29 янв 16:30
Янгиликлар
Жисмоний тарбия ва спорт илмининг фидойиси
Табиат ва жамият ҳодиса ва қонуниятларини илм, фан асосида ўрганадиган инсонларни олимлар деб эътироф этилган. Инсонлар тафаккурида илм, таълим ва тарбия қонуниятларини тафаккур қилиш ҳамда ўзлаштириш туфайлигина ҳаётини давом эттира олади ва ривожлантиради.
Буюк мутафаккир Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий илм-фан ва олимлар тўғрисида “Алжабр ва алмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб” асарида: “...Олимлардан бири ўзидан аввалгилар қилган ишларни амалга оширишда бошқалардан ўзиб кетади ва уни ўзидан кейин келувчиларга мерос қилиб қолдиради. Бошқаси ўзидан аввалгиларнинг асарларини шарҳлайди ва бу билан қийинчиликларни осонлаштиради, ёпиқни очади, йўлни ёритади ва уни тушунарлироқ қилади. Ёки бу айрим китобларда нуқсонлар топадиган ва сочилиб ётганни тўплайдиган одам бўлиб, у ўзидан аввалгилар ҳақида яхши фикрда бўлади, такаббурлик қилмайди ва ўзи қилган ишидан мағрурланмайди...”, деб таъриф берган.
Қутлуғ 80 ёшини нишонлаётган педагогика фанлари доктори, профессор Раҳматилла Саломов юртимизда спорт таълими, жисмоний тарбия назарияси ва услубияти ривожига илмий, назарий ва амалий жиҳатдан улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Устоз табиатан камтар, меҳнатсевар, билимдон ва ўз касбининг чинакам жонкуяри бўлиб, “Инсон ўз умрини босиб ўтган йиллари билан эмас, балки халқига, жамият учун озми-кўпми қилган ибратли хизматлари орқали танилади”, деган иборани шогирдларига таъкидлашни канда қилмайди.
Раҳматилла Саломов 1942 йил 30 январда Самарқанд вилояти Нурота туманида туғилди. 1968 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини имтиёзли диплом билан тугатиб, шу институтда аввал ўқитувчи, кейин катта ўқитувчи бўлиб ишлади.
1971-1974 йиллари Москвада аспирантурада таҳсил олиб, “4-синф ўқувчиларида тезкорликни тарбиялашда ўйин методидан фойдаланиш” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
1975-1992 йилларда ЎзДЖТИда аввал доцент, кейин кафедра мудири ва декан ўринбосари, 1993-1999 йиллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи, 1999 йилдан 2005 йилга қадар жисмоний тарбия назарияси ва услубияти кафедраси мудири ва айни пайтда шу кафедранинг профессори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Устоз 2003 йилда “Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни тайёрлашда ўқув-тарбия жараёнини оптималлаштириш” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Раҳматилла Саломовнинг жисмоний тарбия назарияси ва жисмоний маданият умумий назарияси бўйича тадқиқотлари Ўзбекистон Республикасида замонавий жисмоний тарбия тизимини яратиш, юқори малакали спортчи ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга сезиларли таъсир кўрсатди.
Олим, амалиётчи, тадқиқотчи, ташкилотчилик вазифаларини сидқидилдан амалга оширган устознинг илмий раҳбарлиги остида жисмоний тарбия назарияси ва методикаси, спорт назарияси, жисмоний маданиятнинг умумий назарияси ва методикаси бўйича 11 нафар фан номзоди (жумладан, Р.Маткаримов, А.Нуруллаев, А.Содиқов, Б.Бойбабаев, О.Гончарова, Б.Мадаминов, Ё.Даниева, Д.Раҳматова, М.Миржамалов, М.Даурбаева, Ю.Арипов) тайёрланди. Яна 2 нафар шогирди (Р.Маткаримов ва О.Гончарова) докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш арафасида турибди. Раҳматилла ака, шунингдек, спорт педагогикаси бўйича 50 дан ортиқ магистрлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди.
Устоз 3 нафар фарзанд: Абдувоҳид, Гулбаҳор, Акмалнинг отаси ҳамда 4 нафар набиранинг бобоси. Фарзандлари давлат идораларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.
Раҳматилла Саломов 560 дан ортиқ илмий-услубий нашрлар муаллифи саналади. Масалан, 2005 йилда нашр этилган “Спорт машғулотининг назарий асослари” ўқув қўлланмаси, 2007 йилда БЎСМлар учун “Енгил атлетика” (ҳаммуаллиф Ю.Арипов) ўқув қўлланмаси, 2014 йилда чоп этилган “Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти” дарслиги, шогирдлари Ю.Арипов, У.Утенов билан биргаликда коллежлар учун “Мактаб ёшидаги болалар жисмоний тарбияси услубий асослари” ўқув қўлланмалари шулар жумласидандир.
Устозлар ижтимоий ҳаёт жараёнида, жамият аъзоларидан ёшларнинг баркамол бўлиб шаклланишига ижобий таъсир кўрсатгани учун ҳам уларнинг шахсий сифатлари касбий фазилатларидан муҳимроқ ҳисобланади ва маънавий тафаккурини шогирдларга сингдириши эзгу инсоний сифатларга тўйинган бўлади.
Раҳматилла Саломов жисмоний тарбияга оид илмий анжуманлар: халқаро конгресс ва симпозиумлар, республика илмий-методик йиғилиш ва семинарларида мунтазам равишда ажойиб маърузалари билан қатнашиб келмоқда.
“Меҳнат фахрийси” медали, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг дипломи, “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган, қиличбозлик бўйича миллий тоифадаги ҳакам сифатида эътироф этилган устознинг ташвиш ва қувончлари республикамиз спортчиларининг ютуқ ва ҳаяжонлари билан ҳамоҳангдир. Фидойилик ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, Раҳматилла Саломовни муборак ёшлари билан қутлаб, ижодий баркамоллик, оила аъзоларига сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик тилаб қоламиз.
Юнус АРИПОВ,
ЎЗДЖТСУ таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи,
педагогика фанлари номзоди, профессор в.б.
Акрам АКМАЛОВ,
ЖТваСМҚТМОИ профессори в.б.,
педагогика фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими
Фикрлар