04 янв 08:21
Янгиликлар
Кутилмаган хабар. Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг жанги ўтказилмайди
Проф боксда мағлубиятсиз одимлаётган ҳамюртимиз эртага Малайзияда ўзининг навбатдаги муҳим жангини ўтказиши керак эди. Яқиндагина WBC Silver чемпионлик камаридан воз кечган чарм қўлқоп устамизнинг ярим ўрта вазн тоифасида IBF чемпионлик камари учун саралаш жангида рингга чиқиши белгилаб қўйилганди.
Аниқроғи, 25 ёшли Абдуқаҳҳоров ҳамда япониялик 31 ёшли Кеита Обара ўртасидаги жанг ғолиби ушбу вазн тоифасида IBF чемпиони Эррол Спенсга қарши рингга кўтарилиш ҳуқуқини қўлга киритарди. Лекин бу жанг энди ўтказилмайди.
Абдуқаҳҳоров айни пайтда Тошкентда ва у тез орада АҚШга жўнаб кетади. Боксчимизнинг бизга хабар беришича, унинг навбатдаги жанги февраль ойида Америкада ўтказилади. Қудратилло дунёга машҳур промоутерлик компанияларининг бири билан шартнома имзолаши шарт. Акс ҳолда мана шундай нопрофессионал ёндашув давом этаверади.
Аввалига WBC Silver чемпионлик камарини ўз вақтида ҳимоя қилмагани учун унвонсиз қолди. Кейин эса тўлақонли чемпионлик камари учун жанг қилиш учун имконият тақдим этадиган муҳим саралаш баҳси ҳам бекор бўлди.
Маълумот учун, Қудратилло Абдуқаҳҳоров (15-0, 9 KOs) профессионал боксдаги фаолияти давомида 15та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Тўққизта жангда рақибларини нокаутга учратган.
Фикрлар