзбекистонда дзюдонинг олтин авлоди етишиб чиқмоқда
Биринчидан, мамлакатда спорт-соғломлаштириш муҳити пайдо бўлди. Юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган соғлом турмуш тарзи бугун халқимиз онгу тафаккури маҳсулига айланди. Бу умумхалқ ҳаракати тусини олди.
Иккинчидан, спорт мактаблари, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида спорт таълими тизими ўзгарди. Мураббийларга эътибор кучайди, уларнинг моддий таъминоти сезиларли яхшиланди.
Учинчидан, “Инсон қадри учун” тамойили мамлакатимизнинг катта спорт оиласига ҳам кент татбиқ этила бошланди. Айтайлик, жаҳон миқёсидаги спорт мусобақалари ғолибларини, Олимпия ўйинлари чемпион ва совриндорларини, уларнинг мураббийларини муносиб рағбатлантиришга Президентимизнинг шахсан ўзи эътибор қарата бошлади. Бу эса катта ютуқларимизга мустаҳкам замин яратди.
Пировардида, қандай натижаларга эришдик? Ўзбекистонлик спортчилар мисли кўрилмаган оламшумул натижаларни қўлга кирита бошлади. Бу ютуқлар дзюдо спорти бўйича эришилган натижаларда ҳам яққол кўзга ташланади.
Маврида келганда айтиш керак, Ўзбекистонда дзюдо спорти кейинги йилларда жадал ривожланиш ва оммалалиш босқичига ўтди. Бунинг ҳам бир қатор асослари бор. Улардан бири мактабларда дзюдо тўгараклари, ўрта махсус ва олий таълим тизимида факультатив машғулотлар йўлга қўйилди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида алоҳида факультет очилди. Иккинчиси, юртимизда дзюдо бўйича мамлакат ва халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақалар мунтазам ўтказила бошланди. Учинчиси, ва энг муҳими, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кенг йўл очилди. Шу мақсадда, Президентимиз фармон ва қарорлари, улар асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди.
Президентимизнинг 2022 йил 20 июндаги “Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақиқий маънода мамлакатимизда дзюдо спорти кенг оммалашиши ва спортчиларимиз оламшумул ютуқларга эришишига мустаҳкам замин яратди.
Мазкур қарор билан дзюдо спорт турини 7 йўналиш асосида ривожлантириш белгиланди.
Биринчи йўналиш: дзюдони аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш.
Кутилаётган натижа: юртимизда табиатан спортчи бўлиб туғилган йигит-қизлар кўп. Фақат улар мутахассислар назарига тушиши қийин кечади. Боиси, бу каби ёшларнинг аксарияти қишлоқлар, олис ҳудудларда яшайди. Уларнинг интилишлари ва мақсадлари, қобилияти ва қизиқишини рўёбга чиқариш учун эса, албатта, селекция ишлари жуда муҳим. Президентимизнинг қарори асосида эндиликда ана шу тизим йўлга қўйилади ва дзюдочиларимизнинг янги авлоди шакллантириб борилади.
Иккинчи йўналиш: мактабгача ёшдаги болаларда дзюдога қизиқиш уйғотиш ва жанг санъатининг ушбу тури бўйича бошланғич кўникмаларни шакллантириш.
Кутилаётган натижа: халқимиздан “Бола бошдан”, деган гап бежиз айтилмаган. Президент қарорида мана шу қадимий ва ўзгармас ҳаётий ҳикмат ўз мужассамини топган. Демак, биз янги чемпионларни тайёрлашни боғчалардан бошлаймиз. Бу эса Ўзбекистонда чемпионлар авлодининг олтин ҳалқасини таъминлашда муҳим асос бўлади.
Учинчи йўналиш: дзюдо бўйича профессионал тренерлар, малакали ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш.
Кутилаётган натижа: ҳар бир натижа замирида, аввало, илмий асос ва устозлар ўгити қуввати туриши аён ҳақиқат. Шу маънода, эндиликда мамлакатимизда дзюдо бўйича тренерларни, малакали ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлашнинг янги ва самарали тизими йўлга қўйилади. Айтиш жоизки, бу йўналишдаги ишлар бизнинг университетда фаол бошлаб юборилган. Бугунги кунда дзюдо сирларини ўрганиш ва кент татбиқ этиш йўлида профессор-ўқитувчиларимиз услубий қўлланмалар ишлаб чиқишга киришган. Бу ҳам дзюдонинг илмий асосда ривожланишига кенг йўл очади. Шунда ютуқларимиз салмоғи ҳам ортиб бораверади.
Тўртинчи йўналиш: дзюдо инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо заллари сонини кўпайтириш.
Кутилаётган натижа: ҳар қандай спорт тури ривожида мустаҳкам моддий-техник база таъминоти туради. Қарорда ана шу жиҳатлар ҳам назардан четда қолмаганки, бугун бу йўналиш ўз самарасини бераётганига барчамиз гувоҳмиз. Энди бу йўналишда ишларни жаҳон стандартлари асосида давом эттириш имкони бор. Бунинг учун молиявий асослар ҳам кўрсатилган. Натижа эса равшан, яъни дзюдо билан шуғулланиш учун мактабларда ҳам шароит яратар эканмиз, бу спорт тури кенг оммалашишига замин яратилади. Бу, дегани бўлажак чемпионларни мактаб ёшиданоқ кашф этиш имкони пайдо бўлади.
Бешинчи йўналиш: Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жисмоний тайёргарлик машғулотлари дастурига дзюдони босқичма-босқич киритиш, улар тизимидаги таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун ушбу спорт тури бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар ташкил қилиш.
Кутилаётган натижа: эътибор берсак, кейинги йилларда жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинларида ғолиб бўлаётган спортчиларимизнинг кўпчилиги айнан Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилади. Бунинг сабаби шундаки, биз кейинги йилларда Қуролли Кучлар тизимида турли спорт турлари бўйича замонавий инфратузилмага эга база яратдик. Президентимиз қарори асосида мана шу имконият ва мавжуд салоҳият, чемпионлик мактаби тажрибасини янада кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган. Бу ҳам янги чемпионларни кашф қилиш ва уларни жаҳон ареналарига олиб чиқиш учун мустаҳкам замин бўлади.
Олтинчи йўналиш: аёллар ўртасида дзюдони ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Кутилаётган натижа: хотин-қизлар ўртасида спорт оммалаш ўз самарасини бермоқда. Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, эндиликда бу тажрибани дзюдо йўналишида ҳам кенг қўллаш имкони пайдо бўлмоқда. Бу йўналишда истиқболли режаларни ишлаб чиқиш эса хотин-қизлари ўртасида янги чемпионлар ва Олимпия ўйинлари ғолибларини тарбиялаш учун қўл келади.
Еттинчи йўналиш: оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми сифатида дзюдони тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда ахборотлаштириш ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни таъминлаш.
Кутилаётган натижа: ахборот асрида ҳар қандай соҳа оммалашишини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Шундай экан, дзюдо фалсафаси ва унинг афзалликларини ОАВ орқали тарғиб қилиш ҳам яхши самара бериши шубҳасиз. Бунда, аввало, ота-оналар фаоллигини ошириб, улар ҳам ўз фарзандларини дзюдо спорт турига ошно қилиши мақсад қилинади. Қарабсизки, мамлакатимзда дзюдо спорти ишқибозлари сони ортиб бораверади.
Биз мамлакатда дзюдони ривожлантиришнинг еттита устувор йўналишини санадик. Қувонарлиси, мана шу ислоҳотлар бугун ўз самарасини ҳам бера бошлади.
Бунга ҳаётдан мисоллар келтириш мумкин. Хабарингиз бор, ўтган йили нуфузи бўйича Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган муҳим мусобақа – дзюдо бўйича жаҳон чемпионати Тошкентда бўлиб ўтди. Бу мусобақа Ўзбекистон спорти тарихига олтин ҳарфлар билан битилди. Боиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Humo Arena” спорт саройига ташриф буюриб, эркаклар ўртасида 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида финал беллашувини кузатди. Юртдошимиз Давлат Бобонов ва чет эллик бошқа совриндорларга медалларни шахсан Президентнинг ўзи топширди. Давлат раҳбарининг бу ташрифи Ўзбекистондаги янги спорт муҳити ва юксалиш руҳи улғайганини англатади.
Жорий йил март ойи бошида Тошкентда яна бир нуфузли мусобақа – Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) тақвимидан ўрин олган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи нуфузли турнир бўлиб ўтди. Унда Муроджон Йўлдошев, Давлат Бобонов, Алишер Юсупов олтин, Сардор Нуриллаев кумуш медални қўлга киритди. Достон Рўзиев, Муҳриддин Тиловов, Мусо Собиров ва қувонарлиси Гулноза Матниязова бронза медалига сазовор бўлди.
Биз уларнигн номини шунча тилга олганимиз йўқ. Юқорида айтганимиздек, мамлакатимизда дзюдо спорт турини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар ўз самарасини бера бошлади. Ишонамизки, бу ҳали бошланиши. Бизнинг дзюдочилар ҳали Олимпия ва Параолимпия ўйинларида янги зафарлар қучади. Шунда биз Ўзбекистонда дзюдо спортининг олтин авлоди етишиб чиқаётганига яна бир бор амин бўламиз.
Алишер ТАНГРИЕВ, ЎзДЖТСУ Кўпкураш спорт турлари факультети декани, Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент, Дзюдо бўйича миллий тоифадаги спорт устаси
Фикрлар