UZ

Сўнгги янгиликлар

15:11Хабиб Роналдунинг терма жамоадан кетиши ҳақида: "Унга қилинган муносабатни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди" 0 14:40Муросасиз кечаётган самбо бўйича жаҳон чемпионати беллашувларидан ФОТОРЕПОРТАЖ 0 14:09Фабио Каннаваро: “Мақсадим ва орзуим — Италия терма жамоасини бошқариш” 0 13:38"Уни шунчалик ҳурмат қиламанки, юзига яна зарба бера олмайман" - Топурия собиқ рақиби ҳақида 0 13:07"Жастин ҳеч ким эмас. У ҳеч нарсани ҳал қилмайди". Топурия Гэтжи билан реванш ҳақида фикр билдирди 0 12:36Самбо бўйича Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросимидан ФОТОРЕПОРТАЖ 0 12:04Инфантино ЖЧ иштирокчилари сони борасида қарор қабул қилди 0 11:28Ислам Махачев Хабиб билан самбо қоидалари бўйича кўргазмали беллашув ўтказишга тайёрми? 0 10:42Бектемир Мелиқўзиев рақибини нокаутга учратди 0 10:07Самбочиларимиз Жаҳон чемпионатининг биринчи куни 6 та медаль қўлга киритишди + ФОТОГАЛЕРЕЯ 0 09:36Фабио Каннаваро: “Ҳақиқий лидерни жамоанинг ўзи танлайди” 0 09:05"Лаънати Конор". Сехудо UFC`ни Макгрегор билан шартномани узайтирмасликка чақирди 0 08:34ONE чемпиони Ислам Махачевни адабини бериб қўймоқчи 0 08:03Карлос Пратес Ислам Махачев билан жанг учун сўнгги муддатни белгилади 0 07:32Фабио Каннаваро: “Илгари муаммолар кийиниш хонасида ҳал қилинарди, ҳозир эса...” 0

01 ноя 17:08
Янгиликлар

Бошқалар

МОҚда Ўзбекистон спорт делегациясининг Осиё ўйинлари ва ўсмирлар Олимпиадасидаги иштироки танқидий таҳлил қилинди

2018 йил ўзбек спорти йирик мусобақаларга бой бўлди.

Ўзбекистонлик спортчилар йил давомида халқаро мусобақалардан ташқари, бир қатор муҳим комплекс ўйинларда ҳам иштирок этишди. Жумладан, Жакарта ва Палембанг шаҳарлари мезбонлик қилган Осиё ўйинлари, Буэнос-Айресда бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпиадасида спортчиларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Бугун, 1 ноябрь куни Миллий олимпия қўмитасида спорт федерациялари ва ассоциациялари билан учрашув ташкил қилинди. Йиғилиш давомида спортчиларимизнинг ортда қолган комплекс мусобақалардаги иштироки таҳлил қилинди. Учрашувда Ўзбекистон Президенти админстрацияси вакиллари, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шарифжон Мўминжонов, спорт федерациялари ва ассоциациялари вакиллари, мураббийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Албатта, юқорида қайд этилган икки йирик комплекс мусобақаларида Ўзбекистон спорт делегацияси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Спортчиларимиз ўйинлар давомида медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам рекордларни янгилай олдилар. Аммо, мусобақаларга қай тарзда тайёргарлик кўрилганини, спортчилар учун яратилган шароитларни инобатга оладиган бўлсак, улардан бунданда кўпроғини кутгандик.

Йиғилишда Миллий олимпия қўмитасининг Олимпия спорт турлари фаолиятини координация қилиш департаменти директори Акром Низаметдинов сўзга чиқиб, бир қатор медаль кутилган спортчиларимиз ҳақида гапирди. Ҳусусан, спорт курашлари бўйича Шавкатов, Тасмурадов, Налгиев каби спортчиларимизнинг шоҳсупадан жой олишлари кутилганди. Ҳамюртларимиз рақибларидан тактик ва жисмоний томонлама кучли бўлсаларда, имкониятни бой бериб қўйганликлари қайд этилди. Бу борада мураббийлар фикри ҳам эшитилди.

Шунингдек, эшкак эшувчиларимиз ҳам ўз имкониятларини тўлиқ намоён эта олганлари йўқ. Ҳал қилувчи паллада спортчиларимиз милисекундлар ҳисобига олтин медаллардан қуруқ қолишгани, бу эса ўз навбатида ниманинг ҳисобига содир бўлгани муҳокама қилинди.

Дзюдочиларимиз билан эса рухият масаласида иш олиб бориш лозимлиги, шунингдек, терма жамоада авлодлар алмашинуви амалга оширилаётгани таъкидланди. Полвонларимиз машғулотлар вақтида ажойиб ҳаракат қиладилар. Аммо, халқаро мусобақаларда уларнинг иштирокини кўрар экансиз, ҳудди бошқа бир спортчи гиламга чиққандек тасаввур уйғонади. Бу албатта рухият билан боғлиқ масаладир. Бу биргина дзюдода учраётган муаммо эмас. Ана шуни инобатга олган ҳолда 2019 йилдан бошлаб спорт федерацияларида малакали спорт психологлари иш бошлаши айтилди.

Сузиш бўйича ўйинларда иштирок этган спортчиларимиз умуман медаль қўлга кирита олишмади. Бунга сабаб сифатида мураббийлар ишни профессионал тарзда йўлга қўя олмаётганлиги келтириб ўтилди. Режага кўра, яқин орада сузиш бўйича терма жамоамизда хориждан малакали мутахассислар иш бошлаши, бу борада музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Таэквондочиларимиз эса Осиё ўйинларида кутилганидан муваффақиятли иштирок этишди. Аммо, ишонган спортчимиз Дмитрий Шокин олтин медаль учун кечган баҳсда жаҳон рейтингида кучли элликталикка ҳам кирмайдиган эронлик рақибига мағлуб бўлганига эътибор қаратилди. Финалда у рақиби томон ҳужум уюштирмагани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, гимнастика, ўқ отиш, каратэ, қиличбозлик, енгил атлетика бўйича бўлиб ўтган беллашувларда ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки ҳам таҳлил қилинди. Осиё ўйинларида олтита олтин медаль қўлга киритган курашчиларимизга эса алоҳида миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, боксчиларимизнинг натижалари ҳам алоҳида эътироф этилди.

Йиғилиш давомида эришилган натижалар билан тўхтаб қолмаслик лозимлиги қайд этиб ўтилди. Эндиликда Миллий олимпия қўмитаси вилоятлар бўйлаб селекция ишларини кенг миқёсида олиб боради. Маҳаллий ҳокимиятлар билан биргаликда турли мусобақалар ташкил қилинади ва терма жамоа мураббийлари у ерда иқтидорли спортчиларни саралаб оладилар.

Бундан буён Ўзбекистон мусобақаларда "муҳими ғалаба эмас, иштирок" шиори остида иштирок этмайди ва Токио 2020 Олимпия ўйинларида муносиб қатнашишни режалаштирган. Бунинг учун эса албатта ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда иш олиб бориш лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг