21 янв 19:37
Янгиликлар
Каратэ WKF бўйича миллий терма жамоада вазият қандай? Вазирликда ўтган йиғилишда айнан шу масала муҳокама қилинди
Юзага келаётган муаммонинг сабабини аниқлаш, унга ечим топиш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида терма жамоа вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Нодир Муротов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, вазирлик ҳамда МОҚнинг масъул раҳбарлари ҳамда спортчи ва тренерлар иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги Қарори ижроси муҳокама қилинди. Хусусан, каратэ WKF бўйича миллий терма жамоа аъзоларининг Токио олимпиадасига пухта тайёргарлик кўришлари учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ томонидан барча шароитлар яратиб берилаётгани алоҳида эътироф этилди. Ҳаттоки барчамиз учун синовли келган 2020 йилда ҳам каратэчиларимизнинг ўқув-машғулот йиғинлари пухта ташкил этилганига жиддий эътибор қаратилди.
Йиғилишни МОҚ раиси олиб борди. Даставвал томонларнинг фикри яхшилаб тингланди. Маълум бўлишича, терма жамоанинг етакчи спортчиларидан бири Достон Отаболаев 2020 йилнинг сентябрь ойидан бери терма жамоа йиғинларида иштирок этмаяпти. У ўз хоҳишига жамоадан чиқиб кетганини мураббийлар уни Парижда ўтган Премьер-лига мусобақасида иштирок этувчи спортчилар орасига киритмагани билан изоҳлади. Халқаро каратэ федерациясининг тақвимига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу мусобақа 2020 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган. Хўш, спортчи нега энди орадан 10 ой ўтгач жамоани тарк этгиси келиб қолди? Яна бир муҳим жиҳат, нега терма жамоани тарк этиш ҳақидаги қарорини Вазирлик, Республика олий спорт маҳорати мактаби ёки терма жамоа мураббийлар штабига маълум қилмади?
Бу ҳолат бўйича дастлаб терма жамоа мураббийи Дилноза Бакировага мурожаат қилинди.
“Пандемия даврида машғулотларни барча спорт турлари қатори онлайн тарзда олиб бордик. Карантин чекловлари юмшатилгач бошлаган йиғинимизга Достонни ҳам чақирдик. Йиғинга киришишдан аввал коронавирусга топширган тести мусбат натижа бергач, уй шароитида даволаниш учун Фарғонага жўнатиб кетди. Кейинги йиғинда эса пневмония қайд этилгани учун яна жамоани тарк этишга мажбур бўлди. Шундан сўнг унга қўнғироқ қилиб йиғинга қўшилишни сўрасак, турли баҳоналар билан таркибга қайтишни истамади. Кейин билсак, ўзи алоҳида шуғулланаётган экан”, – деди мураббий.
Спортчининг ўзи бу вазият бўйича шундай деди: “Мураббий билан ўртадаги муносабатим сабаб Париж турнирида иштирок этишимга рухсат беришмади. Ҳозир якка тартибда машғулот олиб бормоқдаман ва лицензион мусобақага шундай тайёрланмоқчиман. Ўзим эронлик мураббийимиз Шаҳаб Султани тузиб берган дастур бўйича шуғулланяпман. Энди терма жамоага қайтсам, менга ортиқча босим бўлиши мумкин. Бунинг натижасида Токио Олимпиадасига йўлланма ололмайман. Лицензион мусобақага қозоғистонлик дўстларим билан Чимкентда тайёрланмоқчиман”.
Ўз навбатида МОҚ раиси ҳам вазият борасида фикрларини билдириб ўтди.
“Спортчи белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида, ўрнатилган тартибда терма жамоа аъзосига айланади. Унинг ўз-ўзидан, яъни Вазирлик, Олий спорт маҳорати мактаби ёки терма жамоа мураббийларини огоҳлантирмасдан таркибдан чиқиб кетишига ҳаққи йўқ. Агар қозоғистонлик каратэчилар билан шундай алоқанг бўлса, уларни Ўзбекистонга таклиф қил. Бир ўзинг эмас, бутун жамоа билан биргаликда шуғулланасизлар. Ўз навбатида бунинг учун барча шароитларни яратиб берамиз. Очиғи терма жамоа атрофида бўлаётган гап сўзларни эшитиб, биз жуда хавотирландик. Муҳтарам Президентимиз томонидан Сиз спортчиларнинг шуғулланишингиз учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Қолаверса юртбошимизнинг Сиз – ёшлардан умидлари ниҳоятда катта. Португалиядаги Премьер Лига мусобақаси санаси ўзгаргани ва бунинг натижасида ўқув-машғулотлар режасига ўзгартириш киритилганидан яхши хабардормиз. Вазирлик ва МОҚ терма жамоа мураббийлари сўраётган Россия ёки Озарбайжонда ўтадиган йиғинни ҳам ташкиллаштириб беришга тайёр. Фақат бунинг учун жамоада соғлом муҳит ҳукм суриши керак. Машғулотларни бир зум ҳам тўхтатманг. Бунинг учун Сизлардан фақат бир жамоа бўлиб ишлашни сўраймиз. Бизнинг мақсадимиз муаммога ечим топиш” – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Йиғилишда терма жамоа бош мураббийи Д.Бакирова, катта мураббий Ў.Бекпўлатов ва Олий спорт маҳорат мактаби раҳбари Б.Маматназаровга Д.Отаболаевнинг йиғинларда қатнашмаётгани, унинг таркибдан тушиб қолаётгани ҳақида федерация, Вазирлик ёки Қўмита раҳбариятини ўз вақтида огоҳлантирмагани борасида жиддий эътирозлар билдирилди.
Маълум бўлишича, Достон Отаболаев 2020 йилнинг иккинчи ярмида режага киритилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказидаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ҳам ўтмаган. Терма жамоа мураббийлари ва шифокорлар назоратисиз якка тартибда машғулот олиб бориш, уларни ўзи ҳақидаги маълумотлардан хабардор қилмаслик профессионал спортчи учун хос хислат эмас.
Таъкидлаш жоиз, 2020 йилнинг ноябрь ойида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида юзага келаётган муаммоларга бағишланган йиғилиш ўтказилиб, унда терма жамоани Токио Олимпиадасига тайёрлаш бўйича барча ваколат Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига топширилган эди. Ўзбекистон каратэ WKF федерациясининг эски ва янги раҳбариятига бу ишга аралашиш ман қилинган.
Каратэ Японияда ўтаётгани учун Токио Олимпиадаси дастуридан ўрин олди. Ундан кейинги Олимпия ўйинларига киритилиши даргумон. Балки каратэчиларимизга умрида Олимпиада чемпиони бўлиш учун берилган ягона имкониятдир. Шундай экан, ундан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиш ўрнига ички муаммоларга ўралашиб юриш ачинарли ҳолатдир.
Йиғилишда МОҚ ва Вазирлик мутасаддилари ҳар икки томонни яхшилаб эшитишди. Жорий йилнинг июнь ойида Франция пойтахтида Токио 2020 Олимпия ўйинларига лицензия берувчи сўнгги мусобақа бўлиб ўтади. Унда фақатгина ўз вазн тоифаларида кучли учликка кирган спортчилар Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Бугунги куннинг энг долзарб масаласи мусобақада иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига каратэчиларни адолат ва ҳақиқат меъзонлари остида саралаб олишдир.
Ўз навбатида спорт мутасаддилари томонидан тренерларга ўқув-машғулотлар йиғинини узлуксиз ташкил этиш, Олимпия ўйинларига қадар спортчиларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби томонидан доимий назоратда ушлаб туриш тавсия қилинди. Бунинг учун барча шароитлар яратиб берилиши таъкидлаб ўтилди.
Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда терма жамоада юзага келган бундай вазиятни бартараф этиш учун барча ишларни амалга оширади. Шу билан биргаликда, яқин вақт ичида бу масала Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Умид қиламизки, ҳар икки томон бугунги йиғилишдан тегишли хулосаларни чиқаришади ва бундан буёғига бор эътиборларини лицензион мусобақага муносиб тайёргарлик кўришга қаратишади.
Йиғилиш якунида МОҚ раҳбари Р.Шоабдураҳмонов спортчиларга яна бир бора мурожаат қилиб, олдинда турган Токио олимпиадасига жуда кам вақт қолгани, ҳозирги вазиятда терма жамоа аъзолари учун энг тўғри йўл – ягона мақсад йўлида бирлашиб, баҳамжиҳат ҳаракат қилиш эканлигини уқтирди. Спортчи ва тренерларга бўлажак мусобақаларда омад тилади.
Фикрлар