10 май 18:03
Янгиликлар
Интервью. Шаҳобиддин Зоиров яна бир Олимпиада чемпионлиги, қийин рақиб ва бошқалар ҳақида
Шаҳардан бир нечта жаҳон чемпионлари, олимпия ўйинлари чемпиони ва совриндорлари борлиги инсонга ғурур баҳш этади. Биз ҳам бугун Бухоро боксининг ёрқин намоёндаларидан бири – Шаҳобиддин Зоиров билан қисқа сухбат қурдик.
Шаҳобиддин 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Женейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг чемпионидир.
- Нима учун айнан спортнинг бокс тури? Кимдир сабабчи бўлганми ёки бир нечта спорт тури билан шуғулланиб, кейинчалик боксда тўхтаганмисиз?
- Бокс билан шуғулланиш бошқа спорт турларига қараганда қийинроқ деб ўйлайман. Оилада ягона фарзандман. Иккинчи синфдан бокс билан шуғуллана бошлаганман. Аввало, бунга ўзим қизиққанман. Қолаверса, ўртоқларим ҳам шу спорт тури билан шуғулланишарди.
- Илк қўлга киритган муваффақиятингизни эслай оласизми? Ўша пайт қандай ҳислар кечган қалбингиздан?
- Бахтли спортчиман. Фаолиятим давомида Олимпиада чемпиони бўлган кунимни асло унута олмайман. Бу ҳар бир спортчининг орзуси. Ана шу орзу ушалиши учун эса тинмай меҳнат қилиш керак. Илк ғалабам мактабнинг иккинчи-учинчи синфида ўқиб юрган пайтларимга тўғри келади. Ёдимда, ўшанда 24 килограмм вазнда эдим. Мени биринчи бўлиб онам табриклаганлар. Аста -секин шу спорт тури бўйича ўтган кўплаб мусобақаларнинг туман, вилоят ва республика босқичларида чемпион бўла бошладим.
- Жангдаги энг катта ютуғингиз ва профессионал бокс ҳақида...
- Энг катта ютуғим 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Женейро шаҳрида Олимпиада чемпиони бўлганимдир. Ҳаваскор боксда -57 кг вазнда, профессионалда эса -55,3 кг вазн тоифасида жангларда иштирок этаяпман. Профессионал боксга ўтганимга деярли 2 ой бўлди. Ҳозирга қадар Дубайда битта жанг ўтказиб, унда рақибимни 18 секунддаёқ нокаутга туширдим.
- Сизнинг шу кунга қадар жанг қилган рақибларингиз ичида энг кучлиси деб кимни айта оласиз? Кимга қарши жанг қилиш қийин кечган?
- Россиялик боксчи Миша Алоян энг ноқулай рақибим бўлган. У ҳам менга ўхшаб чапақай эди. Жангларим ичида айнан у билан кечгани кўпроқ хотирамда қолса керак.
- Қайси боксчиларга ҳавас киласиз?
- Мен Аббос Атоевга ҳавас қиламан. У нафақат спортда зўр боксчи, шу билан бирга ҳаётда ҳам камтарин инсон. Баъзи спортчилар чет эл боксчиларига ҳавас қилади. Йўқ! Менга эса ўзимизнинг ҳамшаҳаримиз Аббос Атоевнининг услублари ёқади. Уларни кўпроқ ўзимда қўллашга харакат қиламан. Бу боксчига хурматим баланд.
- Келгусида биз Шаҳобиддин Зоировни Бухоро бокс мактабларининг асосчиси сифатида кўра оламизми?
- Насиб этса албатта. Буни қайси спортчи хоҳламайди дейсиз. Айниқса ҳозирда ўзбек бокс мактаби дунёда етакчи ўринда туради. Бунга шубҳа йўқ. Авваллари кубалик боксчилар дунёда энг машҳур ҳисобланишарди. Бугун эса биз улардан асло кам эмасмиз. Буни эришилаётган натижалар мисолида ҳам айтиш мумкин. Асосий сабаби юртимизда спортга қаратилаётган эътиборда деб ўйлайман. Давлат томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар аъло даражада. Бундан тўғри фойдаланиш эса бизнинг келажагимиз учун мухим турткидир.
- Устозларингиз хақида нималар дея оласиз?
- Оддийгина ниҳолга ҳам ишлов, меҳр керак. Ана шундай бизнинг чемпион бўлишимизда ҳам мураббийларнинг ўрни бўлакча, албаттта. Буни эътироф этиш бурчим. Кўпроқ вақтим оиламдан кўра, устозим билан ўтади. Оғир дамларда менга далда бўлиб турган, ўзимдаги ишончни қайта мустахкамлашимга ёрдамини аямаган устозлар ва яқинларимга мехрим ва ҳурматим чексиз. Шу ўринда барчаларига рахмат.
- Боксдаги режаларингиз хақида?
- Режаларимдан бири яна бир бор Олимпиада чемпиони бўлиш. Бунга албатта эришаман, назаримда. Қолаверса, кўплаб камарлар соҳиби бўлишни ҳам кўнглимга тугиб қўйганман.
- Бокс сиз учун...
- Бокс - мен учун ҳаёт. Ҳаётимни бокс спорт турисиз тасаввур қилолмайман. Менга қийин бўлганда ҳам ортга чекинмаганман. Маълум вақтдаги узилишдан сўнг мен яна боксга қайтдим. Ҳали мени олдинда кўп марралар, тинимсиз меҳнат кутмоқда. Мақсадимга эришмагунча харакатдан тўхтамайман.
Суҳбатни Бухоро вилояти ЖТСБ матбуот хизмати - Гулмира ГУЛЯМОВА ёзиб олди
Фикрлар
Музаффар Ражабов, Махмуд Муродов Бухоролик ММА юлдузлари.
Ихтиёр Наврузов, Ришод Собиров, Оксана Чусовитина бошка спорт тури юлдузлари, булар хам Бухоролик.
Бухоро спортчилари Узбекистонда энг олдинги уринларда хамиша